Ситора Тошматова (1993)

Ситора Тошматова 1993 йили Тошкент вилоятида туғилган. ЎзМУнинг хорижий филология факултети талабаси. “Баҳор ифори”, “Дунё болалари истаги”, “Бахт фасли” номли шеърий китоблари нашр этилган. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори.

ОНА ЮРТ

Сен ҳақингда шеър қолмади ёзилмаган,
Сатрларга жойланди энг гўзал сўзлар.
Лек сенинг энг чин таърифинг – бу дунёда
Меҳр билан ўсаётган ўғил-қизлар.

Қафасига сиғмаяпти: юрагим – қуш,
Топсам дейди энг ярашиқ сатрларни.
Балки сенинг чиройингдан кўрк олганми,
Онам саҳар туриб ёпган патирлари.

Талабим йўқ офарину олқишларга,
Менга етар бир онамга суюклигим.
Фақат битта сатр бергин эй, Художон,
Дунё билсин бу юрт қандай буюклигин.

Шоирликка асли менинг даъвойим йўқ,
Ёзганларим бари эрур дил дафтарим.
Бу юрагим катталашиб бораяпти,
Ватан, сени куйлаб, сени севган сарим!

КИТОБ

Аввал юрагимга жойладинг меҳр,
Сўнгра хаёлларга қилдинг ошно.
Севмай бўладими ўзингни ахир,
Ҳу-у-ув ишқ томонлардан келганмисан ё?

Сен-ла унут бўлар дарду армоним,
Сен-ла мақсад томон айлайман шитоб.
Ўзингсан чин дўстим, энг қадрдоним,
Ёстиғим остида ухлаган китоб.

ТУПРОҚ ҲИДИ

Синглим айтар, дунёда энг ёқимлимиш гул ҳиди,
Бобом айтар ўй суриб — оғриқлидир йил ҳиди.
Новвой пешонасидан терин артиб, шундай дер:
“Бу дунёда тандир ҳиди, ноннинг ҳиди азиздир.”

Ким нени суйса-суйсин, суйган бўйим қор ҳиди,
Бодомнинг гулларию, нимяшил баҳор ҳиди.
Жазирама саратонда, ёз авжида бўлган чоғ
Саришта қиз сув сепганда тупроқ ҳиди ширинроқ…


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!