Бектемир ботир

Қадим замонда Фарғона мамлакатида Одилхон деган бир подшоҳ ўтган экан. Унинг тўртта хотини бўлган экан. Тўртта хотинидан бир кам қирқта ўғил кўрган экан. Бир куни подшоҳ чўл-биёбонларда кийик овлаб юрганда бир қўрғонга бориб қолибди. “Юрагим куйди, шу қўрғондан бир коса сув сўраб ичайин” деб, қўрғондан бирор кимсани чақирса, рўмолини қия ёпиниб, бир қиз қўрғон эшигининг олдига келиб жавоб қилибди. Подшоҳ қараса, жамоли осмондаги тўлган ойга ўхшаш, ўн саккиз ёшли, чиройли бир қиз. Подшоҳ қиздан бир коса сув сўраб олиб ичибди. Гўё шарбат ичгандай бўлибди. Қизга муҳаббат пайдо қилибди. Овдан қайтиб бориб, бу қўрғонга одам юборибди:
— Бориб билинглар: Бу қўрғон кимнинг қўрғони. Қизнинг ота-онаси билан гаплашинглар. Қизини бизга хотинликка берсин. Агар яхши гапга кўнмаса, қизни тортиб олиб келинглар! — деди.
Подшоҳнинг одамлари қўрғонга етиб бориб, чақиришди. Бир чол чиқди. Бу чол камбағал экан, шу жойда кийик, тулки, бўри овлаб, шуларнинг терисини сотиб, кампири ва қизи билан турар экан. Чолга “Биз Одилхоннинг одами бўламиз. Совчи бўлиб келдик. Қизингизни подшоҳга берасиз, бўлмаса, зўрлаб олиб кетамиз”, дейишди. Чол кампирининг олдига кириб маслаҳатлашди: “Агар бермаймиз десак, зўрлаб олиб кетишади. Балки ўзимизни зиндонга солади. Ундан кўра берайлик!” деб, подшоҳнинг одамларига розиликларини айтди. Булар бориб подшоҳга билдиришди. Подшоҳ қизнинг қалинига мол-дунёни кўп бериб, неча кеча-кундуз тўй-томоша билан қизни никоҳлаб олди. Одилшоҳ бу хотинидан бир ўғил, икки қиз кўрди. Ўғлининг отини Бектемир қўйди. Шу билан Одилхоннинг ўғиллари қирқта бўлди. Ҳаммасини тарбиялади. Бир кам қирқ ўғли бўшашган, Бектемир серсавлат, баҳодир тахлит йигит бўлиб етишди.
Бир куни Одилшоҳ қирқ ўғли билан овқатланиб ўтириб, буларни кўриб, кўнгли кўтарилиб: “Ўғилларим қирқ йигитнинг ўрнини босадиган, душман босиб келса, майдоннинг бир томонини оладиган бўлиб қолишибди. Энди буларни жанг-у жадал ишларига ўргатайин!” деб, кўнглидан ўтказиб қўйди. Шундан кейин подшоҳ тўқсобасини чақириб, болаларга от чопиш, тирандозлик, қиличбозлик, ишқилиб, нимайики уруш ҳунари бўлса, ўргатинг, деди. Тўқсоба подшоҳнинг қирқ ўғлига уруш ҳунарини ўргатди, аммо ўттиз тўққиз ўғли пандавақилик қилиб, ҳеч нарса ўрганолмади. Улар биз подшоҳзодалар бўлсак, бундай ишларнинг бизга нима кераги бор, деб юраверишди. Тўқсоба буларнинг феъл-атворларини оталарига айтишдан қўрқиб, айтолмади. Аммо Бектемир уруш ҳунарларини яхши ўрганди.
Бир куни подшоҳ тўқсобадан болаларининг уруш ҳунарини қандай ўрганаётганликларини сўради. Тўқсоба: “Яхши” деб айтди. Ўғилларини чақириб сўради. Улар биз жуда моҳир бўлиб қолдик! — деб мақтанишди. Шунда подшоҳ, энди болалар манжанақ отишни ҳам билсинлар деди. Бир рихтагар устага буюриб, олтиндан қирқ қулоқли соққа қуйдирди. Соққани катта майдонга олдириб чиқди. Подшоҳ ҳамма амалдорларини чақиртирди: “Эртага менинг ўғилларим қирқ қулоқли олтин соққани ирғитади, кўриб томоша қиласизлар!” деди. Подшоҳ Бектемир кичкина, деб уни чақирмай, бир кам қирқ ўғилларини майдонга ҳозирлади. Амалдорлар ҳам томоша қилгани келишди. Подшоҳ ҳам ўша ерда турди. Шунда подшоҳнинг бир кам қирқ ўғли бирин-кетин келиб, соққани ушлаб, кўтариб отиш у ёқда турсин, лоақал жойидан қимирлата олмади. Подшоҳ изза бўлиб, ерга қараб қолди. Подшоҳ хафа бўлганича авғон боғига бориб ёта берди. Бектемир отасининг боғда хафа бўлиб ётганини эшитиб, борди. Бектемир қараса, отаси хафа бўлиб ўтирибди:
— Э, отажон! Арслондай қирқта ўғлингиз бўлса-ю, нимадан ғам тортиб хафа бўласиз? — деди. Подшоҳ:
— Бир кам қирқ акангнинг “арслонлигини” кўрдим. Арслонлик у ёқда турсин, бир кам қирқи йиғилиб, битта сичқоннинг бурнини қоната олмайди! —деди. Бектемир:
— Нима бўлди, айтинг? — деди. Отаси:
— Бир кам қирқ аканг нима қилди-ю, сен нима қилар эдинг! — деди. Бектемир отасига: “Хафа бўлишингизнинг сабабини айтинг!”— деб қистай берди. Одилшоҳ охири, бир кам қирқ ўғли қирқ қулоқли соққани ўйнай олмаганини, ўзи амалдорларининг олдида изза бўлганини айтди.
Бектемир бу гапни эшитиб хафа бўлиб, юраги жўш урди. Отасининг олдидан чиқиб, отасига ҳам, бошқаларга ҳам билдирмай тўппа-тўғри майдонга борди-ю, бор кучини тўплаб туриб, қирқ қулоқли олтин соққани даст кўтариб, осмонга ирғитиб юборди. Соққа отасининг ўрдасидаги равоқнинг бир чеккасини учириб пачақлаб кетди. Бектемирнинг бу ишини ҳеч ким пайқамай қолди. Шу онда подшоҳнинг одамлари югуриб бориб, подшоҳга:
— Э, тақсири олам! Сиз қуйдирган қирқ қулоқли олтин соққа учиб келиб, ўрдангизга тушди, равоғингизга тегиб синдирди, аммо соққани ким отганини ҳеч ким билмайди, — деди.
Бу гапни подшоҳ эшитиб ҳайрон бўлди ва: “Кимки шу соққани отган бўлса, келиб олиб кетсин!” деб халойиққа жар солдирди. Ҳеч ким: “Мен отган эдим”, деб келмади.
Шу шаҳарда битта шумқадам, олғир ўғри бор эди. Тиллага қизиқди-ю, подшоҳнинг олдига бориб:
— Тақсир! Соққани мен отган эдим! — деди. Подшоҳ:
— Агар сен отган бўлсанг, олиб кет! — деди. Ўғри:
— Хўп, тақсир! Ҳозир беодобчилик бўлмасин, эртага, сиз йўқлигингизда келиб олиб кетаман, — деди. Подшоҳ:
— Йўқ, ҳозир олиб кет! — деди. Подшоҳни алдай олмай, ўғрининг юрагига ваҳима тушди: энди ўлмасам, қачон ўлдим.
— Тақсир! Бўлмаса, битта арава олиб келай! — деб қочмоқчи бўлди. Подшоҳ:
— Соққани отган одам ўзи кўтариб олиб кетаверади. Ҳозир кўтариб олиб кет! — деди.
Ўғри келиб, соққани жойидан жилдира олмади. Шунда подшоҳ: “Сен мени алдадинг!” деб, ўғрини ўлимга буюрди. Ўзи яна боғига бориб, хафа бўлиб ёта берди. Бектемирнинг отасига раҳми келди: “Айтмасам, отам ғам тортиб касал бўлиб қолмасин!” деб бориб, отасига соққани у отганини айтди. Отаси ишонмади: “Акаларинг отолмаган соққани сен ота олармидинг?!” деди. Шунда Бектемир ўрдага бориб, соққани кўтариб, у қўлидан бу қўлига олиб, ўйнаб, отасининг олдига олиб келди.
Одилхон подшоҳ Бектемирнинг бу ишини кўриб, ундан хурсанд бўлиб, хафачилиги тарқалди. Ўғлининг пешонасидан ўпди ва соққани шаҳарнинг ичида ўйнаб кўрсатишини сўради. Бектемир ботир соққани кўтариб, ирғитиб отди. Бир кампир ҳовлисида чарх йигириб ўтирган эди, соққа бориб кампирнинг бир лаби билан, чархнинг паррагини учириб ўтиб кетди. Бектемир ботир соққанинг кетидан излаб кетаётган эди, бир ҳовлидан кампирнинг йиғлаб, қарғаётганини эшитиб қолди. Бектемир ботир тўхтаб қулоқ солса, кампир:

— Жувон ўлгур етимча,
Чархимни қилдинг парча!
Чархим синса, гўрга-я,
Бир лабимдан айрилдим!
Оқбилакка етмасдан,
Сен ҳам бўлгин, мендайча,

деб йиғлаяпти. Бектемир ботир кампирдан бу гапни эшитиб, унинг олдига кириб: “Нима деяпсиз, она?!” деди. Кампир айтди:
— Болам! Қирқ қулоқли соққанг келиб, чархимни синдириб, бир лабимни учириб кетди. Ботир бўлсанг, кучингни мендай мунглуққа кўрсатмай, бориб Миср подшосига кўрсатсанг-чи! —деди. Бектемир кампирдан сўради:
— Нимага ундай деяпсиз, она? Гапни очиқ қилиб айтинг! — деди.
Кампир айтди:
— Миср мамлакатида Шавкат деган подшоҳ бор. Унинг Оқбилак деган қизи бор. Жамоли осмондаги ойдан ўтади, икки кўзи оҳунинг кўзидан қоралик қилади. Ҳозир камолга етган. Неча-неча ошиқлар унинг йўлида қон ютган. Шердай савлатинг, арслондай кучинг бор. Бориб Оқбилакни олиб келиб, ўзингга ёр қилсанг-чи! — деди.
Бектемир ботир кампирдан бу гапни эшитди-ю, Оқбилакка ғойибона ошиқ бўлди, соққасига ҳам қарамай, уйига қайтиб бориб, кўкрагини захга бериб ётаверди. Подшоҳ ўғлини йўқлатса, йўқ. Унинг қоронғи хонага кириб ётганини билди. Чақиртирди, чиқмади. Кириб аҳвол сўраса, айтмади. Онасига ҳам айтмади. Кундан-кунга ранги кетаверди. Подшоҳ: “Ҳар ким Бектемирни гапга солиб, унинг юрагидаги дардини билиб берса, бир мистовоқ тилла бераман,” деди. Ҳамма одамлар кириб гапга солди, гапирмади. Охирда бояги кампир келиб “Мен гапиртириб, билиб бераман!” деди. Кампир Бектемирнинг олдига кирса, у бағрини захга бериб ётган экан. Кампир:
— Болам, тур энди! Сенинг дардингни мен биламан. Отанг айтганингга кўнади. Оқбилакка жўнайсан. Отанг сенга кўп нарсаларни, яхши отларни беради, сен уларни олмай, боқувда ётган Тарлонбўз отини сўрагин! — деди. Йигит кампирнинг гапига рози бўлди. Кампир чиқиб, подшоҳга:
— Э, подшоҳи олам! Ўғлингиз Миср подшоҳининг қизи Оқбилак ойимга хуштор бўлибди. Юрагида ишқ дарди зўр. Отам ижозат берса, бориб Оқбилакни олиб келсам, деб айтади. Агар ижозат бермасангиз боладан ажраб қоласиз, — деди. Подшоҳ кампирга бир мистовоқ олтинни бериб, хурсанд қилиб жўнатди.
Подшоҳ ўғлининг тилга кирганига хурсанд бўлди. Мисрга бориб, Оқбилакхонни олиб келиши учун рози бўлиб, бирга бориш учун қирқта йигитни тайин қилди. Бектемир ботир: “Мен ёрга ўзим якка бораман! Қирқ йигитнинг кераги йўқ!” деди. Шунда Одилхон яхши отни ясатиб, эгарлаб, юганлаб, неча отга олтин, кумуш ортиб берди. Бектемир бу нарсаларни ҳам олишга рози бўлмади.
Отаси:
— Э, болам! Нимага бундай қиласан? —деди. Бектемир:
— Э, ота! Агар сиз мени фарзандим, деб суйсангиз, бу нарсаларни қўйиб, менга Тарлонбўз отингизни беринг! — деди. Подшоҳ буюрди. Канизаклар кириб, Тарлонбўзни қашлаб, супуриб, ёл-у думини тараб, устига зар-зарбобдан ишланган терлик-тўқимни, унинг устидан зар сочиқли диккакни уриб, устидан тилла эгарни босиб, айилни маҳкам тортиб, тилла қуюшқон, тилла умилдириқни тақиб, етаклаб бориб, Бектемир ботирга тўғри қилиб қўйди. Устига йўл яроқларини, қанча тилла-кумушни бир ҳуржунга солиб, эгарнинг устидан ошириб ташлаб қўйишди.
Бектемир ботир ота-оналари, ака-укалари, қариндош-уруғларидан рози-ризолик тилади. Ўзи кириб ётган ҳужранинг ширига бир қилични осиб қўйди: “Агар шу қиличдан қон томса, Бектемир ўлди денглар, “Вой болам!” деб азамни тутинглар. Агар қон томмаса, Бектемир саломат, ер юзида юрибди денглар!”— деди. Оқ фотиҳа тилаб, йўлга тушмоқчи бўлди. Шунда Бектемир ботирнинг икки сингилчаси: “Дод, ака! Бизни ташлаб қаерга кетяпсиз? Бизни ҳам олиб кетинг!” деб, йиғлаб келиб қолишди. Бектемирнинг кўнгли бузилса ҳам, ўзини босиб, сингилларига:
— Мен сизларга ғамзапаранг кўйлак, тилла тароқ олиб келгани кетяпман. Тезда қайтиб келаман, — деб уларни алдаб, юпатиб, хайрлашиб жўнади.
Бектемир ботир шаҳардан чиққунча юрган жойлари билан, кўчалар, дарахтлар билан хайрлашиб, шаҳар дарвозасидан ташқарига чиқди-да, отига:

Қулоқ солгин сўзимга:
Қамчи урдим човингга,
Жабр қилдим жонингга,
Оқбилак ойим шаҳрига,
Ўн икки ойлик йўли бор,
Олти ойлик чўли бор.
Соғ бориб, саломат қайтайлик,
Отам Одилхон шаҳрига —

деб отнинг човига қамчини қаттиқ солди. Қамчи отнинг жон-жонидан ўтди, бир кишнаб, қанот боғлаб осмонга учди. От осмонда уч кеча-ю, уч кундуз учиб, Миср мамлакатига бориб, бир кўкаламзор ерга қўнди. Отдан тушиб, эгар-жабдуқни олиб, серўт бир жойга беркитди. Тарлон-бўзнинг бош-кўзини силаб:

Мен кетурман ёрим излаб,
Сен қолурсан энди бўзлаб.
Оқбилакман мен қайтгунча
Саломат бўл, йўлни кўзлаб! —

деб, Тарлонбўзни чаманзорга ҳайдаб юборди. Ўзи қамчинини хуржунга солиб, хуржунни елкага осиб, секин кета берди. Отни якка ташлаб кетишга кўнгли бўлмай, отидан хаёлини узолмай, яна орқасига қайтди. Назаркарда Тарлонбўз ботирнинг қайтиш сабабини билиб, тилга кириб, Бектемирга қараб шундай деди:

Кўнглингни бўлмагин, хоним!
Қўлингга келсин, Оқбилак ёринг!
Ўғрига ўзим ушлатмасман,
Бўрига асло тишлатмасман.
Бориб ёринг билан келсанг,
Қанот бойлаб тез учарман,
Бора бер ёрингга, жон бегим! —

деди. Бектемир ботир Тарлонбўздан бу гапларни эшитиб, кўнгли таскин топиб, хотиржамлик билан жўнади.
Бектемир ботир йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди. Бир шаҳри азимга кириб борди. Шаҳарда ҳеч кимни танимайди, қаерга бориб қўнарини билмайди. Бир кампир бир дарахтнинг соясида бир саватда хурмо сотаётган экан. Бориб кампирга:
— Э она! Менга бир тўйишлик хурмо беринг! — деди. Кампир қараса, шаҳзодаларга ўхшаш бир йигит. Аммо бу шаҳарнинг одамига ўхшамайди. Раҳмдиллик билан муомала қилди. Саватни ботирнинг олдига суриб қўйиб:
— Тўйгунингча е, болам! — деди. Бектемир ботир хурмодан тўйганича еб, кампирнинг қўлига бир тилла берди. Бектемир кампирга:
— Она! Сиз кетгунча шу жойда бир ухлаб олайин, — деб хуржунини бошига қўйиб ухлади. Кампир хурмосини сотиб бўлиб, энди бу йигитни уйғотиб кетайин, деб уйғотди. Кеч кирган эди. Кампир:
— Мусофирга ўхшайсан. Қўноғинг қаерда? — деди. Бектемир ботир:
— Э она! Мен бугунгина келдим. Борадиган жойим йўқ. Агар бир- икки кунга қўноқ берсангиз, сизникига бориб турсам, — деди. Кампир рози бўлиб, бошлаб уйига олиб кетди. Бу кеча кампирникида меҳмон бўлди. Эрта билан Бектемир ботир кампирга бир тилла, кечқурун яна бир тилла бериб: “Бугунги харажат учун, она!” деди. Кампир жуда хурсанд бўлиб, югуриб-елиб хизматни қилди. Орадан уч кун ўтди. Кампир эрта билан нонуштадан кейин йигитдан:
— Болам! Сўраганнинг айби йўқ. Сен қаердан ва нима иш билан келдинг? — деди. Бектемир ботир:
— Э онажон, мен Фарғона мамлакатидан бўламан. Шавкат подшоҳнинг қизи Оқбилак ойимнинг таърифини эшитиб, ғойибона ошиқ бўлиб, ёримнинг лоақал бир қорасини кўрармикинман, деб келдим. Сиз билан она-бола бўлдик. Сизга қўлимдан келганча хизмат қиламан, сиз Оқбилакхон билан кўришиш йўлини менга айтиб беринг — деб бир ҳовуч тиллани кампирнинг олдига жаранглатиб тўкиб қўйди. Кампир айтди:
— Шавкат подшоҳ бир ойга шикорга жўнаган. Ўрнига Оқбилакни қўйиб кетган. Агар сен унга ошиқи-шайдо бўлсанг, ихлос билан ҳаракат қилсанг, унга етасан. Оқбилак ҳар жума куни канизаклари билан Эрам боғига сайр-у томошага чиқади. Сен бир аттор бўлиб: “Кетди-кетди!” деб боғининг дарвозасидан ўтасан. Оқбилак қиз бола эмасми, нарсаларингга кўнгли мойил бўлиб, чиқади. Шунда кўрасан, арзи-додингни айтасан. Энди сен бозорга чиқиб, атторлик моллардан сотиб олиб келгин. Мен бир фолбин бўлиб бориб, Оқбилакка фол очиб, кўнглини сенга мойил қилиб келаман, — деди.
Бектемир ботир хуржунини елкасига илиб бозорга борди. Заргарликка бориб, бир заргар билан сўзлашиб: “Менга маликалар тақадиган исирға, узук, билагузук, тиллагажак, тиллатумор, тилла тароқ ясаб беринг!” деб, хуржунидаги тилла, кумушлардан олиб берди. Заргар ишга киришди. Бектемир ботир атторликка борди. Атторлардан қизлар чайнайдиган оқ сақич, қора сақич, гилвата; қизлар баданига сепадиган атир, упа-елик, мушки анбарларни сотиб олди. Заргарга буюрган буюмларни ҳам олди. Бозордан ўзига “Кеттичилар”га муносиб келадиган уст-бошларни сотиб олиб, кампирнинг уйига қайтиб борди.
Кампир бошига чодирини ёпиниб, Оқбилак ойимнинг ўрдаси эшигига бориб турган эди. Шу куни Оқбилакхон канизаклари билан бирга ҳаммомга бориб келаётса, ўрда эшигининг олдида бир кампир турибди. Қизлардан бирига айтди:
— Бориб, кампирдан сўра-чи, нима иш билан келди экан! Қиз бориб:
— Ҳа, она! Бу ерда нима қилиб турибсиз? — деди. Кампир:
— Айланай, қизим! Мен фолбин бўламан. Маликага бир фол очиб қўяй деб келган эдим, — деди. Қиз қайтиб бориб:
— Аяжон! Кампир фолбин экан. Маликага фол очгани келдим, деяпти, — деди. Оқбилакхон:
— Ундай бўлса, ўрдага олиб киринглар, — деди.
Кампирни қизлар ўрдага бошлаб киришди. Оқбилак ойим:
— Қани, она! Бир фол очинг-чи! — деди. Кампир: “Бисмиллоҳу раҳмону раҳим!” деб Оқбилак ойимнинг ўнг қўлидан ушлаб, фол кўриб кетди:

Айланай, оппоқ қўзим!
Бахтингдан очайми?
Толейингдан очайми?
Бахтингдан очсам:
Бахтинг улуғ.
Толейингдан очсам:
Толейинг қутлуғ.

Аммо юрагингда дардинг бор, таъбинг хира. Хафа, бўлма болам! Кўпи билан бир ҳафта ичида ёруғликка чиқасан! Оқбилак ойим вояга етган, кўнгли ёр истар. Сенга кўп йигитлар ошиқ экан, аммо бир ғаним бор экан, сени ўз тенгинг билан қовуштиришга у ғаним доим тўсқинлик қилар экан (Оқбилакнииг отаси келган совчиларни доим қайтара берар эди). У ғаним отангми, онангми ё бирор қариндошингми, буни фолим айтмаяпти. Аммо сенга бир вафодор шаҳзода йигит ошиқ бўлибди. Фолимнинг айтишига қараганда, ўша йигит сенга бир савдогар йигит бўлиб келиб учрайди. Умрингни ўтказма, ким вафодорлик кўрсатса, ундан қолма, омин, оллоҳу акбар!” — деб фолни тугатди.
Оқбилакхон: “Кампир менинг кўнглимдагини топди!” деб бир ҳовуч тилла берди. Оқбилак ойимдан кейин қизлар ҳам: “Онажон! бизга ҳам фол очиб қўйинг!” дейишди. Кампир уларга ҳам фол очиб, тилла, тангаларини олиб, ҳақларига дуо қилиб, хайрлашиб, ўрдадан чиқиб кетди, тўппа-тўғри уйига борди. Орадан уч кун ўтиб, жума куни келди. Кампир Бектемир ботирга айтди:
— Бугун Оқбилак ойим Эрам боғига сайр-томошага чиқади. Боргин! — деди.
Бектемир ботир кийимларини алмаштириб кийиб, аттор нусхасига кирди. Ҳуржунни елкасига солиб, йўлга равона бўлди. Эрам боғга етиб борди. Қараса, шундай катта боғ, нариги чети кўринмайди. Боғдан гул ҳидлари ҳамма ёққа анқиб турибди. Бектемир ботир боғнинг атрофида айланиб юриб:

Атторман-у атторман,
Тилла тароқ менда бор,
Шамшод тароқ менда бор.
Келинг, қизлар, олинг, қизлар,
Ўсма тошлар менда бор! —

деб қичқира берди. Бу товуш Оқбилак ойимнинг қулоғига ёғдай ёқиб кетди. Оқбилак ойим:
— Қизлар! Бориб қаранглар-а, кўчада биров бир нарса деб чақириб юрибди. Ким экан, билиб келинглар! —деди.
Қизлар чопқиллашиб кетишди. Боришса, бир ёш аттор йигит. Қизларни кўриб:

Оппоқ-оппоқ, ой қизчалар,
Бели хипча, нозикчалар!
Оқбилакхондай ёрим бор,
Ёрга лойиқ молларим бор:
Мушки анбар хушбўй атир,
Тилла узук, тароқчалар,
Тилла кўзгу, балдоқчалар,
Упа, элик, туморчалар…
Келиб кўринг, менда бор, —

деди. Қизлар атторнинг гирдини олиб, нарсаларини кўра кетди. Биттаси чопқиллаб бориб, Оқбилак ойимга атторнинг гапларини айтиб: “Юринг опа! Атторнинг молларини кўринг! Ёқтирганингизни олинг” деб қистади. Оқбилакхон ойим, баданлари мулойим, гулзорлар орасидан битта-битта қадам ташлаб, боғнинг эшиги ёнига келди. Оқбилак ойим аттордан:
— Аттор йигит! Нималарингиз бор? — деб сўради. Аттор бояги гапларини такрорлаб, нарсаларини ерга ёзиб ташлади. Бир жуфт тилла билагузук, бир жуфт олтин исирға, тилла туморча, тилла узукни Оқбилакхонга: “Мана бу молларни сизга атаб олиб келганман!” деб узатди. Оқбилак ойим мундай қараса, аттор қадди-қомати келишган, кўзлари, сўзлари ўйноқи, истараси иссиқ, жонон бир йигит экан. Қўлидаги нарсаларини олиш учун қўл узатди. Шунда шабада келиб, юзидаги ниқобини кўтарди, Бектемир ботир унинг ўн тўрт кунлик тўлган ойдай юзини кўриб: “Оҳ!” деб йиқилди. Қизлар чувурлашиб қолди. Малика: “Фолбин айтган вафодор ёр шу бўлса керак!” деб хаёлдан ўтказди-да, қизларга буюриб, Бектемир ботирни кўтартириб, Эрам боғига олиб кириб, гуллар орасига тилла сўрига ётқизиб, юзига сув септирди. Аттор ўрнидан тура қолди. Оқбилакхон олтин косада шарбат қуйиб олиб келиб тутди. Бектемир ботир шарбатни ичиб, ёрининг ҳусн-жамолига маст-у аласт бўлиб ўтирди. Малика:
— Э гўзал йигит! Сиз қайси боғнинг гулисиз, қайси чаманнинг булбулисиз? Бу жойларга қандай адашиб келиб қолдингиз?— деб сўради. Бектемир ботир ўзининг асли зотини, Оқбилак ойимга ғойибона ошиқ бўлиб келганини изҳор қилди. Оқбилак ойим: “Кампир айтган вафодор ёрим шул экан!” деб баланд кўшкига олиб чиқиб, олдига ноз-у неъмат, қимиз, шароблар қўйиб зиёфат қилди. Иккиси бир-бирининг ҳуснига тўйишмай, бир ҳафта шу боғда қолиб кетди.
Бир ҳафтадан кейин Бектемир ботир айтди:
— Худо иккимизни бир-биримизга қўшди. Энди бу ердан қочайлик. Мен сизни ўз юртимга олиб кетайин. Фалон чаманзорда менинг отим бор. Мен отимнинг олдига бориб, тайёрланиб тураман. Сиз бу ёқдан етиб борасиз! —деди.
Иккиси гапни битта қилди. Бектемир ботир чиқиб кетди. Бориб, кампир билан хайрлашди. Қолган тилла-кумушини унга бериб, ўзи отининг олдига борди. Борса, оти ўтлаб юрган экан, эгаси келганини билиб, югуриб етиб келди. Бектемир ботир отни қашлаб, супуриб, ёл-думини тараб, эгарлаб, юганлаб, шай бўлиб турди.
Оқбилак ойим бўлса, қизларни тўплаб, ёри билан кетишини уларга айтиб: “Мен сизлардан розиман. Сизлар ҳам мендан рози бўлинг! Ўлмасак, бир куни яна кўришармиз, топишармиз!” деб, уларга катта-катта инъом-еҳсонларни бериб, кўнгилларини тўлдирди. Қизлар: “Аяжон! Бизларни ташлаб кетасизми?!” деб йиғлаб қолишди. Оқбилак ойим саҳар чоғида отини эгарлатиб, юганлатиб, эркакча кийиниб, қизлар билан хайрлашиб, ёрининг кетидан чопиб, чаманзорга етиб борди.
Бектемир ботир: “У отни қолдирайлик! Менинг отимга миниб тез кетайлик десам, ёрим кўнглига қаттиқ олмасин!” деб, Оқбилак ойимнинг кўнглига қараб, иккиси ўз оти билан кета беришди. Дам олмай, ухламай қирқ кеча-ю қирқ кундуз йўл юришди. Бир жойга бориб, чарчаб, отдан тушиб, чодирни тикиб, дам олгани киришди. Шунда Бектемир ботир Оқбилакка айтди:
— Мен ухласам, қирқ кеча-ю қирқ кундузгача уйғотмайсиз, башарти бирор ҳодиса рўй берса, товонимга игна тиқсангиз уйғонаман, — деб ёрининг тиззасига бош қўйиб, ухлаб қолди. Орадан бир қанча кун ўтди.
Бир вақт чодирнинг ёнига биров келди. Оқбилак ойим юраги така-пука бўлиб қулоқ солиб турса:
— Қиз ўғриси! Чиқ чодирдан! —деди. Оқбилак ойим қўрқиб кетди. Ёрининг товонига игна санчишга кўнгли бўлмади. Йиғлаб ўтира берди. Этаги кўз ёши билан тўлди. Ташқаридаги киши: “Тез чиқ!” деб қистай берди. Шунда Оқбилак ойим: “Қани, ўзим чиқайин-чи!” деб ўрнидан турган эди, этагидаги ёши Бектемир ботирнинг юзига тўкилди. Бектемир ботир чўчиб уйғониб:
— Нима ҳодиса? — деб сўради. Оқбилак ойим:
— Кетимиздан отамнинг одамлари етиб келди, ташқарига чиқ! деб қистаяпти!”— деди. Бектемир ботир:
— Э маликам, сира ғам еманг! “Якканинг ёри — худо” деганлар. Ўзим майдонга чиқаман! — деб ёй-яроғини тақиб чиқиб, Тарлонбўзни миниб бориб қараса, қизнинг отаси Шавкат подшоҳ сон-саноқсиз аскар билан қувиб келибди. Ботир қичқириб: “Мана, мен келдим! Бирма-бир олишамизми ёки отишамизми?”— деди. Душман: “Отишамиз!” деди. Шунда ботир айтди: “Бўлмаса, олдин сизлар отинглар. Кейин мен отаман!” деди. Подшоҳнинг аскарлари Бектемир ботирга қараб ота бошлашди. Ҳамма ўқларини отиб битиришди. Бирортасининг ҳам ўқи унга тегмади. Ботир: “Навбат энди менга келди!” деб душманга қараб ота берди. Ўқи зое бўлмай тега берди. Подшоҳнинг ҳамма аскарлари ўлиб, битта ўзи қолди.
Бектемир ботир “Бир кишининг қўлидан нима келар эди! Қайнотани ўлдириш яхши иш эмас! Ҳар ҳолда ота эмасми? Фарзандидан умидини узмай, бир кун эмас, бир кун яраш йўлини тутар” деб подшоҳни ўлдирмай, чодирни йиғиштириб, отларига миниб жўнашди. Йўл юришди, йўл юрсалар ҳам мўл юришди. Яна бир жойга бориб, отдан тушиб, чодирни қуриб, дам олиб ўтиришди.
Қиз билан йигит йўлга тушганда орқасидан Оқбилакнинг отаси Шавкат подшоҳ ҳам пойлаб, қорама-қора келаётган эди. Қиз билан йигитнинг тўхтаганини кўриб, отидан тушиб, оёқ учи билан аста-аста бориб, чодирга келди. Тирқишдан қараб ханжарни Бектемир ботирнинг юрагига мўлжаллаб ирғитди-да, кетига қараб қочди. Ханжар бориб ботирнинг юрагига санчилди, бир қанча вақт ётиб, жони узилди.
Шунда Оқбилак ойим:

Боғ ичидан танлаб олган
Тоза райҳонимдан айрилдим! —

деб йиғлади. Тарлонбўз келиб, Бектемир ботирни ҳидлаб, кишнаб йиғлай берди. Иккиси йиғлаб-йиғлаб, ботирга гўр қазиб, кўмишди.
Оқбилак ойим Тарлонбўзга минди: “Э жонивор! Менга ота юртига бормоқ ҳаром! Энди бошла, ёримнинг шаҳрига! Ёримнинг шаҳрига борай! Ёрим ўйнаб-ўсган жойларига гули-райҳонлар экиб, сув қуйиб, остини чопиб, ёрим юрган йўллардан ўсиб чиққан гулларидан узиб олиб, бағримга босиб, умримни ўтказай!” деди. От қизни кўтариб, Одилхон подшоҳнинг шаҳрига, Фарғона мамлакатига қараб учиб жўнади.
Бектемир ботир Тарлонбўзни миниб, Миср мамлакатига жўнаб кетгандан кейин, унинг ота-оналари:

Юрагимизнинг чегаси,
Қирқ ўғилнинг сараси,
Қачон кўринади қораси? —

деб, ойга қарагандай икки кўзлари унинг йўлига интизор эди. Подшоҳ: “Ўғлим агар қиличимдан қон томса, менинг ўлганим” деган эди, деб бир одамини қиличнинг ёнига посбон қилиб қўйган эди. Бир вақт қиличидан қон томди. Бу хабар подшоҳликка етди. Ҳамма: “Шундай ботир оламдан ўтдими? Ҳай аттанг, ёш кетди!” деб хафа бўлишиб, йиғлашиб, аза тутишди. Шунда Тарлонбўз осмондан учиб келиб, ўрдага тушди. Устида Бектемир ботир йўқ, бир гўзал малика ўтирибди. Бектемир ботирнинг икки синглиси кўзларидан ёш оқизиб бориб:
— Акам қани?— деб сўради. Шунда малика:
— Акангиз келади! — деди. Қизлар:

“Аканг келади” дегунча,
“Аканг ўлди!” десанг-чи!
Хумор-хумор кўзига
Тупроқ тўлди десанг-чи!
Қалам-қалам қошини
Бургут тешди десанг-чи! —

деб йиғлашди. Шунда Оқбилак ойим: “Дод!” деб отдан ўзини ташлаб, қизларни бағрига босиб йиғлай берди. Ботирнинг ота-оналари, ҳамма яқинлари дод-вой солиб йиғлашди. Йиғи тўхтади. Одилхон подшоҳ Оқбилак ойимдан ҳол-аҳвол сўради. Оқбилак ойим бўлиб ўтган ишнинг ҳаммасини подшоҳга айтиб берди. Шунда подшоҳ: “Ўғлим чўлларда ғарибмозор бўлиб қолмасин. Бориб, мурдасини олиб келиб, ўрдамга кўмдирайин!” деб қанча одамлари билан, қизни бошлаб, Бектемир ботирнинг қабрига қараб жўнашди. Қабрга етиб бориб, уни очиб, мурдани олиб қўйиб, унга кўзларини суртиб йиғлай берди.
Шу пайтда қибла томондан бир мўйсафид одам етиб келиб:
—Э биродар! Дунёда ким ўлмайди! Ҳамма ўлади. Қирқта ўғлингдан биттаси ўлса, ўлибди-да. Биркам қирқи бор-ку! Шуларга шукр қилсанг-чи, — деди. Подшоҳ бошини кўтариб туриб айтди:
— Биркам қирқ ўғлим, шу бир ўғлимнинг тукига ҳам арзимайди. Ҳаммасидан ҳам шу ўғлимга қувонар эдим. Улар эсон-омон юртларига қайтиб келдилар! — деди.
Чол киши Хизр эди. Шу замон икки қўлини очиб, қиблага қараб: “Худо муродингга етказсин!” деб фотиҳа ўқиди. Шу замон Бектемир ботир: “Мен узоқ ухлаб қолибман”, деб ўрнидан турди…
Одилхон подшоҳ қирқ кеча-кундуз тўй-томоша қилиб, Бектемир ботир билан Оқбилак ойимни бир-бирига қўшди. Шу билан улар мурод-у мақсадига етишди.