Хуршида (1967)

Хуршида 1967 йилда туғилган. ТДПУнинг филология факультетини тугатган. «Алдамчи тонглар», «Сиғмагай жисмим жаҳонга», «Изҳор», «Таржима», «Самойинур» (сайланма) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

* * *

Келди дилга умид бахш этиб баҳор,
Ифор таратмоқда гулбоғлар ажиб.
Исмингни энг латиф сўзларга ўраб,
Аста пичирлайман беҳол, музтариб.

Сенга етолмайди тилакларим хуш,
Сендан кетолмайди маҳзун хаёлим.
Қушлар беролмайди юракка таскин,
Сенсиз сайри боғлар ғариб, малолли.

Баҳор – бу дунёга улашгувчи нур,
Ишқ куйин чалгувчи юрак тори-ла.
Энг мушкул савдо бу – изҳори кўнгил,
Дил муқим бешафқат сукут бағрида.

Ғунчалайверсаю очолмаса гул,
Висол не билмаса муҳаббат боғи?
Борлиққа бор меҳрин сочганда баҳор,
Юракни тирнаса ҳажр фироғи.

Уйғониш айёми уйғотар умид,
Тўлдирар юракка туйғу, эҳтирос.
Мен азиз исмингни гулларга ўраб,
Бағримга босмоққа ҳақлиман, холос.

* * *

Гоҳ унсиз, гоҳ секин пичирлаб кун-тун,
Исмингни кўп бора айлагум такбир.
Айт, бошқа нимадан куч олмоқ мумкин,
Аён-ку, бизларни боғламас тақдир.

Боумид, шукрона айтиб, юракда
Улуғ ишқингни жим кўтариб юрмоқ,
Кун сайин дардимга минг дард қўшмоқда –
Қаршингда беҳисдек жилмайиб турмоқ.

* * *

Ашкдан бошқасига етмайди кучим,
Аршдан бошқа дилнинг йўқдир паноҳи.
Питирлар кўксимда бенажот бир қуш –
Қоқолмас қанотин, чиқмайди оҳи.

Мен яна бу қушга жафолар қилдим –
Аросат тоғига чиқдим етаклаб:
На орт, на олдинга ташлаймиз қадам,
На ишқ, на ҳажрдан очолгаймиз лаб.

Асорат тоғидан инграр умидсиз,
Кўзёшдан сўрайди туну кун имдод.
Питирлайверади ожиз ва унсиз,
Орзу осмонида қоқолмай қанот.

* * *

Бедор кўзларимдан тўкилмиш сиришк,
Хаста юрагимни қамраб олмиш ғам.
Ўртар ситамлари бениҳоя ишқ,
Унсизлик қаърида инграйди алам.

Мендан ранжиманг ҳеч, мени мен эмас,
Орияти осмон руҳим бошқарар.
Сиздан беихтиёр йироқлагайман,
Сизга ихтиёрин берса бошқалар.

Тотли, изтиробли бу ишқ, ниҳоят,
Қай манзилга элтар туйғуларимиз?
Сиздан ранжимам ҳеч, мендан ранжиманг,
Рўшнолик кўрмаса орзуларимиз.

Ғайрат-шижоатдан матонатингиз
Камол топган бўлса: тугал, синашта,
Ишқ азобин унсиз ютмоқ бобида
Менга етолмагай ҳуру фаришта.

Жисмимиз осмону ер каби айро,
Руҳимиз илоҳий нур билан туташ.
Ҳиссимиз ловуллар ўт-олов ичра,
Ишқимиз тўлғонар булутга уйқаш.

* * *

Сиз туғилган кун эди кеча,
Мен олисда сақладим сукут.
Фикрингизча, бефарқликдир бу,
Шундай кунни дил этган унут?

Пок ниятга буркаб заминни,
Ой нурига боғладим тилак.
Юлдузлардан йўлладим ёғду,
Руҳим эди сиз-ла муштарак,
Руҳан сизни этдим муборак!

* * *

Қолдим бунда беҳол, бенажот,
Юрагимни кемирди алам.
Дунё ғариб, дунё бедаво,
Дил ярамга тополмас малҳам.

Айт-чи, менда борми нима айб,
Сенмасмидинг олган дилимни,
Этмабмидинг ўзингга шайдо,
Парваришлаб кўнгил гулимни?

Айт-чи, борми менда бир илинж,
Ер ҳеч маҳал етгайми кўкка?
Забт айлабон аввал юракни,
Ташладингу қўйдинг сўнг якка.

Дил – музтариб, қайсар ва ожиз –
Ишқсизликда айланар лошга,
Минг синов, минг иштибоҳ билан
Кўнгил қўйса, қўяр қуёшга.

* * *

Қалбимдан ёғилгай эзгу тилаклар,
Дилимда саф тортар самимий сўзлар,
Ҳисларим қоғозга тутинар ёрон,
Ортингиздан боқар мастона кўзлар.

Сервиқор, ораста ўтасиз мағрур,
Бошлари эгилгай аҳли киборнинг,
Беминнат қалбингиз меҳр уммони
Дунёмни дахлсиз этгай ғубордан.