Бек билан деҳқон

Бир деҳқон қўш ҳайдаб турган экан, подшонинг қушбегиси от миниб катта йўлдан ўтиб қолибдй. Деҳқонга кўзи тушиб:
— Ҳорманг! — дебди.
Деҳқон эшитса ҳам ўзини эшитмаганга солиб, «хўш, жонивор!» деб ҳўкизларини қайтариб, ерни ҳайдай берибди. Бек «Қулоғи карми бунинг, нега индамайди, ёки бу чол мени писанд қилмаяптими», деб ўйлабди ва яна унга қаттиқроқ:
— Ҳорманг! — дебди.
Деҳқон бошини бир қимирлатиб, яна ишини давом эттираверибди. Бек ғазабланиб жўнаб кетибди. Қўрғонга бориб, хизматкорларига буйруқ берибди.
— Боринглар, ўша деҳқоннинг қўлини орқасига боғлаб, шу ерга ҳайдаб келинглар.
Гирандалар деҳқонни ушлаб, қўлини орқасига боғлаб, бек қошига олиб келишибди. Деҳқон бекни кўриб:
— Ассалому алайкум, бор бўлинг, бор бўлинг, — дебди.
Бек:
— Эй аҳмоқ чол, қўлинг орқангга боғланди, олдимга келдинг, энди ўлишингни билдинг. Далада икки марта «Ҳорманг», десам ҳам «Бор бўлинг», демадинг, — дебди. Шунда деҳқон:
— Тақсир, ўша вақтда экадиган еримнинг оби-тоби жойида эди, «бор бўлинг» дейишга ҳам вақтим йўқ эди. «Тобидан қочмасин», дедим. Энди олдингизга келдим қанча «бор бўлинг» керак бўлса, олаверинг, — дебди.
— Бир ботмон ердан қанча ғалла оласан?—дебди бек. Деҳқон:
— Тақсир, агар иккита яхши ҳўкизим, бир хизматкорим бўлса, бир ботмон ердан икки юз ботмон ғалла оламан, — дебди.
Бек:
— Агар бир ботмон ердан икки юз ботмон ғалла олсанг олганинг, бўлмаса, бошинг ўлимда, молинг таловда, — дебди-да, бу сўзни хатга ёзиб, муҳр бостириб берибди.
Ана энди деҳқон бир ботмон ерни мўлжаллаб, тизза бўйи қилиб ҳайдатибди, тупроғини алмаштириб тобига келтирибди. Деҳқон ерга оқ жўхори экибди. Жўхорилар икки қулоч бўлганда орасига лавлаги ҳам сепибди. Лавлаги дум тортибди, ҳар бир лавлаги тагига челак-челак гўнг солибди. Лавлаги барг чиқарганда, битта қўймай баргларини юлиб олибди. Жўхори ҳам етилиб шамол бўлса, такалаги бир-бирига урилиб шовуллай бошлабди. Лавлагининг ҳар биттаси кўзадай-кўзадай бўлиб етилибди. Деҳқоннинг ҳосили етилиб тайёр бўлибди. Бек ва амалдорлар келиб:
— Қани, деҳқон, бир ботмон ердан икки юз ботмон ҳосил олганингни кўрсат-чи! — дебди.
Деҳқон оқ жўхорини йиғиб, янчиб, ўлчатиб қараса, юз ботмон чиқибди. Шунда бек:
— Икки юз ботмон ҳосил оламан деган эдинг-ку, қани қолган юз ботмон ҳосил? — дебди.
Деҳқон:
— Шошилманглар, ҳозир экинимнинг боласини олдинглар, онаси ҳали ерда ётибди, — дебди.
Бекнинг хизматкорлари лавлагини йиғиб олиб қарашса, ҳар қайсиси кўзадай-кўзадай келар эмиш. Уларни ўлчашса, икки юз ботмон чиқибди. Бек деҳқон ўз мўлжалидан зиёда ҳосил олганини кўриб, аламига чидолмай, ғазабланиб:
— Сен шунча ҳосилни нима қиласан, бу ҳосил бекликка керак, — дебди ва хизматкорларига:
Бу ҳосилнинг учдан бири қолдирилиб, қолгани қўрғонга олиб кетилсин! — деб буюрибди.
У отини миниб, қўрғон томонга қараб жўнабди.
Деҳқон шунча мўл ҳосил олса ҳам, ўз меҳнатининг натижасидан маҳрум бўлиб қолаверибди.