Айиқ нима деди?

Икки дўст ўрмонда кетаётган экан, тўсатдан олдиларидан бир айиқ чиқиб қолибди ва уларга ҳамла қилибди. Улардан бири тезда қочиб кетибди-да, яшириниб олибди. Иккинчиси эса қочишга улгуролмай қолибди, шунда ерга ётиб, ўзини ўликка ўхшатиб, ҳаракатсиз ётаверибди. Айиқ унинг ёнига келиб, ҳамма жойини искаб кўргач, ўлик гумон қилиб, қайтиб кетибди. Айиқ кетгач, яширинган дўсти кулимсираб чиқиб келибди ва ундан сўрабди:
— Эй дўстим, айик сенинг қулоғингга нималар деди?
— У менга, «хавф-хатар дуч келганда ўз дўстини ташлаб кетиш — бу энг ёмон хислат» деди, —дебди.