Хафа бўлиш йўқ-а?

Болтабой акаси Тешабойни очликдан ўлдирган золим бойдан ўч олиш учун бойнинг ҳовлисига қараб йўл олибди. Бой бир неча кундан бери хизматкор қидириб, тополмай хафа бўлиб ўтирган экан. Болтабойни кўриши билан севиниб кетибди. У Болтабой хизмат сўраб келган бўлса керак, деб ўйлаб, севинчидан ўзига ўзи сўйлаб, ниҳоят Болтабойга айёр кўзлари билан қараб, пахмоқ соқолини тараб, тилёғламаликка киришибди:
— Кел, ўғлим, кел, менда нима ишинг бор?
— Бой ота, мен бир хизмат билан ҳузурингизга келган эдим.
— Айт, ўғлим, бажону дил, нима дейсан?
— Мен бир бечора кампирнинг ёлғиз ўғлиман. Отам қашшоқликдан, очликдан қазо қилди. Отам ўлгандан кеййн рўзғор менинг зиммамга тушди. Мен ишламоқчи бўлиб иш қидириб кўп жойга бордим. Иш сўраб ёлвордим, аммо иш тополмадим. Энди нима қилишимни билмай, уйимга қайтиб келаётганимда маҳаллангизнинг имомини учратиб қолдим. Унга ўз дардимни айтган эдим, имом менга: «Маҳалламизда Қурумсоқ деган бой бор. У бева-бечораларнинг бошини силайдиган одам, сендай юпун болаларни қўллаб-қўлтиқлайди. Сен ўша бойникига бор», деб маслаҳат берди. Мен хурсанд бўлганимдан уйимга бормасдан тўғри шу ерга келдим, — дебди. Бой унга:
— Ҳим… жуда соз, ўғлим, майли, сенга ҳам бир «сахийлик» қилай. Кеч кириб қолди, ҳозир уйингга қайтсанг ҳам бўлади. Эртага эрталаб келиб ишга тушасан, — дебди. Болтабой:
— Раҳмат, бой ота, бу яхшилигингизни эсимдан чиқармайман, — дебди-да, кўчага чиқиб, ўз уйига равона бўлибди.
Болтабой эртасига саҳарда туриб бойнинг уйига борибди. Бой хизматкорни ишга солибди. Болтабой челакларни сув билан тўлдириб бўлгач, ўтин ёрибди. Ҳовлидаги ишларни тугатгач, унга қирқ кундан бери қотиб ётган, моғорлаган бир кулча берибди. У нонни олиб қўйнига солибди, бойнинг буйруғи билан молхонадан икки ҳўкизни олиб чиқибди. Бой эшакка миниб:
— Қани юр далага, ҳўкизларни ҳайда, — дебди.
Болтабой, бойнинг орқасидан ҳўкизларни ҳайдаб кета берибди. Бой хизматкорнинг ўз оёғи билан келганига ичида суюниб:
— Худо бераман деса ҳеч гап эмас. Мана яна бир жонидан тўйган ўз оёғи билан тузоғимга илинди. У мендан ё ўлиб қутулади, ё қочиб. Мен унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, «хафа бўлиш йўқ» деб роса ишлатаман, — деб хаёл суриб келаётган бой бирдан «хафа бўлиш йўқ-а?» деб гапириб юборибди. Уни хизматкор эшитиб қолиб «Лаббай, бой ота, гапирдингизми?» дебди. Бой тулкилигини ишга солиб:
— …Ҳа, чарчамай келяпсанми, ўғлим? — деб сўрабди,
— Чарчаб мен бекорчиманми, бой ота! Бекорчилар чарчайди-да.
— Ҳа, шундай хафа бўлмайсан-да, а?
— Йўқ, бой ота, хафа бўлиш йўқ.
Бой яна хаёл суриб кета берибди. Бойнинг тилёғламалигини билиб олган Болтабой ҳам: «Ҳа одамхўр, золим бой, бугун эшакни миниб мени орқангдан эргаштириб кетяпсан, шундай кунлар келарки, биз ҳам эшак эмас, дулдул отларни минармиз, ўшанда сен ерни қучоқлаб ётарсан. Мен сендан «хафа бўлиш йўқ-а?» деб туриб акамнинг ўчини олайки, дунёга келганингга пушаймон бўлгин», дебди.
Бойнинг ерига етиб боришибди. Бой хизматкорга:
— Мен ҳозир уйга қайтиб кетаман. Тушга яқин овқатингни олиб келарман. Мабодо ишим чиқиб қолиб келолмасам хафа. бўлмайсан-да, а? — дебди.
— Йўқ, бой ота, хафа бўлиш йўқ.
— Қани, ишга кириш бўлмаса, мен кетдим, ерни чуқурроқ ҳайдагин, — дебди бой.
— Хўп, бой ота, — деб жавоб берибди Болтабой. Бой кетгач, Болтабой белбоғини пешонасига боғлаб, қўкизларни қўшга қўшиб, шайлаб ер ҳайдашга киришибди. Болтабой ерни тушагача ҳайдабди. Бойдан дарак бўлмабди. Кечгача ер ҳайдабди, бойдан дарак бўлмабди. Қорни очган Болтабой кечқурун қўшни чиқариб, икки ҳўкизни олдига солиб, бойнинг ҳовлисига кириб борибди. Ҳўкизларни молхонага олиб кириб, олдига ўт солиб, ўзи дам олиш учун ертўлага кирибди. Энди ётган экан, бой Болтабойни чақириб қолибди.
— Келдингми, ўғлим? Боғ орқасида бедапоя бор. Ўша ерга бориб, эшакка уч-тўрт боғ беда ўриб келгин. Хафа бўлмайсан-а? — дебди бой.
— Хафа бўлиш йўқ дегансиз-ку, бой ота, — дебди-да, Болтабой ўроқни олиб бедапояга борибди. Бир кўтарим беда ўриб, қорни очлигига чидай олмай лаби қурушиб, бедани кўтариб уйга қайтиб келибди. Болтабойга бой битта эшагим бор дегани учун, ёлғончи бўлмайин деб бедани эшакларга ўзи солибди. Болтабой ертўлага кирганда орқасидан бир коса хўрда билан иккита нон олиб кириб беришибди. Болтабой овқатлангач, уйқуга кетибди. Тонг ёришгач, Болтабой яна ер ҳайдагани кетибди. Бу кун ҳам бой тушда овқат олиб бормабди. Болтабой пешингача ер ҳайдабди-да, пешинда ҳўкизларни ҳайдаб бозор томон йўл олибди. Бозор олдидаги чойхонада чой ичиб ўтирган бир кишига ҳўкизнинг бирини беш тангага сотиб, бир тангасига ош қилиб еб, тўрт тангасини ёнига солибди. Кечқуруч бойнинг ҳовлисига кириб борибди. Бой икки ҳўкиздан бири йўқлигини кўриб жони чиқаёзибди. Лекин ўзини босиб:
— Ҳорма, ўғлим, ҳўкизингнинг бири кўринмайди-я, қани? — деб сўрабди. Болтабой ҳам ўйлаб турмасдан бор гапни айтибди:
— Бой ота, тушда менга овқат олиб бормаган эдингиз, пешингача ерни ҳайдаб жуда қорним очди. Сўнгра ҳўкизларни олдимга солиб бозорга келдим. Ҳўкизнинг бирини беш тангага сотиб, бир тангасига ош олиб едим, тўрт тангаси ҳамёнимда, уни сизга бермайман, хафа бўлмайсиз-а?
— Хафа бўлиш йўқ-ку, ўғлмм, — деб жавоб берибди бой нима қилишини билмай. Болтабой «энди қўлга тушдинг, бой» деб ҳар куни ер ҳайдай берибди. Ёнидаги пули тугагач, яна уч-тўрт кундан кейин тушда бой овқат олиб келиб бермабди. Шунда Болтабой ҳўкизнинг бирини бозорга олиб бориб, сотиб, овқат олиб ебди. Бой эса «хафа бўлиш йўқ» деб боши гангиб нима қилишини билмай қолибди. Энди бу хизматкорни йўқотмасам моли дунёимни совуради, буни қандай қилсам йўқота одаман, деб ҳар куни хаёл сура берибди. Бойнинг укаси узоқ бир қишлоқда яшар экан. Хизматкорни укасиникига юбориб, ўша ерда ўлдиртирмоқчи бўлибди. Бой укасига хат ёзиб, Болтабойни чақирибди.
— Ўғлим, фалон қишлоқда менинг укам бор. Бугун укамникига бориб, мана бу хатни бериб келасан. Хафа бўлмайсан-а? —  дебди.
Болтабой:
— Хафа бўлиш йўқ, бой ота! —дебди-да, Болтабой хатки олиб, ҳамёнига солиб, бойнинг укасикикига қараб равона бўлибди.
Болтабой йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, бир қишлоққа кириб борибди. Йўлда ўтириб дам олибди, хатни очиб ўқимоқчи бўлибди, саводсизлигидан хатни ўқий олмай юраги тўлибди, яна йўлга равона бўлибди. Кета тўриб бир муллаваччани учратиб қолибди. Муллаваччага бир танга бериб, хатни ўқитиб, бойнинг ниятини билибди. Хатни шу ердаёқ йиртиб ташлаб муллаваччага яна бир танга бериб, бошқа хат ёздирибди. Хатда шундай дебди: «Меҳрибон ука, аввал салом, ундан сўнг сенга кичик хизмат. Мен сенинг олдингга ўзимнинг энг яхши хизматкоримни юбораётибман. Агар сен мени десанг шу хатни олиб борган хизматкоримни яхшилаб кутиб ол. Уч кун ичида ўзингнинг энг яхши кўрган қизингни тўй-томоша қилиб, шу хизматкоримга қўшиб қўй. Агар айтганимни қилмасанг, сендай укам йўқ!»
Болтабой хатни ёздириб, муллаваччага раҳмат айтиб, яна йўлга тушибди. Ниҳоят, кечқурун бойнинг укасиникига етиб борибди. Бойии топиб, саломлашиб ўзини таништиргач, хатни берибди. Хатни ўқиган бой ҳушини йўқотаёзибди. Нима ҳам дерди, акасининг гапини қайтариш гуноҳ. Бой Болтабойга билинтирмай ич-ичидан ёнибди. Болтабой унга:
— Бой ота, хафа кўринасиз, нима бўлди? —  дебди.
— Йўқ ўғлим, хафа эмасман, — деб жавоб берибди у. Бой Болтабойни шу кеча яхшилаб меҳмон қилибди. Ҳеч қандай илож тополмаган бой, эртасига тўй тараддудига тушибди. Маҳалла оқсоқолини чақириб маслаҳат қилибди, сўнгра тўй қилиб, энг кичик қизини Болтабойга никоҳ қилиб берибди. Болтабой ҳам хотинлик бўлиб қолибди, кайфини суриб юра берибди. Болтабой бу ерда кайфини суриб юра берсин. Энди Қурумсоқ бойдан эшитинг:
Қурумсоқ бой хизматкордан қутулдим, деб суюниб, йўқотган ҳўкизларини эслаб куюниб юра берибди.
Кунлардан бир кун укасини соғиниб бир кўриб келай деб, совға-салом олиб,  укасиникига жўнабди. Юриб-юриб кечқурун укасининг қишлоғига етиб келибди. Укаси уии хурсандчилик билан кутиб олибди. Қурумсоқ бой уйга кирганда янги тўнларни кийиб хизмат қилиб юрган Болтабойни кўриб, юзида қон қолмабди. Бой сирни бой бермай Болтабой билан кўришиб, сўрашиб ўтирибди. Болтабой дастурхон ёзиб, бойга чой узатибди.
— Ўғлим, тинч зерикмасдан ўйнаб юрибсанми?
— Ҳа, бой ота, укангизнинг қизлари бор экан, менга тўй қилиб бердилар. Қуллуқ сизга, бой ота.
— Нима дединг? —  дебди бой шошиб.
— Мен бу ёққа келаётганимда қўлимга бир хат берган эдингиз-а, бой ота?
— Ҳай, нима бўлибди?
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ, бой ота. Мен ўша хатни йўлда бир муллаваччага ўқитдим, хатингизда мени ўлдиришга буюрган экансиз. Мен у хатни йиртиб ташлаб, муллаваччага бир танга бериб, сизнинг номингиздан укангизга бошқа хат ёздирдим, укангиз хатни ўқиб қизини менга никоҳ қилиб берди. Мен укангизга куёв бўлиб юрибман. Хафа бўлмайсиз-а, бой ота?
— Қизини олдим дейсанми? —  дебди бой титраб-қақшаб.
— Ҳа, бой ота, олдим, хафа бўляпсизми? —  дебди Болтабой. Бой ўзини босиб олибди-да.— Хафа бўлиш йуқ, — деб жавоб берибди. Бир оздан сўнг Бой хизматкорга қараб:
—    Ўғлим, эртага бир жойга бориб сайр қилиб келамиз, тайёрлан, — дебди.
— Қаерга борамиз, бой ота? — деб сўрабди Болтабой.
—    Тантибой, Турғунбой, Каримбой деган ўртоқларим бор. Ўшаларникига бориб бир яйраб келамиз, хафа бўлмайсан-а? — дебди бой. Болтабой:
— Хафа бўлиш йўқ, бой ота, — дебди. Кечқурун Болтабой ўз уйига кириб кетибди.
Ярим кечада Болтабой ҳовлига чиқиб, Қурумсоқ бой ётган уйнинг деразасидан икки кишининг шивирлаб гаплашаётганини эшитиб қолибди, секин бориб қулоқ солса, Қурумсоқ бой укасига Болтабойни ёмонлаб: «Эртага Болтабойни ўртоқларимникига олиб бориб, ўша ерда ўлдириб келаман», деётганмиш. Буни эшитган Болтабой ҳеч нарсани билмаган киши бўлиб, ўз жойига кириб ётибди. Эрта билан барвақт уйғонган Қурумсоқ бой апил-тапил овқатланибди-да, Болтабой билан йўлга равона бўлибди. Бой эшакка миниб олибди. Болтабой эса пиёда кета берибди. Йўл юришиб, йўл юришса ҳам мўл юришиб, бир жойга келганда бой дам олмоқчи бўлиб эшакдан тушган экан, Болтабой эшакни миниб олиб кета берибди. Бой унинг орқасидан югуриб, чарчаб, оғизлари кўпириб кела берибди. Ниҳоят, бир қишлоққа бориб чойхонанинг олдидан чиқиб қолишибди. Бой Болтабойни эшакка қоровул қилиб, «мен овқат қилиб чиқаман, хафа бўлмайсан-а» деб, чойхонага кириб ҳалфанага қўшилибди. Болтабой ҳам эшакни беш тангага сотибди-да, бир тангасига ош олиб еб, аччиқ чойни ичиб ўтира берибди. Бой қорнини тўйғизиб, кекириб кўчага чиқса, эшак йўқ эмиш. Болтабойдан эшакни сўраган экан, «эшакни сотиб ош олиб едим», дебди.
Иккаласи ҳам пиёда йўлга равона бўлишибди. Кўп йўл юришиб, бир қишлоқнинг четига етиб келишибди. Болтабой қараса, бир эски хароба уй бор эмиш. Болтабой бойнинг қўл-оёқларини ҳеч ким ечолмайдиған қилиб, чамбарчас қилиб бойлаб ўша харобага қамаб қўйибди.
— Бой ота, сиз мени ўлдирмоқчи бўлиб олиб кетаётган эдингиз, мана энди менга қазиган чуқурингизга ўзингиз тушадиган бўлдингиз, хафа бўлмайсиз-а? —  дебди Болтабой.
— Хафа бўлиш йўқ, — деб жавоб берибди бой.— Лекин, бу аҳволда қийналиб ўламан.
— Йўғ-э, бой ота, ўлиб нима қиласиз? Ахир, сиз менн ўлдирмоқчи эдингиз-ку, қорнингиз очса похол еб туринг. Ҳа золим бой, мен сендан акам Тешабой ва очликдан ўлган ўртоқларимнинг ўчини оламан. Хафа бўлиш йўқ-а? — дебди. Бой:
— Йўқ, ўғлим хафа бўлиш йўқ, — деб нафаси ичига тушиб кетибди.
Болтабой:
— Сенга жазо шу, — деб бойни хароба уйда қолдириб, эшикни маҳкам ёпиб, ўз қишлоғига қараб жўнабди. Шундай қилиб, муроди мақсадига етибди.