Яҳё Тоға (1957)

Яҳё Тоға 1957 йил 20 январда Тошкент вилоятининг Кўрғонча («Юлдуз») қишлоғида туғилган. Москвадаги Олий Адабиёт курсини тамомлаган (1991). «Кўклам қалдирғочлари» (1988), «Қафасдаги бургут» (1989), «Тасалли» (1994), «Куйла, ҳофиз» (2004) каби шеърий китоблари чоп этилган.

СОҒИНЧ

Ғунчагаму гулга парвона
Қуш тилида хонишлар этдим.
Гарчи, бу гап сал шоирона,
Лекин сени соғиниб кетдим.

Товуслар сув қуйди қўлимга,
Қайтгим келди Ойдинкўлимга.
Бир гул йиғлаб чикди йўлимга,
Лекин сени соғиниб кетдим.

Сайрайверди булбул мен учун,
Йиғлайверди ул гул мен учун.
Балки, бари бир пул мен учун,
Лекин сени соғиниб кетдим.

Юлдуз санаб бу кеча дилгир,
Эслаб қўяр мени ҳам кимдир?!
Дўстларимни унутдим бир-бир,
Лекин сени соғиниб кетдим.

Қанот истаб куйдим, бўзладим,
Қарчиғайдай кўкни кўзладим.
Рост сўзладим, ёлғон сўзладим,
Лекин сени соғиниб кетдим.

Жумла битдим д&тли, девона,
Шеър, деб тутдим жумла жаҳона.
Мен бир бедард болангман, она,
Лекин сени соғиниб кетдим.

СУВЧИ

Унга раҳмат айтиб ўтирма,
Беҳуда бир шеър билан мақтаб…
Бир пиёла чой бергин унга,
Бир ёстиққа етгулик пахта.

Қўшиқ қўйиб бергин, эшитсин –
Комилжоннинг «Дугоҳ»ларини.
Сўнг ёнига чўккинда секин,
Уқалаб қўй оёқларини.

БАХТ ҚУШИ

Мана бахт қуши ҳам елкага қўнди.
Бу яғир елкага қўнди-ку охир,
Оғир бахт қуши.
Этга ботиб кетди тирноғи.
Бағир қон.
Қанотлар қон.
Лабга силкқан қон таъми — тахир.
Мен бу қушдан фақат
Бахт сўрагандим, ахир.
У эса…
Мени қурбонликка сўради.

ТЕГИРМОН ТОШИ

Дил маърака майдон, тил беор жангчи,
Дошингда айланар тегирмон тоши.
Қўлларинг ўқига етмайди, гарчи
Қошингда айланар тегирмон тоши.

Ҳар кимнинг ташвиши ўзигадур эш,
Оҳ, қачон тўлибдур рўзғор деган меш?
Хиваю Андижон, Самарқанду Кеш,
Шошингда айланар тегирмон тоши.

Ўзинг жардасану кўзинг қуёшда,
Ёш жонинг қарғалар аро талошда.
Дунё акс этармиш бир томчи ёшда,
Ёшингда айланар тегирмон тоши.

Ҳар гул ўз ҳидидан мастдур чаманда,
Асрлар шамоли айлайди ханда…
То ҳаётсан, яша, эй ожиз банда,
Бошингда айланар тегирмон тоши.

Киприги ўқмонанд, ўсмабанд қоши,
Хазонга ўт қўяр фалак фарроши.
Яҳё, юрагингда минг армон тоши,
Тошингда айланар тегирмон тоши.

ЕТИМ ҚИССАСИ ЁХУД БАРДОШДАН БИНО БЎЛГАН БОЛА

Ямоқ енги қуримас ёшдан,
Ёшин тошдай ёстиқлар ичган.
Тақдир бошин яратган тошдан,
Кўйлагини қарғишдан бичган.

Тили аччиқ, нони миннатда,
Қаҳри қаттиқ ўгай онанинг.
Қўли қотиб кетар меҳнатда,
Суяги қотмаган боланинг.

Гоҳ бешиган қучоқлаб йиғлар,
Таскин бўлар сутнингми ҳиди..
Бу боланинг онаси ўлган,
Ўлмагандир фақат умиди.

СУТДАЙ ТУНДА

Сутдай тунда тутдай тўкилиб,
баҳорги булутдай тўкилиб,
сойга термулган кўйи,
сув бетида ёшдай қалқиб турган
ойга термулган кўйи,
нималарни ўйладинг, дўстим?

Нега кифтинг титраб чикди
тун бўйи?
Келдинг ахир кимлардан тўйиб,
кимлардан куйиб?
Қўшиқ айтмаганинг рост, бироқ,
менинг эшитганим не нола, дўстим?
Сутдай тунда рангинг нега бўздай оқ,
тун бўйи бўзлаган бўз бола дўстим?

САБР ТАГИ…

Мен сабр айладим,
Мен жуда бойман.
Сабрнинг тагидан
Тилло ковладим –
Ҳар бири ойдай.
Мен сабр айладим,
Мен жуда бойман.
Топган тиллоларим
Олисда мендан
о й д а й…