Аттанг

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир подшо бор экан. Унинг якка-ю ягона қизи бор экан.
Кунлардан бир кун у боққа сайрга чиқмоқчи бўлибди. Унинг ўз канизаклари билан боққа чиқишини эшитган қўшни юрт подшосининг ўғли яшириниб ўша боққа кириб олибди. Подшонинг ўғли анчадан бери шу қизни кўриш истагида юрган экан. Қизни кўргач, йигит уни яхши кўриб қолибди. Йигит шу ҳақда қизга айтибди. Подшонинг қизи:
— Менинг битта шартим бор. Агар шуни бажарсангиз, сизга турмушга чиқишга рози бўламан. Сиз «аттанг»ни топиб келишингиз керак, — дебди.
Йигит «аттанг»ни қаердан излашни билмай, кўп сарсон бўлибди, лекин ҳеч қаердан топа олмабди.
Йигит бир куни туш кўрибди. Тушида у бир қоронғи уйга кириб қолганмиш. Қараса, бир чол токчага ўхшаш ерда ўтириб, ҳадеб «аттанг, аттанг» деб такрорлаётган эмиш. Йигит бунга ажабланиб, чолдан сўрабди:
— Ота, нимага сиз ҳадеб «аттанг» дейсиз? Чол эса:
— Ўғлим, мени бу дунёга келмасимдан бурун қиладиган ишларим бор эди, қолиб кетди. Шуни ўйлаб доим «аттанг» дейман. Ўғлимни уйлантириб, бир бошини икки қилиб қўймоқчи эдим. Улгурмадим, шу менга армон бўлиб қолди, — дебди.
— Мен сизга бирор иш билан ёрдам бера оламанми? — деб сўрабди йигит.
— Ўғлим, гапимга қулоқ солгин. Катта чинор дарахти бор ҳовлини топган. Ўша ҳовлига киргин. У ерда менинг ўғлим ёлғиз яшайди. Ўша чинор дарахтининг тагида ўчоқ бор. Ўчоқни бузиб, тагини ковласанг, икки хумча тўла тилла чиқади. Шуларни сарфлаб, ўғлимни уйлантириб қўйгин. Шундагина мен бу дунёда тинч ёта оламан.
Йигит чолнинг шу гапларидан кейин уйғониб кетибди. Тонг отганда, «қани бир қидириб кўрай-чи» деб чол айтган ҳовлини ахтаришга тушибди. Охири катта чинори бор ҳовлини топибди. Ҳовлига кирса, бир ёшгина йигит ўтирган эмиш. Ундан сўрабди:
— Отангиз қаердалар? Ким билан яшайсиз?
Ёш йигитча отаси яқинда қазо қилганини, ҳозир ёлғиз ўзи яшашини айтибди. Йигит чинор дарахти тагидаги ўчоқни кўрсатиб:
— Мана бу ўчоқни бузиб кўрайлик. Балки у ердан бирор нарса чиқиб қолар, — дебди.
Икковлари ўчоқни бузибдилар. Тагини анча ковлаганларидан кейин, у ердан икки хумча чиқибди. Улар жуда оғир экан, ичи тўла тилла экан-да. Шундан кейин йигит чолнинг ўғлига:
— Бу тиллаларни отангиз сизга, сизнинг тўйингизга сарф қилмоқчи эди. Шу мақсадда бутун умр тўплаган эди. Лекин отангиз сизга шуни айтолмай, тўйингизни кўролмай армонда кетди, — дебди.
Йигит тилланинг озгина қисмига ҳовлининг у ёқ-бу ёғини тузаттирибди. Қолган бир қисмига катта тўй қилиб, чолнинг ўғлини уйлантириб қўйибди. Ортганларини эса тежаб-тергаб рўзғорда ишлатишини унга уқтирибди.
Шундан кейин йигит саройга қайтиб келибди. «Эҳ, барибир «аттанг»ни топа олмадим-да» деб хафа бўлибди. Ўша куни кечаси яна туш кўрибди. Тушига яна ўша чол кирибди. Энди чол қоронғи уйнинг токчасида эмас, пастда жимгина ўтирган эмиш. Йигит тушида яна ўша чол билан суҳбатга кирибди. У барча қилган ишларини чолга айтиб берибди. Чол эса йигитдан жуда хурсандлигини айтибди. Чол энди аввалдагидек «аттанг, аттанг» демас экан. Шунда бирдан йигит уйғониб кетибди.
Йигит куни билан ўйлаб-ўйлаб, охири қизнинг ёнига — саройга бориб, унга ҳаммасини очиқ айтмоқчи, яъни ҳеч қаердан «аттанг»ни топа олмаганига иқрор бўлмоқчи бўлди. Йигит хомуш бўлиб қўшни юртга йўл олибди. Саройга келиб, қизни кўришга роса уринибди. Охири бир амаллаб қизнинг ёнига яширин кирибди. Кирса, қиз уни очиқ чеҳра билан, кулиб кутиб олибди ва:
— Сиздан жуда ҳам хурсандман. Яхшиям сиз «аттанг»ни йўқ қилдингиз. Энди мазза қилиб, роҳатланиб ухлаяпман. Авваллари доим бир чол тушимга кириб, фақат «аттанг, аттанг» деган сўзларни қайтарарди, — дебди.
Шундагина йигит қизнинг тушига ўша чол кириб, у «аттанг, аттанг» деявериб қизни ухлатмаслигини, ўзи эса чолнинг ёруғ дунёда қилолмай кетган ишини бажариб, «аттанг» дейишдан тўхтатганини билибди.
Шундай қилиб, йигит қизнинг шартини бажаргани учун қиз тўйга розилик берибди. Шу куниёқ икки қўшни юрт ўртасида тўй-томоша бошланиб кетибди.
Чол ҳам нариги дунёда тинчгина ётибди. Ҳа, бу дунёда ҳеч ким армон билан, «аттанг» демай кетганига нима етсин.