Ақл билан бахт

Ақл билан Бахт дўст бўлишибди. Бир куни иккиси чойхонага кириб, чой ичишиб, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришса, кўчадан бир ўтинчи ўтибди.
Ақл:
— Шу бечоранинг ҳам бахти очилиб, бола-чақасини бемалол боқадиган куни бормикан, оғайни. Сиз шу ўтинчига ҳам бир қиё боқиб қўйинг, — дебди.
Бахт:
— Шу камбағал ҳам ўз бахтини топсин, — деб ўтинчига бир тикилибди.
Орадан бир неча кун ўтгач, ҳалиги ўтинчининг бахти келиб, подшога вазир бўлиб қолибди.
Ўтинчи подшо саройида яхши хизмат кўрсатиб, ҳаммага маъқул бўлибди. Вазирлар уни подшога гуноҳкор этиб кўрсатиш, йўқ қилиш йўлини ахтарибдилар. Бир вазир ўтинчи вазирга айтибди:
— Эртага подшо бир қанча меҳмонларни чақиради. Подшо маст бўлади, шунда сен подшонинг бошига бир ургин, сенга биз бир лаган тилла берамиз, — дебди. Ўтинчи вазир рози бўлибди.
Эртасига подшо саройига меҳмонлар йиғилишибди. Ичкилик ҳам қизибди. Подшо маст бўлиб қолганида, ҳалиги ўтинчи вазир ўрнидан туриб келиб подшонинг калласига бир солибди. Подшо тахтдан ағдарилибди, бошидаги тожи бир томонга учиб кетибди, шунда жаҳл билан:
— Жаллод! —дебди. Жаллод келибди. Вазирни ўлимга буюрибди. Шунда ўтинчи вазир:
— Тақсир, нима учун мени ўлимга буюрасиз, аввал қаранг-чи? — деб югуриб тожни қўлга олса, унда бир катта чаён ёпишиб ётган экан.
— Агар мен ўрнимдан туриб тожингизни бошингиздан улоқтириб юбормаганимда, сизни у чақиб ўлдирар эди. Шу қилган яхшилигим учун мени ўлимга ҳукм этасизми? — дебди.
Бу ишдан хурсанд бўлган подшо ўтинчи вазирга муҳаббати янада ошибди, катта мукофот берибди, мартабасини улуғлабди. Ўтинчи вазирни ишга солган вазир уялиб, шарманда бўлиб қолибди. Шундай бўлса ҳам ҳалиги ичи қора вазир бир эмас, бир кун ўтинчи вазирни йўқ қилиш пайига тушибди. Яна уни алдаш йўлига ўтибди.
— Оғайни, — дебди у, — сенга биз катта мукофот берамиз, яқинда подшо саройида катта ўтириш булади. Шунда сен унинг белига бир тепгин, — дебди. Ўтинчи вазир “хўп” деб, катта мукофотни олдиндан олибди, ўша кунга етиб ҳам келибдилар. Подшо саройида базм, ҳамма ичкилик ва овқат билан овора. Подшонинг боши қизиганда ҳалиги вазир ўрнидан туриб келиб, подшонинг белига қараб бир тепибди. Подшо тахтдан ағдарилиб ерга тушибди.
— Жаллод, белимга тепган вазирни осинглар! — дебди подшо.
Шу пайт тахтнинг тепасидан, шипдан бир тахта синиб тушган экан. Подшо йиқилиб, тахта зарбидан омон қолган экан.
— Ана, кўрдингизми, тақсир, мен сизни иккинчи марта ўлим фалокатидан қутқардим. Агарда сиз тахтда ўтирганингизда тахта бошингизга тушиб, белингизни ҳам синдириб кетар эди. Энди омон қолдингиз, яхшиликка ёмонликми? — дебди.
Шунда подшонинг меҳри жўш уриб, ўтинчи вазирни ўзига биринчи вазир этиб олибди ва кўп мукофотлар берибди.
Ақл ва Бахт бу ишларнинг тепасида турган экан. Бахт:
— Агарда мен шу йигит қошидан кетсам, у ҳалок бўлади, — дебди.
Ақл ишонмабди. Бояги ичи қора вазир яна ишга тушибди. Ўтинчи вазир яна уларнинг шартига кўнибди. Бир кун подшо олдида ўтириб:
— Тақсир, гулингиз шохига булбул келиб қўнди, — дебди. Подшо:
— Бу нима деганинг? — деса, вазир:
— Тақсир, гул деганим, соқолингиз, булбул деганим, соқолингизга ёпишган нон ушоғи, — дебди. Бу сўзга подшонинг жаҳли чиқиб:
— Сен ҳали менинг соқолимни гулга ўхшатдингми? — деб, “жаллод”, — дебди. Жаллод келибди.
— Вазирнинг калласи олинсин! — дебди подшо. Жаллод ўтинчи вазирнинг калласини шартта кесиб ташлабди.
Бахт Ақлга айтибди:
— Ана, кўрдингизми, дўстим, инсоннинг ақли билан бахти доимо бирга бўлиши керак. Агар улар бир-биридан ажралсалар, у вақтда ўтинчи вазир ҳолига тушиб қоладилар. Шунинг учун ҳар бир кишига ақл билан бахт берилсин. Улар ҳаётда инсонга доимо йўл бошловчи раҳнамо бўлсинлар, — дебди.