Ёқуб Аҳмаджонов (1947)

Ёқуб Аҳмаджонов 1947 йилда Наманган шаҳрида туғилган. «Кредо», «Ахсикентдан топилган беш ривоят», «Алданган қуш», «Тегирмон ёнидаги уй», «Лайли ва Мажнун»нинг ХХ аср варианти», «Болалик капалаклари», «Мусаввир», «Хаёл сайёрасидаги фожеа», «Сардоба шотутлари», «Бузилган мақбара деворидаги битиклар» сингари асарлар муаллифи. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Оилали. Икки ўғил ва етти набираси бор.


СУРАТДАГИ ДАРАХТ ЯПРОҒИ

1
Ой тиниқ.
Сой тиниқ.
Титраб-титраб чўмилар юлдуз.

2
Сен тоғларни ёмон кўрма
Сендан улканлиги учун,
Юксаклиги учун журъатингдан.

3
Ўткан кунлар хотираси дилни ёқар,
Энди қачон ариқларда тўлиб оқар
Ялпиз бўйи келган сувлар?

4
Бу ерларга қадам қўйганим замон
Япроққа айланар вужудим –
Илк бор сени шунда учратган эдим.

5
Қаерларда юрар бепарво эри?
Тонггача мижжа қоқмайди сирень
Тунги капалаклар дастидан.

6
Учиб кетган болалигимни
Тушларимда томингда кўрдим,
Оқ тегирмон, оппоқ тегирмон.

7
Ҳассани неча марта йўқотиш мумкин,
Дарёдан қуруқ қайтиш мумкин неча бор,
Наҳот бир умр?!

8
Хонадаги Умидсизликни
Қувиб солди Аёл кулгуси.
Сон-саноқсиз яшил япроқлар.

9
Лойқа, кўлмак сувда асабий сузар
(Овозсиз фарёди оламни бузар)
Аждоди дарёда яшаган балиқ.

10
Сенга ҳам қойил қолиш керак
Ҳеч бўлмаса парвоз қилганинг учун,
Варракнинг думи.

11
Дунёга пок келдинг ва шундоқ кетдинг.
Иккинчи Сайҳундек сен оқиб ўтдинг.
Қандоқ яшаяпман мен?!

12
Дала-даштда совқотган Шамол
Эшикларни қоқар тун бўйи.
Бечоранинг рангида ранг йўқ.

13
О, тошларим менинг, музларим менинг,
Ёғийлардан баттар ўзларим менинг.
Ким айтади бизни битта дарахт деб?!

* * *

Сойнинг сайроқ тўлқинлари жим,
Лоқайдгина мудрар қирғоқлар.

Бир тўп қарға қурмоқда базм,
Дарахтларда қора япроқлар.

Хазон бўлиб куйдирар кўзим
Мен ўкситган ғамгин нигоҳлар.