Ақлсизга минг сўз оз

Бор экан-у йўқ экан, бир чол билан кампир бўлган экан. Уларнинг битта-ю битта ўғли бўлган экан. Бир куни чол:
— Эй кампир, шу ўғилни уйлантирсак, сен ҳам, мен ҳам қаридик, рўзғор ишларини келин бажарса, қандай бўларди, — дебди. Кампирга бу гап маъқул тушибди, булар дарров ҳамсояларини чақириб маслаҳат қилиб, бир қизга совчи юборишибди.
Борган совчилар қиздан, отаси ва онасидан розилик олишибди-да, тўй тўғрисида маслаҳат қилибдилар. Қуда томон:
— Тўйда палов қилиш учун майиз, ёғ ва гўшт учун кичикроқ бир гўсала юборасизлар, — дебди. Совчилар бу воқеани келиб йигитнинг ота-онасига айтишибди. Чол-кампир:
— Бисотимизда бор-йўғи бир инак бор. Хайр, майли, инакни сотамиз, майда-чуйда оламиз, гўсалани гўшт учун берамиз, — деб рози бўлиб, айтилган нарсаларни тўғрилаб, совчилардан бериб юборишибди.
Орадан уч кун ўтгач, тўй бошланиб кетибди, палов дамланибди. Борган кишилар тўйни ўтказиб қайтишибди. Куёвни қизнинг ёнига — чимилдиққа олиб киришибди. Қиз томон куёв олдига чимилдиққа нарсалар тортиқ қилишибди. Бири биринчдан қилинган сут солинган ширбиринч, бири тухум, бири  ширмойи кулча, шунга ўхшаш яна бири варақи. Бу нарсалар билан келин ва куёвнинг олдилари чош бўлиб кетибди. Шундан кейин эртаси куёвнинг ҳовлисига келишибди ва у ерда ҳам шу маросимлар — чимилдиқ, овқат, хуллас, келин ҳовлисида бўлган ҳаммаси куёвнинг ҳовлисида ҳам такрорланибди.
Тўрт кун ўтибди ҳамки, келин уйдан чиқмасмиш, ўн кун ҳам ўтибди, қайнона ишини енгил қилиш ўрнига келин уйдан чиқмай ётаверибди. Орадан икки ой ўтибди, келин ҳеч бир ишга қўл урмасмиш. Чол ва кампир маслаҳат қилишибди:
“Келин қилдиг-у, ҳали ҳам ҳар куни ҳовлини ўзим супураман, келин қилиб нима кўрдик, — дебди кампир. Чол айтибди:
— Эрталаб туриб сен ҳовлининг юзини супуравер, мен бораманда, “Менга жўропни бер, ўзим супураман”, дейман. Сен бўлсанг, “Йўқ, ўзим супураман”, дейсан, орада жанжал кўтарамиз. Қани, келин нима дер экан.
Шу йўл билан бир куни эрталаб чол-кампир жанжаллашиб қолишибди. Бир вақт келин уйдан чиқибди-да:
— Нима гап? — дебди. Шунда чол:
— Бечора кампир ҳар куни эрта билан ҳовли ишларини қилиб чарчабди. Беллари эгри-бугри бўлиб қолибди, шунинг учун “жўропни менга бер” десам, “йўқ ўзим супураман” деб бермаяпти, — деса, келин:
— Шунга ҳам жанжалми, бир кун бировингиз супуринг, иккинчи кун бировингиз супуринг, — деб, қайтиб ичкарига кириб кетибди.
Шундай қилиб, чол билан кампирнинг аҳволи шу тариқа ўзгармай қолаверибди.