Улуғ Бек Маъруф (1972)

Улуғ Бек Маъруф 1972 йил Наманган вилоятининг Чуст тумани, Олмос қишлоғида таваллуд топган. Тошкент Давлат Универститети журналистика факултетини тамомлаган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тизими, жумладан, вазирликнинг бирлашган таҳририяти ва Матбуот хизматида ишлаган. “Ажал сўқмоғи”, “Чаён боласи”, “Чимилдиққа отилган ўқ” бадиий фильмларининг стсенарий муаллифи. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида хизмат қилади. Ше‘рлари республика матбуотида э‘лон қилинган.


БИР СЎЗ ЁТАР МАНИМ ИЧИМДА

Бир сўз ётар маним ичимда,
Ухлаётган вулқонга ўхшаб.
Жоним титрар тафтидан қақшаб,
Зарра имкон йўқдир кучимда.
Бир сўз ётар маним ичимда,
У не сўздир, билмасман фақат.
Билганим шу – аён ҳақиқат,
Бир сўз ётар маним ичимда.
Бир сўз ётар маним ичимда,
Гул бағрига тушган чўғ мисол.
Вужудимга солади оташ,
Бўлмасайдим дастидан увол.
Бир сўз ётар маним ичимда,
Бағрим мисли оловли тандир.
Тирикликдан нишон йўқ унда,
Фақат битта сўзга ватандир.
У бир сўзким, айтилиб бир кун,
Бир кам дунё камин тўлдирар.
Бироқ охир оқибат булким,
Сўзим мени сўзсиз ўлдирар.
05.04.2008 й.

МEН СEНИ ҲEЧ КИМГА БEРМАСМАН

Мен сени ҳеч кимга бермасман,
Бир гулсан мен учун яралган.
Ифори жаннатдан таралган,
Мен сени ҳеч кимга бермасман.

Қошингда малаклар парвона,
Ишқингда фалаклар девона,
Пойингда тилаклар седона,
Мен сени ҳеч кимга бермасман.

Кўксимда тинмаган юраксан,
Ҳеч замон синмаган тилаксан,
Сен менга жон қадар кераксан,
Мен сени ҳеч кимга бермасман.

Ракиблар хасаддан котурлар,
Аламдан олавда ётурлар,
Бир бўлса минг коработирлар,
Мен сени хеч кимга бермасаман.

Ҳар лаҳза ёдингга шерикман,
Исмингни такрорлаб зерикмам,
Мен фақат сен билан тирикман,
Мен сени ҳеч кимга бермасман.

Ёқутсан, инжусан, дур ўзинг,
Малаклар ичинда ҳур ўзинг,
Оламни ёритган нур ўзинг,
Мен сени ҳеч кимга бермасман.
07.11.2011 й.

БОТИНИМГА БИР ДАРД БEР

Ботинимга бир дард бер,
Зоҳир не бўлса бўлсин.
Кипригимга бир гард бер,
Ки андин атринг келсин.

Ботинимга бир дард бер,
Этсин мени хароблар.
Вужудимни пойингда,
Қилсин содиқ туроблар.

Ботинимга бир дард бер,
Денгиз оқсин кўзимдан,
Сенга борай, эргашсин,
Гул-чечаклар изимдан.

Ботинимга бир дард бер,
Ул дардни қучиб ўлай.
Ҳузурингга борганда,
Мен Сенга керак бўлай.
11.11.2002 й.

ДУНЁ

Аёлларга ўхшайди дунё,
Севган саринг қилаверар ноз.
Қанча меҳр кўрсатсанг унга,
Сенга меҳри бўлар шунча оз.

Ёлғон эрур аслида ўзи,
Мендан эса ростни сўрайди.
Вафо қил деб қистайди мудом,
Ўзи эса вафо қилмайди.

Номард отда, мардлар яёвдир,
Нодонларнинг ҳукмида доно.
Ўз коридан ма‘ни тополмай,
Телбасифат бўлган бу дунё.

Туғилиш – бу ўлимга ҳукм,
Абадиймас бирорта жонзот.
Тошбақанинг тоши тилладан,
Бўлса ҳамки, қолмас умрбод.

Хайр изладим ҳар битта ишдан,
Ҳар оқибат надомат кўрдим.
Надоматдан ҳоли бўлгани,
Фақат сабру ибодат кўрдим.

Шундай экан, изламок нечун?
Ким не топди, мен не топарман.
Қўлим силтаб, бундай саргардон,
Сарсонликка эшик ёпарман.

Майли борай, менга ижозат,
Қадамимга сочиб гул, зиё,
Оғушига чорлайди узлат,
Энди мени изласин дунё.
17.04.2008 й.

НИЯТ

Ўғлим Шоҳруҳга

Шу қўлларинг, жажжи қўлларинг,
Қувватларга тўлишар, албат.
Нурли бўлар умр йўлларинг,
Бўласан бир йигит – шеркелбат.
Шу қўлларинг, жажжи қўлларинг,
Савобларга урилгай бешак.
Бир кун унда толеинг бўлиб,
Эркалангай ўзингдай гўдак.
Шу қўлларинг, жажжи қўлларинг
Юлдузларнинг сочларин тараб,
Самолардан топарсан ишқни,
Қуёш чиқар кафтингга қараб.
Шу қўлларинг, жажжи қўлларинг,
Етар чўзсанг, кўкдан йироққа.
Дунёда энг муҳими – улар,
Бир кун мени қўяр тупроққа.
09.09.1995 й.

РУҲИМ

Ижарада яшайман
Турар жойим қасрдир.
Лек муддатни билмайман
Бир ё ярим асрдир.

Тупроқдан ясамишлар
Деворию томини,
Улуғбек атамишлар
Ул қасрнинг номини.

Гуноҳлар чирмовиқдай
Томигача солмиш чанг.
Йиллар оша бечорам
Нураб борар, ҳоли танг.

Бир кун унинг-ла бирга
Ерга сингиб кетарман.
Қасрим қайтар аслига
Мен висолга етарман.
1991 й.

ҚИЛИЧ

Сен қиличга боқ теран,
Тиғидан нур таралган.
У қадимда мардларнинг,
Суягидан яралган.

Минг йил, балки миллиондир,
У ботирлар йўлдоши.
Зарби билан айланар,
Дунё – тегирмон тоши.

Шундай нақл бор элда:
Кимки айбин олиб тан.
Бошин эгса қиличнинг,
Омон қолур қатлидан.

Мардлар кўнгли мақолдан,
Асло таскин топмагай.
Қилич эгик бошларни,
Ҳазар қилиб чопмагай!..
20.08.1999 й.


НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Мулки кунглим тахтига султон эрди битта ком,
Ул сиймбар васлининг хаёлига бўлиб ром,
Тўкиб ашклар, одатим — бир сужуду, бир қиём,
Эй хуш улким, офият кунжи менга эрди мақом,
Сураи ваш-шамси, вал-лайл эрди вирдим субҳу шом.

Фарқсиз эрди бош уза тунми ё кун, шамс, булут,
Кимса кўрса фарқламас, руҳми ё руҳсиз вужуд,
Баайниким безабон, топганим узлат, сукут,
Ҳам кўнгилда нозанинлар суҳбати бўлган унут,
Ҳам назарда маҳжабинлар сурати бори тамом.

Гар зоҳиран эл аро кечса ҳамки авқоте,
Ботинан зоҳид киби тарки дунё одате,
Сархуш эрдим тинмайин такроридин ояте,
Ногоҳон шоҳ базмида жонимға тушди офате,
Мен ўзимдан кетдим, ул билмам қаён қилди хиром.

Кима дейин дардими, кима изҳор айлайин,
Қани улким кўнглима дўсту маҳрам сайлайин,
Дунё ғами занжирин бўйнима дор бойлайин,
Ёр ғойиб, дард мухлик, халқ ғофил найлайин,
Ғаврима ким етгай илло, шоҳи гардун ихтишом.

Боғи умринг абрлар тутиб сирожи бўлмаса,
Коринг дуо эрсаю, қилча ривожи бўлмаса,
Ўлсанг-да гар васлидин зарра хирожи бўлмаса,
Эй Навоий, шоҳдин дардинг иложи бўлмаса,
Бош олиб кетгил уриб овворалиқ даштиға гом.
17.05.2010 й.

АГАР ХУДО ХОҲЛАСА

Тоғу тошга кирар жон,
Агар Худо хоҳласа.
Битта бўлар ер осмон,
Агар Худо хоҳласа.
Тош бағрида гул унар,
Саҳрода сумбул унар,
Қуёшга булбул қўнар,
Агар Худо хоҳласа.
Чумчуқ тошни чўқийди,
Чаён эртак тўқийди.
Йўлбарслар ше‘р ўқийди,
Агар Худо хоҳласа.
Чумолига фил қулдир,
Санглар чангу, чанг гулдир.
Олтин тоғлар бир пулдир,
Агар Худо хоҳласа.
Дил Худодан қолмасин,
Тил Тангри деб толмасин.
Буни Худо хоҳласин,
Агар Худо хоҳласа.
25.11.2002 й.

ИШҚ НИМАДИР МEНДАН СЎРАНГ

Эй сиз Қайслар, саҳро кетган,
Довруғлари дунё кетган,
Манглайимга худо битган,
Ишқ нимадир мендан сўранг.

Тошларни ҳам гул этган,
Шоҳларни ҳам қул этган,
Жонни ёқиб, кул этган,
Ишқ нимадир мендан сўранг.

Қайслар! Да‘во ёпинглар,
Ҳузуримга чопинглар,
Ғуборимни топинглар,
Ишқ нимадир мендан сўранг.

Келинг, мендан дарслар олинг,
Жонингизга дарзлар олинг,
Соф севгимдан қарзлар олинг,
Ишқ нимадир мендан сўранг.
20.01.2012 й.

ОТА-ОНА

Қояларнинг тошларига қадам боссам изим қолгай,
На‘ра тортсам – ҳайқирсам, самоларда сўзим қолгай,
Гар тиқилсам қушёга тиғдай ботиб кўзим қолгай
Чунки Отам – тоғим бор, Онам – дуобоғим бор.

Қулоч отиб фалакка бургут каби учгайман,
Кезиб етти оламни шамол бўлиб кўчгайман,
Гар истасам эркалаб, оймомони қучгайман,
Чунки Отам – тоғим бор, Онам – дуобоғим бор.

Қум қайнаган саҳрода офтоб ўтмас бошимдан,
Қўлимни чўғ куйдирмас, тош чиқмайди ошимдан,
Балогардон малаклар бир зум кетмас қошимдан,
Чунки Отам –тоғим бор, Онам – дуобоғим бор.

Ғанимларнинг тошлари бошларимни ёролмас,
Дарё бўлиб оқсам гар ҳеч кимса банд беролмас,
Сўқмоқларда йўлбарс ҳам менга қарши боролмас,
Чунки Отам – тоғим бор, Онам – дуобоғим бор.
2007 йил ёз.

КEЛУР

Кўнгил, кўнгил берганинг
Қошингга қачон келур,
Тиланурсан висолин,
Ёшларинг уммон келур.

Жисминг аро жон киби
Жо бўлмиш у калбингга,
Ҳижронида оҳ урсанг,
Ки оғзингга жон келур.

Касб айламиш ўзига
Жафо этмакни дилбар,
Бунда бори эл сенинг
Сабрингга хайрон келур.

Узма кўкдан умидинг
Илтижо қил йиғлаблар,
Бир кун меҳрин тўккали
Бошингга осмон келур.
02.09.1998 й.

ҚАДАР

Васлин истаб чексам оҳ,
Дудлари осмон қадар.
Кўзларимдан оққан ашк
Денгизу уммон қадар.

Хаёлисиз ўтмагай
Бир лаҳзаю, бир оним,
Дийдорининг орзуси
Ширин менга жон қадар.

Бори Фарҳод, Мажнуннинг
Да‘волари бекордур.
Мингта Қайснинг кўзёши
Чиқмагай товон қадар.

Етиб ёрин васлига
Ўлса агар Улуғбек,
Чалинг сурнай, йиғламанг,
Дўстлар қабристон қадар.
1992 й.

СОҒИНЧ

Фалак бир иш бўлдирар бир кун,
Сабрим жомин тўлдирар бир кун,
Уволимга қўл урар бир кун,
Соғинч мени ўлдирар бир кун,
Сўнг қуш бўлиб учиб кетаман,
Бу дунёдан кўчиб кетаман.

Бахтинг йўли очилар менсиз,
Унга гуллар сочилар менсиз,
Сен бир толе топарсан тенгсиз,
Мен-чи, ёшим тўлиб бир денгиз,
Унга ўзим чўкиб кетаман,
Бу дунёдан кўчиб кетаман.

Юлдуз эли чаманим бўлар,
Ою қуёш ҳам маним бўлар,
Етти осмон ватаним бўлар,
Камалакранг кафаним бўлар,
Уни гулдан бичиб кетаман.
Бу дунёдан кўчиб кетаман.
01.10.1995 й.

ХАЙР ЭНДИ ДИЛБАРИМ

Сумбул-сумбул сочингга
Хаёлларим богланиб
Сочларингни торлари
Жон ипимга айланиб
Қалбим аро яшарсан
Танга жондай жойланиб

Хайр энди дилбарим
Энди сенсиз дил ярим
Орзулардан яралган
Кўнгил уйим бузилди
Айриликнинг фармони
Бизлар учун тузилди

Иккимизни боглаган
Ришта мангу узилди
Хайр энди дилбарим
Энди сенсиз дил ярим
Ишк вафони иккимиз
Юракларга михладик

Гоҳи висол айлаб гоҳ
Хажр чекиб йигладик
Бу не кисматки бизлар
Бир дунега сиғмадик
Хайр энди дилбарим
Энди сенсиз дил ярим.
1994 й.

МУҲАББАТ

Муҳаббатим, муҳаббатгинам,
Соддагина, ғўргина жоним.
Ҳеч битта зот эшитмас нолам,
Бағримдаги дардим, фиғоним.
Кел, ростини айтамиз бугун,
Кел, иккимиз дардлашайлик бир.
Четга отиб ғурур деганни,
Тан олишиб, мардлашайлик бир.
Бизлар хато қилибмиз, хато
Гўё бир капалак бўлибмиз.
Ҳар чечакни атиргул дебмиз,
Беҳудага халак бўлибмиз.
Биз сиғинган туйғулар ишқмас,
Рўё экан энди биланди.
Энди кечдир, қайтмайди дарё,
Не қилинган бўлса қилинди.
Муҳаббатим, муҳаббатгинам,
Умидни уз орзу-ифордан.
Юрагимни қон қилма ўксиб,
Тақдир эрур Парвардигордан.
03.03.2007 й.


СEВГИДА АДАШСАНГ

Йўлингдан адашсанг билмайин ногоҳ,
Ортингга қайтишга имкон бўларкан,
Ва лекин ҳар босган қадамингда чоҳ,
Севгида адашсанг ёмон бўларкан.

Орзулар дилингни тарк этар экан,
Қалбингга саноқсиз дарз етар экан,
Кўнглингда гул эмас хор битар экан,
Севгида адашсанг ёмон бўларкан.

Гул рангинг баайни сомон бўларкан,
Боғингда баҳор ҳам хазон бўларкан,
Бир чимдим меҳр ҳам армон бўларкан,
Севгида адашсанг ёмон бўларкан.

Дардингни кимсага айта олмайсан,
Боши берк йўлингдан қайта олмайсан,
Ичингда йиғлайсан, йиғлаб толмайсан,
Севгида адашсанг ёмон бўларкан.
Феврал 2010 й.

БЎРИ

Бўри бўлсанг, бўридай бўл,
Бўриларнинг зўридай бўл,
Гар увласанг кўкдан юлдуз тўқилсин,
Оҳуларнинг жон чоклари сўқилсин.

Йўқса итга чўридай бўл.

Бургутмисан, бургут бўлгин,
Қанот ёзсанг, кўкка тўлгин,
Осмон сендан шиддат кутар,
Чангалингда тоғни кўтар.

Йўқса тамом унут бўлгин.

Гар шер эрсанг шердайин бўл,
Шерлар аро эрдайин бўл,
На‘ра тортсанг, етти кўкка билинсин,
Буғуларнинг терилари шилинсин.

Йўқса қаро ердайин бўл.

Йигитмисан, йигит бўлгин,
Бўри ҳам шер, бургут бўлгин,
Айтган сўзинг қасаминг бўлсин,
Мағриб машриқ қадаминг бўлсин.

Йўқса бесўз, сукут бўлгин.

Одам эрсанг одами бўл,
Аҳли имон ҳамдами бўл,
Яхшиларнинг яхшиси бўл,
Яхшиликнинг бахшиси бўл.

Йўқса элнинг бир ками бўл.
2011 йил куз.


ИЛТИЖО

Менга меҳр кўргуздинг Ўзинг.
Йўқдан пайдо этдинг.
Бошим узра қуёшни қўйиб,
Булутлардан соябон тутдинг.
Денгизларни пойимда қилдинг,
Қадамимда ястанди чаман.
Ризқ-насибам гуллади ерда,
Забон ила сийладинг.
Бердинг фаросат,
Борлиқнинг боиси – Сарвар,
Муҳаммад(с.а.в.)га айладинг уммат!
Мен-чи?
Осий йўлини тутдим,
Гоҳ борлигинг унутдим.
Шайтонга эш бўлиб, йўлидан ўтдим,
Изидан эргашдим,
Қўлидан тутдим.
О! Уятдан ўлиб бўлганда,
Шу сатрда чиқарди жоним.
Ўлмадим мен, демак,
Уятдан ҳам мосуво қоним.
Айт, эй Худо!
Олсин мени бағрига замин!
Йўқ, олмасин.
Лойиқмасман унинг бағрига,
Ахир а‘молимда тамғаси бордир,
Ёлғону ғийбатнинг, шароб-балонинг,
Бир йўла от мени дузах қа‘рига.
Йўқ, Яратган!
Отма унга ҳам.
Менинг жасадим,
Дўзахнинг лоларанг оловларини,
Қоп-корага айлантирса-чи?
Яхшиси отакол ундан нарига.
Лекин кани уша ундан нари?
Ўн саккиз минг олам-ку бари.
Демак, жой йўқ шунча оламда.
Мен осийга, қандай шарманда!
О, Парвардигор!
Бир олам ярат!
Бир оламки, барча дўзахинг,
Жаннат бўлсин унинг олдида,
Ва ўшангга ташлагил мени.
Мендан ўзга бўлмасин унда,
Илон ва чаён ҳам.
Чўғ ва олов ҳам,
Тагин мени чақиб, куйдириб.
Гуноҳимга шерик бўлмасин улар.
Тангрим!
Тингла, илтижо, нолам,
Ярат мен учун
Ўн саккиз минг биринчи олам!

10.03.2007 й.

САБР

Ёрим жабр қилди менга,
Мен сабрни хушладим.
Сўнгра қаҳр қилди ёрим,
Яна сабр ушладим.
Сабри тугаб сабрнинг охир
Қошимга келди,
Бошини букди,
Ёшини тўкди.
Сўнгра жабр келди изидан,
Хижолат бўлди ўзидан,
Узрлар деди сўзидан.
Сўнг балони юборди ёрим.
Балосига қучоқ очдим,
Меҳримни сочдим.
Сўнг оловга солди жонимни,
Куйдирди хонумонимни.
Чиқармай фиғонимни,
Олов ичра лолалар тердим,
Олиб бориб ёримга бердим.

Сўнг ажални жўнатди менга.
Ажал қилди ўз ишин,
Бағримга санчди нишин.
Бир-бирин қучиб тишим,
Яна сабр бўлди ишим.
Ва ниҳоят ўзи келди ёр.
Дийдоримга бўлиб интизор
Мени шунча кутди деди.
Синовимдан ўтди деди.
Жафо кетди, сафо энди,
Фано битди, бақо энди.
30.01.2010 й.

УМР

Умр йўлдир чангу тор
Чохларидан қочинглар.
Ҳар кадамда бор девор
Кўзни катта очинглар.

Бу йўлларда учрагай
Гох бури, гох тулқилар
Биров тепмок булади
Яна биров туртқилар.

Номард купдир бу юлда
Мард анкога баробар.
Бироқ ким не изласа,
Топар албат, биродар.

Яхши қилинг ниятни
Атри руёб сочилгай.
Дуруст чертинг, хар ёпик
Дарвоза ҳам очилгай.
06.12.2007 й.


БЎРОН ЭДИМ

Бўрон эдим, онда тиндирдинг
Булут эдим, ерга индирдинг
Чинор эдим, ногоҳ синдирдинг
Менда қасдинг бормиди Дунё.

Энди сени тиниб севарман
Тупрокларга иниб севарман
Парчаланиб, синиб севарман
Чунки сени яратган ХУДО.
20.11.08 й.

* * *

Қадримизни билганнинг қадрин,
Биз ҳам бошда тутармиз бешак.
Кимки билмас, терс бўлсин юзи,
Бизга ундан яхшидир эшак.
22.07.2013.

* * *

Ёмонларга шафқат қилинг, ёмонларга
Ки шундоғам қийин, билинг, ёмонларга.
Бечоралар авлод булар иблисга,
Яхшиликдан тумор илинг ёмонларга.
17.09.2013.

* * *

Қўрқиб қаҳрингдан ҳар томон елдим,
Нажот истаб яна Ўзингга келдим.

* * *

Ишқингда зор ушшоқ аро борамен,
Васлинг излаб, йиғлаб, бўзлаб борамен,
Остонангни тутсам агар саждагоҳ,
Ҳайдамагил, жон ила ёлборамен.
16. 08. 2010 й.

* * *

Ёмондан қоч кўз илғамас жойгача,
Бош олиб кет осмонгача, ойгача,
Ҳаргиз уни тарбиятни ўйлама,
Яхши бўлмас, ботсанг ҳамки лойгача.
2010 йил август.

* * *

Ахмоқ сўзин тингларсан,
Ўзни унга тенгларсан.

* * *

Кўп билган кўп сўз қилмас,
Кўп сўзлаган кўп билмас.

* * *

Жангчи жангга жонидан кечиб кирмас жангчимас,
Чангчи чангга чангалин ечиб урмас чангчимас,
Сангчи сангга сеҳрини сочиб турмас сангчимас,
Рангчи рангга руҳини бичиб сурмас рангчимас.
10.05.2012

* * *

Дунё ила охират,
Фараз қилким, ғарб ва шарқ.
Ғарбга кетдинг оқибат,
Шарқдан шунча топдинг фарқ.
15.06.2012

* * *

Сўзлагандан тинглаган афзал,
Бу кўнгилни кенглаган афзал,
Бошни кўкка бергандан кўра,
Ер – тупроққа тенглаган афзал.
20.06.2012.

* * *

Амалсиз ниятдан савоб оз бўлар,
Ният амал ила гўзал, соз бўлар.

* * *

Кимки сўзда собитдур,
Жўмард, оқил, обиддур,
Лафзини хор айлаган
Ерда хазон, нобуддур.
06.06.2012.