Қайси ерда чивин йўқ

Бурунги замонда Ҳусайн Бойқаро деган подшо яшаган экан. У вазири Шералига:
— Қайси ерда чивин бўлмайди? — деб савол берибди. Шерали ўйланмасдан:
— Одам йўқ ерда чивин бўлмайди, — деб жавоб берибди.
Шундай қилиб, булар иккиси отга миниб, одам йўқ ерларни қидириб кетишибди. Йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб бир саҳрога чиқишибди. Шу ерда бир оз дам олмоқчи бўлиб ўтиришибди.
Шерали чой қайнатибди, иккиси чой ичиб ўтирган вақтида бир чивин «виз» этиб Ҳусайн Бойқаронинг пиёласи ёнидан ўтиб, этагига қўнибди. Ҳусайн Бойқаро айтибди:
— Шерали, одам йўқ ерда чивин бўлмайди деган эдинг, мана бу ерда чивин учиб юрибди-ку, — дебди. Шерали:
— Ҳа, сиз билан биз одам эмасмизми? — деб жавоб берибди. Ҳусайн Бойқаро Шералига киссасидан минг тилла чиқариб бериб:
— Баракалла, енгдинг мени, — дебди.