Ўктам Мирзаёр (1956)

Ўктам Мирзаёр 1956 йилда туғилган. Шоир ижодидан намуналар ўтган асрнинг 80-йилларидан эътиборан марказий нашрларда чоп этила бошлаган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. «Огоҳ кўнгил», «Яхши кунлар қувончи» деб номланган шеърий тўпламлар муаллифи.

БАХТГА ЧИЗГИЛАР

Ҳар куни меҳмонга келади Офтоб,
Ҳар туни юлдузлар базм қуради.
Субҳидам кўк чойни шопириб кампир,
Чолига ийманиб кулиб туради.

Невара, чевара, қўю-қўзилар…
Тандирдан ширмойи нонлар узилар.
Эр-хотин қўйишиб бошни болишга,
Бўлажак тўйларга режа тузилар.

Карнай сурнайларнинг садоси келар,
Қалдирғоч вижирлаб уйғотар тонгда.
Саҳардан бошланар бир ширин ташвиш,
Ҳар куни тўй бўлар Ўзбекистонда.

ДЕҲЛИДАГИ СОҒИНЧ

Ой кўрсатди жамолини дунё билан,
Зар кокили жилваланиб ҳаё билан.
Зуҳро юлдуз ишваланар ибо билан,
Келтирибми бизга юртнинг шамолини…

Ватан дилда, биз Ватандан фироқларда,
Хуш кўрдик эй, қадрдонлар йироқларда.
Соғинч ўртар, киприкларим титроқларда,
Қалб қийналиб, бераверар саволини…

Ганг бўйида ўз-ўзимга тилаб сабр,
Изларингиз излагандим Мирзо Бобур.
Топдим, аммо соғинчингиз дилда — оғрир,
Дардларингиз бунча оғир, бунча оғир?!.

ЁРУҒ ХОТИРА

Тунда келдим, довон ошиб,
Бебошман-да,
Ҳаловатин бузмай, дея девор ошсам.
Файз тўкилган, ойдингина хонам ёруғ.
Кўрпа тўшак, тайёр нон-ош, нозу неъмат,
Ўз уйимда ўз онам бор — олам ёруғ.

Ўзим билан оввораман, заҳматим йўқ,
Эрта туриб, кеч етсам-да, қурсоғим тўқ.
Ҳилпирайди дорда оппоқ кўйлакларим,
Супурилган, сидирилган йўлакларим.
Супам чети гулзор — қизил, оқу сариқ.
Боғбонгинам жилмаяди. Юзи ёруғ.

Ҳаёт шундай тўкис, дебман билмай, эсиз,
Умри ўтди, яхшилигим кўрмай, эсиз.
Кўз ўнгимда кутар ҳамон интизорим,
Энди абад қайтмас бўлди ғамгусорим,
Рози бўлсин, берган нону тузи ёруғ,
Ортларида қолиб кетган изи ёруғ.

ҚИЗҒАЛДОҚЛАР УНГАН ЕРЛАРДА

Қизғалдоқлар унган ерларда,
Муҳаббатдан куйлайди юрак.
Бахт энтикар қир-адирларда,
Югургилар ортидан тилак,
Қизғалдоқлар унган ерларда.

Гул-лолалар қўзғар ҳисларни,
Тўзғиб кетар туйғулар ҳар ён.
Ёдга солиб таниш изларни,
Қалб севгига бўлганди нишон.
Гул-лолалар қўзғар ҳисларни.

Кошоналар дўнган ерларда,
Юрт бор учун бўлибди чаман.
Бахт силкинган қир-адирларда.
Уюм-уюм кўмилган армон
Капалаклар қўнган ерларда…

ПАРКЕНТ УЗУМЛАРИ

Паркент узумлари, Паркент узумлари,
Офтоби, мускати, чиллаки, холли,
Қизбармоғин тоти ҳаётдай болли,
Паркент узумлари, Паркент узумлари.

Орифхон куйчининг дилкаш байтлари,
Дўстлар даврасида масрур пайтлари,
Боладай қийқирган ҳайё-ҳайтлари,
Паркент узумлари, Паркент узумлари.

Дастурхон зийнати, боғбон ҳиммати,
Тонг-ла шудрингларда чўмилган чарос,
Тоза ҳавосида балқар эҳтирос,
Паркент узумлари, Паркент узумлари.

Мени шайдо қилган саросар байтмас,
Ғанимат лаҳзалар — эҳ улар қайтмас,
Шоир ёнмаса гар шунчалар айтмас,
Паркент узумлари, Паркент узумлари.

СИНФДОШЛАРГА

Жўра-жўра болалик,
Қувноқ қизлар жамоли.
Энтиктирар юракни,
Илк муҳаббат шамоли.

Унутиб бўлармикан,
Ўша чақноқ кўзларни.
Парталарда ўйилган,
“Севги” деган сўзларни.

Ўтиб бормоқда умр,
Кўринмайсан синфдош?
Ёки дуч келмоқликка
Ҳамон топмайсан бардош?

Бу синоат не экан
Сочга ҳам қўнди қиров.
Аммо юрак тўрида
Ўксиб ётар бир сўров:

Бормисан — бувимисан,
Фарзанд, набира суйган.
Мен-чи, кўнглим ўшаю
Бобоман — дили куйган…

ЗАМОНДОШЛАРГА

Ватан — менинг кўнглим,
Ватан — сенинг кўнглинг,
Ватан обод бўлар,
Кўнгил обод бўлса!
Тобора юксалар,
Орзулар нарвони.
Тинч бўлса, яшнаса,
Ватан қўрғони.
Белингни боғлагин,
кўнглингни чоғла.
Меҳр қўй Ватаннинг
ҳар гиёҳига.
Ватан обод бўлар,
Кўнгил обод бўлса!
Дўстим, елкадошим,
Сафларда бор бўл.
Улуғ Истиқлолга
Бошлади Сарбон.
Кўнглимизда ҳурлик,
элкамизда ҳурлик.
Истиқлол туғини
кўтарди карвон.
Бизлар карвон бўлдик,
Сафдош— беармон!
Обод ватанларда
ободлик — байрам.
Озод ватанларда
озодлик байрам.
Чеҳрангда табассум
Кўрсам, замондош,
кўнглимда байрамдир,
кўнглимда байрам.
Бахтинг шу — Истиқлол
Офтоби бошда.
Қалбингдан тафт олар
ҳатто қуёш-да!
Миннат йўқ,
эганинг-бир чўқим ош-да,
Ватан обод бўлар,
Кўнгил обод бўлса!

ҒАЛАБА

Шамол турди,
Даврин сурди.
Ёмғир ёғди.
Сабр қилди ер.

Шамолнинг кўзига
Тупроғин сочди.
Булутга кўксини керди, беписанд.
Ёмғирни ирмоқ қилди аямай,
Бардош билан ер.

Асради гулларни сағрида,
Ана, кўринг, қизғалдоқлар —
Тўп, тўп қизалоқлар.
Қиқир-қиқир энтикар,
Онасининг бағрида.

ЕР

Ер, ўғлимсан, бўзатойимсан,
Қучоғимга сиғмаган болам.
Ер, қизимсан, гулчиройимсан,
Ўзинг бўлиб кўринар олам.

Қани, жилға бўлсам-да чопиб,
Юзларингни ювсам эркалаб.
Қани, бир бор имконин топиб,
Пешонангга қўя олсам лаб.

Туморимсан, юракка осган,
Ардоқловчи дил оромимсан.
Ҳориб келсам, бағрига босган,
Ер, онамсан — меҳрибонимсан.

ЮРАК

Ғалаба нашъаси барибир ширин,
Аёвсиз курашдан толиб чиқсанг ҳам.
Атрофи бурқсиган фасод дунёда,
Туҳмат, маломатга қолиб чиқсанг ҳам.

Бурчак-бурчакларда ўйнаб турар мушт,
Нега сен етимсан, бечора, сағир?
Ҳар қадам пойингдан чалар беимон,
Ғалаба, бунчалар йўлларинг чағир?!

Пичоғини қалбга санчиб турар вақт,
Бардошим етганча оёқ тирайман.
Қаддимни ростлайди вужуддаги шаҳд!
Манфур ҳужумларга шундай ярайман.

Бир бора, ўн бора — юракда санчиқ,
Ёлғизгина умид унга суянчиқ…

Биламан, ғолиблик нашъаси ширин,
Кўксим тоғлар каби қудратли, юксак.
Осмоннинг тоқига тегади бошим.
Яна бир қаддимни кўтарсам бешак!

…Тоза ҳаволарда яйра эй, юрак!
Гупириб, юзимга беролдинг сайқал.
Кўксимда мардона урганинг учун,
Ушбу сатрлардан қўяман ҳайкал!

ВАРРАКЧА
(Болалик таассуротларидан)

Ҳов болалик, болалик-а,
соддагина болалик.
Шокиласи жилвир, жилвир
Варракчалар ясадик.

Қувнаб-қувнаб орзумизни
самоларга чоғладик.
Варрагимиз иқболига
Умидимиз болалик.

Учди бизнинг варрагимиз,
Ҳаммасидан зўр, баланд.
Виз-визагин визиллатиб,
Дилларимиз қилди банд.

Эрмак бўлиб қолди шўрлик
Елвизаклар қўлида.
Энди унинг овозини
Эшитамиз йўлига…

* * *

Шамол — баҳорнинг дугонаси,
Ёмғир — ошиқларнинг девонаси —
Шаррос изҳор этар ишқини.

Ловуллайди баҳорнинг юзлари,
Ялпизлар — маҳалланинг қизлари.

Севгининг суврати шундайдир —
Шамол баҳорни етаклаб дайдир.
Шов-шов ёмғир изғийди кўчада —
Ёлқинли ҳислари қалбида.

Дув-дув гап ариқлар лабида.

ОНАИ ЗОРИМ

Ёш қўшилиб ёшимга,
Қиров қўнди бошимга.
Қайтмас умр тулпори,
Ул навқирон ёшимга.
Истаганим не ўзи?
Истаганим дийдорми?
Орангизда онамдай
Содда, меҳрибон борми?

Дунё тўкилиб борар,
Кўз ўнгимда чокидан.
Онажоним, айланай,
Сочингдаги оқингдан.
Биз учун келтирганинг
Андуҳлар энди ёрми?
Қавму қариндош ичра,
Ўзингдек табон борми?

Армоннинг аччиқ чашми,
Юзларимни тилдиё.
Эгилган кезда қаддим,
Қисмат юкин илдиё.
Оромижон суҳбатлар
Энди абад хуморми?
Кезиб, дерман оламни,
«Нури жаҳоним, борми?»

«Йўқ», шовуллар кўзда ёш,
«Йўқ», кўнгилда қотди тош.
Қиёматгача бардош,
Етармикан, қариндош?
Изларига қўйдим бош,
Кўнгил меҳрга зорми?
Чашмаи қалбим менинг,
Йўлимда интизорми?