Тўлқин (1938-1996)

Тўлқин 1938 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Жилғалар”, “Севгим”, “Булоқ қўшиғи”, “Юрагимни излангиз”, “Юлдузлар тўкилмайди”, “Умрдан ҳадя”, “Сочилган сирлар”, “Ғунчалар” каби китоблари нашр этилган. Шоир 1996 йилда вафот этган.

САВОЛЛАР ГИРДОБИ

Ҳар оқшом ухлашинг олдидан бир дам,
Ўзингга ўзинг бер бир неча савол:
Қолдими шу кундан залворли қадам,
Амалга ошдими бир кунлик хаёл?

Эрта тонг ишингга кетаётган чоқ,
Кимнидир қўлидан ушлаб кетдингми?
Сендан хурсанд бўлиб қолдими ўртоқ,
Ўйларинг тубига бир он етдингми?

Елканг кўтардими халқнинг юкини,
Завқлана олдингми юрт чиройидан?
Тоғларга бердингми кўнглинг суқини,
Ташнанг қонолдими бир дил сойидан?

Тезкор бу замонда шошилиб яна
Кўрмасдан ўтганинг йўқми дўстингни?
Уйингда интизор отанггу она,
Уларнинг меҳрига тўйиб ўсдингми?

Саволлар,
Саволлар чулғасин, ошна,
Уларга: “Ҳа!” дея жавоб топсанг гар,
Уйқунг тинч, эртага бўласан ташна,
Индининг яна ҳам боқар жилвагар.

* * *

Нима ширин дунёда,
Ширинликда зиёда?!

Балки, хаёл шириндир,
Не-не сир яшириндир.

Балки, ширин кулгидир,
Балки, ширин туйғудир.

Яшамоқнинг ўзи ҳам
Ширинликда бир олам.

Бари шириндир, бироқ,
Висол они ширинроқ.

ТИНИҚЛИК

Тип-тиниқ сув,
Тип-тиниқ осмон.
Тип-тиниқ кўз –
Тип-тиниқ кўзгу.
Тиниқликни тилайди замон,
Тиниқликни қиламиз орзу.

О, тиниқлик қанчалар зарур,
Яшарканмиз елкама-елка.
Тиниқ қуёш сочиб турса нур,
Тиниқликдан қочар кўланка.

Тиниқ бўлсин қизлар боқиши,
Ҳатто дўстлик сўрар тиниқлик.
Гул ҳаётда соф бўлса киши,
Шунда уни ўрар тиниқлик.

О, тиниқлик қанчалар керак,
Кулгуларга керак тиниқлик,
Тиниқ бўлсин ҳар кимда юрак,
Туйғуларга керак тиниқлик.

О, тиниқлик!
Излаганим сен,
Доим кўрай дўстлар дилида.
Баланд тутай бошим узра мен –
Сен ҳамроҳим ҳаёт йўлида.

О, тиниқлик қанчалар керак?!.

ТИЛАК

Умид билан яшайди одам,
Бир-бирига тилайди тилак.
Дейман: доим яшнасин олам,
Уриб турсин орзуманд юрак.

Дўстга бўлсин бор вақтичоғлик,
Бошларидан аримасин нур.
Боболарга тилайман соғлик,
Момоларга тилайман ҳузур.

Ошиқларга ёрнинг висолин
Ва тилайман бир бўса бу дам.
Болаларга арининг болин,
Гўдакларга биринчи қадам.

Қўшниларга елкадошлигу
Қариндошга тилайман омад.
Ёш қизларга гул, қуёшлигу
Йигитларга мағрурлик, қомат.

Булут бетин кўрмаса осмон,
Тонг бўлсаю ҳеч бўлмаса кеч.
Тилак қилдим, доим соф инсон –
Давралардан айрилмасин ҳеч.

Дўстлар, дилда бўлса гар орзу,
Камалакнинг рангларин тиланг.
Табиатнинг сокинлигию
Яна минг-минг тонгларни тиланг.

Умид билан яшайди одам…

* * *

Бир кафтда ер, бир кафтда қуёш,
Коинотда кезасан шодон.
Сайёралар елкангда сирдош
Бошинг узра тип-тиниқ осмон.

Она тупроқ ардоқлар сани,
Она элинг қўйган муҳаббат.
Юрагингда севги тўфони…
Бир қизгина билмайди фақат.

ОСТОНА

Чўғдек тиниқ кўзлар тўлар зиёга,
Учраган кишига боқиб дўстона.
Ахир, кириб келдик улкан дунёга,
Кичик уйимиздан ҳатлаб остона.

Азиз юрт қалбларни қўяди боғлаб,
Боғларга боқамиз ташна-мастона.
О, улкан чиройни олсанг қучоқлаб,
Шунда, бир қоядир ортда остона.

Остона – бу бизнинг илк қадамимиз,
Баланд чўққиларга биринчи зина.
Ойга муҳр босса гар одамимиз,
Остона хизмати бордир озгина.

Остона – бу янги уйлар эшиги,
Янги иқболларнинг бағишлови у.
Остона – келажак ишқин бешиги,
Остона – кузатиб қолувчи орзу.

Кичик уйимизда босиб остона,
Биз кулиб боқяпмиз улкан дунёга.
Ҳаётга боқамиз ташна, дўстона,
Шунинг учун кўкрак тўла зиёга.

Остона бўлсайди менинг қалбим ҳам…


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!