Фойдали ёлғон

Бир бор экан, бир йўқ экан, чол билан кампир бўлган экан. Уларнинг икки қизи ва уч ўғли бор экан. Чол-кампир рўзғор тебратишга жуда қийналар экан, болалари эса ҳали ёш экан.
Бир куни ўзлари ҳам, болалари ҳам жуда оч қолишибди. «Нима қилсак экан», деб роса бош қотиришибди, ҳеч бир йўлини топа олишмабди.
Шунда кампир:
— Чол, бир иложини қилинг! Бизга барибир четдан ёрдам келмайди, — деб туриб олибди.
Чол ўйлай-ўйлай, охири кечаси ўғирликка тушишга қарор қилибди, бундан ўзга чора топа олмабди.
Чол ярим кечаси ўрнидан туриб, ўғирлик қилишга чиқиб кетибди.
Қишлоқдаги битта оқсоқолнинг жуда кўп қўйлари бор экан. Чол ўшанинг битта қўйини ўғирлабди. Улар қўйни сўйиб, гўштини қозонда қайнатишибди. Болаларини уйғотишдан аввал чол кампирига:
— Кампир, энди бир амаллаб, шу гўштларни болалар уйқусираб ётганларида едириб юбориш керак, — дебди.
— Буни қандай қиламиз? — део сўрабди кампир.
Чол:
— Ҳозир болаларнинг устига сув сепамиз. Кейин, «ёмғир ёғиб юборди» деб, уларни чопонларига ўраб айвондан уйга олиб кирамиз. Уйда эса, улар уйқу аралаш гўштни тез-тез еб оладилар, — дебди. Гўштни болаларга едириб, ўзлари ҳам еб, яна уйқуга кетишибди.
Эртасига қишлоқ оқсоқоли битта қўйнинг йўқолганини ҳамма ёққа жар солибди. Кейин икки-учта одамни олиб, эшикма-эшик ахтаришга тушибди. Улар чол-кампирларникига ҳам келиб, болаларидан сўрашибди:
— Кеча кечаси уйларингда гўшт едиларингми? Шунда болалардан бири:
— Ҳа, биз гўшт едик, — деб юборибди.
Бундан чол-кампир саросимага тушиб қолишибди. Шунда кампир дарров ўзини тутиб олиб, чаққонлик билан:
— Ҳой, жувонмарг бўлгур, қачон сенга гўшт берган эдик? — дебди.
Шунда бола йиғламсираб:
— Ҳув, ёмғир ёққан куни, отам уйга олиб кириб гўшт берган эди-ку! — дебди.
Чол оқсоқолга қараб:
— Ҳурматли оқсоқол, бола рост гапирди. Анча вақт бўлди, бирда шаҳарга тушиб гўшт олиб келган эдим. Ўша куни ёмғир ёққан эди. Ёш бола-да, сўраганингизга, ўша еганини айтаяпти, — дебди.
Оқсоқол ва у билан бирга келган одамлар индамай чиқиб кетишибди. Чол билан кампир эса жазодан қутулиб қолишибди.