Эплик билан сеплик

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда икки ўртоқ бўлган экан. Иккови ҳам тўй қилиб уйланишибди. Улардан бирининг хотинининг сепи кўп экан, уни «сеплик келин» дейишар экан.
Бир куни уларникига ўртоғи меҳмон бўлиб келибди. Уларнингуйи тартибсиз, чангбўлиб ётган экан. Меҳмон йигит ўртоғи эшикка чиқиб кетганида, аста бориб тахмонни кўрибди. Қараса, тахмондаги кўрпаларнинг увадаси чиқиб кетган эмиш. «Эсизгина, ўртоғим», деб ўйлабди меҳмон йигит. Чунки тўйлари бўлганига ҳали бир йил ҳам бўлмай, ҳамма нарсалари эскириб, тўзиб кетган экан. Меҳмон йигитни хотинининг мол-мулки, сепи кам экан, лекин жуда саришта, чаққон деб мақташар экан, шунинг учун ҳам уни «эплик келин» дейишар экан.
Кунлардан бир куни энди уларникига бу дўсти меҳмон бўлиб келибди. Ўртоғининг уйини кўриб, йигитнинг ҳаваси келибди. Ҳамма нарса жой-жойида, озода, тартибли экан. Тахмондаги кўрпаларининг ҳаммаси янгидек турган экан. У эскиларини ювиб, тикиб эплар экан. Йигит ўзининг уйи билан солиштириб, ич-ичидан ўз бахтидан хафа бўлибди.
Бир куни икки ўртоқ бозорда учрашиб қолишибди. Улар анча суҳбатлашгач, хотини эплик бўлган йигит дўстига:
— Сенга анчадан бери бир маслаҳат бермоқчи эдим. Қачонгача шундай юраверасан? Мана мен фарзандли бўлдим. Бир томондан хотининг уйга яхши қарамаса, иккинчи томондан фарзандларинг бўлмаса, бунақа турмушдан не фойда? — дебди.
— Мен хотиним билан ажрашганим билан бошқа яхшироқ хотин топилармикан, — дебди.
— Сен бундан ғам ема. Мен бу ҳақда оилам билан гаплашиб қўяман, — дебди ўртоғи.
Сепли келиннинг эри уйига келгач, хотинига жавобини бериб юборибди. Дўсти эса хотини билан маслаҳатлашиб, чевар, ишбиларман, чаққонгина қиз билан уни таништирибди. Кўп ўтмай тўй бўлибди. Бу хотин уйни гулдек яшнатиб юборибди. Ҳамма увада-чувада кўрпаларни тикиб, тартибга келтирибди. Ҳамма ёқ озода, саришта бўлиб қолибди. Тезда фарзандли ҳам бўлишибди. У ўзининг дўстидан жуда миннатдор булибди.
Шундай қилиб, икки ўртоқнинг турмуши гўзал, ширин ўтаверибди. Ҳақиқатан ҳам иноқ, аҳил яшаш учун сеплик эмас, аввало эплик булиш керак экан.