Хосият Бобомуродова (1950)

Хосият Бобомуродова 1950 йили туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Тошкент Давлат педагогика университетининг математика факултетини тамомлаган. Кўп йиллар Ёзувчилар уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлимида масъул котиблик қилган.
Шоиранинг “Самарқандга мактублар”, “Қалб титроғи”, “Ватан ягонадир”, “Жонимнинг эгаси”, “Бормисан, ўзбек” ва яна бир қатор шеърий тўпламлари нашр этилган.

БАҲОР

Бунча нозик, митти ғунчалар,
Қандай қилиб очилар, кулар?
Балки унинг жасоратини
Тўлғоқ тутган оналар билар.
Қирғоқларга сиғмай тошар сув,
Шивирлайди яшил япроқлар.
Турналарнинг қайтганин кўриб,
Вужудимга кирар титроқлар.
Караминг мўл, қодир Аллоҳим,
Майса экдинг ҳатто тошгача.
Яшаш дарсин ўтарсан балким,
Баҳорингда кекса, ёшгача.
Уфқларга етса қулочим,
Лолаларни бағримга боссам.
Капалакнинг қанотларига
Ёниб турган дилимни оссам.
Баҳорнинг гул қучоқларида
Тирилгим ҳам ўлгим келади.
Ўзбекистон, онам, бағрингда,
Баҳор бўлиб қолгим келади.

* * *

Сизнинг ҳам қирларда ўсарми майса?
Бир-бирин суяган дарахтлар борми?
Еру кўк қиш бўйи соғинчда куйса,
Соғинарми сизу мендек баҳорни?

Сизда ҳам булбуллар чекарми афғон?
Ўриклар новдаси гуллашадими?
Бир-бирин кўрмаса юрак бағри қон
Бўлиб сирли мактуб йўллашадими?

Сизда ҳам сувларнинг кўпириб қони,
Ўзларини тоғдан ташлашадими?
Куртакларнинг гулга айланиш они,
Бир ширин азобни бошлашадими?

Сизда ҳам қуёшнинг айланиб боши,
Булутларнинг кўзи тиниб кетарми?
Қайтар турналарнинг тўкилиб ёши,
Қадрдон масканга қўниб ўтарми?

Сизда ҳам оҳ урса бўлиқ тупроқлар,
Ҳовури ҳаммага сезиладими?
Тинмай шивирласа кўм-кўк япроқлар,
Илдизларнинг тинчи бузиладими?

Кўнгилдаги армон, юракдаги ғам,
Кўчиб ўтмадими, гулга, чаманга?
Нега бунча жимсиз, бунча хотиржам,
Баҳор келмадими, Сизлар томонга?

* * *

Наврўз келди, қирлар кўкарди,
Қирлар остидаги зўрлар кўкарди.
Кўкармайман деган ўрлар кўкарди,
Меҳр кўкармади сенинг дилингда.

Булутлар эриди, тўкдилар кўзёш,
Баландда бўлса ҳам куйдирди қуёш.
Бардошлари битиб, уваланди тош,
Бир сўз айланмади сенинг тилингда.

Йўлимдан барқ уриб бўстонлар чиқди,
Юрагим тубидан достонлар чиқди,
Қомати ёй бўлиб Рустамлар чиқди,
Фақат сен чиқмадинг менинг йўлимдан.

* * *

Дилимдан то тилимгача сўз,
Оёғимдан қўлимгача сўз.
Тангрим, сўздан айлама жудо,
Ҳаётимдан ўлимгача сўз…

Дунёсига йўғу боримни,
Сўзим билан айтиб кетаман.
Тингламаса тилим зоримни
Кўзим билан айтиб кетаман!

УЗИЛГАН ГУЛГА

Ким узди сўрамайин
Бирор оғиз қуёшдан.
Қўрқмадими оҳингдан,
Қўрқмадими кўзёшдан.
Тупроғингдан, сувингдан
Олмадими, розилик?
Ҳеч қурса тиканларинг
Қилмадими қозилик?
Яна уялмай боғбон
Сени пулга сотдими?
Байрам баҳонасида
Қучоғимга отдими?
Сени ким мажбурлади,
Ҳузуримга келмоққа?
Ўзинг рози бўлдингми,
Кўнглим учун ўлмоққа?!

* * *

Яшаганинг сари камдир бу дунё,
Англаганинг сари ғамдир бу дунё.
Орқага қайтиш йўқ, бас деб айтиш йўқ,
Тинмай чорлагувчи шамдир бу дунё.

Фақат орзу билан бунёд бу очун,
Кимга меҳри ёлғон, кимга ишқи чин.
Ўзинг-ку дунёга сиғмай юрибсан,
Яна ундан ором сўрайсан нечун?

Бандилик муборак сўз зиндонида,
Билгилки, эрк яшар шоир қонида.
Дилни қанча эзсанг шунча яшайсан,
Шеър аталган мангу ҳайкал ёнида.

ТИКАН

Сенга шеър битмоқчи эмасдим асли,
Гул тутиб йўлимга чиқиб турмасанг.
Еру кўкни ёққан саратон фасли,
Бунчалар яшамоқ завқин сурмасанг.

Ям-яшилсан, майин майса рангида,
Қуёш бор меҳрини бошингдан тўккан.
Ғолибсан, чилланинг олов жангида,
Томири дарёга етган эй, тикан!

ИШҚ

Тингламайди ҳеч ким арзу додини,
Тутилган унутар насли, зотини.
Сену мен ким бўпмиз, бу севги яна,
Телба қилар мингта Хосиятини.


ТЎРТЛИКЛАР

«Пастга тушдингми?» деб сўрмагил қасддан,
Киноя қилгунча бошим ос маним.
Сенсиз нима қилай, мен ахир пастда,
Эй дили офтобим, боши осмоним.

* * *

Зар топдим, зўр топдим, ҳимоя топдим,
Меҳрибон дўстлару ҳамсоя топдим.
Изласам ҳар сўздан бир ғоя топдим,
Тополмадим фақат сенинг кўнглингни.

* * *

Бир юракни қўйдим дунё,
Каму кўстинг хизматига.
Нега мени қилдинг шерик
Хазонларнинг қисматига?