Зикрилла Неъмат (1961)

Зикрилла Неъмат 1961 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясини тугатган. Ўзбекистон Республикаси ИИВ “Постда”, “На посту” газеталари ва “Калқон, “Щит” журналлари Бирлашган таҳририятининг бош муҳаррири.
Шоирнинг “Иккимизнинг ёниқ ишқимиз”, “Қайтар дунё” (ҳикоялар), “Остонадан бошланар Ватан”, “Спитаменнинг сўнмас қўшиғи”, “Эзгулик ўлкаси” тўпламлари ва “Онам эккан райҳонлар”, сайланмаси чоп этилган.

Ишқинг деб

Бир булбули сайрона бўлдим, сани ишқинг, деб,
Ҳар гўшада ҳайрона бўлдим, сани ишқинг, деб.

Йироқ кетолмай бир дам, ёр, шамъи жамолингдан,
Парвонадек гирёна бўлдим, сани ишқинг, деб.

Кезиб жунун саҳросин, чекиб Лайлим жафосин,
Мажнун каби мастона бўлдим, сани ишқинг, деб.

Излаб Ширин дудоғинг, емирдим ҳижрон тоғин,
Фарҳоддайин мардона бўлдим, сани ишқинг, деб.

Ўт ичра Самандардек, ҳақ излаб қаландардек,
Бир Машраби девона бўлдим, сани ишқинг, деб.

Май ичмай гулкосангдан, кетмам, деб, дарвозангдан,
Охир пойи остона бўлдим, сани ишқинг, деб.

Ҳажрингда, эй жонона, Зикрилло ёна-ёна,
Ишқ аҳлига афсона бўлдим, сани ишқинг, деб.


Жоним бўлинг

Эй нигор, сайр айласам , ёнимда сайроним бўлинг,
Ишқ аро лутф айласам, ширин сухандоним бўлинг.

Мен садоқат гулшанин кўзлаб йўл олсам, жонгинам,
Бир умрлик менга йўлдош, нозли жононим бўлинг.

Даҳр аро неча ғаним, ғамларга бўлсам гар дучор,
Барчасини бартараф этмоққа имконим бўлинг.

Чиқса жоним ногаҳон бу ишқ йўлида, эй нигор,
Сиз мани жисмим аро, жоним бўлинг, жоним бўлинг.

Топсаму Зикрий камол, бошимга қўнса бахт қуши,
Сиз мани бағримдаги энг бахтли инсоним бўлинг.

Фиғон

Етолмай ёр висолига дилим афтода оҳ чеккай,
Чидолмай ғам-фироғига куйиб, ғамбода оҳ чеккай.

Азалдан ошиқ аҳлининг аламли қисмати шулким:
Нигорим, ёри жоним, деб, икки дунёда оҳ чеккай.

Бири Лайлим, бири Зуҳром, дебон, ёр ҳажрида бўзлар,
Ки, Мажнун даштда ўртанса, Тоҳир дарёда оҳ чеккай.

Менам Лайли наҳоримни соғиниб волалар қилсам,
Мени оҳу фиғонимдан куйиб шаббода оҳ чеккай.

Бўлиб қон таҳ-батаҳ қалбим, майи ноб ихтиёр этсам,
Манам ток қонидурман деб, қўлимда бода оҳ чеккай.

Манга майу гулобингдан қуй энди, чархи кажрафтор,
Умид орзуларим буткул бўлиб барбод-а, оҳ чеккай.

Соғиниб ёри жонимни, не тонг, Зикрилло ёш тўксам,
Кўзим маржонлари титраб, шодаю шода оҳ чеккай.


Келмасмусан?

Соғиниб ёнгай дилим, оҳ, дилбарим, келмасмусан,
Ёритиб кўнглим уйин, моҳ пайкарим, келмасмусан?

Неча йилким келмайин, бағримни кўп қон айладинг,
Бағритошим, эй шўхи сийминбарим, келмасмусан?

Кечалар уйқумда ҳам номинг тилимдан тушмагай,
Эй лаби болу сўзи қанд, шаккарим, келмасмусан?

Тобакай қонимни тўккай наштарин киприкларинг,
Кўзлари жаллод ўшал, шўх ахтарим, келмасмусан?

Зулфлари – қалбга ўйилган ўтли ишқим нақшидай эй,
Сочлари сунбулгинам, мушк-анбарим, келмасмусан?

Келмасанг жонон агар, тандин чиқиб кетгай бу жон,
Раҳм этиб жонимга, эй жонпарварим, келмасмусан?

Йўлларингга термулиб, Зикрилло зор кутгай сани,
Ҳусн мулкига хоқону қайсарим келмасмусан?

Дилрабонинг дастидан

Оҳким, девонаман бир дилрабонинг дастидан,
Ишқ аро тўлғонаман шўх маҳлиқонинг дастидан.

Кипригин ўқлаб отар икки ҳилолин ёй этиб,
Дилгинам бўлди яро, ул икки ёнинг дастидан.

Зулфлари бир жуфт илондек жон қушимни овлагай,
Энди бул қуш жон берар, зулфи дутонинг дастидан.

Толеим тонггин кутиб, васлин умид эттим, ва, лек,
Кунларим бўлди қаро қоши қаронинг дастидан.

Кўрмадим кўнгил бериб, ул бағритошдан бир меҳр,
Тун-кун чекдим жафо ул бевафонинг дастидан.

Дўст-ёрлардин кечиб, танҳо ўзига дил бериб,
Қолдим ошносиз, нетай, ноошнонинг дастидан?

Бағри қон бир лола янглиғ қовжирар қалбим мани,
Ўртаниб ҳижрон деган дарду балонинг дастидан.

Зикри Оллоҳ айлаб-айлаб қолмади танда мажол,
Энди мен қайга борай жавру жафонинг дастидан?

* * *

Дедим: “Ишқингда куйдим, эй маµваши жонона”.
Деди: “Оташда куймас, шам узра қай парвона?”

Дедим: “Ақлу µушимни олдинг-ку, эй париваш”.
Деди: “Билмасмисан, Қайс нечун бўлган девона?”

Дедим: “ўтли ишқимни изµор этай, дилоро”.
Деди : “Садаф ичра дур сақланмасму пинµона?”

Дедимки: “Висолингсиз жисмимни тарк этар жон,
Дедики: “Аҳли ошиқ экан бермасму мардона?!”

Дедим: “Келгил, эй гўзал, ишқимга вафо айла”.
Деди: “Ҳусн аµлига аµду вафо бегона”.

Дедим: “Ғунча дудоғинг µажрида ёндим, эй гул”.
Деди: “Булбул бўлурсан, ишқимда ёна-ёна”.

Дедим: “Сенсиз, нигорим, менга дунё керакмас”.
Дедиким: “Сенсиз, эй ёр, мен-да нетгум жаҳона?”

ВАТАН ТУПРОҒИ

Бу заминда унган ҳар майса-гиёҳ,
Илдиздан айрилса, оҳ чеккайдир, оҳ!
Узилса бағрига қайтгай ҳар япроқ,
Оҳ, ундан айрилмоқ энг оғир фироқ,
Шунчалар муқаддас бу азиз тупроқ.

Ҳар қадамда қадим саждагоҳи бор,
Улуғ аждодларим қутлуғ хоки бор,
Тавоф этгум, танда жоним токи бор,
Йироқ кетсам, дилга тушгайдир титроқ,
Шунчалар муқаддас бу азиз тупроқ.

Қир-адирдан олиб қалбим рангини,
Юракка жойладим ишқ оҳангини,
Ғанимга бермасман ҳатто чангини,
Жоним фидо этгум бамисли Широқ,
Шунчалар муқаддас бу азиз тупроқ.

Гулга тўлсин икки дарё ораси,
Унда яшар фарзандларим боласи,
Шудир Зикриллонинг юрак ноласи:
Ватанни жон қадар, асрайлик ҳар чоғ,
Шунчалар муқаддас бу азиз тупроқ!

МИРЗО УЛУҒБЕК

Елкангизга Истиқлолнинг офтоби тегди,
Кўкка етди пок номингиз, Улуғбек бобо.
Пойингизга етти иқлим бош эгиб келди,
Будир улуғ айёмингиз, Улуғбек бобо!

Элу улус бахтин кўзлаб жанг-жадал эмас,
Ўт ёқдингиз илму фаннинг манқалларига.
Олам аҳли ҳали-ҳануз айлагай ҳавас,
Қадим “Зижи Кўрагоний” жадвалларига.

Самарқанду Бухорою ҳур Ғиждувонда,
Сиз қурдирган мадрасалар ҳамон нур сочур.
Сиз раҳнамо бўлган ўшал илму ирфондан –
Турон замин сайқал топиб, яшнаб гул очур.

Кимки келиб Самарқандни айласа тавоф,
Сизнинг улуғ шаънингизга таҳсин ўқилгай.
Кундузлари бошингизда нур сочса офтоб,
Тунлар эса пойингизга юлдуз тўкилгай.

Авлодлар ҳам мерос билиб сиз босган изни,
Изланишу ижод ила ўтар ҳар куни.
Кашф айлашиб фалакда бир янги юлдузни
Сизнинг қутлуғ номингиз-ла аташди уни.

Сиз борсизки, қуёш янглиғ таратгай ёғду,
Самарқанднинг мадрасаю миноралари.
Сайқал юртим қучоғидан янграгай мангу
Она Шарқнинг оҳанграбо тароналари.


СЎЗИ КАТТА , ЎЗИ МАЙДАЛАР…

Ҳаётдаги айрим лаҳзалар,
Юрагимга санчар найзалар,
Оҳ, ногоҳ дуч келиб қолсалар
Сўзи катта, ўзи майдалар…

Сўздан қаср қуриблар берар,
Кўкдан юлдуз териблар берар,
Оёқ қолиб, тил билан юрар,
Сўзи катта, ўзи майдалар…

Бир гул экса, боғ қилдим, дейди,
Бир тош қўйса, тоғ уйдим, дейди,
Миш-миш қилиб, бошингни ейди,
Сўзи катта, ўзи майдалар…

Гўё у бор, айланадир Ер,
Аму, Сирни-да мен қаздим, дер,
Офтоб чиқса, мен чиқаздим, дер,
Сўзи катта, ўзи майдалар…

Ачингумдир ҳолингга дунё,
Ўнгимми бу ва ёки рўё?!
Билмам, қайдан бўлмоқда пайдо,
Сўзи катта, ўзи майдалар…

Қабоҳат ҳам қуриб кетсин-эй,
Ҳар ким ўз экканин ўрсин-эй,
Аллоҳ Сизга инсоф берсин-эй,
Сўзи катта, ўзи майдалар…


МУҲАББАТИМ

Бугун яна тушдинг ёдимга,
Илк соғинчим, илк муҳаббатим!
Чиройдирсан гул ҳаётимга,
Дил овунчим – илк муҳаббатим!

Ўн саккиздан сирдошим эдинг,
Гоҳ қувонч, гоҳ кўз ёшим эдинг.
Ошиқ кўнглим осмонида сен –
Порлаб турган қуёшим эдинг.

Самолардан кулиб боқурсан,
Юрагимга куйдек оқурсан.
Эсга солиб ажиб дамларни
Яна бағрим ўтда ёқурсан.

Айт-чи, букун қай жойлардасан,
Дарёларму ё сойлардасан ?
Юрак бўзлар сени соғиниб
Юлдузларму ё ойлардасан?!

Умримдаги мангу баҳорсан,
Кўзлардаги сўнмас шарорсан.
О, Муҳаббат – қалбим эркаси,
Яхшиямки, оламда борсан.


ТУЮҚЛАР

Бу кеча, о, бунча ойдин кечадур,
Кўкда ой дарё-ю сойлар кечадур.
Бу кеча ёр васлига етмоқ учун
Неча ошиқ оҳки, жондин кечадур.

* * *
Ишқ боғида гул очилди ғунчалаб,
Гул узгали келди бир шўх, ғунча лаб.
Гулғунча ишқида ёнган дилгинам,
То тонггача бўзлаб чиқди “ғунча”лаб.

* * *
Кипригин ўқлаб, қошини ё қилур.
Ҳажр ўтида жисму жоним ёқилур,
Ишқ йўлида шўху бепарво санам,
Менга шафқат ёки қилмас, ё қилур.

* * *
Нозаниним нози менга ёқадур,
Ноз қилиб қалбимга ўтлар ёқадур.
Нозли ёр бўйнин ёшурган ёқаси —
Мен учун тилсими гавҳар ёқадур.

* * *
Маҳвашим, Лайломисан, айт, ё Ширин,
Кўзларинг фитна қилурлар ёширин.
Сен учун тортмоққа шайман, ёр мудом,
Ишқ азоби талх эрурми ё ширин.