Хуррам Райимов (1950)

Хуррам Райимов 1950 йилда туғилган. Термиз давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини битирган. Ижодкорнинг “Моҳитобоним”, “Қўш­қанот”, “Меҳригиё”, “Оқ тулпор”, “Қалбимдаги қуш” сингари шеърий, “Юрак ухламайди” публицис­тик китоблари нашр этилган.

ОЙМОМО

Ҳой, оймомо, оймомо,
Сенла гўзал кенг само.
Гулдай ёшингга сени
Эпми аташ, деб, момо?

Оймоможон, оймомо,
Сулувликка бой момо.
Ўхшайсан бувимизга,
Эртак айтиб бер бизга.

ИЛИҚҚИНА МУЗҚАЙМОҚ

Диловар бир нарсани
Доим ўйлаб юради.
Нега унинг томоғи
Тез-тез оғриб туради?

Қизалоқни холаси
Тинглар гўёки ўртоқ:
– Қани бўлса, – дер қизча, –
Илиққина музқаймоқ.

ТЎХТА, ТУВАЛОҚ

Тўхта, тувалоқ
Суйганинг қумлоқ.
Кўкламни кўрсанг
Очасан қучоқ.

Гала бўлишиб,
Ойдай тўлишинг,
Менга ёқади,
Яйраб юришинг.

Тўхта, тувалоқ
Гапга сол қулоқ.
Қочишни ташла,
Бўлайлик ошна.

БОЛТАЮТАР

Эшитдигу номингни
Ҳайратланиб қолдик, рост.
Балки, яқин ўртада
Бўлсак керак яқин дўст.

Ҳайрон қолдирди бизни,
Ўздан кетар эмишсан.
Қорнинг очса, шу чинми,
Болта ютар эмишсан?

ҚИЗИЛИШТОН

Камзулингга бир боқчи,
Қизилми у ё оқми?
Турфа рангга бўялган
Майда-майда қуроқми?

“Тўқ-тўқ”латиб дарахтнинг
Бунча тинчин бузасан?
Қарзинг бўлса айт, бирдан,
Уни қачон узасан?

ОЁҒИДА ҚУЛОҒИ

Кенг далани тўлдириб
Чириллайди чигиртка.
Қиш келдими, инида
Ғимирлайди чигиртка.
Энг қизиғи шундаки,
Ажабтовур оёғи.
Бор товушни эшитар –
Оёғида қулоғи.

ХИРА ПАШША

Ҳолимизга қўймайсан ҳеч,
Минғиллайсан, хира пашша.
Келишмоқнинг иложи йўқ
Сенинг билан сира, пашша.

Қўнавериб, чақавериб,
Ҳоли-жондан толдирасан.
Оворамиз, қувиб сени,
Қанча ишдан қолдирасан.

ҚИЗҒАЛДОҚ

Чирой ила зеб берар
Далаларга қизғалдоқ.
Айтолмай юрак сирин
Қизариб турар ҳар чоғ.

Алвондир кўйлаклари,
Бели нозик жуда ҳам.
Кучсиз ел эсса ҳамки
Энгашиб берар салом.