Зоҳиджон Холов (1986)

Зоҳиджон Холов 1986 йилнинг 17 октябрида Паркент туманида туғилган.
У 2003 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Зоминда ўтказилган истеъдодли ёш ижодкорларнинг 7-анъанавий Республика анжуманда иштирок этган. Шу йили “Камолот” ЁИҲ ташкиллаштирган “Истеъдод — 2003″ кўрик-танловида шеърлари юқори баҳоланиб, “Моҳир ижодкор” номинацияси бўйича 1-даражали диплом билан тақдирланди.
ЎзДЖТУнинг Халқаро журналистика факултетини тамомлаган.
Журналистика соҳасида расман фаолиятини 2006 йили “Соғлом авлод» республика газетасида бошлади.
2007 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг қисқача сўзбоши билан “Оламвор орзулар” номли илк шеърий тўплами чоп этилди.
2007 йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказилган Республика танловида Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси совриндори бўлди.
Зоҳиджон айни кунда “Маърифат” (2008) газетасида ишлаяпти.

ДEБОЧА

Эҳтимол эртакдир танлаган роҳим,
Эҳтимол ёлғоннинг тошдандир жони.
Бир лаҳза бўлса ҳам тириклик чоғим
Пок кўрмоқ истайман кўҳна дунёни.

Меҳр кўзларидан ёш оқар мунг-мунг,
Битта томчисини бир муддат илло
Тўхтатиш келмаса ожиз қўлимнинг
Қалам ушлашга ҳам ҳаққи йўқ асло.

Адолат — ғамгусор, дардлари узун,
Гумонлар куйдирар жону жисмимни.
Бир бор кулдирмасам ҳақиқат юзин
Тилга олиш — уят менинг исмимни.

Кўнгилга таслимдир шуурий тилсим,
Ёшлик вужудимда гуллаган маҳал…
Бош кўтариб юрсам, бошим кесилсин,
Ишқдан ўзим учун қўймасам ҳайкал.

Муҳаббат — изтироб, ранж, қайғу, зафар,
Осмондан тушган ул саодат — ғирром.
Ҳижронлар ўтида тобла, эй дилбар,
Заҳматсиз келган бахт — мен учун ҳаром.

7.03.2006

ЁЛҒОНЧИ ШАББОДА

Айтишларича, Напалеон Бонапартни
яқинлари “Жаноб, туринг, сизни
буюк ишлар кутяпти!”, дея уйғотишар экан.

Айт-чи, нима кўрдик дунёга келиб,
Кузларни етаклаб йиллар ўтмоқда.
Тонг чоғи шивирлар шаббода елиб:
— Туринг! Сизни буюк ишлар кутмоқда!

Бир хил ҳолат бўлгай меҳмонинг ҳар кун,
Бир хиллик синдириб синар бардошинг.
Ҳеч нарса ўзгармас, яшарсан беун,
Фақат умринг нурар, ўзгарар ёшинг.

Буюклик ахтариб кезарсан сарсон,
Наҳотки алдаган қурғур шаббода?!
Асли олам ичра бир нуқта инсон,
Қанчалик юксалса — шунчалик содда…

На метин қонун бор, на чин ақида,
Лаҳзалар қаршингда чопар беписанд.
Ҳар кун сўзлашасан одам ҳақида,
Одам деб аталган сукунат билан…

Қалбинг тўла оппоқ орзулар — лим-лим,
Елкалаб юрарсан лек ташвишларни.
Мен кимман?
Сен кимсан?
Биз ким? Биз — ҳеч ким!
Буюк қўллар қилар буюк ишларни!

Дод солмоқ истарсан тўрт томон гирён,
Оҳ билан қалқитиб бўлмас фанони.
Шунда коинотда тузиб кенг майдон,
Копток қилиб тепгинг келар дунёни.

Лол бўлмасин дарддан кўкси куюклар,
Шаббода янглишди уйғотиб бизни.
Ғафлат босиб ухлаб ётмас буюклар,
Ухласа ҳам очиб ухларлар кўзни…

Айт, нелар кўрмадик дунёга келиб,
Кузларга қоришиб йиллар ўтмоқда.
Тун чоғи шивирлар шаббода елиб:
— Ухланг! Сизни буюк тушлар кутмоқда!

27.08.09

СУНБУЛА

Сумбулаю, сунбула
Нетай, кўксим ёнмоқда.
Севиб туриб бевафо
Севгисидан тонмоқда?!

Сумбулаю, сумбула
Кел, пойингга бош урай.
Жажжи япроқларингга,
Юрагимни яширай.

Сумбулаю, сумбула,
Додимга етар борми?
Мен билан жаннатларга
Бош олиб кетар борми?

Сумбулаю, сумбула,
Ёрсиз умрим тамом-ку?!
Кетсам дўзаҳ, аросат —
Жаннатлар ҳам ҳаром-ку?!

Сумбулаю, сумбула,
Ҳижрон менинг йўлимдир.
Ишқли ўлим — ҳаёту,
Ишқсиз ҳаёт ўлимдир!

2008

СЎЗ

Руҳим самоларга бўйлаган,
Сўз — савобим,
Сўз — тотли ошим.
Фақат ҳақиқатни куйлаган
Тилим кўкка кўтарар бошим.

Соврилмасми ҳавога очун,
Топилмаса ёлғонга малҳам?
Ҳақиқатнинг висоли учун
Барча шоир қурбон бўлса кам!

Тўғриликка берилмай мансаб,
Сийламаса ростгўйни замон.
Қулоқ билан кўрару, ажаб
Тили билан югурар ёлғон.

Юзлашмоқ-чун олий бахт билан,
Камлик қилар биргина тилак,
Камлик қилар шунчаки истак —

Эътиқодни муҳрлаб дилга
Фаришталар шаклига кирган
Шайтонларни фош қилмоқ керак!

Руҳим она-Ерга бўйлаган,
Сўз — гуноҳим,
Сўз — чайнар тошим.
Фақат ҳақиқатни куйлаган
Тилим кўкка кўтарар бошим…

19.10.2005

БОРЛИГИНГЧА СEВАМАН

Эй она-Заминнинг машъали, қалби,
Эй хаста кўнглимда кўкарган чаман.
Дўстини пуллаган таъмагир каби,
Сени унвон учун севмайман, Ватан.

Ҳавоий сўзларга йўқ менда ҳавас,
Ва зарра камситиш хоинлик, зотан.
Токай оларканман бағрингда нафас,
Сени борлигингча севаман, Ватан.

Нафс сиртмоғида депсинар олам,
Халқлар юксалмоқда зўр шиддат билан.
Сен ҳасадга йўқсан ва ҳавасга ҳам,
Ўша йўқлигингча севаман, Ватан.

Меҳрим талош бўлар айтсам ошкора,
Айтмасам дилимни тилкалар тикан.
Осмоний ҳисларга қилмай назора,
Англаганим каби севаман, Ватан.

Гарчи она каби номинг муқаддас,
Гарчи фарзандингман, эй азиз Маскан.
Сени онам эмас, отам деб эмас,
Ўзбекистоним, деб севаман, Ватан.

5.01.2006

ЁМҒИР

Алданганми, зор йиғлар осмон,
Кипригимда томчилар оғир…
Дарддан зада, қайғуга ошён —
Юрагимга санчилар ёмғир,
Санчилар ёмғир…

Бўғзим ичра ёнар қўрғошин,
Зил кўксимда туйғулар оғрир.
Ўҳ, ўз қўлим муштлаган бошим,
Билмам нега сийпалар ёмғир,
Сийпалар ёмғир…

Тор дунёнинг тўрт томонида,
Хиёнатлар ёйган кенг томир.
Нопокларнинг кир товонида
Асролмайман янчилар ёмғир,
Янчилар ёмғир…

Умр — бир қур телбалик дарси,
Вужуд — аввал, руҳ эса охир.
Номардларнинг касофат касрин,
Ёғар ювиб фаришта ёмғир,
Фаришта ёмғир…

Сен самовий ҳур, инжа ҳилқат,
Ҳар қатрангда Ҳақ васли зоҳир.
Кел, томчингда ўлдир-у фақат,
Томчиларга кўм мени ёмғир,
Кўм мени ёмғир…

2005

* * *
Мен туғилмаганман!
Бу макру фириб,
Туғилсам яшаган бўлардим ахир.
Эҳ шунчаки менинг шаклимга кириб,
Яшаётган менмас, зўравон тақдир…

Мен ҳеч ким!
Одамга ўхшайман фақат,
О руҳ, кечир мени бўлолмам эркин.
Қўй йиғлама, юрак, шу экан қисмат —
Тақдирнинг абадий ҳукмида эрким…

Мен туғилмаганман!
Шу бўлса очун,
Орзуларим эрмак, туйғулар абас.
Ё Раб, сўроғим бор. Жавоб бер. Нечун
Маним маним мандан иборат эмас?!

Ўҳ тақдир,
Қиёфанг бунчалар турфа,
Қулман. Нетай куч йўқ сени енгишли…
Ютуқлар, шубҳасиз, сен элтган туҳфа,
Хатоларнинг бари менга тегишли.

Лаҳза ҳам тинчлик йўқ фано мулкида,
Ҳар дам чўнг ҳавотир кўнглимни ғашлар.
Ҳа! Мен ўйинчоқман тақдир илкида,
Ёқмай қолган куним бурдалаб ташлар.

2006

ЕТМИШ ЙИЛ…

Етмиш йил…
Қўлингдан тушмади кишан,
Етмиш йил…
Қарғадинг қаттол темирни.
У — сенга қўриқчи,
Сен — унга душман!
Сени у, уни занг кемирди…

Етмиш йил…
Оёқлар тепкилаб ўтди,
Етмиш йил…
Тупуклар сачради юзга…
Сени ҳар кун, ҳар тун ўлимлар кутди,
Умринг баҳорида йўлиқдинг кузга…

Етмиш йил…
Дийдорин қизғанди осмон,
Етмиш йил…
Истадинг бир қатим зиё.
Сени қул этдилар, қолгани ёлғон,
Озодлик туш эди,
Озодлик рўё!

Етмиш йил…
Тик туриб ухладинг бедор,
Тескари учбурчак эди ётоғинг.
Етмиш йил…
Бетонга тиралиб ночор,
Илдиз отиб кетди ерга оёғинг!

Етмиш йил тугади!
Кишан ечилди!
Ҳур саболар эсди тўрт томонингдан…
…Айрилгандек қақшаб йиғлагинг келди
Етмиш йиллик ёлғиз қадрдонингдан.

Ҳадиксираб қолдинг ҳурлик отидан,
Ўҳ, бу не кўргулик?
Қандай ҳақорат?
Қўлларинг… чўзилиб қолди ортидан,
Сен… кишанга меҳр қўйгандинг!
Даҳшат!!!

15.09.2006

ЛИЛИЖОН
(Халқ оҳангида)

Оҳ Лилижон, Лилижон,
Юрагим қон, дилим қон.
Менинг бор-йўғим — алам,
Бутун вужудим — исён.

Оҳ Лилижон, Лилижон
Бир бор ёнмай, куйдим-а.
Гулдек нозик қалб билан
Тошюракни суйдим-а.

Оҳ Лилижон, Лилижон
Мен қайда, сен қайдасан?!
Йиллар қайтди ортига,
Айт, сен қачон қайтасан?

Оҳ Лилижон, Лилижон,
Сен самосан, мен-чи ер.
Қуёшингда музлатдинг,
Исинай қорингдан бер.

Оҳ Лилижон, Лилижон,
Севгим топмас ниҳоя.
Мени бахтли қилиш-чун,
Битта бўсанг — кифоя!

КЎНГИЛ АРШИ

Кўксим денгизида ўсган, нилуфар,
Ҳарир фариштасан, оҳанрабосан.
Не-не ошиқ тўкмиш пойинг уза зар,
Сен тамом бефарқу
ҳам бепарвосан.

Сувдаги аксингга бўлиб маҳлиё,
Гўё унутгансан борлиқни буткул.
Аммо қуёшманзар таратиб зиё,
Дунёни ўзингга чорлайсан нуқул.

Сени истаб келар олис эллардан,
Девоналар васлинг шайдоси бўлиб.
Ҳуснинг бож ундирар асов йиллардан,
Умрингнинг серғалва савдоси бўлиб.

Сузиб кетаяпмиз минглаб ошиқлар,
Муҳаббат наҳрида оқимга қарши…
Руҳ танни сипқориб сенга ошиқар,
Сен — сўнгги манзилсан,
кўнгилнинг арши!

Йиллар шафқат билмас,
умр — саросар,
Кўйингда мажнунлар телбариб сўлди.
Мен-ку, сенга етиб боргунча, дилбар
Кўзларингга чўкиб кетмасам бўлди.

25.12.2008

ШEЪРИЙ ТОРТИҚ

Шубҳасиз, дунёда сен — бир, ягона,
Сен бор: кунларимни бахт тарк этмайди.
Бу кун-ку байраминг, эҳ найлай, она,
Энг қиммат совғага пулим етмайди.

Қачон табрикладим сени сўнгги бор,
Мана, эслолмайин ортар хунобим.
Ҳар кўкламда тинглаб янги бир ашъор,
Мендан гул олмаган қиз йўқ, ҳисоби.

Сендан бўлак дўст йўқ — борлари юзсиз,
Ўзингдан ўзгага йўқдир керагим…
Юрарман шаҳарда бепарво, ҳиссиз,
Ёстиғинг тагида қолган юрагим!

Ётларга соатлаб сўзларман ўйчан,
Билмам сен-ла қачон қурганим суҳбат…
Бирдек қаршилайсан борсам ва дейсан:
“Тинч юрсанг, мен учун шу катта туҳфа!”

Хабардор бўлдимми тунлар тўлғонсанг,
Сўнг марта айт, қачон сўрадим кўнглинг?
Наҳот совға билан қадринг ўлчанса,
Шунчалар пасткашми шонпараст ўғлинг?!

Савобмас гуноҳим кўпайган заҳот,
Юз буриб олади фаришталар ҳам…
Аммо сен содиқсан бир умр, ҳайҳот —
Она, онагинам, онам-а, онам!

Бугун тўлар дунё мадҳу яллага,
Бугун оналарни қутлайди борлиқ.
Бу шеърни алмашмам бир қоп тиллага,
Лек сенга чин дилдан қиламан тортиқ.

Она!
Онагинам!
Онам-а!
Онам!

07.03.09

РИНДОНА

Севдим, аммо севилмадим бирор қизга,
Ўполмадим лабидаги ҳандасидан.
Бир сирим бор, қулоқ тутинг айтай сизга,
Худо мени қизғонади бандасидан.

Қувончимга тушов солар гуноҳларим,
Оҳ-воҳларим гуноҳимга гувоҳларим…
Билиб қўйсин ўшал танноз гулмоҳларим,
Худо мени қизғонади бандасидан.

Тушларида ғулу солгум дилчасига,
Бир кун исмим жон киритиб тилчасига,
Қизлар кўнглин ёпар қўшиб кулчасига,
Худо мени қизғонади бандасидан.

Қизғонгандан қўймас мени заҳматга ҳам,
Ишонмайди баъзан бахту омадга ҳам,
У дунёда… балки бермас жаннатга ҳам,
Худо мени қизғонади бандасидан.

Бандаси ким?
У уч кунлик ўтар меҳмон,
Бандасига меҳрим тўкиб, топдим ҳижрон.
Энди қалбда икки олам шоҳи Раҳмон —
Худони мен қизғонаман бандасидан!

09.04.09

МУЗҚАЙМОҚ

Дунё — бир омонат, нотинч бошпана,
Қонли чангалларда талашдир ҳамон…
Шундоқ дунё билан иши йўқ, мана
Мириқиб музқаймоқ ялар болажон!

Ёруғ кун кўрмаган қувғин эзгулик,
Бола кафтларида топгандек паноҳ…
Наҳот катталардан тортмайди ҳадик,
Масъум кичкинтойдан қўрққан
шум гуноҳ?!

Катталар… ҳирсибад нафсига банди,
Ҳушин ўғрилаган шайтоний шева…
Отаси… дунё деб жангга кирганди,
Онаси… дунё деб қолмоқда бева!

Боласи… музқаймоқ ялар ҳотиржам,
Поклик иси тутган митти жисмини…
Музқаймоқ кўрсатса талпинар илдам,
Ўзин-ку танимас, билмас исмини!

Жажжи бармоқлари оҳиста силаб,
Қучоғига босар ўйинчоғини…
Авайлаб ялайди тилчаси билан,
Бурни тавоф этган музқаймоғини…

Гўдак нигоҳидан жавоб излаюр,
Кўнглимга санчилган фиғону додлар…
Борлиққа эгалик қилмоқ истаюр
Шу мишқи болача фикри йўқ зотлар!

Юзингизни бурманг нуру зиёдан,
Оқланг руҳингизни ипак толадай…
Сизга ибрат бўлсин шундоқ дунёдан
Музқаймоғин афзал билган болакай!

26.05.2009

КУЙДУРДИ

Мени турфа ишқ рангининг
қаролари куйдурди,
Қаро туҳфа этган кўзлар
шаҳлолари куйдурди.

Қирқта киприк, қирқта кокил,
қирқта жон бир қизда жо,
Ўҳ, йигитлик ичра бари
танҳолари куйдурди.

Ўзим сайлаб, ўзим суйиб,
андин истаб бир вафо,
Ай, на қилай, ҳар лаҳза минг
жафолари куйдурди.

Армон аро адо бўлган
тийра, нигун кўксимни,
Орзуларнинг сўнгсиз самум
саҳролари куйдурди.

Эй Зоҳиджон, товбаларга
асир тушган умрингни,
“Севмайман!” деб гулнинг қилган
хатолари куйдурди.

2005

АЁ ДЎСТИМ

Кўҳна туйғу савдосидан сўйлар ишқий масал лаблар.
Ўз сўзидан уялиб сўнг қизаргайлар ял-ял лаблар.

Аё дўстим, ул санамнинг кўзу қошу белидан ҳам,
Гўзалроқдир бир табассум ҳадя этса ўшал лаблар.

Ўпиб, тишлаб, сўриб новвот каби ҳолин билар бўлсанг,
Сенинг-чун лаззати жонон асалдан-да асал лаблар.

Дема, ёрни ибодин бехабар бир нозанин, тарсо
Икки нуқта ҳаё шакли, икки мисра ғазал лаблар.

Саф чекиб ул садафлар тек турар гулюз кулиб қўйса,
Қош чимирса ганжи дурин айлар жамлаб қамал лаблар.

Бу лабларда назокат бор, нафосат бор, ҳарорат бор,
Тутиб ногоҳ олов бўса, ўлдиргай беажал лаблар.

Қатлдан ғунчадек титраб босар ошиқ лабин аста,
Ва бахш этгай қайтадан жон, ки тақдири азал лаблар.

Ул Зоҳиджон овворадур неча йилки ёр ҳажрида,
Басе, роз айтмаса бу гал қилар умрини ҳал лаблар.

ИЛТИЖО

Менга ёр бергин, Худо
Ҳусни тўлин ой бўлсин,
Ибою ҳаёсида
Жаннатий чирой бўлсин.

Фариштадек қоматин
Иффатига яширса,
Ишқдан лиммо-лим кўксим
Ўшал гулга пой бўлсин.

Райҳон ифорин сочиб
Оромбахш нозлари-ла
Бўлса зебу зар эмас,
Ақлу ҳушга бой бўлсин.

Туриб собит вафода,
Садоқатда беназир.
Юрагида бир умр
Фақат менга жой бўлсин.

Бахтдан қурган йўлимиз
Жуфтимнинг, аё Раббим,
Қуёшга соя солган
Сочи мисол сой бўлсин.

Кун келиб, ўтиб замон
Фарзандалар даврасида
Меҳрин қўшиб тутгани
Бир пиёла чой бўлсин.

16.04.09

ЁР-ЁР

Далли дардда девонаман,
Девонаман, ёр-ёр.
Бору бурдга бегонаман,
Бегонаман, ёр-ёр.

Йўлим тўсма, эй нотавон,
Эй сен ғофил аҳли зуҳд.
Мен тошларнинг фиғонидан
Ҳайронаман, ёр-ёр.

Фалакдандур бу наволар,
Бу фарёду нидолар.
Зикр айлаб исмин гирён
Айлонаман, ёр-ёр.

Кўзим очсам турфа гумроҳ
Сажда айлар нафсига.
Вужуд ичра руҳи куйган
Вайронаман, ёр-ёр.

Даҳри дуннинг зардасидан
Зарбасидан қон дил,
Фоний аро ҳажр ўқига
Нишонаман, ёр-ёр.

На бировдан меҳр кўрдим,
На вафою садоқат.
Энди кимга ишонаман,
Ишонаман, ёр-ёр.

Ўн саккиз минг оламга Ҳақ
Ўшал Котиби қудрат
Ошиқ дея қисмат битган
Пешонаман, ёр-ёр.

* * *
Бу не қаҳр, бу қандай ғазаб,
Вужудимни этди карахтлар.
Қор остида қолди, во ажаб,
Эрта гуллаб қўйган дарахтлар.

Тиш қайради Қоработир — қор,
Лаб кулги-ла учрашган пайти.
Қарғаларга жон кирди такрор,
Қалдирғочлар ортига қайтди…

Ер кўксига санчилди бехос,
Кўкдан ёққан минглаб найзалар.
Оқ зулматдан ўранди либос,
Бош кўтариб чиққан майсалар.

Капалакни совуқ музлатди,
Гул пойида қотди чўкиб тиз…
Капалакни совуқ музлатди,
Мени эса…
музлатди бир қиз.

Севдим!
Излаб нигоҳидан эрк,
Афсус, поймол бўлди тилагим.
Эрта гуллаб қўйган дарахтдек,
Қор остида қолди юрагим…

25.08.09

* * *
Биз агар меҳмон бўлсак, ким эрур мезбон бунда?
Биз агар мезбон бўлсак, ким эрур меҳмон бунда?

Етти қават самодан нигоҳ ташлаб Муаллим,
Толибларин бирма-бир қилар имтиҳон бунда.

Кимнидир айлаб гадо синар, этар хору зор,
Кимнидир султон сайлаб, улашар даврон бунда.

Гоҳи дўст, гоҳи ағёр панд берар йўлда мудом,
Кулфат, ғаму саодат ҳануз ёнма-ён бунда.

Бевафо ёрдек кулиб жон олар маккор фано,
Осийлар шўху хандон, оқиллар гирён бунда.

Дарди ишқдан мосуво руҳидан лоллар эмас,
Кўпдурур ўз жамолу ҳуснига ҳайрон бунда.

Аслу наслинг тупроқ дер, тупроқ дер ибтидонг ҳам,
Умр ўтиб, шу тупроқ интиҳо ошён бунда.

Саф-саф бўлиб келарлар, саф-саф бўлиб кетарлар,
Ё Раббано, борми айт, Ҳазрати инсон бунда?

Ҳар нафасда бир жумбоқ, лек жавоб йўқ мукаммал,
Қай тошга бошин урсин, билмас Зоҳиджон бунда…

2.09.09

* * *
Қиз уйига совчилар келар,
Қизингизнинг бўйи етди, дер.
Она хурсанд, қувончга тўлар,
Атрофида айланади Ер…

Қиз уйига совчилар келар,
Келаверар такрор ва такрор.
Ота хурсанд, кўксини керар,
Қиз чўк тушиб йиғлайди зор-зор…

Ғолиб қайтар совчилар изга,
Бошланади қудалик фасли.
Тўпланишар янгалар… қизга
Ўтилади келинлик дарси.

Кўрпа тикар момолар — одат,
Ташвиш бўлар сарполару сеп…
Сўрашмайди қиз кўнглин фақат,
Сўрамайди “Севасанми?”, деб.

Қиз пойига ёзилар гилам,
У сўз айтмас, йиғлайди бетин.
Эртага тўй — эртага байрам:
Кимдир куёв, қиз эса келин!

Мен эса… Мен эса… Ҳеч ким!

4.11.2005


БИЗЛАРНИ ҲАМ СОҒИНАРМИКАН?

Эй ёлғиз қаровсиз, ташландиқ дарахт,
Кўпдан сени қушлар йўқламай қўймиш.
Мендан-ку аразлаб яшаяпти бахт,
Қучоғига босиб ҳижронлар тўймиш.
Нима деб ўйлайсан, сўйла дарахтжон,
Капалак қанотин этиб соябон,
Кимдир бизларни ҳам соғинармикан?

Йилларни қолдириб ўз бекатида ,
Умр отлиқ улов елиб борадир.
Ишқдан юзин бурган ишқ элатида
Ишқсизлик руҳимни тилиб борадир.
Ҳисларин яшириб, айтолмай ҳамон,
Муштоқлигин тутиб ботинда пинҳон,
Кимдир бизларни ҳам соғинармикан?

Ҳар баҳор кўзингни куйдириб гуллар,
Навқирон дарахтлар, ниҳоллар ўктам…
Мени-ку ҳар сафар таҳқирлар, кулар
Армонли севгимни эслатиб кўклам…
Атрофда уйғонар табиат шодон,
Сен — тугаган фарёд, мен — унут исён,
Кимдир бизларни ҳам соғинармикан?

Кузакни ким айтар фасли ҳижрон деб,
Йўқ, сўзлари ёлғон, дўстим, аслида
Билсанг, боғлар узра сепиб бунда зеб
Барглар ўз соясин етар васлига!
Етолмай, соясин ахтариб сарсон,
Кўксига тўкилиб бир кўнгил ҳазон,
Кимдир бизларни ҳам соғинармикан?

Ҳеч ким соғинмаса, соғинмасин кел,
Мен сени, сен мени соғиниб яша…
Токи борлигимиз билиб қўйсин эл,
Мен қайта уйғонай, сен гуллаб-яшна!
Лек… барибир ўртар дилни шу чистон —
Майлига янглишиб минг йилда бир он
Кимдир бизларни ҳам соғинармикан?

9.11.2009

САККИЗИНЧИ НОТА

Мен қўшиқ куйлайман,
Билмайди биров,
Тингласа хўрсиниб туйғулар тинглар.
Юрак зиндонида депсинар асов,
Ёруғ кун кўролмай мунғайган мунглар…

Мен қўшиқ куйлайман,
Ух тортар қуёш,
Тилка-пора қилар кўксимни туғён.
Чидаб туролмайман, қандоқ берай дош,
Бўғзимда оловдек ловуллар фиғон?..

Мен қўшиқ куйлайман,
Ўтар бепарво
Қаддини ғам буккан сархуш сўроқлар.
Қора либос кияр Ой ҳам бенаво,
Жовдирар шамъ ёқиб минглаб нигоҳлар…

Мен қўшиқ куйлайман,
Шитирлайди куз,
Хазонрезг хаёллар шууримда жо.
Мендек буюк сасни, ажабо, ҳануз
Нечун кўтаролмас бошига дунё?!

Мен қўшиқ куйлайман,
Титрар авж парда,
Саболар бир лаҳза тўхтар муаллақ.
Диққинафас бўлиб қилади зарда,
Ва портлар ёш тўкиб такрор-такрор барқ…

Мен қўшиқ куйлайман,
Кенгликларга шаън,
Ҳеч ким турткиламас, беролмас ҳалал.
Ногоҳ нигоҳ ташлаб атрофга теран,
Шу дамда англайман бир сирни тугал.

Мен қўшиқ куйлайман,
Унда акс этар,
Барча қайғуларим, қувончим бари.
Дилга макон қурган санчиқлар кетар,
Юксалиб бораман мангулик сари!

Билдимки, мен каби ошиқлар бисёр,
Ўртар уларни ҳам ҳижрон бодаси.
Бас, ҳар бир юракнинг ўз қўшиғи бор,
Бор экан ҳар қалбнинг шахсий нотаси!

16.01.2010

ТЎРТЛИКЛАР

Шафқатсиз жанг борар мудом ўрмонда,
Қулай фурсат кутар соялар садри…
Куни қашқирларга қолган маконда,
Писта пўчоқ бўлар шерларнинг қадри.

* * *
Миқ этмай тил тишлаб турар устози,
Хиёнат бўлса ҳам шогирдин гарди.
Болтага соп берган аввало ўзи,
Шу боис илдизнинг ичида дарди.

* * *
Бу дунёда дўстдан душман кўп.
Бу дунёда дўстдан душман кўп?
Б-у-у, дунёда дўстдан душман кўп,
Бу дунё-да, дўстдан душман кўп.

2009

* * *
Сенга уйланмадим, лек қилмам ҳасрат,
Чин дилдан севолдим, шудир асли бахт!
Сен фаришта эдинг, мен — осий банда,
Қай банда малакка уйланибди, айт?!

2010

* * *
Мени ўз ҳолимга қўй, эй коинот,
Ўзим яшаб кўрай, кел, бир кун бир бор.
Йиқилсам, кимдандир кутмайин нажот,
Қувонсам, кимдандир бўлмай қарздор.

ХАЁЛ

Ёмғир бўлсам,
Томчиласам юзларинг силаб,
Айт дилбарим, қочармидинг мендан йироққа?
Зоҳир бўлсам пиёлангда бир бўса тилаб,
Етолмайин совурмидим оташ дудоққа?

Хаёл бўлсам
Кечалари ойдин, фаровон,
Соғинтириб паймонамни тоширармидинг?
Шамол бўлсам, зулфларингни ўйнасам ҳар тонг
Рўмол ўраб сочларингни яширармидинг?

Бир гул бўлсам,
Қучоғингда атиргул бўлсам,
Товонингда топтармидинг кирса тиконим?
Бир қул бўлсам эшигингда қоровул бўлсам,
Сени гоҳ-гоҳ кўрмоқликка борми имконим?

Сезги бўлсам,
Сингиб кетсам бори танангга,
Парво қилмай қошларингни учирармидинг?
Севги бўлсам, юрагингда ёқсам аланга,
Қишдек совуқ қаҳринг сочиб ўчирармидинг?

Тилак бўлсам,
Дилинг ўртаб қийнагувчи чўғ,
Мени бир бор ошиғингга ўхшатармидинг…
Юрак бўлсам… кўксингдаги уриб турган шўх
Чидай олмай… овозимни тўхтатармидинг!

Ёмғир бўлсам…

25.12.2009


ТУҒИЛГАН ЮРТ

Туғилган юрт — боғу гулистон,
Тақрони ҳам азиз шу элнинг.
Гоҳ булутли, гоҳи нурафшон
Осмони ҳам азиз шу элнинг.

Шошу Кешу Бухоро — бир ён,
Бир ён — Фарғонаю Намангон,
Самарқанду Хива, Андижон,
Сурхони ҳам азиз шу элнинг.

Йигитлари Алпомишкелбат,
Вужудига сиғмайди ғайрат…
Қизларидек фаришта ҳилқат
Райҳони ҳам азиз шу элнинг.

Меҳрин берса гуллар жонсиз тош,
Тупроқ билан тутинган сирдош,
Минг йилларки, деҳқонга дарддош
Кетмони ҳам азиз шу элнинг.

Меҳмон кутиб ёпилмас эшик,
Дер, одамдан қолар яхшилик…
Қалдирғочга қўналға, бешик
Айвони ҳам азиз шу элнинг.

Тонгда хўплаб бир пиёла чой,
Тер тўкарлар то чиққунча ой…
Зоғчаларга таланган буғдой,
Сомони ҳам азиз шу элнинг.

Болам, дейди ташвишга ботиб,
Елкасига заҳматлар ортиб…
Халқ деб ёнган султондан тортиб,
Чўпони ҳам азиз шу элнинг.

Тушларида манзилга етган,
Орзулари қаддин дол этган…
Шоҳ Бобурга эргашиб кетган,
Армони ҳам азиз шу элнинг.

Юртсеварлик — улуғ фазилат,
Юрт севганга билинмас иллат,
Болариси, тулкию калхат,
Илони ҳам азиз шу элнинг.

Қалби олов, кўкси мағрур, тек,
Ўзига — хон, у — ўзига бек!
Юрт ишқида ғам чеккан мендек,
Ўғлони ҳам азиз шу элнинг.

9.12.2009

ЭЪТИБОР

Ойни орзу қилиб, етай деган чоғ,
Қоқилсанг тиргагинг бўлмаса ёмон.
Хизр учраб қолса йўлингда ногоҳ,
Айтарга тилагинг бўлмаса ёмон.

Ҳар бир ҳамаласига чап бермоқ мушкул,
Дер, тириклик — кураш, кураш беомон.
Оёғингдан чалар қўйнингдаги ул
Хоиндан дарагинг бўлмаса ёмон!

Олам тор кўринар кенгайса кулфат,
Кўнглингни занг мисол емирар армон…
Шунда ҳаёт билан боғловчи ҳилқат —
Парирўй малагинг бўлмаса ёмон.

Ишқ — Ҳақ шафқатидан таралган учқун,
Ҳар қаю дилни-да этмагай ошён.
Лек ёдингга тушиб неча минг Мажнун,
Севишга юрагинг бўлмаса ёмон.

Қалб — илҳақ, эътибор истар зиёда,
Оний меҳрдан ҳам бахт топар инсон…
Шуноқ кенг дунёда,
Гавжум дунёда
Ҳеч кимга… керагинг бўлмаса ёмон!

8.03.2010

ҲАДЯ

Бир бўса тафтидан ловуллар олам,
Уялиб тилингдан қочар гапларинг.
Атиргул баргига томгандек шабнам,
Туйқус титраб кетар биллур лабларинг.

Сўнг тўлиб йиғларсан сабабсиз, беваж,
Турарман қаршингда мисли гуноҳкор.
Шунда авжланар-у, қалбингдаги мавж,
Кўзларинг! Севгингни этади ошкор!

Қўл ушлашиб аста айланармиз боғ,
Капалак ўйнашар сочингга қўниб…
Мен эса… фалакда учарман бу чоғ,
Шаффоф хаёлларнинг бағрига дўниб!

Бир бўса тафтидан тирик камина,
Жисмимга қайтадан оқиб кирмиш жон.
Балки англамассан ғаддор Заминда,
Шу ҳадянг туфайли қолганим омон.

17.03.2010

СEН УЧУН…

Сен учун туғилдим, десам-да бироқ,
Ёлғон! Сўзларимга инонма тугал.
Ахир Ҳақдан ўзга бўлганми огоҳ,
Тақдир манглайимга битилган маҳал?!

Сен учун яшайман, дейишим ҳам лоф,
Билганингдан қолма жилмайиб қўйиб.
Умр гоҳ ижобат, гоҳида сароб,
Сўнг юрма алданиб, кўксингни ўйиб…

Сен учун гар кулсам ва ёки куйсам, —
Десам хушёр тутиб ўзни ногаҳон.
Ёлғон! Ишонмагил, жоним, бунга ҳам
Ахир эгизак-ку висол ва ҳижрон?!

Сен учун жон бергум, дейман телбавор,
Яна пуч эртакдан бўларсан зада…
Ҳа, ростини айтсам, сенга эй дилдор,
Ишқдан бўлак бойлик қилолмам ваъда!

Сен учун бахш этай шундай бир маъво,
Қолсин ошиқларнинг мангу ёдида.
Ҳаётим, бор-йўғим… ўзим ҳам ҳатто
Ҳеч нарса бўлсин, оҳ, унинг олдида!

31.03.2010

ВИСОЛ

Хайр, дейсан истамай маъюс,
Оқшом чўкиб борар изингдан…
Киприкларинг қайрилма ҳануз,
Ҳануз оташ сачрар кўзингдан!

… Сўнг тун ичра кетарсан сингиб,
Мен қоларман термулиб яккаш.
Тизгинсиз ўй отига миниб,
Туйғуларим тентирар саркаш.

Гарчи бўлак чора йўқ, илло
Хайрлашгим келмас сен билан…
Нетай, висол кўшкининг ҳатто
Остонаси бошимдан баланд!

Кечиксанг гар онанг ҳам дилхун,
Отанг тушмас ғазаб тахтидан.
Сен-ла яна кўришмоқ учун,
Хайрлашиш керак вақтида.

Сен кетарсан — келар соғинч, зор,
Осмонда Ой сузади бефарқ…
Мен Қуёшни кутарман бедор
Салом! — деган сўзингга илҳақ,

Салом! — деган ўзингга… илҳақ.

3.04.2010

ОСМОН ҚИЗ

Ошиқса бўз жилға уммонлар сари,
Яшил рўмол силкиб кузатар ялпиз…
…Менинг хаёлимда ҳамон бир пари —
Ер каби хокисор кўнгли осмон қиз.

Тунлар тушимга ҳам киради йўқлаб,
Оҳиста жилмаяр, сўз айтмас бироқ.
Кўнглимда ўт ёқиб, кўксимни чўғлаб,
Тонг чоғи қалбимга беркинар ул моҳ.

Ишқ атрин уфурар майин шаббода,
Қизарар дилимда қирмиз лолазор…
Сармаст ўлтирарман ичгандек бода,
Руҳимни тебратар тотли хушозор.

Қўл чўзсам етгудек бир қадам тоғлар,
Фалак ҳам бошимда гўё парвона.
Олма ифорига чўмилган боғлар,
Ўшал қиз ҳақида сўйлар афсона.

Шунчалар муниса, фаришта, зебо,
Усиз ҳаётимда мазмун йўқ зинҳор.
Мен уни… севаман! Севаман, аммо
Қани, севишимни этолсам изҳор?!

4.03.2010


СEВАМАН

Кўрганда тилим лол, бошим хам,
Кўнглимни ёролмай севаман.
Орамиз бор-йўғи бир қадам
Ёнингга боролмай севаман
Севаман, севаман, севаман!

Ул сирни ишонмам сирдошга,
Ўт қўяр ҳар қандай бардошга,
Тик боқиб бўлурми қуёшга —
Кўзингга қаролмай севаман,
Севаман, севаман, севаман!

Айт, кимни қалқитмас бу ҳусн,
Кипригинг қайрилма, сочинг тун…
Бир лаҳза қайғуриб ўзим-чун,
Хаёл ҳам суролмай севаман,
Севаман, севаман, севаман!

Оқшом ой нугланар юзингдан,
Рақиблар баҳраманд сўзингдан,
Қолмайин эргашиб изингдан,
Соянгдек юролмай севаман,
Севаман, севаман, севаман!

Сен дуркун малаксан, навниҳол,
Пойингда мен ғариб, қул-қарол.
Сен билан бир умр эҳтимол
Бахт қасрин қуролмай севаман,
Барибир, барибир севаман!

22.04.08

ДИЙДОР

Ҳозирча жим!
Билмасин биров,
Висол яқин, яқиндир дийдор.
Бу ситамлар шунчаки синов,
Ҳали бахтли бўлмоғимиз бор.

Бегонадек ташлайвер нигоҳ,
Севгингни ҳам этмай тур изҳор.
Фақат шуни унутма ногоҳ,
Бир кун Ойдек тўлмоғимиз бор.

Ҳамон умид сочиб турар нур,
Қиш ортидан келмиш, деб баҳор.
Фарёд билан ўтмайди умр,
Йиғлаб-йиғлаб, кулмоғимиз бор.

Кел, ғамларни ортга ташлаймиз,
Ахир яқин кўришмоқ дийдор.
Бизлар узоқ бахтли яшаймиз,
Мингга кириб ўлмоғимиз бор!

17.04.08

МEҲР

Буюк қайғу каби юракни эзар,
Сийрати инсоний дарддан жудолар,
Гоҳ йўлингдан чиқиб ғашингга тегар,
Соҳта авлиёлар, соҳта худолар.

Бахт ва ғам бўлмаган ҳаргиз баробар,
Чин ошиқ қисмати — абадий ситам.
Ҳажру васл илкида бўлиб саросар
Кўзидан қон оқар муҳаббатнинг ҳам.

Наҳотки ҳаммаси шунчаки бир туш,
Дарёлар, денгизлар, уммонлар — рўё?!
Одамлар — озурда, одамлар — хомуш,
Боши берк кўчадан кетмоқда дунё…

Қайдадир инсонлар бўлмоқда нобуд,
Қайдадир ўсмоқда ниҳоллар дуркун…
Ҳали ҳамон бир кам, нотугал, бебурд,
Ҳамон “беш кунлик”дан ошмаган очун!

Алаҳсираб борар гуноҳкор вужуд,
Жирканч уйқу билан юмилран кўзи.
Охират… оқибат… ҳаммаси унут,
Чимдим меҳрра зор меҳрнинг ўзи?!

Она Ер-ку — бўм-бўш, равжум кенг само,
Эҳтимол тугаган тириклик ҳайҳот!
Шунчаки шарпаси юрибди аммо,
Аллақачон ўлиб бўлган одамзот!

17.12.07

СИЙЛОВ

Ҳатто оёғингга чўкмоқ бўлиб тиз,
Ҳажрингда ҳар лаҳза куйганим ғалат.
Қуриб кетганмиди, ахир, бошқа қиз,
Танлаб-танлаб сени суйганим ғалат.

Бор меҳримни сочиб ўйноқи елга,
Ялпизларга тутиб яшардим елка.
Дунё тескарими ва ё мен телба
Танлаб-танлаб сени суйганим ғалат?!

Бу кун кўтаролмай қайғуларимни,
Қўмсайман бахтиёр кулгуларимни,
Увол қилдим гулдек орзуларимни,
Танлаб-танлаб сени суйганим ғалат.

Қандай йигит эдим: шўҳ, норғул, асов,
Кўксимни куйдурди бир нигоҳ алдов,
Шумикан умримга аталган сийлов,
Танлаб-танлаб сени суйганим ғалат?!

Тил тегказсам ёнар ловуллаб сўзим,
Кул бўлгум гар Тангрим бермаса тўзим,
Ҳайронман, тушунмай ўзимни-ўзим,
Танлаб-танлаб сени суйганим ғалат?!

15.05.08

ФУТБОЛ ВА СEВГИ

Муҳаббат ўтига ташлагувчи ҳур,
Ҳеч бир қиз тортмагач эътиборимни.
Бўлак мўжизадан топай деб ҳузур
Футболга топширдим ихтиёримни.

Зарбалар ёғдирдим, ёғдирдим бетин,
Милён бор забт этдим дарвозаларни.
Мутлақо ўзимга айладим мафтун,
Дилоро, Дилрабо, Дилнозаларни…

Мен масрур ғалаба қозонган маҳал,
Пойимга сочилди гули наргислар.
Футбол сабаб мени севишди аввал,
Сўнг мен сабаб севди футболни қизлар.

Аммо эплолмадим бедард юракни,
Тошдек ҳиссиз яшаш тегди жонимга.
Қўл силтадим, кўргач зебо малакни,
Футболдан орттирган шуҳрат-шонимга.

Майдон, тўп, олқишлар… энди афсона,
Бугун қалбни қийнар ўзга ўй-хаёл.
Мени шоир қилди, қилди девона
Бир қиз юрагига урилмаган гол!

26.03.08

ҚУЁШ БОТМАЙ

Юрагимнинг бир четида, ўҳ,
Ҳамон ёниқ умидбахш учқун.
Ҳали қуёш ботганича йўқ,
Ҳаммасига улгуриш мумкин.

Фикру ёдим банд этган бир ҳис,
Дерлар, васлнинг баҳоси баланд.
Бироқ мени севарди… у қиз,
Қандоқ яшар бегона билан?!

Карнай-сурнай чалинар шитоб,
Шўх яллалар чиқар авжига.
Ўзим билан ўзим ушбу тоб,
Ғарқ бўламан дардлар мавжига…

Ё Раб! Қайда адашдим, билмам,
Кунларимни қорага бўяр?!
Орзулар пуч, туйғулар мубҳам,
Ҳатоларим кўзимни ўяр…

Айбим недур?! Ё Парвардигор,
Қиз кўнглини билмаганимми?
Шунча куйиб ишқида, бир бор —
Севги изҳор қилмаганимми?!

… Ҳар нафасда ситамлар туртиб,
Юрагимда сўнди сўнгги чўғ…
Ҳали қуёш ботмасдан туриб,
Улгурганлар ичида мен йўқ!

25.09.2008

КУЗГИ МАНЗАРА

Япроқлар сарғариб учар ҳавога,
Оҳиста инграйди мунг, ҳазин наво.
Ҳорғин суянганча четан асога,
Нелар ҳақда хаёл суряпсан, бобо?!

Узоқлашиб борар тобора қуёш,
Турналар жим, унсиз ортига қайтар…
Бобо, не сабабдан дийданг жиққа ёш,
Тушдими ёдингга болалик пайтлар?!

О, қанча талпинма кўкламлар сари,
Энди оловланмас кўксингдаги чўғ…
Ер-ла оға-ини тутинган бари,
Сен чиллак ўйнаган дўстлар бугун йўқ.

Бу кун сен мўйсафид,
Мункиллаган чол,
Лек қалбинг тўрида яшар кўҳна ҳис!
Ҳамон юрагингни эзар эҳтимол,
Сени севиб,
Ётга тегиб кетган қиз?!

Шамол юлқиб отган ҳар битта япроқ
Армонга айланган орзуларингми?
Тутар вужудимни бир ўксик титроқ,
Сени асраб турган қайғуларингми?

Кутарсан,
Соғиниб ҳар тун кундузни,
Ўлимга тик боқиб яшамоқ оғир…
Балки кўраяпсан сўнгги бор кузни,
Сўнгбор манглайингда ўрмалар ёмғир…

Насиб этармикан
Қишни маҳв айлаб,
Шўх куйин тингламоқ баҳорий сознинг?
Ва кўзингга суртмоқ гулин авайлаб,
Набирангга атаб эккан гилоснинг?

Япроқлар
сарғариб
учар
ҳавога…

24.10.2008

БЎСА

Жим тинглаб турасан,
Сўйлайман тошиб,
Сўзсиз жилмаясан таратиб чирой.
Ўйлайман, шарбати ҳаддидан ошиб,
Лаблари ёпишиб қолган ҳойнаҳой?!

На илож, парчалаб бу сокин ҳолни,
Нозик қўлларингдан аста ушлайман.
Лутфингга қулф солган ортиқча болни,
Кел гул, лабим билан олиб ташлайман.

ИБРАТ

Ногаҳон бошига иш тушган пайтда,
Ақли комил инсон бир ҳикмат билди.
Нютон дунёни кашф этди қайта,
Нютонни эса олма қашф қилди.

Биз-чи?!
Ташвиш тушса, заҳримиз тўкиб,
Хаёлга ҳам келмас изламоқ маъни.
Ўтган бўлар эдик бир умр сўкиб,
Пешонамиз ғурра қилган олмани…

ҚАНОАТ

Гарчанд ўзни мудом кўкда туясан,
Сендек мен ҳам Ерни босиб турибман.
Сен ҳар лаҳза янги либос киясан,
Мен ҳамон эскирган тўнда юрибман.

На таъма, на илинж, на гина-кадар,
Бир умр иймондан қалбга йўл солдим.
Сен минг бор янги тўн кийган бўлсанг гар,
Мен руҳимни минг бор янгилаб олдим!

27.10.2008

* * *
Ёшлик тўйиб тотмоқлик пайти,
Севги деган жонбахш заҳардан.
Она, яна шумшайиб қайтди,
Шуҳратпараст ўғлинг шаҳардан.

Маҳзун кўзи қайғуга тўлди,
Кўкси бўм-бўш, шип-шийдон дала…
У бир қизга бағишлаб бўлди,
Бор ишқию умрин бир йўла.

Гарчи ишқ — бу илоҳий фатво,
Лек сен мунис, дилкаш, дурдона.
Ўша қиз ҳам, ўғлинг ҳам ҳатто
Кипригингга арзимас, она.

Майли новвот қўшма чойингга,
Бир пиёла меҳрингдан ичир?!
Таскин истаб келди пойингга,
Шу сафар ҳам ўғлингни кечир.

Узилганми дарддан дилтори,
Куйиб битди кўнгли пинҳона.
Нега уни тошлар қатори,
Қалбсиз қилиб туғмадинг, она?!

18.11.2008

САБАБИНИ СЎРАМАНГ

Елкамга қулагандек
Туюлмоқда дард тоғи,
Юрагимни тимдалар
Ситамларнинг тирноғи,
Аё дўстим, «Нечун?»
Деб сўрамоқчисиз чоғи,
Сабабини сўраманг,
Сабабини билмайман.

Ишқ денгизин ҳижроний
Қирғоқлари кўп, дерлар,
Кўз ёшию фироғи,
Титроқлари кўп, дерлар,
Роҳатидан азобу
Қийноқлари кўп, дерлар,
Сабабини сўраманг,
Сабабини билмайман.

Дахр элида шафқат йўқ:
Ғамни ғамга улайди,
Соф севгимни сочқилаб
Саробларга пуллайди,
Ёр тушимга кирган тун
Томирларим гуллайди,
Сабабини сўраманг,
Сабабини билмайман.

Неча йилки, хастамен
Етишолмай бир қизга,
Гўё қаноти йўқ қуш
Талпингандек юлдузга!
Зулматларни опичлаб
Кетаяпман кундузга,
Сабабини сўраманг,
Сабабини билмайман.

Париларга эргашиб
Само узра учгум бор,
Ой юзидан бир ўпиб
Ҳовуримдан тушгум бор!
Сўнг қовушиб ер билан
Илдизларни қучгум бор,
Сабабини сўраманг,
Сабабини биласиз…
Сабабини биласиз…

30.04.08

* * *
Сени севиб топганларим жафо бўлди,
Ёвларимнинг кўргани кайф-сафо бўлди.
Билмадим, сен қандай қилиб кулаяпсан,
Менинг бағрим куйиб битди, адо бўлди.

Орзу дея армонларни қучдимми мен,
Бир лаҳзада пойингга чўк тушдимми мен,
Кўзу қошинг, кипригингга учдимми мен,
Сендан на бир таскин, на бир садо бўлди?!

Юрмайманми эркалаб хув илонларни,
Юрагимга босиб қотил чаёнларни,
Кўрмас эдим бу куну, бу ҳижронларни,
Тўрт томоним фарёд тўла нидо бўлди.

Ким қўйибди мен — бир деҳқон боласига
Дил бермоқни бойнинг гули лоласига?!
Тенг кўрмадинг сочингнинг бир толасига,
Тенг кўрганинг осмон бўлди, само бўлди.

Сен зебу зар оғушида мастсан бу кун,
Эҳ, шунчалар бедард, шунча пастсан бу кун,
Мен севган қиз сенмас, сен бир хассан бу кун,
Энди менинг ёрим ёлғиз Худо бўлди!

14.04.08

ГИЛОС

Севиб қолдим
Қизсаройнинг бир қизини,
Тишлари дур, ёноқлари қирмизини.
Наргис надур, райҳонлару ялпиз надур,
Кўкламлар ҳам кўзга суртар гул изини!

Кўзларидан шўх оҳулар жило олмиш,
Сўзларидан заргарлар зар, тилло олмиш.
Гўзалликка тимсол ою камалакалар,
Камон қошу кипригидан имло олмиш.

Сочларида солланади шалолалар,
Ҳавас қилар Зулайҳою Зилолалар…
Лабларига югуртирса бир табассум,
Ҳайратидан қизаради гуллолалар.

Адо бўлмас таърифласам ёр ҳуснини,
Сарф этсам-да умрим бор тун-кундузини!
Кўнгил экан, на қилайин билиб-билмай,
Севиб қолдим Қизсаройнинг юлдузини.

Ўҳ! У менинг энг бокира эртагимдир,
Қишлоғига куёв бўлмоқ истагимдир.
Боғларида гилос бўлиб пишаётган —
Гилос эмас… асли менинг юрагимдир!

8.01.2006