Давлат билан Аҳмад

Бир замонда бир одил подшоҳ ўтган экан. Унинг оти Давлат экан. Давлат подшоҳ мамлакатда адолат билан иш юритишга интилар экан. Баъзан “Қани, мен шунча ишларни қилдим. Фуқароларим менинг тўғримда нималар гаплашар экан?” деб, кечалари шоҳона либосларини ечиб қўйиб, бошқа усти-бош кийиб, эл орасида юрар экан. Подшоҳ бир куни кечаси бир кўчада кетаётган экан, бир дўкондан одамларнинг овози, ашула товуши эшитилибди. Бориб қулоқ солса, кавушдўзлар кавуш тикаётган экан. Улардан бири ашула айтаётганмиш:

Мачит бўлса мадраса,
Ёр, ёр, айланаман!
Ўртасида йўл бўлса,
Ёр, ёр айланаман!
Бир одил подшо бўлса,
Ёр, ёр, айланаман!
Ҳар ким суйганин олса,
Ёр, ёр, айланаман!

Подшоҳ: “Булар ҳам ўз тирикчилиги билан машғул экан” деб ўтиб кета берибди. Ундан нарига борса, яна бир дўкондан овоз чиқибди. Подшоҳ аста бориб қулоқ солса, бу бир бўзчининг дўкони экан. Эшикнинг тирқишидан қарабди. Шу пайт бўзчининг мокиси танданинг комидан ирғиб чиқиб, ерга тушиб кетибди. Бўзчи: “Уҳ!” деб, илмоқ чўпини узатиб, мокини илиб олибди. Кейин моки найчасидаги ипнинг учини тишлаб туриб, мокини ўнг қўлига олибди ва:
— Давлат акам келсалар! — деб мокини комдан отибди. Моки зевдан ўтиб чап қўлига борибди, чап қўли билан ушлаб туриб:

Аҳмад, десалар, —

дебди. Сўнг:
Вазири аъзамнинг қизини олиб берсам, оласанми? десалар! — деб мокини яна орқасига ирғитибди. Кейин:

Оладурман,
Оладурман,
Оладурман…, —

деб бўзни тўқий берибди. Бир замон яна моки комдан чиқиб, ерга тушиб кетса, “Уҳ!” дебди-да, яна юқоридаги гапларни такрорлаб, бўзини тўқий берибди,
Подшоҳ бу аҳволни кўриб, таажжубланиб, қайтиб кетибди. Эртаси эрта билан Давлат подшоҳ ўзининг иккита одамини чақирибди ва уларга:
— Фалон маҳаллада, фалон кўчада, қайрағочнинг ёнидаги ҳовлида Аҳмад номли бир бўзчи туради. Тезда боринглар-да, ўша бўзчини бўз тўқийдиган дўкон ва тандаси билан кўчириб олиб келинглар! — деб буюрибди.
Подшоҳнинг одамлари бориб, Аҳмад бўзчини дўкони билан кўчириб, подшоҳнинг ўрдасига олиб келишди ва подшоҳга тўғри қилишди. Подшоҳ ҳамма амалдорларини тўплади ва уларнинг олдида бўзчига буюрди:
— Дўконингни шу жойга қуриб, бизга бўз тўқиб кўрсатасан! — деди. Аҳмад дарров низом олиб, дўконини қурди ва дўконга чиқиб, кунтахтага ўтириб олиб, бўзни тўқий берди. Шунда подшоҳ Аҳмадга:
— Тўхта! Кечаси қандай тўқиган бўлсанг, шундай қилиб тўқигин! —деди. Аҳмад олдин қўрқди, кейин: “Подшоҳнинг амри вожиб деганлар, яна айтганини бажармай, гуноҳкор бўлиб қолмайин”, деб икки кўзини чирт юмди ва мокини ўнг қўлига олиб, кечаси айтган гапларини айнан такрорлади:

Давлат акам келсалар,
Аҳмад, десалар.
Вазири аъзамнинг
Қизини олиб берсам,
Оласанми? — десалар!
Оладурман,
Оладурман,
Оладурман…

деб тўқиб кетди. Моки ерга тушди. Бўзчи “Уҳ!” тортди. Мокини ердан олиб, яна юқоридаги сўзларини такрорлаб, тўқишга бошлади. Подшоҳ бўзчидан:
— Сен нимага бундай дейсан? — деб сўради. Бўзчи айтди:
— Бир қошиқ қонимдан кечсангиз, айтаман!
Подшоҳ:
— Кечдим! Айт! —деди. Бўзчи айтди:
— Бир куни бозордан келаётган эдим. Ҳаммомдан бир офатижон, нозанин қиз, қип-қизариб чиқиб келаётган экан. Кўрдим-у, ақли-ҳушимдан адашдим. Маълум бўлишича, у қиз вазири аъзамингизнинг қизи экан. Шундан бери фикр-у зикрим ўша қизда. Бўз тўқишда ўша сўзларни айтишни ўзимга одат — вазифа қилиб олганман. Ўзим бир камбағал бўзчиман. Давлатманд бўлганимда балки вазири аъзам менга қизини берармиди, деб худодан давлат сўрайман,— деб кўзларидан дув ёшлар оқизди.
Шунда подшоҳ вазири аъзамига қаради ва унга:
— Бу гапларни эшитдингизми? — деди. Вазир хомуш бўлиб қолди. Шундан кейин Давлат подшоҳ вазири аъзамни ва унинг қизини кўндириб, қизни Аҳмад бўзчига тўй-у томоша қилиб олиб берди, бўзчи мурод-мақсадига етди.