Зебо Раҳимова (1958)

Зебо Раҳимова 1958 йили Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Ўрис қишлоғида таваллуд топган. 1981 йил ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факультетини тугатган. Туман газетасида, китобсеварлар жамиятида, туман радиосида, Қайнарбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинида, бир муддат республика хотин-қизлар журнали “Саодат”да ишлаган.

* * *

Сен яна келмадинг,
лабимни бурдим,
кўнглимдан сув ичди ғуссанинг шоми,
яна тун умримга қаро шарпадай
кирди айрилиқнинг узун оқшоми.

Бу шом ажаб сокин,
қайғуманд,
дардманд,
у куюк кўнглимни шамчироқ билиб,
қуюқ кўлкаларга ташлаганча банд,
даҳр боғларига кирмоқда елиб.

Сурмаранг осмонда арғимчоқ ташлаб
ой кумуш кокилин ўлтирар тараб,
хазон шитиридан ҳурккан чашмалар
жилдирар кимсасиз боғларга қараб…

Тириклик – безабон оқар бир дарё…
жимгина оқарар сочим толаси,
чанқовуз чалади лабларим аро
ҳаёт – тирикликнинг узун ноласи.

Фасллар алмашар ташрифинг кутиб,
юрак қулоқ осмас, не қилмай амр,
тун таъна-дашномин ичига ютиб
ғамзада кўнглимни этмоқда таъмир…

* * *

Мен сени аядим,
«хайр» дедим, ёз,
қировли кунларнинг баридан тутдим,
ёмғирли ойларнинг силсиласини
жимгина йиғладим, жимгина ютдим.

Фараҳсиз тонгларнинг исканжасида
энг содиқ бир дўстга мактублар битдим.
Ғуссалар битмади. Бегона каби
на сиз бор,
на мен бор кунлардан кетдим.

“Нега бу кунларнинг юзи йўқ, нега?!” –
шу билан тугади бошланган хатим,
манзилга етмаган мактуб сингари
унутилиб кетди менинг ҳам отим.

Вақт эса ўлчовли,
ўргимчак каби
ўтмишга ўради кунлар тизимин,
умримга бостириб кирган бу йиллар
супуриб ташлади ёзнинг изини…

* * *

Дарахтлар йил бўйи исмингни айтди,
кўчалар йил бўйи кетди сен томон.
Кун ҳам ўтиб борар,  у келмас қайтиб,
биз бугун омонмиз,
бегумон омон.

Жилдираб оққан сув исмингни сўйлар,
майсалар жон берар исмингни айтиб.
Минг йил умр кўрсак кўрармиз, аммо,
омонат бу кунга келмаймиз қайтиб.

Зумрад баданида тилла ёпинчиқ,
зарҳали шабнамга юзини чаяр,
номингни йил бўйи бехато айтиб,
тонг тасбеҳ ўгириб Сенга жилмаяр.

Ғанимат жонимга ғанимат кўнглим
азалий муҳаббат ҳақида сўйлар,
дарахт баргларидек юксалар кўкка
Сен ва Ишқ ҳақдаги қадимий ўйлар.

Ҳар битта ҳужайрам ҳужраси гувоҳ,
оламлар аро ҳақ ёзган қисматинг,
бу куннинг борлиги энг кичик сабоқ,
бу ишқнинг поклиги Сенинг исматинг.

…Ёнган юрагимдек дард чекмоқда шом,
қизарган ҳавода минг ўй, минг мавзу,
эй, жоним таниган абад, бардавом,
Сенинг ризолигинг энг улуғ Орзу!

1.

Кўз ёши мисоли ёмғирлар ёғар,
ювар япроқларнинг юзини,
шамол булутларни эркалаб соғар,
йиғлатиб кўнглимнинг кўзини.

Мажнунтол ҳўнграниб тебратади бош,
сумбул сочларида шалола,
туйғу-юрагимни эзаётган тош,
юрак – кўксимдаги мажнуна лола.

Шамол селпинади,
ёмғир аралаш
адирлар ҳидини урар юзимга,
…мен ҳам шамол эдим,
сел эдим саркаш,
қайтиб келолмадим ўзимга…

2.

Кетдим,
энди қайтолмайман ҳеч,
айтолмайман буни юракка,
кулфат тортиб яшаб бўлмас тинч,
ғамни енгиб бўлмайди якка.
Тириклик комида ўлдим тиккалай,
йилларча сўз демай кўнглимни очиб,
йилларга  улоқдим юрак тилкалай,
яна қайга борай ўзимдан қочиб…
Кўзимнинг ичига ёмғирлар ёғар,
ювар япроқларнинг юзини,
шамол қучоғида улғаяр боғлар
йиғлатиб кўнглимнинг кўзини…

* * *

Юпанч, қаердасан,
хушбахтлик, сендан дарак йўқ.
Ой йўқ сумбуланинг ойидай сулув
ва мендай севгучи бир жонсарак йўқ.

Рангига қора югурган райҳон
сим-сим сочларини тарайди,
ўзингга оро бер, деб аврайди тун,
ялинчоқ ит каби ойга қарайди.

Бу ҳижрон оқшомни қизғанар мендан,
туманлар тўлдирар тун қучоғини.
сумбула, қаерга беркитиб қўйдинг
соғинч кўзларимнинг кўзмунчоғини?!…

* * *

Сенга бир арзим бор,
айтсам ботиниб,
айтмасам кўнглимдан тошади селлар,
юрагим оғзимдан кетар отилиб,
кўзимнинг ёшида яйрайди еллар.

Сенга бир арзим бор,
айтсам ботиниб,
елкамни тегирмон тоши синдирар.
Суйганим кўнглимдан кетар ёт бўлиб,
бу аччиқ айрилиқ мени ўлдирар.

Сенга бир арзим бор,
айтмасам бўлмас,
айтсам-да бўлмагай, карами кенгим,
эн бўлиш орзусин васваса қилар
қўлларимни ёпмаган енгим.
Ё Раб!…
арз айтишга сиғарми ҳаддим,
дунёдан кечдиму
дунёдир дардим…

* * *

Бир қуюқ дарахтзор,
дарахтзор –
қадди тик шохларда охирги
япроқлар сайрайди азонлар,
беҳидай сарғайган боғларда
қизариб пишади хазонлар.

Бир қуюқ дарахтзор,
дарахтзор –
безовта учади қағиллаб
чорбоғдан чорбоққа қарғалар,
қиш келар йўлларни бўйлайди,
дарахтлар – елкансиз дарғалар.

Бир қуюқ дарахтзор,
дарахтзор-
пойида мудрайди шамоллар,
уйларидан термилади жим
тирамоҳга ўхшаш аёллар.

Эй-й! Сулувим! Ёйилиб кулади
офтобнинг илитмас нурлари,
ийийди боғларнинг фотиҳа тилаб
осмонга узатган қўллари.

Тирамоҳ.
Боғларнинг тушига
гуркираб киради мевалар,
Китобда қиш яқин,
отланар
қантарилган боғлар – кемалар…

* * *

Сиз йўқсиз. Юрагим ғаш.
майсалар ҳам синиқар,
соғиниб сарғайган дашт
изғиринда чиниқар.

Сунбула йиғар сепин,
ҳар иши фаслга мос,
ўргимчак қилиб эпин
мезондан тўқир либос.

Негадир юрагим ғаш,
хазондек дилгир дилим,
марварид тут қилиб рашк
менга узатар елим.

Гарчи куз, гарчи сокин
хазонрез, хазон сайли,
боғда қарғалар Мажнун,
боғда қарғалар Лайли.

Беҳудлик, бегоналик
эзар, эсмоқда буюғ,
қип-қизарар хазонлар
кўзларимга босиб чўғ.

Мезонлар имосида
қаттиқ қишдан башорат,
хас остида шошилар
минг жонзот, минг ҳашорат.

Онам йўқ, вафот этган,
куз ёлғиз, юрагим ғаш,
кенгликларга солиб кўз
соғиниб сарғаяр дашт.

Руҳу  жон, жону руҳим,
бу қай кун, қайси кузак,
нега кўксимда сим-сим
юпанчсиз синграр юрак…

* * *

Дило,
дардим аритмас
ташқарида ёққан қор,
гарчи пинҳон хавотир,
гарчи пинҳон умид бор.

Дило, сени инжитдим,
яна сизди кўзга ёш,
ҳув… кўнгил деган ёққа
кетиб бўлмас олиб бош.

Куз ҳавоси келтирар
турналардан хайр-хўш,
юрагимни қиймалар
қалдирғочлар уриб тўш.
Суратларинг ивийди,
қалқийди қароғимда,
сувдан, ўтдан, самодан,
тупроғдан сўроғимда.

Байтул аҳзон ичинда
кўнглим бўлди басира,
най бўлдим навосига
икки дунё асира.

Кўнглим бузилар,
гоҳо
дийдам юмшар, тўлиқар,
қачон сендан бир жазба
мен бахтсизга йўлиқар…

* * *

Яна куз…
Кунлар соғинади сени жимгина,
йўллар соғинади беун, беўйлов,
кўзингнинг ёшини артгин, қизгина,
эшикда сеними йўқлайди биров…
Яна куз…

Боғлар сарғаяди офтобда ёна,
кўчалар хаёлчан ташлайди нигоҳ,
тупроққа айлангим келади, она,
япроққа айлангим келади гоҳ-гоҳ…
Яна куз…

Осмон безовтадир, қушлар бетиним
иссиқ ўлкаларга кетади учиб,
кунлар юраклардан топади қўним
қўллар елкаларни жимгина қучиб…
Яна куз…

* * *

Кўнгилда руҳ қушин отдим,
жисмимни тарк этди сарбоним.
Ки ишқнинг кўзига ботдим,
на армоним, на армоним…

Кўзим кўнглим била йиғлаб,
юриб, сабрим сари етди.
Мени япроқ киби ўйнаб,
бу ишқ кетди,
бу ишқ кетди.

Юрак танда хароб бир юрт,
бу тонг – орзу,
бу шом – тақдир.
Умидли кун – илинж дилда,
у ҳам Сендан,
муваққатдир.

Нимам борди,
нимам қолди,
қафасман, ичкарим бўм-бўш.
Кими йўқ кимсасизларнинг
кими…
хуш,
марҳабо, эй, Дўст…