Чўлоқ бўри

Бир бойнинг уч ўғли бор экан. Бойнинг катта боғи ҳам бор экан. Боғида бир туп чинори бор экан. Бу чинор тилладан экан. Ҳар куни бир барги йўқолиб қолар экан. Бой ғазабланиб, катта ўғлини пойлатибди. Эртасига ўртанчасини пойлатибди. Учинчи куни энг кичкинасини қўйибди. Ўша куни бир тилла қуш келиб, чинорнинг битта баргини узиб кетибди. Кичик ўғли:
— Ота, бир тилла қуш келиб, баргини узиб кетди. Отишга кўзим қиймади, — дебди.
Отаси уч ўғлига ғазаб қилибди:
— Топсаларинг топганинг, топмасаларинг бошларинг ўлимда, — дебди. Икки ўғли кулча-кўмачини ғамлаб, йўлга кетибди. Энг кичиги ҳеч нарса олмасдан йиғлаб кетибди.
Уч айрилиш йўлга боришибди. У ерда бир тош бор экан, у тошга: “борса келмас”, “борса келар”, “борса хатар” деб ёзиб қўйилган экан. Энг каттаси “борса келар”га, ўртанчаси “борса келмас”га, кичиги “борса хатар”га кетибди. Кичиги бир сувнинг бўйига бориб, бир дона нонни сувга тегизиб еб ўтирган экан, бир чўлоқ бўри келиб қолибди. Қўрққанидан ноннинг ярмини бўрига берибди. Ўрнидан турган вақтда:
— Қаёққа борасан? — деб сўрабди бўри.
— “Борса хатар”га бораман, — дебди у.
Бўри:
— “Борса хатар” олти ойлик йўл, етолмассан. Устимга мингин, кўзингни юмгин, олти ҳатлаб етказай, — дебди. Бола шундай қилибди. Бўри:
— Кўзингни оч, — дебди. Бола кўрса, тахт тагида турибди. Бўри:
— Қирқ поғонали шотига чиқасан, қушни олсанг, чаккасини олма, — дебди. Бола қушни олибди. “Узоқ йўлда ерга қўяманми”, дебди-да, чаккасини ҳам олибди. Чаккасида қўнғироқлар бор экан, жаранг-журунг қилибди. Вазирлар болани қўлга тушириб олиб, подшоҳнинг олдига олиб кирибдилар. Подшоҳ:
Сен қайси элдан келдинг? — дебди.
— Боғбондан келдим, — дебди бола.
— Нима учун келдинг? — дебди подшоҳ.
— Қуш учун келдим, — дебди бола.
— Қуш учун келган бўлсанг, Мағрибда бир подшоҳнинг қизи бор, олиб келиб бергин, қушимни бераман, — дебди подшоҳ.
Бола қайтиб пастга тушибди. Чўлоқ бўри:
— Калласи катта бойвачча, нима иш қилдинг? — дебди.
Бола бўлган воқеаларни айтиб берибди. “У қизнинг шаҳри саккиз ойлик йўлдир. Устимга мин, кўзингни юм!” дебди бўри ва саккиз ҳатлаб болани етказибди. Бола ўзини тахт тагида кўрибди.
— Қизни олсанг, рўмолини олма, рўмолини олсанг, қизни олма, — деб гап ўргатибди бўри. Бола чиқиб, қизни ухлаб ётган еридан олибди.
“Узоқ йўлда бошяланг олиб кетаманми”, деб рўмолини ҳам олибди.
Тағин қўлга тушибди. Уни подшоҳнинг олдига олиб киришибди. Подшоҳ: “Фалон жойда ялмоғиз кампирнинг бир оти бор, шуни олиб келиб берсанг, сўнг қизимни бераман”, дебди. Бола бўрининг олдига чиқиб:
— Тўрт ойлик йўлда бир от бор, шуни олиб келиб берсанг, қутуласан, дейди, — дебди.
— Устимга мин, кўзингни юм!— дебди бўри.
Тўрт ҳатлаб унга ҳам олиб борибди. Кўзини очса, ўзини бир Чангалимозандаронда кўрибди. Бўри:
— Ер тагидан тешиб кирасан, охурнинг ёнидан чиқасан. Бош чиқарган вақтингда от бир кишнайди. Кампир ётган еридан безовта бўлиб чиқиб, отини уради. “Ҳаромгина ўлгур, сен нимага кишнай берасан, нимани билдинг”, деб уриб-уриб кириб кетади, — дебди.
Бола шуларнинг ҳаммасини айтганидек бажарибди. Отни олиб чиқибди. Чўлоқ бўри иккаласи подшоҳнинг олдига жўнабди. Йўлда бўри:
— Эй, калласи катта бойвачча, шу отни подшоҳга берасанми? — дебди.
— Нима қиламиз? —дебди бола. Бўри:
— Бир юмалаб бундан ҳам яхши от бўламан. “Битта от деб эдингиз, иккита қилиб келдим”, дейсан. “Танлаб олинг”, деганингда, мени танлаб олади. Сен қизни мингаштириб олиб кетасан. Орқангдан мен кўк каптар бўлиб учиб, етиб оламан, — дебди.
Бола бўри айтганини бажо келтирибди. Подшоҳнинг олдига кирибди.
— Икки отдан биттасини танлаб олинг, — дебди. Подшоҳ чўлоқ бўрини танлаб олибди. Йигит қизни олиб кетибди. Орқасидан кўк каптар бўлиб бўри етиб олибди.
— Э, калласи катта бойвачча, шу қизни подшоҳга берасанми? — дебди.
— Нима қиламиз бўлмаса?
— Мен бир юмалаб бир қиз бўлай. Подшоҳ мени танлайди. Сен қизни ҳам, қушни ҳам олиб кета берасан. Мен орқангдан кўк каптар бўлиб учиб бораман, — дебди.
Бола шундай қилибди. Бола:
— Битта қиз деб эдингиз, икки қиз келтирдим, танлаб олинг, — дебди.
Подшоҳ чўлоқ бўрини танлаб олибди. Учаласини олиб йигит жўнаб кета берибди. Бола қуш, қиз ва отни олиб, бояги ерига — нон еган жойига етибди. Бўри ҳам етиб келибди. Чўлоқ бўри:
— Бир қуш деб эдинг, шунча нарсали қилиб қўйдим, берган яримта нонингга рози бўлгин, — деб кўздан ғойиб бўлибди.
Бола акаларини истаб, “борса келар”, “борса келмас” кўчаларга кирибди. Уларни топибди. Бири ошпазга ўт ёқар, бири ҳаммомда гўлоҳ экан. Акаларини чақириб:
— Энди кетайлик, — дебди.
Йўлга тушибди. Йўлда иккала акаси укасини ўлдиришга маслаҳат қилибди. Укасининг кўзини ўйиб, бир чуқурга ташлабдилар. Бари нарсаларини олиб жўнабдилар. Оталарининг олдига борибдилар. Отаси кичик ўғлидан бехабар, тўй-томошаларни қилиб берибди. Қиз, қуш, отлар овқат емай, йиғлашармиш.
— Нимага бунақа қиласизлар? — деб сўрабди бой. Билсаки, буларни кичкина ўғли олиб келган экан. Акалари унинг кўзини ўйиб, чуқурга ташлаб келган эканлар.
Қиз уларни бойнинг кичик ўғли ётган жойга бошлаб олиб борибди. Қарасалар, бола чала ўлик бўлиб ётган экан. Олиб келибдилар, табибга кўрсатиб даволагандан сўнг, бой иккала катта ўғлини жазолашга буюрибди. Бой қизни кичик ўғлига берибди. Хиёнат қилганлар жазоларини тортибдилар. Булар мурод-у мақсадига етибдилар.