Сирожиддин Рауф (1967)

Сирожиддин Рауф 1967 йил Қарши шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини (1992), Тошкент давлат юридик институтини битирган (2002). «Йиғлаётган ой» (1994), «Кўк гумбаз» (2001) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

ЮРТДАН ОЛИСДА

Ўзимда эмасман. Ичикдим,
Кўнглим бу дам — мулки вайроним.
Оҳ, сенсиз мен Ойда ҳам ҳеч ким,
Она юртим, ота маконим.

Дерлар бунда: «Господин», «Мистер»,
Янграб қолар баъзан: «Эфендим».
Мен эса жон-жонимга татир
«Ошна» деган сўзни соғиндим.

Қайда бўлмай, Лондон, Парижда,
Ҳайбати, ҳайрати чўт эмас.
Не тонг, бугун кибор хорижда,
Тошкент, Термиз, Андижон ҳавас.

Шубҳа нечун?
Тақдир зайли бу:
Шундай бўлган, шундай бўлажак.
Милён-милён юрак майли бу,
Буюк ўтмиш — буюк келажак!

Қайси эл иймонда пойидор,
Эътиқодда собитдир бирдай
Унга Оллоҳ ўзи бўлиб ёр,
Улуғларнинг руҳи қўллагай.

Ён бермасак турфа каззобга,
Ким ҳам бизга ёмонлик ўйлар.
Ногаҳоний офат-қазога
Балогардон Нақшбандийлар.

Бу шундайин юрт — жаннатмонанд,
Осойишта еру осмони.
Эзгуликка диллари пайванд
Одамлари одамнинг жони.

Қад ростлайди боғи Эрам, чин,
Қай томонга нигоҳинг тойса.
Нохос билмай босганинг учун
Кайфиятинг бузмайди майса…

Шу дам юртим тошу гиёҳин,
Ҳар кимга мақтаниб толаман.
Баён этсам ҳолу сиёқим:
Она деб ичиккан боламан!

ШОИР

У ҳам ҳамма каби оддий бир одам,
Бировдан кам эмас, бировдан ортиқ.
Дунёга келганда Яратган эгам
Лек шоир юрагин айлаган тортиқ.

Шунданми, суратда сокиндир ҳар он,
Сийратида исён, тўфон яширин.
Турмуш зардобини сипқориб пинҳон,
Муносиб қаршилар масъуд онларин.

Уни ўйлантирар турфа мулоқот,
Гўё Гулханийнинг «Зарбулмасал»и.
Ҳар ён нафс домига ботган махлуқот,
Fамзада кўнглида умид, тасалли.

Ҳаёт бу — оқ-қора, қайғу ва ханда,
Росту ёлғон демак, бундан ким тонар?
Кўплар ҳақиқат деб лаққа тушганда,
У-чи — алданишин билиб алданар.

Осмонларга бўйлар руҳи равони,
Бедард давраларнинг гули бўлмайди.
Муҳаббат йўлига бахш этар жонин,
Аммо муҳаббатнинг қули бўлмайди.

Тумонат дўсту ёр қуршовида ҳам,
Ёлғизлик заҳмидан чок-чок сўкилар.
Макон ва замонни унутиб ҳар дам,
Ризвон олмасидай дувва тўкилар.

Орзиқиб яшар у,
Интиқиб яшар:
Одамзот қалбида ниш отсин чечак,
Шоир юрагига санчилиб ништар,
Заминни чулғасин оҳанглар чак-чак…

СЕВГИ

Ҳажрингда ҳасратим ҳаддин ошганди,
Кўзимга дунёлар бўлиб қоронғи.
Бирдан… Ҳаётим нур, гулга бурканди,
Ва зумда тўзғиди, чиқмади донғи.

Кўзимга дунёлар бўлди қоронғи,
Шунчалар онийми, ахир, муҳаббат?
Самовий севги деб адашдик чоғи,
Бетизгин хаёлнинг бағри баҳайбат.

Ҳажрингда ҳасратим ҳаддин ошганди,
Бир эзгин ҳаловат бор эди бироқ —
Эртанинг орзуси бор эди танти,
Кўнгил зулматига яшил шамчироқ…

Тан бермоқ оғирдир, ҳайҳот, негадир,
Гарчи ўтган онни бўлмас қайтариб.
Тақдирга юкинмоқ керак бегидир,
Тақдирнинг ваъдаси — умид ахтари.

Тақдирнинг ваъдаси — умид ахтари!..

II

Кўнглингни тўлмоғи мушкул тобора,
Домига тортаркан ўткинчи ҳавас.
Наҳот сенга қалбим, ишқим чикора,
Излаганинг наҳот муҳаббат эмас?!

Бағримга санчилар саволнинг тиғи,
Наҳот излаганинг муҳаббат эмас.
Кўзларинг тубида наҳот бор-йўғи,
Мени банди қилган уммон—кенг қафас?

Кўнглингни тўлмоғи мушкул тобора,
Олақуроқ туйғу, ҳислар, сезгилар
Кўнгил оромига бўлолмас чора!
Севгингни майдалар майда севгилар…

Олақуроқ туйғу, ҳислар, сезгилар,
Вужуд орзусига ёвуқдир гарчи —
Сўнгги дам садпора руҳингни гизлар
Омонат умрнинг хиёнат харжи!

Севгингни майдалар майда севгилар…

III

Тилимда айланар бир видо,
Палахмон тошидек залворли.
Бўғзимда қотади ул нидо…
Кўкка ўрлар муҳаббат зори.

Кўкка ўрлар муҳаббат зори,
Бир бор ортга қўймадим қараб:
Насиб этган эди висоли,
Не балолар қиличин қайраб.

Юрак теран ишққа ғарқ эди,
Чўктиргудек ҳар қандай девни…
Ишқ шароби ҳайҳот талх энди,
Хароб этар инжиган севги.

Бўғзимда қотади ул нидо,
Ахийри бир куни отилар.
Алвидо, севгилим, алвидо,
Тилим танглайимга тортилар.

Хароб этар инжиган севги…

* * *

Баргларида шабнамни тутиб,
Нафисгина чайқалган гуллар
Ифорини ўғирлаб кетиб
Саҳроларда йитаркан еллар

Вақт чалади бесас қўнғироқ.

Бош олиб кетолмас, тун яқин,
Азоб чекар қуёш ҳойнаҳой.
У-ку тонгда қайтади таган,
Заминда тургайми шу чирой?!

Вақт қўнгароғин чалаверади…

Гўзаллик бўлса-да матлаби,
Қониқолмай лаҳза умридан
Ўтаётган капалак каби
Ёшликка ҳам қўним йўқ экан.

Сен қайдасан?..
Куяди дилим,
Васлинг истаб, бўзлайман зор-зор,
Райҳондан-да муаттар гулим,
Шабнамдан-да покиза нигор!..

ТАЗАРРУ

Югуриб чарчадим, етар, энди хўп,
Юрганим кўнглимнинг етакларига.
Зор қақшаб топгандан йўқотганим кўп
Ёпишиб дунёнинг этакларига.

Ҳолбуки, бировдан камим йўқ эди,
Ҳою ҳавасларин кўрдим оламнинг.
Таъқиб этаверди армоннинг ҳиди –
Саждада ўтмаган умри одамнинг.

Кимдан юз ўгириб, кимга тикилдим,
Ғаддор нафс пардаси тўсиб кўзимни.
Ишвалар пойига тутдек тўкилдим,
Ўзимни унутдим ўйлаб ўзимни.

Не кўрсам лол бўлдим маҳобатига,
Баридан тутмадим ҳар дам илмни.
Энди зор турибман иноятига,
Ҳимматнинг қўрига тоблаб дилимни.

Жонимга азоблар сўрарман беҳад
Ва ишқи кўйида хорлик, адолик.
Жамолин кўрсатса бир кун ҳақиқат
Англарман: не шараф ушбу гадолик!..

СОНЕТ

Киприкка илинмас уйқунинг тўри,
Узун тун кўксимда орзиқиш, ҳовур.
Хаёлинг ҳабибим то тонгга довур,
Субҳидам сезилар ҳасратнинг зўри.

Офтоб ғамзасида мужда кўринур –
Рўёни чилпарчин қилган ҳақиқат.
Сен – кўнглим кўшкида кўҳлик кўҳинур,
Ўнгамми-тушимми, тарк этма фақат!

Зеро, ишқ сўқмоғин бор-йўғи жафо,
Ундан юз ўгирмак хурофот, бидъат.
Ошиққа ҳамиша тахайюл раво.

Умидвор кўнгалда боқий муҳаббат,
Ишқсиз умр ғариб, диллар бенаво.
Мудом ўйимдасан, илоҳий талъат!

* * *

Майсани майсадек кўрдим мен,
Харсангни харсангдек, гилни – гил.
Ёмғирни булутдан сўрдим мен…
Танфим, кўрлигим-чун кечиргил!

Офтобга тобланиб яйрадим,
Зилол сувдан симирдим қона.
Тилимни санога қайрадим,
Даҳри дунга бокдим ҳайрона.

Асрий тоғлар ҳайбатин туйиб,
Аклу ҳушим тамом адашди.
Кийимларин иргатиб, кийиб,
Тефамда юз фасл алмашди.

Ҳайрат бўлди дарахтда битган
Ризқ ҳам ҳатто яширмам, э воҳ.
Мўъжизангдан мўъжиза кутган –
Мен ғофилни кечирган, Аллоҳ!

Воҳ, саждага бошимни эгдим,
Сени билмас бандалар мискин.
Кўп такаббур, кўп даҳрий эдим,
Бироқ раҳминг кўнгилга таскин.

Ҳақ деб яшаш – улуғ ҳидоят,
Рўй беражак бирдамас-бирда:
Ишқинг туғён ургай ниҳоят,
Ё Раб, уч юз олтмиш томирда.

Бу оламни этолса ғорат
Мажнунлигим овозалари.
Ужмоҳ сари очилгай шояд
Асл Ватан дарвозалари!..

* * *

Сен кетдинг,
Булбулнинг кўзидек ёғду топмадим,
Шабистон кўнглимни ёритмоқ истаб.

Сен кетдинг,
Ютиб юбормади мени ёлғизлик –
Кўкрагам ичига беркиниб олди.

Сен кетдинг,
Қақроқ тилларини бигиздек санчиб,
Жонимни ичади сўнгга пушаймон.

Сен кетдинг,
Муқаррар ажалдан сувлари зилол
Тахайюл тубига чўкиб қутулдим:
(О, қайтдинг хайрият, хайрр…)