Ёқубжон Хўжамбердиев (1947)

Ёқубжон Хўжамбердиев 1947 йили Ўш вилоятининг Сузоқ қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультетини битирган. Илк китоби 1981 йили «Зарурат» номи билан чоп этилган.
Таниқли шоир ва таржимон мустақиллик арафасида кечган қайта қуриш йилларида ўзбек матбуотида пайдо бўлган истеъдодли журналистлардан биридир. 1990 йилда чоп қилинган «Ўзбеклар иши» асарига совет давридаги ўзбек халқи кечирган ҳаётни тасвирлаган эссе ва мақолалар кирган. Ёқубжон Хўжамбердиев 1990 йилда Қирғизистоннинг жанубида рўй берган этник тўқнашувлар сабаблари ва оқибатлари ҳақида ёзган мақолалари билан танилган. У, шунингдек, Набижон Боқий билан биргаликда 1998-йилда таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қаламига мансуб «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» асарини ўзбек тилига ўгирган.

* * *

Билмадим, тонгмиди ёки шоммиди,
Оҳиста мўралаб кирдим ичкари.
Қўлимда май тўла қадим жом эди,
Кимлардан қолмаган, кимнинг ичгани…

Бир қултум кифоя тафтсиз вужудни
Масиҳ нафасидай тирилтмоқ учун.
Бағрингга ол энди юзи шувутни,
Мен келдим, шеърият — сеҳрли очун.

* * *

Булутлардан тоғ ясайди кўзларим,
Хазонлардан боғ ясайди кўзларим.
Бор эканки, кўнгил аро муҳаббат,
Ҳар касалдан соғ ясайди кўзларим.

Эй дил, ўртан, тоғлар пасайсин,
Боғлар ҳар тонг гулласин қийғос.
Ишқ йўлида жафо чекди Қайс,
Мажнунсифат соғлар кўпайсин.


ҲАҚ СЎЗГА

Ноҳақман демайди сўзлаган ҳар ким,
Ҳар кимки ўзини ҳақ деб ўйлайди.
Ташхисда адашган мўътабар ҳаким
Нақ Ибн Сино билан бўйин бўйлайди.

Эй, маҳбуб, энди биз қачон ўргандик
Зим-зиё кечада юлдуз бўлишни.
Юракка солгандан ҳар куни чандиқ,
Бир бора ҳақ сўзни айтиб ўлишни.

* * *

Сен келдинг, албатта бир кун кетасан,
Қолади амалинг, йиғиб терганинг.
Орзуга ҳам балки, бешак етасан,
Аммо, билурмисан қайга келганинг?

Дўстлар даврасида юлдузсан гўё,
Қайга чўзма қўлинг — узун, етади.
Ўйладингми, нега оқ бу, бу сиё,
Нечун одам бунда келиб-кетади?

* * *

Гарчи ниятларим кўп улуғ эди,
Кўп эди умидим мусаффо тонгдан.
Йиллар тулпорини қамчилаб елди,
Сочларим оқарди кўтарган чангдан.

Гарчи омадим ҳам чопди бир замон,
Тўрт тараф кўзимга шодлик улашди.
Ерлар юмшоқ бўлди, пасайди осмон,
Энг ёруғ юлдузлар қўлга илашди.

Гарчи талтайтириб суймади тақдир,
Айрилиқ нелигин ёшликдан билдим.
Ўз ҳолимга ҳеч ҳам қўймади тақдир,
Шеър дедим, ёр дедим, турдим, йиқилдим.

Гарчи шеъриятда ўрта деҳқонман,
Умидларим кўпдир хазонрез боғдан.
Ўрга ҳам минг шукур, роса ёққанман,
Ҳасратми? Билмадим, келур қаёқдан?


СУЗОҚ ЧОЙХОНАСИДА

Шуҳратжонга

Чақчақлашдик юртдош жўралар
Шинам Сузоқ чойхонасида.
Соғинч билан Меҳр жўр бўлар
Шундай Тошкент остонасида.

Юрт дегани — оҳанрабодир,
Киндик қонинг мангу тортади.
Мусофирнинг қалби ярадир,
Мусофирни сўз ҳам отади.

Бир этикка тиқилса оёқ,
Қаёққа ҳам эй, зот, чопасан,
Мўъжазгина шу «Сузоқ»қа боқ,
Ўз юртингни шунда топасан.

Армон деган эгов тинмайди,
Қамчиқ белнинг икки ёнида.
Кетар эдим, лекин қўймайди,
Ўзбекистон менинг жонимда.

ТЎРТЛИКЛАР

Йиқилганни тургиз, савоб бўлади,
Йиғлаган юраклар кабоб бўлади.
Раҳм қил уларга умрингда бир бор,
Яхшиликка албат жавоб бўлади.

* * *

Ёшликдан эгарла ғайрат отини,
Бу от асовдир хўп, сўнг тизгин бермас.
Асл одам топиб борар зотини,
Молин берар аммо, ўзлигин бермас.