Чўпон Али

Ўтган замонда бир золим, қонхўр хон бўлган экан. Хоннинг тўрт хотини бўлиб, битта ҳам фарзанд кўрмаган экан. Хон умрининг охирида энг кичик хотинидан бир ўғил кўрибди. Кундан кун, ойдан ой, йилдан йил ўтибди. Ўғли ўсиб улғайибди, қомати келишган, ақли расо, раҳмдил йигит бўлиб етишибди.
Хон кўзининг оқ-у қораси, битта-ю битта ўғлига шамолни ҳам раво кўрмас экан. У ўғлининг раҳмдиллигидан, бева-бечораларга ҳар нарсани аямай бериб юборишидан ғазабланар экан. Лекин ўғлига ҳеч нима деёлмай, у билан сўзлашган одамни ўлдиртирар экан.
Кунлардан бир кун шаҳарнинг четидаги бир ўрмонда ёввойи тўнғиз пайдо бўлиб, экинларни пайхон қилиб, халққа кўп зарар етказибди. Ҳеч ким тўнғизни тутолмабди. Аксинча, тўнғиз ўрмонга борган одамларни ҳалок қилар экан.
Буни эшитган хоннинг ўғли ўрмонга бориб тўнғизни ўлдириб келиш учун отасидан жавоб сўрабди. Хон жавоб бермабди.
Ахири хоннинг ўғли отасига билдирмай кийиниб, яроғ-аслаҳа олиб, бир ўзи ўрмонга отланибди. Дарвозада турган соқчилардан бирига:
— Мен уч кунда қайтиб келсам келганим, бўлмаса мени ўлди деб билинглар, — дебди. Йигит ўрмонга қараб йўл олибди.
Ёш йигит ўрмонга бориб, икки кеча-ю икки кундуз тўнғиз билан олишибди. Учинчи куни тўнғиз уни эзғилаб, мажақлаб ташлабди. У ҳалок бўлибди. Хон ўғлининг кўринмаганига ҳайрон бўлиб, суриштирибди. Ҳеч ким айтмабди. Ахири соқчилардан бири хоннинг ўғли ўрмонга кетганини ва ундан ҳалигача дарак йўқлигини айтибди. Хон хавотир олиб, ўрмонга кишилар юборибди. Соқчилар, хизматкорлар ўрмонга бориб, уни кўп ахтаришибди, ахири бир жойга бориб қарасалар, йигитнинг кийимлари ва қурол-аслаҳалари ҳар ер-ҳар ерда ётган эмиш, ўзи бир дарахтнинг тагида ўлиб ётганмиш. Йигитнинг ҳалокатга учрагани маълум бўлибди. Хон: “Кимки ўғлим тўғрисида совуқ хабар келтирса, қорнини ёриб, қўрғошин қуяман”, деган экан. Хизматкорлар жуда хафа бўлишибди. Хонга билдириш йўлларини ўйлашибди. Хонга айтсак, бизни ўлдиради, деб қўрққанларидан, нима қилишларини билмабдилар. Золим хоннинг айтган сўзини эслаб, тоғга чиқиб кетишибди. Тоғда сўзга чечан, қўшиқчи Али деган чўпон яшар экан. Сарой хизматкорлари бўлган воқеани чўпонга айтиб беришиб:
— Энди сен бизга йўл кўрсат, подшога бу воқеани қандай айтамиз,— дейишибди. Чўпон:
— Хафа бўлманглар, ҳозир сизлар бироз дам олиб туринглар. Бу балони мен даф қиламан, — дебди.
Чўпон бир дарахтни кесиб, тешик дутор ясабди. Хоннинг хизматкорлари олдига келиб:
— Қани юринглар, хоннинг даргоҳига борамиз, — дебди.
Улар хон саройига келгандан кейин чўпон дуторни қўлига олиб аста-секин чала бошлабди. Дутор нола қилибди:
Ёш йигитнинг ўрмонга боргани, тўнғиз билан олишгани ва охирида қаҳрамонона ҳалок бўлгани тўғрисида куйлабди. Хон дуторнинг юракни эзувчи, ғамли ноласидан ўғлининг ҳалок бўлганини сезиб қолибди, ғазабланиб бақирибди:
— Жаллод, ўрмонга бориб келган бу кишиларнинг қорнини ёриб, қўрғошин қуй!
Чўпон ўрнидан туриб:
— Эй, хон, бу хабарни сенга биз эмас, мана бу дутор етказди. Қўрғошинни дуторнинг қорнига қуя бер, — дебди.
Золим хон нима қилишини билмай, ғазабига чидолмай дуторнинг қорнига қўрғошин қуйдирибди.
Шундай қилиб, хизматкорлар золим хон зулмидан қутулиб қолган эканлар.