Зафар Диёр (1912-1946)

Зафар Диёр 1912 йилда Наманган вилоятининг ҳозирги Чуст туманидаги Самсоқтепа қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. 1916 йилда Зафарлар оиласи Тошкент шаҳрига кўчиб келади. Зафарнинг отаси дала ишларида, онаси эса босмахонада меҳнат қилардилар. 1927 йилда Зафар тўлиқсиз ўрта мактабни битиради ва Самарқанддаги Наримонов номли педагогика техникумига ўқишга киради. Техникумда ўқиб, кўпроқ илм-фан сирларидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилади. Унинг дастлабки шеърий машқлари билим юрти деворий газетаси саҳифаларида кўрина бошлайди.
Йигирманчи йиллар охири ва ўттизинчи йиллар бошларида ҳозирги „Тонг юлдузи» газетасида, „Ёш куч“ ва бошқа болалар жумалларида илк шеърлари чоп этила бошлади. Зафар Диёрнинг биринчи шеъри ёш шоирламинг „Қурилиш куйлари» тўпламида босилиб чиқди.
Кўп ўтмай, унинг биринчи шеърлар тўплами „Қўшиқлар“ номи билан 1933 йилда нашр этилди. У Тошкент давлат педагогика олийгоҳининг тил ва адабиёт факултетига кириб, ўқишни давом эттиради. Ўзбек ҳамда қардош халқлар ёзувчилари асарларини қунт билан ўрганади.

БИНАФША

Бинафшахон, бинафша
Кулишларинг чиройли:
Боғимизда очилиб
Туришларинг чиройли.
Ҳамма чиқар далага
Бинафшалар тергали,
Мен ҳам тердим бир даста
Опамизга бергали.
— Мана, опа, бинафша,
Қаранг, қандай чиройли.
— Юринг, — деди опамиз, —
Бинафшалар терайлик.
Бинафшалар очилди
Чаккангга тақ, чаккангга:
Атир ҳиди сочилди,
Чаккангга тақ, чаккангга.
Лаззат олиб ҳидидан
Боларилар учади.
Ипакқанот капалак
Баргларини қучади.
Сени мақтаб куйлайди,
Боғ айланиб қушчалар.
Дарак бериб баҳордан,
Қувонтирдинг шунчалар.
Бинафшахон, бинафша
Кулишларинг чиройли.
Кўксимизда ҳид сочиб
Туришларинг чиройли!

КАПАЛАК

Ҳой, капалак, капалак,
Қанотларинг ипакдак.
Мунча шошиб учасан,
Тўхта, сўз!айин андак.
Учратаман ҳар куни
Сени ҳар кун боғчамда,
Сўриб гуллар шарбатин
Ўлтирасан олчамда.
Бориб ушлай деганда
Шошиб дарҳол учасан.
Сира тутқич бермасдан
Гулдан гулга кўчасан.
Мендан асло қочмагин,
Дўст биламан ўзимга.
Пилдир-пилдир учишинг,
Оҳ, ёқади кўзимга.
Уч, учавер, учавер,
Гўзал боғчам — гулшанда.
Сира озор бермайман
Севгим, фикрим бор сенда.
Капалакжон, капалак,
Қанотларинг ипакдак.
Дўст бўлайлик иккимиз,
Тўхта, сўзлайин андак!

ТЎП

Тўпим, тўп-тўп этасан,
Урсам учиб кетасан.
Ҳаволаниб нарига —
Дўстларимга етасан.
Ўйнатасан кўзимни
Ҳовлиқтириб ўзимни.
Бироз кўпроқ ўйнасам,
Терлатасан юзимни.
Сенга сира тўймайман,
Бўш эканман қўймайман.
Овунчоғим, — деб сени
Дўстларим-ла ўйнайман.
Тўпим, тўп-тўп этасан.
Урсам учиб кетасан.
Ҳандалакдек юмалаб
Бизни хурсанд этасан.