Фаросатсиз эшак

Бир эшак бор экан. У ўзини жуда ақлли деб билар экан.
Кунлардан бир куни у бир боққа кирибди. Қараса, дарахтларда мевалар, полизда қовун-тарвуз-у, қовоқлар пишиб ётган эмиш.
Эшак дарахтлардаги меваларга, полиздаги қовоқларга қараб, диққат қилибди. Шалпанг қулоқларини қимирлатиб:
— Табиат-ку ҳамма нарсани билиб яратган-а, лекин кўп нарсалар борки, уларни бошқачароқ қилиб яратиш керак эди-да, — дебди.
Дарахт шохида ўтирган чумчуқ эшакдан:
— Қани, айт-чи, сенга буларнинг нимаси ёқмади? — деб сўрабди.
— Кўрмайсанми, — дебди эшак, олма ва қовоқларга имо қилиб, — шундай катта дарахтларнинг солган мевасини қара — боланинг муштумидан ҳам кичкина. Энди анови қовоқларни кўр: калламдай келади, нозик палакларда илиниб турибди…
— Бунда ҳикмат нима қилади, — дебди эшак. — Ҳамма ҳикмат шунда-да, — дебди чумчуқ. — Олмалар қовоқдек, қовоқлар олмадек бўлса, тузук бўларди.
Шундай деб, эшак олма дарахтига сурканган экан, битта олма узилиб “тақ” этиб бошига тушибди.
— Вой бошим! — дебди эшак, — ёрилаёзди… Чумчуқ кулиб:
— Яхшиямки олма қовоқдай эмас, бўлмаса миянгнинг қатиғини чиқариб юборарди, — дебди.
— Рост айтдинг, оғайни! — дебди эшак ва олма дарахти тагидан нари кетибди.