Ақлли бола

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир эр-хотин бор экан. Уларнинг битта-ю битта ўғиллари бор экан.
Бир куни хотин оғир касал бўлиб, ўлиб қолибди. Ота-бола жуда қийналиб қолишибди. Охири боланинг отаси уйланибди. Олган хотини жуда ёмон экан, ўгай ўғлини ўтирса — ўпоқ, турса — сўпоқ деб чиқиштирмас экан. Уни доим отасига ёмонларкан. Ниҳоят у, “болангни йўқотсанг, кейин турмуш қиламан”, деб туриб олибди. Боланинг отаси нима қилишини билмай, ўғлини бир дўстиникига олиб бориб:
— Ўғлим шу ерда яшаб турсин, мен ёрдам бериб, хабар олиб тураман, — дебди. Кейин эр-хотин яшайверишибди.
Бир куни улар меҳмонга бормоқчи бўлишибди. Қарасалар, тугунни кўтарадиган бирор кимса йўқ. Шунда хотин эрига:
— Ҳозир бола бўлганида эди, тугунимизни олиб боришарди. Энди қандай кўтариб кетамиз, — дебди. Бола эса отасини соғиниб кўргани келган экан, уйнинг орқасида туриб бу гапларни эшитибди ва:
— Мен кўтаришиб олиб бораман, — дебди. Хотин ҳайрон бўлиб:
— Меҳмонга ҳам ҳеч сенсиз бормас эканмиз-да, ҳеч тинчитмас экансан-да, — деб уришиб берибди.
Бечора бола эса:
— Сиз ҳозиргина бола бўлганида, тугунни олиб борарди, дедингиз-ку. Мен бўлмаганимда ўзингиз қийналиб қолар эдингиз-ку! — дебди.
Охири қўлига тугунни бериб, болани ҳам меҳмонга олиб кетишибди. Меҳмондан келишса ҳам, лекин болани ҳеч уйидан кетгиси келмабди. Хотин қанча зўрласа ҳам, ҳеч кетгани унамабди, уйда қолибди. Ўгай она эса ҳар куни эрига “болангни йўқот” деб жанжал қилаверибди. У ноилож ўғлини бир бойга, умрбод хизматкорликка берибди. Эр-хотин яна ёлғиз ўзлари қолишибди.
Кунлардан бир кун хотин касал бўлиб қолибди. Эри эса иш билан чиқиб кетган экан. Хотиннинг боши оғриб, унга бир пиёла чой дамлаб берадиган одам бўлмабди. Шунда “қани энди, ҳозир бола келиб қолганида бошимни босиб қўярди, бекорга ҳайдаб юборибман-да”, деб ўйлаб ётаверибди. Бола эса уйини, отасини соғиниб, ҳар куни бир мартадан келиб, ҳовлининг атрофида айланиб кетар экан.
Бола бу гал келганида ҳам яшириниб турган экан, ўгай онасининг инқиллаб ётганини эшитиб қолибди. Уйга кириб қараса, ўгай онаси касал ётганмиш. Бола “салом” бериб, дарров иш қилишга тушиб кетибди. Човгумда чой қўйибди, уй юмушларини қилибди, ён атрофни тозалабди. Кейин ўгай онасининг бошини уқалаб ўтирибди. Шу пайт отаси келиб қолибди. У ўғлини кўриб қувониб кетибди. Хотинига қараб:
— Кўрдингми, бола бизга доим керак бўлади. Уни сен доим бошингга иш тушганда, эслаб қоласан, бошқа пайт эса “йўқотинг” дейишга тушасан. Бўлди, энди бундан кейин ўғлим ҳеч қаерга кетмайди, шу ерда бизлар билан бирга яшайди, — дебди.
Касал ҳолида ҳам ўгай она яна эътироз билдириб:
— Йўқ, бу ерда яшамайди. Ҳар куни кундузи келиб, уй юмушларини қилиб кечқурун қайтиб кетсин, — дебди.
Аммо боланинг ҳеч ўз уйидан кетгиси келмас экан. У яна ялиниб-ёлвориб шу ерда қолибди, Ўгай она бутунлай соғайиб кетгач, яна “болани йўқот” деб ҳадеб жанжал қилаверибди. Боланинг отаси ҳеч унамабди. Бола бир куни отаси билан ўгай онасининг кечаси уришишаётганини эшитиб қолибди. Ўгай онаси:
— Бугун кечаси ўғлингизни ариққа оқизиб юборасиз. Ухлаб ётганида кўтариб, сувга ташлаб юборсангиз, оқиб кетади, — деяётганини бола эшитиб қолибди.
Ярим кечада бола ўрнидан туриб қараса, отаси ҳам, ўгай онаси ҳам қаттиқ уйқуда. У ўгай онасини секин кўтариб олиб, ўзининг ётадиган ўрнига ётқизибди. Устини эса кўрпа билан ўраб ташлабди. Ўзи эса ўгай онасининг жойига ётиб олибди ва ўзи ҳам устини кўрпа билан ёпиб олибди.
Отаси кечаси туриб, “Энди қандай қилиб ўз ўғлимни сувга оқизиб юбораман? Агар уйқусираб сувдан чиқа олмаса оқиб кетадими?!” деб ўйлаб роса куйинибди. У битта-ю битта ўғлидан ажралишни ҳеч истамабди. Лекин бажармасликка эса хотинидан қўрқибди. Охири кўзини чирт юмиб, ўғли ётган жойга борибди-да, уни кўрпа-нўрпаси билан кўтариб келиб, сувга оқизиб юборибди.
У ўғлини сувга оқизиб юборганига ачиниб, ўзини-ўзи сўкиб, роса йиғлаб ўтирибди. Кейин келиб ўз ўрнига ётибди.
Эрталаб туриб қараса, ўғли уй ишларини қилиб юрган эмнш. Шунда бола бўлган воқеани отасига айтиб берибди. Ота-бола ўгай онадан қутулганларига қувониб, бундан кейин ўзлари бахтиёр яшайверишибди.