Бойнинг ўғли

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир бой ўтган экан. У бойнинг кайф-сафога берилган, эрка бир ўғли бор экан. Отаси қариб, ўладиган вақтида ўғлини ёнига чақирибди-да:
— Ёлғиз бола — «ялмоғиз бола» деган эканлар. Сен ҳеч ўнгланмадинг. Тириклигимда сени кўп ардоқладим, лекин ўзимга ҳам, сенга ҳам зиён қилган эканман. Энди бўлган иш бўлди, ўлар олдида сенга айтадиган сўзим шу, қачон вақтинг етиб, ўлар бўлсанг, мана шунга осилиб ўласан, — дебди-да, уйнинг юқори бурчагидаги рапчани кўрсатибди. Йигит бунга ҳеч парво қилмай, кайф-сафода юраверибди.
Кунлардан бир куни отасининг қазоси етиб, ўлибди. Ҳалиги йигит отаси ўлгандан кейин ҳам ақли ҳушини йиғиб олмай, беш-олтита ўртоқлари билан ҳар куни зиёфат, соз-суҳбат қурар экан. У зиёфатда ўтириб, нима номаъқулчиликлар қилса ҳам, ўртоқлари индашмас экан, қандай бемаъни гаплар айтса, уни қўллаб-қувватлашар экан.
Бир куни зиёфатда ўтириб:
— Мен кечаси ётганимда осмонга қарасам, осмоннинг тепасидан иккита ит пастга қараб ҳуриб турган экан, — дебди у жўраларига. Ўртоқлари ҳам:
— Ҳа, шундай, осмонда ит ҳуриб турганини биз ҳам кўрдик, — дейишибди.
Шундай қилиб, йигитнинг оғайнилари унинг бор-йўғини еб юраверибдилар. Бошқа бир куни бой йигит яна:
— Бугун кечаси отамнинг хазинасига кириб қарасам, сичқонлар чўян сандиқларни кемириб, олтинларни еб ётишган экан, шунда қўлимга қилич олиб, ҳамма сичқонларнинг бошини кесдим, лекин сичқонларнинг подшоси қочиб қутулди, ана, ана қаранглар, яна қайтиб келибди, — деб шипни кўрсатибди. Оғайнилари ҳам шипга қараб:
— Ҳа, кўриб турибмиз, уни ҳам тутиб ўлдириш керак, — дейишибди.
Кунлар, ойлар ўтиб, бу йигитнинг отасидан қолган мол-дунё совурилиб битибди. Оғайнилари ҳам йигитдан юз ўгириб, уни кўрганда қочадиган бўлиб қолишибди.
Бориб-бориб йигитнинг ҳеч нарсаси қолмабди. Йигитнинг бошига оғир кунлар тушибди. Одамларнинг хизматини қилибди, тиланчилик ҳам қилишга мажбур бўлибди. Бир куни уйидаги қақир-қуқурларини сотиб, пулига битта молнинг калласини олибди-да, оғайни-жўраларини меҳмонга чақирибди. Бир ўртоғининг уйига кириб кетаётиб, каллани эшик олдида қолдирибди. Ўртоғини меҳмонга айтиб чиқиб, қараса, каллани кўчадаги итлар тортқилаб юрган эмиш. Йигит овқат қилмай ўтираверибди.
Кечқурун ўртоқлари келиб қарашса, ҳеч нарсадан дарак йўқ. Жўралари:
Ҳа, шўр пешона, зиёфатинг қани? — деб сўрабдилар. Шунда йигит:
— Мен Авазмат шовзиннинг уйига кирганимда, каллани эшикка қўйиб кирган эдим, чиқиб қарасам, итлар тортқилаб кетибди, — деб жавоб берибди. Кейин жўралари йигитни тутиб олиб урибдилар. «Каллани ҳам ит ейдими?» — деб уни тоза хўрлашибди. Шунда йигит:
— Осмонда ит ҳуришига ишондинглар, чўянни, олтинни сичқон ейишига ишондинглар, энди «каллани ит еди» десам нега ишонмайсизлар? — дебди. Жўралари йигитнинг гапига қулоқ солмай, уни уриб сулайтириб кетибдилар.
Йигит аламига чидай олмай: «Бундай қилиб юрганимдан кўра ўлганим яхшироқ», — дебди-да, отаси ясаб берган рапчага ўзини осибди, шунда у ўпирилиб кетибди, йигит ерга юмалабди. Устидан олтин-кумуш сочилиб кетибди. Калласини ишлатиб қараса, отаси бу рапчанинг ичига олтин-кумуш тўлдириб қўйган экан. Шундан кейин унинг турмуши яхшиланиб кетибди. Жўралари яна ширага қўнган пашшадай тўпланиб келаверишибди. Йигит уларнинг барини ҳайдаб солибди. Кейин ҳунар ўрганибди, бола-чақа қилиб, мурод-мақсадига етибди. Шунинг учун ҳам донолар:
Қўлда молинг борида, бегоналардин ёр кўп,
Давлатинг кетса агар дилдор йўқ, озор кўп, — дейишган экан.