Боғ

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир подшо бор экан. Бир куни подшо вазирини чақириб:
— Мен сенга қирқ кун муҳлат бераман. Шу вақт ичида катта бир боғ пайдо қилгин. Мен шу боғга сайрга чиқаман, — дебди.
Вазир уйга келиб қайғурибди, буни кўрган қизи отасидан сабабини сўрабди.
— Эй, қизим, подшо қирқ кун муҳлат берди. Шу вақт ичида боғ барпо қилишни буюрди, — дебди вазир.
— Эй, ота, шунга ҳам шунча қайғуми?! Ўттиз тўққиз кун уйда ётаверинг, бир кун қолганда кўчага чиқинг, — дебди доно қизи.
Вазир муҳлат тугашига бир кун қолганида кўчага чиқибди. Кўчага чиқса, ҳамманинг оғзида «Подшо Эрам боғига сайрга чиқар экан», — деган миш-миш юрган экан.
— Ота, эл ичида қандай гап юрибди? — деб сўрабди қизи.
— Подшо Эрам боғига борармиш, — дебди вазир. Вазир бу миш-мишларни подшога бориб айтибди.
Шунда подшо Эрам боғига отланибди. Ҳа, эл оғзига тушгандан кейин албатта, борилади-да.