Ҳаким балиқчининг ўғли

Қадим замонда ҳаким балиқчи деган чол бор экан. Ҳаким балиқчи Чангалзор деган бир қишлоқдан узоқроқ жойда хотини ва бир ўғли билан кун кечирар экан. Улар турган жойдан сал нарироқда катта дарё оқар экан. Чол ҳар куни эрта билан балиқ овига кетар, ушлаган балиқлари билан тирикчилик қилар экан. Улар жуда камбағал бўлгани учун ҳеч кимга аралаша олишмас экан, бошқа кишилар ҳам улар билан кам муомала қилишар экан. Ҳаким чол бир куни одатдагича балиқ овига кетибди. Дарёга борадиган йўл жарлик, баланд-паст бўлиб юриш жуда мушкул экан. Чол зўрға дарё лабига бориб, бироз дам олгандан кейин балиқ овига киришибди. Жуда кўп балиқ овлагандан кейин, тўрга олтин балиқ тушибди. Балиқчи чол олтин балиқни қўлига олиб, уни роса томоша қилибди. Кейин уйига бориб ўғлини чақириб:
— Ўғлим, мана бу олтин балиқни подшонинг вазирига олиб бориб бер-да, тезда қайтиб кел, — дебди.
Кампир эса нима иш бўлаётганини пайқамай қолибди. Чолнинг ўғли балиқни олиб чопганича катта йўл билан юриб, подшо саройига кириб борибди. “Подшо нима-ю, вазир нима. Кел-е, подшонинг ўзига бера қолай”, деб балиқни подшога берибди. Подшо ҳеч нарса демай балиқни олиб қола берибди. Бола чопиб уйига қайтибди.
Балиқчи чол ўғлидан:
— Балиқни кимга бердинг, ўғлим? — деб сўрабди.
— Подшога бердим, — дебди бола. Балиқчи чол жуда хафа бўлибди-да, ҳеч нарса демай ўз ишини қила берибди.
Эртаси эрталаб вазир подшо олдига келаётиб, катта ҳовузда чиройли олтин балиқни кўрибди. Бироз томоша қилиб, подшо олдига кирибди. Подшодан: “Ҳовуздаги балиқ қаердан пайдо бўлди?” деб сўрабди. Подшо вазирга қишлоқ четида яшайдиган бир балиқчи чолнинг ўғли келтириб берганини айтибди. Вазир боланинг балиқни унга бермай подшога берганидан жаҳли чиқиб, қандай қилиб бўлса ҳам болани ўлдириш пайига тушибди. Подшога қараб:
— Подшоҳи олам, бу балиқ ёлғиз бўлмаса керак, бунинг албатта шериги бўлиши керак. Шу балиқ ҳовузга жуда ярашибди. Шунинг учун болага балиқнинг шеригини топиб келтиришни буюринг, — дебди.
Подшога бу сўз жуда ёқибди-да, шу заҳоти чолнинг оёғини ерга теккизмай ҳузурига келтирибди. Подшо чолга:
— Сен шу балиқни қаердан олиб келтирган бўлсанг, унинг шеригини ҳам қирқ кун ичида топиб келтирасан. Бўлмаса дорга остираман, — дебди. Чол жуда хафаланиб уйига қайтибди. Ўғлини чақириб:
— Мана, сен балиқни вазирга бермаганинг учун бошимизга жуда катта мушкул иш тушди. Шу қирқ кунда олтин балиқнинг шеригини тутиб олиб бориб подшога бермасак, икковимиз дорга осиламиз, — дебди. — Энди буни бажармай иложимиз йўқ. Икковимиз бирга дарё лабига бориб балиқ овлаймиз. Подшо қирқ кун муҳлат берди, — дебди.
Чол ўғли билан бирга дарё бўйига бориб бироз дам олгандан кейин балиқ овлашга киришибди. Кечгача жуда кўп оддий балиқларни тутишибди. Лекин олтин балиқ учрамабди. Ота-бола ўттиз тўққиз кун балиқ овлашибди. Тўрга олтин балиқ илинмабди. Чол билан ўғли: “Энди подшо бизни дорга осади”, деб жуда хафа бўлишибди. Қирқинчи куни ота-бола “Бир кунлик умримиз қолди”, деб, ўлишларига ишониб, охирги марта балиқ овига боришибди. Кечгача ов қилиб, кечқурун бўлганда тўрга худди илгариги олтин балиққа ўхшаш балиқ илинибди. Ота-бола жуда хурсанд бўлишибди. Чолнинг қўли қалтираб, кўзидан ёши селдай тирқираб, ўлимдан қолганига ишонмасмиш. Ота-бола уйга қайтишибди.
Кампир ҳар кундагидек, чол билан ўғлим нима олиб келар экан, деб томга чиқиб кутибди. Чол билан ўғли кўринмабди. “Бугун қирқ кун муҳлат тамом бўлди. Балиқни тутиб олиб келишмаса, чолим билан ўғлимдан ажралар эканман” деб, томнинг у ёғидан-бу ёғига безовта бўлиб юрибди. Узоқдан чоли билан ўғли кўрингач:
— Олтин балиқни ушладингларми? —деб бақира берибди. Чол кампир ёнига келиб балиқни кўрсатибди. Эрталаб бўлгач, чол балиқни ўғлига бериб:
— Балиқни вазирга бер, — деб тайинлабди. Бола подшо саройига жўнабди. Подшо дарғазаб бўлиб:
— Бугун қирқ биринчи кун, чолни топиб келинглар, — деб буйруқ бериб турган экан. Бола эшикдан балиқни кўтариб кириб подшога салом берибди ва балиқни узатибди. Подшо севиниб балиқни илгариги балиқ ёнига — ҳовузга қўйиб юборибди. Бола уйига қайтибди.
Эртасига яна вазир подшо олдига келаётиб, ҳовузда бир эмас икки олтин балиқ сузиб юрганини кўрибди. Подшо олдига шошиб кириб, балиқларни томоша қилишни таклиф қилибди. Подшо билан вазир боғ оралаб юриб ҳовуз ёнига келибди. Ҳовузда бир-биридан чиройли икки балиқнинг сузиб юрганини томоша қилишибди. Вазир сўз бошлаб:
— Подшоҳи олам, сизнинг боғингиз жуда ажойиб, ҳеч қандай подшода йўқ. Энди шу боғингизда бир нарса кам, у ҳам бўлса, тилла ҳовуз, — дебди.
Подшо бир сесканиб, кейин хаёл суриб қолибди. Вазир:
— Эй, подшоҳи олам, девлар яшайдиган фалон мамлакатда тилла ҳовуз бор. Суви булоқдек отилиб чиқиб туради. Четида олтин панжара, олтин курси, ҳамма ёғи олтин билан қопланган. Ўша ҳовузни олиб келиб қўйилса, боғингиз бундан ҳам чиройли бўлади, — дебди. Подшо:
— Буни ким олиб келади? — деб сўрабди.
Вазир:
— Балиғини топиб келган одам олиб келади-да. Сиз бундан ғам еманг, фақат буюринг, холос, — дебди.
Подшо одамларига балиқчи чолнинг ўғлини тезда топиб келишни буюрибди. Икки киши болани ўрдага олиб келибди. Вазир болага совуққина қараб “Энди бола ўлади” деб, подшонинг сўзига қулоқ солиб турибди. Подшо болага:
— Девлар маконида олтин ҳовуз бор экан. Сен шу ҳовузни олиб келасан. Агар олиб келмасанг, дорга осиласан, — дебди. Бола подшога:
— Эй, подшоҳим, ҳовузни ҳам олиб келиб бўладими? — дебди. Вазир:
— Подшога гап қайтарма, бадбахт, — деб болани қувлаб чиқарибди. Бола ғамгин бўлиб уйига қайтиб келибди. Чол болани кўриши биланоқ:
— Ўғлим, балиқни яна подшога берган экансан-да, — дебди.
Бола подшонинг буйруғини айтибди. Чол ўйланиб, ўғлига узоқ тикилиб қолибди-да, кейин:
— Ўғлим, энди подшо сени ўлдирмоқчи бўлибди. Сен подшо олдига бор, подшодан бир темир ҳасса, бир темир кавуш, бир неча қўй, бир неча эшак сўра! Подшо сўзингни қайтармайди. Сен ҳамма нарсани олиб йўлга равона бўл. Қўйларни боқиб, чарчаган эшакни қўйиб, янгисига миниб кет, — дебди.
Бола подшо саройига бориб отаси ўргатган нарсаларни сўрабди. Подшо бола сўраган нарсаларнинг ҳаммасини берибди. Бола уларни олиб йўлга равона бўлибди. У ота-онасидан айрилиб, нима қилишини, қаёққа боришини билмай чўл-у биёбонларга чиқиб кетибди. Йўлда қўйлардан сўйиб еб, чарчаган эшакни қўйиб, бошқасига миниб кета берибди. Қўйлар ҳам охири тамом бўлибди, эшаклар ҳам юролмай қолибди. Бола нима қилишини билмай, таваккал деб темир кавушини кийиб, темир ҳассасига таяниб кета берибди.
Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, оёқлари қавариб, кийимлари йиртилиб кетибди. Бир қирнинг тепасига келиб, чарчаб ухлаб қолибди.
Бола уйқусида ажойиб бир туш кўрибди. Тушида ола чопон кийган, ўрта бўйли, оқ соқолли бир мўйсафид келиб боланинг ҳолини сўрабди. Бола чолга ўзининг қаерга, нима учун кетаётганини, қачондан буён чўл-у биёбонларда сарсон бўлиб юрганини бирма-бир айтиб бериб, йиғлабди. Чол:
— Йиғлама, ўғлим, сенга яхшилик қиламан. Лекин сен айтган ҳовуз девлар қўлида. Буни сен ола олмайсан, — деб боланинг қўйнига бир дона ёнғоқ солиб қўйибди ва: — Мана шу ёнғоқни подшо олдига олиб боргин-да, ҳовузни қаерга қурай, дегин. Шунда подшо сенга дўқ уриб “Қани олиб келган ҳовузинг”, деб жой кўрсатади. Сен шу ёнғоқни подшо кўрсатган жойга қаттиқ урасан. Ҳовуз тайёр бўлади, ўлимдан қутуласан, — деб кетибди. Бола уйғонибди. Шошиб-пишиб қўйнига қўл солиб қараса, ёнғоқ турган эмиш. Бола хурсанд бўлиб баданининг, оёқларининг оғриғини ҳам сезмай, орқасига қайтибди.
Бир неча кун йўл юриб ўз уйига етибди. Қараса, ота-онасини подшонинг икки одами ҳайдаб кетаётганмиш. Бола ота-онасини подшонинг одамларидан қутқазиб, подшо олдига ўзи борибди. Подшо болага:
— Қани, ҳовузни олиб келдингми? — деб ғазабга олиб бақирибди.
Шунда бола пинагини бузмай подшодан:
— Ҳовузни қаерга қурай! — деб сўрабди. Подшо болага:
— Иккала қўлингни бурнингга тиқиб келиб, яна уялмай ҳовузни қаерга қурай деб сўрайсанми, — деб яна баттарроқ дағдаға қилибди.
Бу жанжални вазир эшитиб, дарҳол етиб келиб, подшога:
— Эй, подшоҳи олам, ҳовуз бўладиган жойни кўрсатинг-чи, бола нима қилар экан? — дебди. Подшо:
— Мана шу ерга қура қол, — деб боғнинг энг чиройли еридан жой кўрсатибди. Бола қўйнидан ёнғоқни олиб, подшо кўрсатган ерга бир урибди. Дарҳол тилла ҳовуз тайёр бўлибди. Ҳовузнинг атрофи тилла панжара билан ўралган, ҳовуз ўртасидан сув қайнаб чиқиб, ҳар томонга сочилиб турганмиш. Подшо боши осмонга етиб, балиқларни шу тилла ҳовузга қўйиб юборишни буюрибди. Бола иккала балиқни ушлаб ҳовузга қўйиб юборибди.
Боланинг ўлмай қайтиб келганига вазирнинг ғазаби келиб, яна болани бирор ишга буюришни ўйлай бошлабди. Бола ота-онаси олдига бориб бошидан ўтганларини айтиб берибди.
Вазир подшо олдига кириб:
— Эй, подшоҳи олам, сиз менинг маслаҳатим билан олтин балиқ ҳам тилла ҳовузга эга бўлдингиз. Энди боғингизда яна бир нарса кам, у ҳам бўлса, фалон мамлакатдаги пари қизни олдириб келтирсангиз, боғингизда камчилик бўлмайди, — дебди. Подшо:
— Бу ишни ким бажаради? — дебди.
Вазир:
— Бу ишни балиқни, ҳовузни олиб келган бола бажаради-да, — дебди. Подшо тезда болани топиб келишни буюрибди. Навкарлар болани дам ўтмай олиб келишибди. Подшо болага:
— Сен иккита ишни бажардинг, яна бир иш бор. Парилар мамлакатидан пари қизни олиб келасан, — деб буюрибди.
Бола нима қилишини билмасдан уйига қайтибди. Отасига подшонинг буйруғини айтибди. Шунда ўғлига қараб: Айтганимни қилмай, ўзбошимчалик қилдинг, вазирга бер, десам балиқларни подшога бердинг, ана энди сендан вазир ўч олмоқчи. Майли, яна подшодан бир неча қўй, эшак, темир кавуш, темир ҳасса сўраб олиб, йўлга равона бўл, — дебди. Бола подшо олдига бориб, отаси ўргатган нарсаларни сўрабди. Подшо ҳамма нарсаларни берибди. Бола қўй ва эшакларни ҳайдаб кетаверибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, бир қишлоққа яқин ерга бориб қолибди. Қараса, етти яшардан етмиш яшаргача қўлига нима илинса, шуни олиб кун чиқар томонга қараб чопиб кетаётган эмиш. Бола бу одамлардан “Қаерга кетаётибсизлар?” деб шунча сўраса ҳам ҳеч ким жавоб бермабди. Бир маҳал етти ёшли бир бола тўхтаб:
— Қишлоғимизнинг бутун мол-мулкини ўғирлаб кетган ўғри ушланибди. Шу вақтгача уни ҳеч ким тутолмаган эди. Уни тутиб олишганига уч кун бўлди. Одамлар шуни ўлдиришга чопиб кетишаётибди, — дебди.
Бола ҳам қўй ва эшакларини чоптириб ўша томонга кетибди. Бориб қараса, оломон йиғилган, бир ерга дор тикилган, ҳақиқатан ҳам бир одамнинг бўйнига сиртмоқ солинган; катта-кичик тош, сопол, кетмон, косов, шунга ўхшаш нарсалар ушлаб ўғрига ёв назар билан қараб турганмиш.
Бола қўй ва эшакларини бир четга қўйиб, оломон орасидан ўтиб, ўғри олдига борибди. Бу ўғри шундай одам эканки, чопса от ета олмас, қирқта қўйнинг гўшт-ёғига тўймас экан. Лекин бўйнидаги сиртмоғи қаттиқ боғланганидан қимирлай олмай турган экан. Бола ўғрини дорга осаётган одамларга қараб: “Ўлдирманглар, агар ўғри бўлса, менга сотинглар!” — деб қичқирибди. Аввал кўпчилик оломон ўғрини сотишга кўнмабди, “Барибир яна ўғрилик қила беради. Яхшиси ўлдирамиз”, дейишибди. Ўғрини ўлдиришга қанча уринсалар ҳам ўлдира олмабдилар. Бола қўй ва эшакларининг ҳаммасини бериб, ўғрини сиртмоқдан бўшатиб олган экан, ўғри икки-уч марта хо-холаб кулибди-да, йўқ бўлиб қолибди. Бола оломон ичида қўй, эшакларидан ажралиб, нима қилишини, қаерга боришини билмай, довдираб туриб қолибди, таваккал деб темир кавушини кийиб, темир ҳассасига таяниб, бир томонга қараб жўнабди.
Ўғри қочиб кетаётиб ўз-ўзига: “У бола мени нима учун ўлимдан қутқарди. Нима учун мен у билан сўзлашмай кетаётибман”, дебди-да, кетига қайтиб, болани қидириб топибди. Болага ўзининг кимлигини билдирмай, ундан ҳол-аҳвол сўрабди. Бола бўлган воқеани бирма-бир айтиб берибди. Шунда ўғри болани елкасига миндириб чопиб кетибди. Тез орада улар баланд бир темир қўрғон ёнига бориб қолибдилар. Ўғри темир дарвозани очиб, ичкарига кирибди. Қирқта қўйни сўйиб, пишириб еб, дамини олгандан кейин болага:
— Мен сенга пари қизни топиб олиб келиб бераман. Сен шу ерда тур, — дебди ва жўнаб кетибди. Ўғри бир қанча йўл юриб қизнинг маконига етибди. Бориб секин эшигини тақиллатибди. Бир дев чиқибди.
Ўғри дев чиқиши билан уни ўлдирибди. Ичкарига кириб қирқта дев билан олишиб, уларни ҳам ўлдирибди. Яна ичкаридаги бир уйга кирса, бир чиройли қиз ўтирган эмиш. Қиз кўп вақтдан буён одам кўрмаганлигидан унинг бу ерга қандай келиб қолганлигини сўрабди.
Ўғри бутун воқеани айтибди, қизни болага олиб келиб берибди. Ўғри қиз билан болага кетиш учун бир от бериб, жиловига тегманглар, дебди.
Бола қизга уни подшога олиб кетаётганини айтибди. Бирдан шамол, тўполон бўлиб қиз йўқ бўлибди. Осмонда учта каптар қизни кўтариб учиб, тоғдаги ғорга кириб ғойиб бўлибди. Бола бу ҳолни кўриб, нима қилишини, қизни қаердан топишини билмай қолибди. Бу воқеани ўғри сезиб, ҳаш-паш дегунча етиб келиб, боладан каптарлар қизни қай томонга олиб кетганини сўрабди. Бола ғорни кўрсатибди. Ўғри ғорга бориб:
— Пари, чиқ бу ёққа, — деб қаттиқ бақирибди. Аммо пари ғордан чиқиш йўлини била олмабди. Ўғри қизга чиқиш йўлини ўргатибди. Қиз чиққандан кейин:
— Мен кета олмайман, девлар орқамиздан қувлайди, — дебди.
Ўғри қизга гап ўргатиб:
— Девлар келгандан кейин улардан: “Нима учун одамзоднинг жони ўзида-ю, девларнинг жони ўзида эмас. Девларнинг жони қаерда? — деб сўра, айтмаса йиғла. Сўнгра айтишга мажбур бўлади. Уни билиб менга айтасан, — дебди.
Ўғри бола ёнига қайтиб келибди. Қиз девлар келгандан кейин девлардан уларнинг жони қаерда туришини сўрабди. Девлар аввал шубҳаланиб, қизни ўлдирмоқчи бўлишибди. Кейин маслаҳатлашиб:
— Бу қизнинг қўлидан нима иш келарди, — деб жонларининг қаерда эканлигини айтишибди:
— Ўша кўринган жар ёқасидаги чинор остида бир булоқ бор, булоқ ичида сандиқ бор. Шу сандиқ ичида бизнинг жонимиз туради. Чинорни бориб тебратса, сув ичидан олтин балиқ сандиқни думи билан чиқариб беради.
Қиз буни эшитиб олиб, девларга шароб қуйиб бериб маст қилибди. Девлар маст бўлган вақтда ўғри келибди. Қиз ўғрига эшитган сўзларини айтиб берибди. Ўғри бориб чинорни шу қадар жаҳл билан тебратибдики, чинор қулаб кетибди. Балиқ эса думи билан бир силтаб сандиқни чиқариб ташлабди. Ўғри сандиқни бузиб, девларнинг жонини олиб, бола томонга келибди. Шунда девлардан бири “вой белим” деса, иккинчиси “вой бошим” деб югуришиб ўғри олдига келиб:
— Нима буюрсанг қиламиз, — деб оёғига йиқилишибди.
Ўғри девларга:
— Парини ҳозир топинглар, агар топмасанглар, ҳаммангни ўлдираман, — дебди.
Девлар парини топиб келишибди. Ўғри қизга девларнинг жонини бериб, бола билан хайрлашиб, икковини жўнатибди.
Бола ўз мамлакатига етибди. Подшо боланинг келганини эшитиб, қизни тезда олиб келиб беришни буюрибди. Бола қизни подшога беришга рози бўлмаганидан кейин, подшо аскарларига боланинг қўл-оёқларини боғлаб олиб келишни буюрибди. Аскарлар келиб боланинг қўл-оёғини боғлаётганлигини ўғри сезиб қолиб, етиб келибди. Қиз эса девларнинг жонини сиқибди, девлар ҳам дарров етиб келибди. Ўртада қаттиқ уруш бўлибди. Подшо енгилибди.
Балиқчи чолнинг ўғли мамлакатга подшо бўлиб, пари қизга уйланибди. Ўғри эса ўғрилигини ташлаб хизматга кирибди. Мурод-мақсадларига етибди.