Юсуф Шомансур (1936-1978)

Юсуф Шомансур 1936 йилда туғилган. Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида ҳамда Москвадаги Олий адабиёт курсида ўқиган. Унинг “Меҳрингга тўймайман”, “Қалам ва умр”, “Юрагим”, “Табассум”, “Қизиқ-қизиқ”, “Достонлар” номли қатор шеърий тўпламлари, “Қора марварид” романи нашр этилган.
Юсуф Шомансур 1978 йилда вафот этган.

* * *

Қабоғин ишқар қуёш, ҳали уфқ ортида,
Ёстиқ билан бир бўлиб, сочи тўзғиб ухлар тонг.
Булбул ҳам мизғиб қолар гул очилган пайтида,
Танимни жимирлатар сукут ўзи бир оҳанг.

Муздек нафас уфурар димоғимга бедазор,
Асабларим торлари юмшар ипак толадай.
Гуллаган бедаларнинг бошида оқ жиға бор,
Ёзда тўр дўппи кийган уч яшарлик боладай.

Беда баргин учида қалқиб турар марварид,
Кипригим қимирласа тўкилгудай дув этиб.
Қанчаки жафо чексам, қанча қилсам парвариш,
Шу шабнам доналарни теролмам инжу этиб.

Уятчан келинчакнинг оҳиста шивиридай
Бедазорни оралаб эсиб қолди шаббода.
Шудринг доначалари сохта ишқ тақдиридай
Узилди шода-шода, узилди шода-шода…

* * *

Атиргул новдаси
Тиниқ шишада,
Тиниқ сувда нозик илдиз чиқарди.
Уни кўрган сарим
Ақлим шошади,
Тасаввур этаман уйда гулзорни.
Чўғдай ғунчаларни
Узиб хаёлан
Кимгадир хаёлан қиламан совға.
Баҳраманд бўларкан
Нурдан,
Зиёдан,
Атиргул илдизи яшнади сувда.
Охири
Илдизлар ўсиб,
Кўпайиб,
Биллурдай шишага бориб тақалди.
Шунда,
Илдизчалар бирдан сарғайиб,
Новда яшиллиги,
Кўрки йўқолди…
Хонамда мўл
Тоза ҳаво,
Тоза нур
Илдизлар
Бунча тез қуриб, сўлмаса?
Ҳа,
Ҳар қандай ҳаёт
Ёзолмас томир
Жиндаккина
Қора тупроқ бўлмаса…

ҲАФТА

Довулларни писанд қилмасдан ҳатто,
Сукунатнинг совуқ қаърига чўкмай,
Бир текис айланар чархпалак – ҳафта,
Ариқдан, йўриқдан, тарихдан чиқмай.

Якшанбадан токи шанбага қадар
Чамбарчас, ўлчовлик мўъжаз бир гардиш.
Гирдобидан неча асрлар ўтар,
Инсон зоти кўрган фароғат, ташвиш.

Еттита баҳодир – етти қодир кун
Замон хизматида ном олмиш – ҳафта.
Дунёда энг кичик, энг ботир қўшин –
Шулардан, минг йилки хато йўқ сафда.

Ҳеч нарса дунёга келмагай қайтиб,
Ҳеч нарса мунтазам яшамас такрор.
Ҳафтанинг кунлари келар саф тортиб,
Ҳаёт мангулигин ким этар инкор?

Айланиб-айланиб келавергач, оҳ,
Ҳафтанинг етти банд мангу қўшиғи.
Одамзод толиқди, ҳайқирди ногоҳ:
Бир кунга сўнсайди бу оташ чўғи…

…Ҳафтанинг бир куни одамзод тинди,
Хизматига бормай ётди уйида.
Дарахтнинг бир шохи, наҳотки, синди,
Наҳотки, бир қудрат синди пойида?

Йўқ, йўқ, бу инсонни овутмоқ учун
Сиртига мой сурган азалий меҳнат.
Қани, ўша ором, фароғатли кун –
Айри тушдимикин қалбдан муҳаббат?..

…Ҳолбуки, ҳафтанинг ҳар они ҳаёт,
Ором деганлари ёлғон, мажозий.
Ҳафта қўшинида абадий сабот,
Қарши туролмагай дунё сарбози.

Айлана-айлана чийриғидан у
Замон-замонларни ўтказар ютиб.
Комига тортса ҳам қанча бахт, қайғу,
Озаймас, кўпаймас, яшар не кутиб?

Билолмадим, ўйлай-ўйлай шу ҳақда
Ўтиб кетди, мана, неча юз ҳафта…

* * *

Чучмал гапларга ҳеч тоб-тоқатим йўқ,
Ёқтирмайман сохта мулозаматни.
Ёриб кўрсатмоқ-чун кўнгилни аниқ
Тиғ каби тўғри тил лозиммасми?
“Баҳор!” “Баҳор!”
Дерлар бўлар-бўлмасга,
Юз баҳорни кўрди дерлар фалончи.
Ахир, ҳаёт фақат гул, сунбулмаску,
Фақат гулда кўрманг гулгун оламни.
Аччиқ аёзларга дош бермаса гар,
Инсон қолар эди довуччадай ғўр.
Жазирада
Тобланмаса одамлар
Чечак ҳам чўяндай туюлар оғир.
Баҳор, гул қадрини
Этмайман инкор,
Гул ўрнида
Темир тутмасман қизга.
Фақат гулдан роҳат
Топмасман зинҳор,
Термилиб ўтмасман райҳон, ялпизга.
Тўрт минг фасл мавжуд
Кураш йўлида,
Ҳаёт дарахтида минг хил новда бор.
Бўронлардан ўтган инсон қўлида
Бир дона лоладир
Бутун бир баҳор.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!