Бароқхон

Бир бор экан, бир йўқ экан, битта бароқ мушук бор экан. У якка ўзи катта чинор тагидаги бир уйда яшар экан.
Кунлардан бир куни мушукнинг бу ерда яшашини қарға билиб қолибди ва буни ҳамма ҳайвонларга айтиб қўйибди. Қарғадан бу гапни эшитган типратикан мушукнинг уйига келибди-да:
— Бароқжон, Бароқжон, эшигингни оч, икковимиз бирга яшаймиз, — дебди.
— Мунча хунуксан, келиб-келиб сен билан ўртоқ бўламанми? — дебди ва типратиканни уйига киритмабди.
Эртасига Бароқхоннинг уйига олмахон келибди.
— Бароқжон, Бароқжон эшигингни оч, иноқ бўлиб бирга яшайлик, — дебди у ҳам.
— Ўзинг сиғасанми, думинг сиғадими, — деб мушук олмахонни ҳам уйига қўймабди. Олмахон ўсал бўлиб қайтиб кетибди.
Олмахондан кейин чопқир қуён келибди:
— Бароқжон, Бароқжон, эшигингни оч, йўлда очкўз бўри турибди, — дебди. Бароқжон қуёнга ҳам эшигини очмабди.
Қуёндан кейин ака-ука Ўмбалоқ ва Дўмбалоқ деган айиқчалар келишибди.
— Бароқжон, Бароқжон, эшигингни оч, биз Ўмбалоқ билан Дўмбалоқ бўламиз, сен билан бирга ўйнагани келдик, — дейишибди улар.
Мушук уларни ҳам уйига қўймабди. Айиқчалар унга ёлвориб:
— Биз уйимизга борайлик десак, йўлимизда оч бўри юрибди, жон ўртоқ, эшигингни оч, — дейишибди.
— Ўзларинг қўпол экансизлар, эшигим зўрға турибди, тегиб кетсаларингиз ағдарилиб тушади, — деб барибир уларни уйига киритмабди.
Бир вақт думини тараб тулки, лабини ялаб бўри келибди:
— Бароқжон, Бароқжон, сени бир кўришни орзу қилардик, сенинг олғир бобонг йўлбарс бизга қариндош бўлади, — деб мушукдан рухсат сўрамай ҳам, ўзлари унинг уйига кириб келишаверибди. Бароқжонни гапиргани ҳам қўймай мақтай бошлашибди.
— Вой-вой, ана бу гиламларни қаранг-а, ана бу кийимбошларни қаранг-а, идиш-товоқларни қаранг-а, — деб уни талтайтириб юборишибди. Сўнгра йўлбарснинг уйини мақтай бошлашибди. Уларнинг мақтовини эшитган Бароқжон ўзига-ўзи «йўлбарснинг уйи менинг уйимдан ҳам чиройли экан» деб ўйлаб, уларга:
— Мен бориб йўлбарс бобонинг уйини кўриб келай, сизлар менинг уйимни пойлаб ўтиринглар, — деб йўлбарсникига қараб жўнабди. Йўлда пойлаб турган кўк бўри унга ташланибди. Бароқжон жон ҳолатда бўрининг кўзига чанг солибди, бўри кўзининг оғриғига чидолмай уни қўйиб юборибди.
Бароқжон уйига қайтиб келса, тулки билан бўри унинг ҳамма нарсаларини еб қўйишибди, бунинг устига уни ўз уйига киритишмабди. Шунда Бароқжон нима қилишини билмай «дод» солибди. Унинг додлаб йиғлаётганини эшитган типратикан, олмахон, қуён, Ўмбалоқ билан Дўмбалоқлар етиб келишибди. Ҳаммалари бир бўлиб бўри билан тулкининг жазосини беришибди. Бароқжон ҳамма ҳайвонларни уйига ўзи таклиф қилибди ва уларга:
— Жон ўртоқлар, қолинглар, биргаликда дўст бўлиб яшаймиз, дўстликда гап кўп экан, — дебди.
Шундай қилиб, Бароқхон улар билан биргаликда бехатар яшаб, мурод-мақсадига етибди.