Ақл ва бойлик

Бир чолнинг тўрт ўғли бор экан. Бир куни чол: — Ўғилларим, мен қариб-қартайиб қолдим, — дебди. — Орангиздан биттангиз оила бошлиғи бўлишингиз керак. Кимки ақлли ва давлатманд бўлса, у менга меросхўр бўлади. Ҳар қайсингиз менга ақлли ва давлатли эканлигингизни кўрсатинг.
Энг катта ўғли зумрад кўзли олтин узук таққан қўлини узатиб, дебди:
— Мана бойлигим, бой одамда ақл ҳам бўлади. Иккинчи ўғли зарбоф чопонини кийиб кўрсатибди:
— Шу пайтда мени кўрган киши бойлигимга ва ақлимга қойил қолади, — дебди.
Учинчи ўғли кумуш ва жавоҳирлар қадалган камарини белига боғлаб, дебди:
— Ҳеч ким умрида бундай камарни кўрган эмас. Чол бошини чайқаб, катта ўғилларига бир нима демабди. Кенжа ўғлига қараб:
— Нега сен индамайсан? Сен қайси бойлигинг билан мақтанасан? — дебди.
— Менда зумрад кўзли узук ҳам, зарбоф чопон ҳам, қимматбаҳо камар ҳам йўқ. Лекин меҳнаткаш қўлим бор, ботир юрагим, ақлли бошим бор, — дебди.
Кенжа ўғлининг жавоби чолга ёқибди, бор-йўғини унга мерос қилиб қолдирадиган бўлибди. Катта ўғилларига эса унинг гапидан чиқмасликни тайинлабди.