Андижонликнинг ҳикояси

Мен ўзим андижонликман. Ёшим ўн еттига етганда отам: «Ёшинг етиб, белинг қотди, ўғлим, овқатингни ўзинг ўтказишга қодирсан», деб мени шу шаҳардаги бир бойга хизматга берди. Тақдирга тан бериб бойнинг эшигида эртадан-кечгача тинмай хизмат қила бошладим. Бир кун кечаси уйғониб қарасам, мен ётган болохона тутунга тўлиб кетибди. «Ёпирай, нима бўлди», деб танчага қарасам, атлас кўрпанинг бир учи танчага тушиб сасиб ётибди. Тура солиб ёниб ётган кўрпадаги оловни ўчирдим. «Оббо, энди бойга нима жавоб бераман», деб ўйлаб қолдим. Эрталаб туриб бойга бўлган воқеани айтган эдим, бой: «Ҳеч нима қилмайди, уч ойлик хизмат ҳақингдан кечасан», деб қўйди. Мен ҳам тупургимни қулт этиб ютиб қўйдим.
Ўртадан бир қанча ойлар ўтди. Бир кун саҳарлаб мени уйғотди. «Нима керак бой ака!» деб чўчиб уйғониб ўрнимдан турган эдим, бой:
— Ўғлим, бу кун мен тулки овига чиқмоқчиман. Сен ҳам мен билан борасан, — деди. «Хўп бўлади», дедим. Чойдан кейин отларга миндик. Мен ҳам қўлимга бир бургут олдим. Икки този итни олдимизга солиб, дала томонга қараб, отларни елдириб кетдик. Туш вақтида бир даштга бориб етган эдик, бой акамнинг ити бир тулкини қувлаб кетди. Бой ҳам итнинг кетидан қувлаб кетди. Даштда якка ўзим қолдим. Бир соатлардан кейин менинг итим ҳам бир тулкининг кетидан қувиб кетди. Мен ҳам отга бир камчи уриб, итимнинг кетидан кетдим. Бир қанча вақтдан кейин итим тулкини йўқотиб, қайтиб келди. Отни тўхтатиб, қўлимга қарасам, қўлимдаги бургут ўлиб ётибди. Нима бало бўлди, деб ўйлаб қарасам, бургутни қамчи деб, икки оёғидан ушлаб отга ура берибман, ов кишини маст қилиб қўяди-да! Шу маҳалда хўжайиним кўриниб қолди. Бўлган воқеани айтган эдим: «Ҳеч нима қилмайди, кейин ҳисоблашамиз», деб қўйди.
Ярим соатчадан кейин менинг итим бир тулкини қувиб кетди. Отим ниҳоят даражада тез чопиб келаётганда, бир ариққа қоқилиб йиқилиб қолди. «Хайт-хайт» қилиб чиқаргунимча от ўлиб қолди. Отдан эгар-тўқимини олиб, эгарни итга урдим. Ўзим чарчаганим учун эгарларни кўтара олмас эдим. Бир маҳалда итим бир қуённи кўриб қувлаб кетди. Ўн беш қадам босмасдан итнинг бўйнига узанги ўралиб қолди. Мен боргунимча ит ўлиб қолди.
Хафа бўлиб, совуқ терга тушиб кетдим. Ўзимни маҳкам тутиб, эгар билан тўқимни ўз орқамга ортиб, бир таёқни ҳасса қилиб, «хайт, деб» йўлга тушдим. Оз юриб, кўп юриб бир садаиинг соясига бориб етдим. Чарчаганлигимдан бир оз кўзим илинган экан. Бир одам мени туртади. Чўчиб уйғониб қарасам, қаршимда бой турибди.
— Ишинг қалай, от қани, нима учун эгарларни олиб юрибсан, нима бўлди, падарингга лаънат? — деб бақира бошлади. Бўлган воқеаларни айтиб бердим. Бойнинг ранги ўчиб, қони қочиб, кейин қизарди: «Ўзинг умр бўйи ишласанг ҳам қилган зиёнингни тўлай олмайсан», деб минғиллаб қўйди. Бир умр бўйи бойга боғланиб қолишдан қўрқиб, қочмоқчи бўлдим. Бой дам олишга ётди, бир оз кўзи илинган эди, мен тирақайлаб қочдим. Икки юз қадамча чопиб борганимдан кейин бой уйғониб, орқамдан қувлай бошлади. Мен қочдим, у қувлади, мен қочдим, у қувлади. Кечга яқинлашиб қолганда мени ушлай олмаслигига кўзи етиб, орқасига қайтди. Мен тўхтамасдан кета бердим, кета бердим. Дашт демасдан, чўл демасдан кета бердим. Юриб-юриб, бир қишлоққа бориб етдим. Бир эшикни секин тақиллата бошладим. Ичкаридан:
— Эшикни ким тақиллатяпти? —  деган бир хотиннинг товуши эшитилди.
— Янга, эшикни очинг, — дедим.
Хотин эшикни очди.
— Менинг ҳеч кимим йўқ, янга, кечаси ётиб қолишга жой беринг, — деб ялиндим. Хотин уйига олиб кирди. Овқатландим. Кейин ётишга жой солиб берди. Эрталаб туриб кетмоқчи бўлдим.
— Шу уйда қола қол, бизнинг ҳунарга ёрдам бер, — деб кампир билан қизи ялиниб мени олиб қолишди. Мен ҳам шу уйнинг ўғли бўлиб қолмоқчи бўлдим. Кейин уларнинг ҳунарини суриштириб қарасам, ҳунарлари кафанчилик экан. Кечаси мозорга бориб янги кўмилган гўрларни очиб, кафанларини олиб сотишар экан.
Эртаги куни кечаси кампир мени уйғотди. Қўлимга фонус бериб:
— Юр мен билан бирга, — деди.
Мозорга бориб етгандан сўнг, кампир менга янги бир гўрни қазишни буюрди. Мен «қазимайман», деб тихирлик қилсам ҳам бўлмади, бир балодан қутулиб, иккинчи балога йўлиққанлигимни англадим, кампир гўрга тушганда, мен қочдим. У орқамдан қувлади, мен қочдим. Мозорма-мозор, томма-том қочмоққа бошладим. Чопиб кетаётганимда тап этиб ўрага тушиб кетдим. Ўранинг ичи кенг ва қоронғи экан. Жуда қўрқиб кетдим. Бир қўрқинчли товуш шивирлаб: «Сен кимсан?» деб сўради. Мен ҳам титраган ҳолим-да: «Сен кимсан?» деб сўрадим У жавоб бермади. Бир соатча ўранинг бир четига бекиниб ўтирдим. Кейин қоронғига кўзим ўрганиб, бир одамни кўрдим: ўзимнинг ким эканлигимни, қандай қилиб бу ерга тушиб қолганлигимни номаълум кишига ҳикоя қилдим. У ҳам гапира бошлади:
— Бу ер ўра эмас, тегирмон. Мен ҳам туйнукдан тушиб кетдим. Бу ердан чиқиб кетиш қкйин эмас, мана бу қопдаги унларни тахлаб зинапоя қиламиз, кейин чиқа-миз, — деди.
Қоплардан туйнукка зинапоя қилдик. Зинапоя битгандан сўнг: «Мен олдин чиқаман», деб у айтди, «меи олдин чиқаман», деб мен айтдим. Ярим соатча жанжаллашгандан сўнг, унинг олдин чиқишига рози бўлдим У зинапоядан чиқиб кетиши билан, зинапоя бузилиб кетди, тегирмонда ёлғиз ўзим қолдим. Тегирмоннинг бир четига биқиниб ўтирдим, шу маҳалда тегирмоннинг эшиги «ғийт» этиб очилди. Эшикдан икки айиқ кириб келди. Мен жуда қўрқиб кетиб деворда турган чилдирмани олиб «дапир-дупур» қилиб чала бошладим. Айиқлар қўрқиб, у ёқдан бу ёққа югура бошладилар. Мен азонгача чилдирма чалиб, айиқларни ўйнатиб чиқдим. Бир маҳалда эшик яна «ғийт» этиб очилиши билан айиқлар эшикдан чиқиб, қочиб кетишди. Мен «уҳ» деб бир нафас олдим. Эшикни очган киши бир бой экан. Ўн арава буғдой олиб келиб, тегирмонда тортмоқчи экан.
Мен бойни бир қизиқ ҳолга солай, деб югуриб бориб бойнинг ёқасидан ушладим-да, бақира бошладим:
— Мен айиқларни ўргатаётган эдим, нима учун менинг айиқларимни қочириб юбординг. Менга қанча зиён қилдинг. Мен хонга арз қиламан, — дедим. Бой қўрқиб кетди:
— Бир арава буғдой бераман, — деди. Кўнмадим. Икки арава буғдой бермоқчи бўлди, кўнмадим. Ўн арава буғдой бермоқчи бўлди, хўп дедим. Ер олдим, уйландим, буғдойларни ерга сепдим, яхши деҳқон бўлдим.