Зарифа Саидносирова (1908-1986)

Зарифа Саидносирова (1908.31,9, Туркистон шаҳри, Қозоғистон — 1986.16.8, Тошкент) — кимёгар олима. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1968), профессор (1970). Кимё фанлари номзоди (1945). Биринчи ўзбек аёл рассоми. Таниқли маърифатпарвар С. Миржалиловнинг қизи, Ойбекнинг рафиқаси.

Тошкентда «Пестолоцци» мактаби (1922—26), Навоий номидаги таълим-тарбия техникуми (1924— 36) ва айни пайтда Розанов тасвирий санъат студияси (1924—26)да ўқиган. Сўнг Ўрта Осиё университети физика-математика факультетининг кимё бўлимини тугатиб (1926— 30), ўрта мактаблар, хотин-қизлар билим юрти ва ишчилар факултетида физика, математика ва кимё фанларидан дарс берган. Қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчи, доцент ва кафедра мудири (1930—86), Тошкент тиббиёт институтида ўқитувчи (1932—37), Ўқувпедагогика нашриётида муҳаррир (1934—35) бўлиб ишлаган.

Ўрта мактаблар ва техникумлар учун «Кимё» дарслиги (1933) муаллифи. Зарифа Саидносирова педагогик фаолиятидан ташқари, вольфрам комплекс бирикмалари ва кимё терминларининг русча-ўзбекча луғати устида илмий иш олиб борган.

“Химиядан русча-ўзбекча қисқача изоҳли луғат” (ҳамкорликда, 1975), “Ойбегим менинг” (хотиралар, 1994) китоблари чоп этилган.

Зарифа Саидносирова Ойбек адабий меросини сақлаш, тартибга солиш ва нашр этиш ишига катта ҳисса қўшган. У адибнинг ўзбек тилидаги 20 жилдлик «Мукаммал асарлар тўплами» (1975—85)ни, рус тилидаги 5 жилдлик «Асарлар»и (1985— 87)ни нашрга тайёрлашда фаол иштирок этган.

Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1985).

* * *

Қирғоғи бўлмаган бу кенг муҳитда,
Ҳеч ором топмади бу кичик кема.
Тўлқинлар қаримас, кучи синмасми?
Бу кема манзилга етмасми, нега?..

Ўпқундан ўпқунга отади тўлқин,
Фақат чўпда қолдик, бузилди кема.
Бир чўп, бир хашак бўлиб қолса-да,
Кўрурсиз, манзилга элтар чўп — кема.

24 июл, 1937.

* * *

Айвондаги ҳўш кабутар,
Хуш кўрингиз, бизлар меҳмон.
Азизимни — шоиримни
Бир хасталик йиқди пинҳон.

Тутқунларга сирдош, улфат
Кабутарлар, буюк шоир
Хасталикка бугун тутқун,
Дилкаш бўлинг, ҳоли оғир…

15 октябр, 1964.

* * *

Бир саҳар бир ғунча табассумидан
Кўнглимга севинчни тўкди гуляпроқ.
Бир умр ташурман баҳор ишқини,
Гуляпроқ нашъаси кўнгулда булоқ.

Севаман хаёлни, бандиман мангу,
Хаёллар забт этган бутун борлиғим.
Хаёллар булутдай олиб кетади,
Юлдузлар олами — кенг сайргоҳим.

Шаффоф само узра учди оқ булут,
Дилга тўлди ором, мен беҳуш шайдо.
Қуёш этагида эриди булут
Бўлди шунда ҳислар қуюни пайдо.

26 июнь, 1973.

* * *

Булутсиз самодир кўзларинг — шаффоф,
Муҳаббат китобин ўқидим унда.
Танишдим, татиндим кундуз ва тунда
Дунёнинг севинчин, фараҳ, сурурин,
Кўзларингдан ичдим юлдузлар нурин.

20 ноябр, 1977.