Ахмоқ подшонинг доно хотини

Бир хотинини Подшо қўйиб юборган экан. Кунлардан бир куни подшо ўзини танитмай шу хотинининг уйига кириб борибди.
— Тангри меҳмон олинг, — дебди. Хотин эшикни очиб:
— Тангри меҳмонга эшигимиз очиқ, — деб подшони кутиб олибди. Подшо хотиндан:
— Бу уйда ёлғиз яшайсизми? — деб сўрабди. Хотин:
— Ёлғиз эмасман, эрим ўтинга кетган, келиб қолар, — дебди.
Шунда подшо:
— Шундай гўзал аёл ўтинчига хотин бўлиб яшайсизми, топилмадими бир бойроқ одам? —  дебди.
— Бойроқни бошимга урайми, подшонинг ҳам хотини бўлиб кўрганман, минг подшодан бир қул, минг олтиндан бир пул яхши, — дебди хотин. Подшо таажжубланиб яна сўрабди:
— Нима, подшонинг хотини бўлиш ёмонми?
— Агар подшонинг хотини бўлсанг қирқ кунда бир куласану, кунда минг ўлиб тириласан, эримга ўхшаган ғариблар эса хотинларини кунда минг кулдириб, оёгингга тикон кирса тили билан суғириб олишга ҳам рози бўлади, — дебди хотин.
Подшо: «Хотиним мендан айрилганидан хурсанд экан», деб ўтинчи келмасданоқ чиқиб кетибди.
Шундай қилиб подшо эртаси куни бир хотини билан қолиб, бошқа хотинларини мол-дунёси билан айириб юборибди. Унинг эртасига эса элатга жар урдирибди: «Кимда-ким икки хотинли бўлса, бир хотини билан қолиб, иккинчисини рози қилиб айириб юборсин, фармон бажарилмаса, моли подшолик, боши қазолик!»
Бу фармонни эшитган бойлар, вазиру вузаролар, мулла-эшонлар, савдогарлар ва бойваччалар, қўйингки, ким икки хотинли бўлса бирисини қози-калонлар иштирокида талоқ қилиб, севган хотинлари билан қолибди.