Бўз бола

Бор экану йўқ экан,
Оч экану тўқ экан.
Бўри баковул экан,
Тулки ясовул экан,
Қарға қақимчи экан,
Чумчуқ чақимчи экан.
Кўчманчилик замонда
Атоқли бой бор экан.
Севиб олган ёридан
Севинчоғи йўқ экан.
Давлат десанг ҳисобсиз,
Йилқи, қўйи саноқсиз.
Шунча давлатда, эсиз,
Бир ўғилга зор экан.

Бой боласи йўқлигидан кеча-кундуз қайғуриб, еган-ичганида ҳаловат йўқ экан. Зиёрат қилмаган мозори, азиз-авлиёлари қолмабди. Охирида хотин иккиқат бўлиб, бир ўғил туғибди, ойдек бола экан. Бой суюнганидан икки кеча-кундуз тўй-томоша қилиб бутун юртга ош берибди. Тўйга йиғилганлар болага Бўз бола деб от қўйибдилар. Бўз боланинг бешик тўйи куни онаси дунёдан кўз юмибди. Бой бир яхши энага топиб келиб, болани ўз уйида боқтирибди. Шу кунларда бир яхши кўрадиган давлат боши эчкиси туғиб, у эчкининг боласи ўлган экан. Бўз болани шу эчки сути билан боқибдилар. Эчки ҳар куни даладан ўтлаб-ўтлаб келиб, сут бериб кетар экан. Шу сут билан болани боқишар экан. Бўз бола тез кунда улғайиб, катта бўлиб, тили чиқибди. Бўз бола икки яшар бўлганда бой иккинчи хотин олибди. Ўгай она кейинроқ бир ўғил туққандан кейин Бўз болага ҳасад қила бошлабди. Болани яхши ювиб-тарамай, озода қилиб қўймай, бир чеккада, эски кўрпада ётқизиб, унинг қорни очиб нон деса, уришиб-зириқтириб, бир томонга улоқтириб хўрлабди. Ўгай она Бўз болани йўқ қилиб, бойнинг давлатига ўз боласини эга қилмоқ фикрига тушибди.
Бўз бола ёши улғайгач, мактабга кирибди. У ҳар куни мактабдан келганда отаси уни ёнига олиб ўқитиб кўриб, ширин гаплар билан унинг кўнглини кўтарар экан. Ўгай она уни кўролмай ўз боласини бойга тиқиштириб: «Қоч, кап-катта бола бўлиб, отанг ёнида ўтиргани уялмайсанми? Мана, уканг ота тиззасида ўтираман, деб талпиняпти», деб турткилар экан. Шундай бўлса ҳам отасининг яна Бўз болани эркалатганини кўриб хотинининг ғаши келиб, уни жуда ёмон кўрар экан.
Бўз бола ҳар доим укасини кўтариб унга меҳрибонлик қилгани учун укаси уни яхши кўрар экан. Орадан уч-тўрт йил ўтгандан кейин Бўз болани боққан эчки жуда ҳам ажойиб бир чиройли бола туғибди. Уни Бўз бола «меники», деб қулоғини тишлаб, ўз қўли билан боқибди. Она эчки ҳар куни икки-уч маҳал келиб, боласини эмизиб, далага ўтлагани чиқиб кетаркан. Эчкича бўлса Бўз бола билан ўйнашиб юрар экан. Бўз бола эчкичани сўзга ўргатибди. Ўгай онасидан хўрланганда эчкиси билан сўзлашиб, қайғусини тарқатар экан. Ўгай она Бўщ болани ғар қанча хўрласа ҳам у индамас экан. Ўгай она бунга чидолмай чора излай бошлабди. Унинг башараси буришган бир кампир онаси бор экан. У макр-ҳийлага жуда уста экан. Ўгай она унга маслаҳат солибди.
Кампир айтибди:
— Эринг савдога кетганда, ҳар куни Бўз бола нон сўраганда, унга куйган кулча бер, ўз ўғлингга бўлса ёғлиқ нон бер. Анна шунақа қилсанг Бўз бола сендан аразлаб бирор томонга кетиб қолади, ёки отасига чақади. Шунда сен айбни Бўз болага қўйиб, шаллақилик қилиб турсанг, эрингнинг аччиғи чиқади. Шунда эринг болани бирор томонга юборади. Сен Бўз боладан қутуласан-қоласан.
Эри савдога кетган кундан бошлаб ўгай она кампирнинг айтганларини бажарибди. Бўз бола онасининг ишига нима қиларини билмай хафа бўлиб, боққа чиқиб ўтирса, эчкичаси ґйноқлаб олдига келибди.
Эчки Бўз болани хафа кўриб:
— Ҳа, Бўз болакай, нега бунча хафасиз? – дебди. Бўз бола унга:
— Эй, қўйсанг-чи, сўраганинг билан бирор нарсани уддасидан чиқсанг экан, мен сенга айтсам, қўй, нима қиласан сўраб, — дебди.
Эчки бўлса:
— Акажон, менга сўзланг, балки мен бирор чорасини кўрарман, бўлмаса яняа бошқа йўл топармиз, — дебди.
Эчкисининг бундай доно сўзлаганига Бўз бола ҳайрон қолибди ва унга ўгай онасининг то шу чоққача хўрлаб келганини, айниқса, отаси савдога кетгандан кейин ҳар куни мактабдан келганида биттадан куйган кулча бера бошлаганини, ўз боласига ёғлиқ нон бериб, уни жуда хўрлаётганини сўзлаб йиғлабди. Эчки унга дилдорлик қилиб:
— Қўйинг, куйган кулчани менга беринг, мен сизга яхши овқат топиб бераман, — дебди.
Бўз бола нонни эчкисига тўғраб берибди, эчки нонни еб олиб, дуо ўқибди. Бўз бола қараса, олдида бир товоқ ош турган эмиш. Бўз бола ошни еб қорнини тўйғазибди.
Мана шундай қилиб, ҳар куни куйган нонни эчкига бериб, ўзи йўқдан келадиган ошни еб, ўйнаб-кулиб юра берибди.
Бу воқеани бир кун ўгай она кўриб қолиб, ўз онасига сўзлабди.
Кампир бир оз ўйлаб туриб:
— Бунинг иши осон, сен эринг келар куни ўзингни касалликка солиб ёт, эринг сўраса: «Менга жин тегибди», дегин. Фолбин: «Бўз боланинг эчкисини сўйиб худойи қилсанг яхши бўласан» деди, дегин. Эринг сўзингни қайтармайди-да, эчкини сўяди, шунда сен қутуласан-қўясан, — дебди.
Хотин эри келган куни онаси айтгандек қилиб йиғлаб, эрига зорланиб сўзлабди, эри дарров қассобни чақириб эчкини сўйишга буюрибди. Гўштини худойи қилиб, калласини сомонхонага кўмдирибди. Бўз бола мактабдан келиб кўрса, эчкиси йўқ. Укасидан сўраса, укаси:
— Отам келдилар, онам касал бўлди, эчкингизни сўйдириб худойи қилдик, калласини сомонхонага кўмдик, — дебди.
Бўз бола қараса воқеа укаси айтгандай. Бўз бола укасига:
— Энди бизга бу юрт ҳаром бўлди. Онамга ҳам, отамга ҳам айт, энди мендан бутунлай қутулдилар, мен кетдим, —деб жўнабди. Чунки эчкиси бир кун илгари Бўз болага: «Эртага отанг келади, онанг мени сўйдириб худойи қилади. Мени сўйдиргандан сўнг сен бу ерда турма. Онанг сенга зиён қилади, бошқа томонга кет», деган экан.
Бўз бола кетаётган экан, кўчада икки жонажон ўртоғи учраб:
— Йўл бўлсин? —  дебди.
Бўз бола уларга ҳамма воқеани айтиб, энди мен бу ерда турмайман, хайр, кетдим, — дебди. Икки ўртоғи: «Тўхта, бўлмаса биз ҳам сен билан бирга борамиз, биз ҳам сенга ўхшаш ўгай она қўлида эзилганлардан, сен қайга борсднг биз ҳам шунда борамиз», деб бирга жўнашнбди. Бўз боланинг отаси кичик ўғли, акам кетиб қолди, деб йиғлаб кирганиии билиб кетидлн югуриб чиқиб, чақирибди, болалар қарамай кета берибдилар. Отаси Бўз болага, бўлмаса бирор нарса олиб кет, деб шуни айтибди:

Бўз болахон, Бўз бола,
Бўзларда битган лола.
Қўтондаги қўйлардан —
Ҳайдаб кетгин Бўз бола.
Бўз болахон, Бўз бола,
Бўзларда битган лола.
Йилқидаги отлардан —  
Мина кетгин, Бўз бола.
Бўз болахон, Бўз бола,
Бўзларда битган лола.
Бўғчадаги тўнлардан —
Кия кетгин, Бўз бола.
Бўз болахон, Бўз бола,
Бўзларда битган лола.
Ғазнадаги пуллардан —
Ола кетгин, Бўз бола.

Бўз боланинг жуда ҳам аччиғи чиқиб:

Қўтондаги қўйларинг,
Ўн ошингга сўйилсин.
Йилқидаги отларинг,
Маъракангга сўйилсин.
Бўғчадаги тўнларинг,
Товутингга ёпилсин.
Ғазнадаги пулларинг,
Товутингдан сочилсин,

деб отасининг сўзига қарамай, бадар кета берибди. Уч ўртоқ уч оғайнидек юра берибдилар. Йўл юришибди, йўл юришса ҳам мўл юришибди.

Қумлар босиб, чўл кезиб,
Дарё кечиб, тоғ ошиб,
Уч оғайни юрдилар,
Гурунглашиб, ўйнашиб.

Юриб-юриб бир дарахтзорга боришибди. Бир оз овқатланиб, дам олиб ўтиришган экан, бир дарахт шохида бир лочинни кўришибди. Уни тутиб олиб кета беришибди. Йўлда тоғ орасида бир този ит юрган экан, уни ҳам тутиб олишибди.
Йўлда қуш бир томонга қараб интилибди, қарасалар бир тўда каклик юрган экан, қуш шу какликларга интилган экан. Итни юбориб, какликлареи учириб, қушни солишибди. Қуш какликлардан бирини олиб давра солиб кўтарилиб кета берибди. Ит ҳам қушнинг кетидан кетаверибди. Булар ҳам қуш билан ит кетидан «мах-мах»лашиб қувиб кета берибдилар. Қуш бориб-бориб бир ерга қўнибди. Қуш тушган жойга борсалар, бир улуғ дарё лабида хонлар саройига ўхшаш бир иморати олий бор эмиш. Қуш эса шу иморатнинг кунгирасига қўнибди. Қушни чақирсалар сира қарамабди. Ўзи келар, деб бир дарахт тагига ўтириб, овқатланиб, ясланиб ухлаб қолишибди. Булардан бирининг уйқуси келмай ўтирган экан, саройдан бир қиз чиқибди, унинг қўлида олтин обдаста бор экан, у қиз дарёдан суз олиб туриб ётганларга қараб, Бўз боланинг чиройига маҳлиё бўлиб қўлидаги олтин обдастасини дарёга тушириб юборибди.
Қиз келиб, уйғоқ йигитдан:
— Сизлар кимсизлар, қайдан келасизлар, қайга борасизлар, бу ётган офатижон ким? —  деб сўрабди.
Унга йигит бутун бошидан ўтган, курган-кечирганларини сўзлаб, ётган йигит ўртоғи Бўз бола эканини айтибди ва:
— Сен ўзинг кимсан, бу кимнинг жойи? — деб сўрабди. Қиз:
— Бу сарой шу юртнинг хони Ойтуғдихоннинг қизи Ойпарча бегимнинг махсус саройи, мен унинг чўрисиман. Хон бугун-эрта қизини узатади, мен Ойпарча бегимнинг сочларини ювмоқ учун сувга чиққан эдим. Сизларни кўриб, эсим оғиб, обдастамни сувга тушириб юбордим. Энди Ойпарча бегимга нима жавоб бераман?! — деб йиғлабди.
Йигитнинг қизга раҳми келиб, ечиниб сувга шўнғиб, олтин обдастани тополмабди. Қиз эса йиғлаб-йиғлаб саройга кириб кетибди.
Ойпарча бегим чўрини койиб, кеч қолганининг сабабини сўраб, обдаста билан сувни талаб қилибди. Чўри кўрганларини сўзлаб, Бўз боланинг чиройини хон қизига мақтабди, Ойпарчанинг шавқи ортиб, қизиқиб дарё томонга қаратиб қурилган эшикчани очиб қараса: айтганидек уч йигит ётибди. Улар бири биридан чиройли, ҳаммасидан ҳам чўри қиз айтгандек ўртада ётган Бўз бола жуда ҳам чиройли. Кўра солиб ишқ ўти юрагига тегиб, «воҳ» деб ўзини ташлабди. Чўри қиз гулоб сепиб Ойпарчани ўзига келтирибди. Хон қизи чўридан икки олма келтирмоқни сўрабди. Чўри икки қизил олма келтириб берибди. Ойпарча мўлжаллаб туриб, олмани Бўз болага ирғитиб, уйғотибди.
Бўз бола уйғониб қараса, юқори эшикчада бир қизил гул очилиб-кулиб, юз ноз-карашма билан буралиб турибди. Бу қандай қиз экан ёки тушиммикан, деб кўзини уқалаб қараб турса, қиз бир қизил олмани Бўз бола томон ирғитиб, эшикни бекитиб, яна очиб қарабди. Бўз бола ҳам бир кўришдаёқ ошиқи беқарор бўлиб, ёнидан рўмолчасини олиб, ҳилпиратиб, юрагига босибди, яъни хон қизига: «мен сени севаман, яқинимга кел», деган ишоратига «мен ҳам сени севаман», деб юрак алангасини ишора бнлан маълум қилибди, ирғиб ўрнидан туриб, сарой тагига бориб, унинг ким эканини сўрабди.
Иккаласи бир-бирининг ким эканлигини сўрашганидаи кейин, хон қизи:
— Мени отам бир севмаган хонзодага бермоқчи, сен истасанг бошқа томонларга қочиб кетамиз, — дебди. Бўз бола:
— Менинг иккита ўртоғим бор, уларни нима қиламиз? — дебди.
Қиз:
— Улар кетимиздан борарлар, сен кечқурун эл ухлаган чоғда шу ерга кел, мен икки от билан сени кутаман, бирга қочамиз, — дебди.
Бўз бола «хўп» деб ўртоқлари ёнига қайтиб, воқеани уларга айтиб, кечқурун эл ухлаган чоғда дўстлари билан хайрлашиб, сарой томон борса, қиз отлар билан тайёр бўлиб, кутиб турган экан. Иккаласи отларга минишиб, сарой ва юрти билан хайрлашиб, ота-онаси билан хайр-маъзурни насия қилиб, ҳайё-ҳайт, деб йўлга тушибди.

Иккала ёр жўнади,
Саҳроларни чангитиб,
Қувалашиб, ўйнашиб,
Тоғларда от сакратиб.
Иккала ёр жўнади,
Эл уйқуга кирганда.
Қучоқлашди, ўпишди,
Ой мўралаб турганда.

Шу юрганларича йўл юриб, йўл юришса ҳам мўл юриб, беш кечаю беш кундуз деганда баланд бир қўрғонга етибдилар, эгаигидан кириб қарасалар, хонлар саройидек олий иморатлару ичида ҳеч ким йўқ. Таваккал қилиб тушиб қарасалар, уйлар безоғлик, палослар солинган, одам боласидан ҳеч зот йўқ. У ён-бу ён қарасалар, йўқотилган қуш билан ит шу ерда экан. Ҳайрон бўлиб, қуш ва итга овқат берибдилар, итнинг бошини силабдилар. Ҳар иккаласи у ёқ-бу ёқни қараб, ҳамма ёқни ўзлариники қилиб олишибди.
Бугун ўн кун бўлади деганда, ҳалиги қолган икки ўртоқлари ҳам етиб келишиб, Бўз болани шу қўрғондан топишиб, ҳаммалари ҳар кун галма-гал ов қилиб шу қўрғонда умр ўтказиб юришибди.
Эндиги сўзни хон томондан эшитинг. Хон қизини туркман хонининг ўғлига берган экан. Булар қочган куннинг эртасига туркман хонининг ўғли асаса-ю дабдаба билан қизни келин қилиб тушириб олиб кетмоққа келибди. Эшитса, хон қизи бир номаълум киши билан қочган ёки ўзи қочган. Хон ҳар томонни қидиртириб кишилар юборибди. Куёв ҳайрон бўлиб, қўшин тушириб ёта берибди.
Қидирувчилар бир қанча кунлар сарсон бўлиб, охири йўллари Бўз бола турган қўрғонга тўғри келиб қоладилар. Қарасалар: хон томонидан қамоқ қилиниб қўйган қўрғондан тутун чиқмоқда. Ҳайрон бўлиб, бу ерга ким келиб, хондан қўрқмай жой қилган экан, деб кириб қарасалар, қиз қочган куни хоннипг отхонасидан йўқолган отдан бири турибди. Улар бирга келган кампирни ичкари киргизибдилар. Кампир секин қайтиб чиқиб: «Хон қизи шунда экан», дебди. Ясовуллар босиб кириб, Бўз болани тутиб, тут ёғочга боғлаб, хон қизини беҳуш қилиб отга ўнгариб кетмоқчи бўлганларида, Бўз бола йиғлаб йигитларга қараб шундай дебди:

Тоғдан келган ботирлар,
Яхши йигит шотирлар,
Ёрим олиб кетманглар,
Бизга зулм этмаганлар!
Шунқоримни солдириб,
Бургутларга олдириб,
Тутга боғлаб қолдириб,
Мени ташлаб кетманглар!
Бирга элтинг бўлмаса,
Ё ўлдиринг бўлмаса,
Йигит бўлиб, от миниб,
Номардликни қилманглар!

Йигитлардан бирининг аччиғи чиқиб:
— Хон қизини ўғирлаб келиб, яна тилингни тиймайсан, — деб қилич билан бир урибди, қизни олиб жўнашибди.
Кечқурун икки ўртоғи овдан қайтиб келсалар, Бўз болани ўлдириб, Ойпарчани ўғирлаб кетибдилар. Бўз бола учун йиғлаб, ўлигини тутдан ечиб олиб, ўтириб маслаҳат қилиб, ўртоғимизнинг ўлигини бегона жойларда қолдирмаймиз, деб отга ортиб жўнашибди. Юра-юра адашиб Ойтуғдихоннинг шаҳарига келиб қолишибди. Энди, хон билиб қолмасин, деб Бўз боланинг ўлигини бир ерга кўмиб, устига қовоқ экиб, унинг атрофини обод қилиб, чайла тикиб, иккаласи дарвеш кийимини кийиб, шунда, ўртоқларининг бошидан дуойи такбир қилиб ўтиришибди.
Хон қизини саройга келтиргандан кейин, қиз отасига:
— Мен энди эр қилмайман, — дебди.
Хон ноилож, куёвни қанча сарполар билан алдаб, зўрға жўнатибди. Ойпарча ўз саройидан бошқа ерларга чиқмай, Бўз бола ишқида кеча-кундуз йиғлаб ётиб олибди. Доим иши, бирор юртдан бир дарвеш ёки жаҳонгашталардан келиб қолса, уларни гапга солиб, Бўз боладан дарак сўрар экан. Чунки, у Бўз боланинг ўлганини кўрмаган, ҳали тирик деб гумон қилар экан. Дарвешлар келса куйлатиб, кўрган-кечирганларидан сўйлатиб, шунинг билан овунар экан. Бир куни унинг бир чўриси Бўз бола томонидан ўтиб қолиб, унинг дарвеш ўртоқларини ғамли-аламли куйлаб ўтирганларини эшитиб, Ойпарчага сўзлаб берибди. Ойпарча дарров киши юбориб, ўша икки дарвешни келтириб, гапириб, куйлаб бермоқларини сўрабди. Дарвешлар дарҳол Ойпарчани таниб, ўртоқлари Бўз бола эсларига тушиб, кўз ёши қилиб юракларидан куйлабдилар:

Туя кетар тоғ ошиб,
Бўталоғи эргашиб,
Ҳеч жаҳонда бормиди,
Бўз боладек бўз йигит.
Қўйлар келар маърашиб,
Қўзичоғи эргашиб,
Ҳеч жаҳонда бормиди,
Бўз боладек бўз йигит.

Ойпарча кўнглида қидирганидан дарак топганига суюниб дарвешларга бир курак олтин бериб, яна айтмоқларини сўрабди. Дарвешлар олдингидан ҳам дардлироқ қилиб йиғлаб, куйлашибди:

Бўз боланинг гавдаси,
Тут ёғочга осилди.
Номард йигит қўлида,
Боши қўйдек кесилди.
Бўз болахон, бўз йигит,
Сара йигит, эр йигит.
Ҳеч жаҳонда бормиди,
Бўз боладек бўз йигит?!

Буни эшитиб, Ойпарча бегим беҳуш бўлиб йиқилиб, бир оздан сўнг ҳушига келиб, қон-қон йиғлаб, дарвешлардан Бўз боланинг ўлиги қаерда эканини сўрабди. Дарвешлар ўзларини танитиб, ўликнинг ўзлари турган жойда эканини айтибдилар. Ойпарча бегим дарров арава қўшдириб бориб, гўрини очиб, Бўз боланинг ўлиги устига ўзини ташлаб, оҳ уриб жон берибди. Ойтуғдихон буни эшитиб келиб қараса, қизи ўлиб ётибди. Қилган ишларига пушаймон бўлиб, йиғлаб-йиғлаб, Бўз болани ўлдирганларга ғазаб қилибди. Кейин Бўз бола билан Ойпарча бегим устиларига мақбара қилиб, қизининг азаси билан умр ўтказибди.