Балиқчи бола

Бурунги замонда бир чол-у кампир бор экан. У чол доим балиқ овлаб кун ўтказар экан. Ҳар куни иккита балиқ ушлаб, бирини чол-кампир пишириб ер экан, бирини сотиб ўтин олишар экан. Ойдан ой ўтиб, йилдан йил ўтиб чол-кампир ўтириб маслаҳат қилишибди: “Биздан кейин етти ёшли боламиз қолади. Бу ҳам биз сингари камбағалликда қийналиб ўтмасин, бошқа бирор яхшироқ ҳунар ўргатайлик”, дейишибди. Лекин болага бошқа ҳунар ўргата олмай, тез кунда қазолари етиб ўлишибди. Бола ота-онаси ўлганидан кейин жуда қийналибди. Ўтириб ўйлаб, “Отамнинг касби нима экан, бирор нишонасини тополмасмиканман”, деб уйнинг ҳар томонини ахтара бошлабди. Бир девор орқасидан қармоқ топиб олибди ва “Отамнинг касби шу бўлса керак”, деб чиқиб балиқ овлай бошлабди. Бола ҳар куни икки балиқ тутиб, бирини сотиб ўтин олиб, бирини пишириб ебди.
Бир куни бола чиройли олтин балиқ ушлабди. Уни пишириб ейишга ҳам, сотишга ҳам кўзи қиймабди. Ҳовлисига бир чиройли ҳовузча қилиб, балиқни шу ҳовузчага қўйиб юборибди. Отасидан қолган бир товуғи бор экан, шу билан ҳовлида уч жон бўлишибди. Яна бола кундагича иккита балиқ овлаб келиб бирини сотиб, бирини пишириб еб яшай берибди. Кунлардан бир куни балиқ овлаб уйига келса, ҳовлиси, уйи супурилган, топ-тоза эмиш. Бола ўртоқларига бориб:
— Ҳар куни ишдан келганимда ҳовли, уйлар супурилган, жойлар солинган бўлади. Ким қилганини билмайман, — дебди. Ўртоқлари:
— Етим деб раҳми келиб бирор қўшнинг қилаётгандир, — дебди.
Бола келиб қўни-қўшниларидан сўрабди. Ҳеч кимдан дарагини билмабди. Яна бу иш икки-уч кун давом этибди. Бола кўчага чиқиб яна бир ўртоғига айтибди. Ўртоғи:
— Уйингда нима бор? — дебди. Бола:
— Бир товуғим билан ўзим, бошқа ҳеч нарса йўқ, — дебди. Ҳалиги ўртоғи:
— Яна бирор нарса борми, ўйлаб кўр-чи, — дебди. Бола ўйлаб туриб:
— Ҳа, ҳовузчада бир балиғим бор, — дебди. Ўртоғи:
— Бўлмаса, сен эртага ишга бормасдан, кечгача балиқ билан товуғингни пойла, — дебди. Бола “Хўп”, деб товуқ билан балиғини пойлабди. Девор орқасидан пойлаб турса, ҳалиги ҳовузчадаги балиқ бола чиқиб кетиши билан устидаги пўстинини ечиб, бир чиройли қиз бўлибди.
Бола ҳайрон бўлиб қараб тураверибди. Қиз уйни очиб кириб супура бошлабди. Шу пайт бола ҳовлига югуриб кириб, балиқнинг пўстинини ўтга ташлабди. Қиз ҳидини билиб югуриб чиқиб қараса, пўстини куйиб ётибди. Қиз “Аттанг”, деб пешонасига бир урибди-ю: ”Хайр, майли, бўлган иш бўлди”, дебди. Шу билан қиз бола билан шу уйда яшай бошлабди. Бола кундагидек иккита балиқ тутиб келаверибди.
Қизнинг овозаси оламга кетибди. Подшо ҳузурига бориб: “Бир камбағал бола оламда йўқ чиройли бир қиз олибди”, деб мақташибди.
Подшо буни эшитиб қизни кўришга борибди. Бола ишга кетган экан. Қизни кўриб қолибди. Подшо бир жодугар кампирни чақириб қизни олиб келиш маслаҳатини қилибди. Жодугар кампир:
— Бу болани ҳеч одамнинг қўлидан келмайдиган ишга буюринг, у қила олмай ўлиб кетади. Кейин сиз қизни оласиз, — дебди. Подшо болани чақиртириб:
— Мен сенга бир вазифа буюраман, бажарсанг бажардинг, бажармасанг сени бу ердан йўқотаман, — дебди. Бола:
— Қандай вазифа, айтинг, — дебди. Подшо:
— Фалон жойга бир равоқ соласан, таги ерга тегмасин, тепаси осмонга тегмасин, — деб қирқ кун муҳлат берибди. Бола ҳайрон бўлиб, бўшашиб уйга келибди. Қиз болани кўриб:
— Подшо нимага чақирибди? — дебди. Бола:
— Таги ерга, тепаси осмонга тегмайдиган бир равоқ қилиб берасан, деди, — дебди. Қиз:
— Шунга ҳам хафа бўласизми, бунинг иши осон, — деб боланинг қўлига бир тош бериб: — Мана шу тошни ўша мени ушлаб олган дарёга олиб бориб ташланг. Бир пари чиқиб, “Нимага келдинг?” дейди, шунда “Подшонинг энг кичкина қизининг бир тугуни бор экан, ўшани олиб беринг”, дейсиз, — дебди.
Бола дарё ёнига бориб, қиз берган тошни ташлабди. Шу замон бир пари чиқиб, “Нимага келдинг?” дебди. Бола:
— Шу дарё подшоси қизининг бир тугуни бор экан, ўшани олиб чиқиб беринг, — дебди. Ҳалиги пари дарров тугунни олиб чиқиб берибди. Бола тугунни олиб келиб қизга берибди. Қиз болага:
— Подшо қаерга равоқ қурмоқчи бўлса, ўша ерга тугунни ташлаб, орқангизга қарамай қайтиб келиб ётаверинг, — дебди.
Бола қиз айтгандай қилибди. Подшо эрта билан туриб қараса, равоқ тайёрмиш, шунда у ҳайрон бўлиб: “Бу қандай одам экан”, деб уни яна чақиртирибди-да:
— Мана бу дарё устига осма кўприк қилиб бер. Таги ерга тегмасин, тепаси осмонга тегмасин, — дебди. Бола хафа бўлиб уйга қайтибди. Қиз боланинг қовоғига қараб:
— Яна нима бўлди? —дебди. Бола воқеани гапириб берибди. Қиз яна болага тош берибди.
— Бу тошни олиб бориб шу дарёга ташланг, яна ҳалиги пари сизга бир лўлаболиш олиб чиқиб беради. Шу лўлаболишни олиб келиб, подшонинг кўрсатган жойига ташланг, — дебди.
Бола тошни денгизга олиб бориб ташлабди. Бир пари лўлаболишни болага чиқариб берибди. Бола лўлаболишни олиб подшонинг кўрсатган жойига ташлаб, қайтиб келиб ётаверибди. Подшо эрта билан туриб қараса, ўзи айтгандан ҳам зиёда кўприк тайёр бўлибди. Шунда подшо: “Энди яна бир иш топиш керак”, деб бир шумликни ўйлабди-да, болани яна чақиртириб:
— Энди тухумдан ҳўкиз чиқариб берасан, — дебди. Бола яна хафа бўлиб уйга келибди. Боланинг хафа бўлиб келганини кўриб қиз ҳол сўрабди. Бола воқеани айтибди. Қиз болага дарёга олиб бориб ташланг деб, яна бир тош берибди. Бола дарёга тошни ташлаши билан ҳалиги пари учта тухум олиб чиқибди-да, “Эҳтиёт қилиб олиб бор”, деб буюрибди. Бола тухумларни олиб кетаётиб, синаш учун бир донасини синдириб кўрибди. Тухум ичидан бир ҳўкиз чиқиб йўқ бўлибди. Иккита тухумни қизга олиб келиб берибди.
— Бирини нима қилдингиз? — дебди. Бола қилган ишини айтиб берибди. Шунда қиз:
— Ҳа, майли, бўлар иш бўлибди, энди подшо тухумни синдир деганда, томга чиқинг-да, тухумни ўша ердан туриб ташланг, — дебди.
Бола қолган иккита тухумни подшога олиб бориб берибди. Подшо:
— Қани, ҳўкиз чиқариб бер, — дебди. Бола:
— Сиз пастда туринг, мен эса томда туриб тухумни ташлайман, бўлмаса синмайди,— деб томга чиқиб, тухумларни ерга ташлабди. Тухумлар синиб, ичидан иккита ҳайбатли ҳўкиз чиқиб подшони суза бошлабди. Подшо:
— Тавба қилдим, қилган гуноҳимдан кеч, — деб ялинибди. Бола кечибди. Ҳўкизлар шу замон йўқ бўлиб кетибди. Ойдан ой ўтиб, кундан кун ўтиб подшо яна болани чақиртирибди:
— Энди янги туғилган болани олиб келиб гапиртирасан, — дебди.
Бола уйга қайтиб подшонинг гапини қизга айтибди. Қиз яна болага бир тош бериб:
— Шу тошни тезда дарёга олиб бориб ташланг. Менинг энг катта опам бор, шу ҳозир туғади, “Опаси кўрар экан”, деб боласини олиб келинг, — дебди. Бола чопганича дарёга бориб тошни ташлабди.
Дарёдан бир пари чиқиб “Озгина туринг, ҳозир туғади, олиб кетасиз”, дебди. Бола туғилиши билан олиб чиқиб берибди. Балиқчи янги туғилган болани кўтариб келаётса, бола: “Почча, опамни кўраманми?” дебди. Балиқчи бола ҳайрон бўлиб: ”Ҳа, опангни кўрасан”, деб кўтариб келиб болани тўғри подшонинг олдига қўйибди. Подшо:
— Қани, болани гапиртир-чи, — дебди. Ҳалиги туғилган бола подшога бир тарсаки қўйиб юбориб: “Янги туғилган бола ҳам гапирадими, тухумдан ҳам ҳўкиз чиқадими, таги ерга, тепаси осмонга тегмайдиган кўприк билан равоқ ҳам бўладими”, деб бидиллаб, подшони ураверибди.
Подшо балиқчи болага ялиниб:
— Хотининг ҳам ўзингга, мол-мулким ҳам сенга, ўзинг менга ўғил бўл, — дебди. Балиқчи эса болани дарёга — ўз онаси ёнига ташлабди. Кейин ўз уйига келиб, тинч яшаб, мурод-мақсадига етибди.