Шукур Қурбон (1951)

Шукур Қурбон (Олимжон ўғли) 1951 йилда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида хизматчи оиласида туғилган. Ҳозирги ЎзМУ нинг филология факултетини битириб (1968—73), «Шарқ юддузи» журнали таҳририятида иш фаолиятини бошлаган. Шундан кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоят бўлимида, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, «Соғлом авлод учун» журнали муҳарририятида хизмат қилган. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётининг бўлим мудири.
Илк шеърлари Узбекистан Қаҳрамони, атокди адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов назарига тушган, устоз унга «Оқ йўл» тилаган.
Шоир битиклари дарслик ва қўлланмалардан ўрин олган. Ўзбекистон радиоси «Олтин фонди»да унинг радиопостановка ва юзга яқин қўшикдари сакданмоқда. Маънавий-маърифий йўналишдаги асарлари учун 1989 йилда шоир Мовароуннаҳр мусулмонлари диний бошқармаси мукофоти соҳиби.

ВАТАН ҲАҚИДА БИТИКЛАР

1

Боболардан қолган кўҳна ақида:
Ҳар кимнинг сўзи бор Ватан ҳақида.
Ёзилиб яшар у, токи тирикмиз,
Зарҳал ҳарфлар-ла қалб пештоқида.

2

Ҳис этмоқ лозимдир дардларни дилдан,
Акс ҳолда хом сўзлар чиқади тилдан.
Ватан тўғрисида гап кетганида
Фикрлаб бўлмайди ошқозон билан.

3

Ортиқча қийнамоқ шарт эмас онгни,
Эзгу ният билан кутиб ҳар тонгни
Ва айлаб мустаҳкам қалбда иймонни,
Севмоқ лозим холос Ўзбекистонни.

4

Халос ихлосдадир, ихлосда-халос,
Юртим қонунларин одиллиги соз!
Билсин билмаганлар: демократия
Бизда ўзига хос, ўзимизга хос.

5

Хусусийлаштириш бўлиб, одамлар
Кўп нарсага эга чиқди бу дамлар,
Хусусий дардларга очилди кенг йўл,
Йўқолди қайгадир умумий ғамлар.

6

Таним соғ, дилим тоғ дамлар ҳам келди,
Шодликдан кўксим тоғ дамлар ҳам келди.
Баъзи ғариб дўстлар мен каби гоҳ- гоҳ
Қувонсайди, деган ғамлар ҳам келди.

7

Эл-юрт йиллар бўйи кутган ҳурлик бу,
Буни тан олмаслик ўта сурлик бу.
Қуръони Каримни нашр этиб берган
Замондан нолимоқ ношукурлик бу.

8

Ватан, сенсиз нетардим мен,
Девонадай кетардим мен.
Гулзоридан айро булбул
каби фарёд этардим мен.
Онам, дедим, боланг бўлдим,
Кўксингда оҳ-ноланг бўлдим.
Муҳаббатинг туйиб жондан,
Бу дунёда одам бўлдим.
Кўз очиб кўрганим сенсан,
Қизғониб юрганим сенсан.
Вужудим йўқ бўлиб кетар,
Жоним сенсан, жоним сенсан.
Ўзбекистон, Ўзбекистон.
Бахтимга бўл доим омон.
Доим озод, доим обод
Кўрсин сени жумла жаҳон.

НАВРЎЗ

Тун билан тонг эрур ташбеҳда удум.
Абдулла Орипов

Кўкда парча-парча юлдуз,
Сирли-афсунли дунё.
Бир юлдуз бор жаҳонда
Тонг юлдузи-пурзиё.
Қўлларида нурдан қилич,
Тилларида нурдан сўз.
Тунга қарши жангга кирар
Осмон аро шу юлдуз.
Зулматликлар ранги ўчар,
Юзларидан қон қочиб.
Бу юлдуз юксак учар,
Қанотидан ўт сочиб.
Тўкилган қон тўкилар
Ҳув уфқлар ортига
Ва қуёш чиқиб келар
Миниб кундуз отига.
Тун узунми? Кун узун?
Қай бири қадрлироқ?
Албатта, кун! Албатта!..
Лекин… тун қаҳрлироқ!
Машъум ялдо тунида
Лаҳзаларга солар чанг,
Онларнинг кўкрагига
Суркаб чиқар қора ранг.
Шамолларнинг қўшиғи,
Дейсан, наҳот сим-сиёҳ?
Сим-сиёҳми дарахтлар?
Сим-сиёҳ майса-гиёҳ?!
Қоп-қора сой шовуллар
Шундоққина ёнингда.
Ногаҳонда довуллар
Уйғонади қонингда!
— Сой қорами? Қорами?..
Исён жўшар қонингда.
— Йўқ, ложувард! —
Ҳайқирар
Бошингда тонг юлдузи!
Тундан узун бўлмоқ шарт
Бу дунёнинг кундузи!..
Яна жангга кирар у,
Қўлларида қилич-нур:
— Ҳей, зулмат, кунинг битди,
Минг нола чек, минг оҳ ур!..
Қон тўкилар, тўкилар —
Ҳув уфқлар ортига,
Ва офтоб чиқиб келар
Миниб кундуз отига!..
Бора-бора эрта чиқиб,
Кеч ботади бу қуёш,
Ёруғлик фарзандларин
Уйғотади бу қуёш.
Бора-бора кўпроқ кулар
Боғлар, боғлар ҳавоси.
Бора-бора кенгаяди
Яхшиликлар сафоси.
Бора-бора кичраяди
Ёлғоннинг бўй-басти ҳам.
Бора-бора узаяди
Ҳақиқатнинг дасти ҳам.
Наврўз, сен шу сарҳадда
Дунёга келган фарзанд.
Сен — фарзанд жамолига
Ёруғ дунё кўнгли банд.
Бугун кеча ва кундуз
Тенг келган улуғ кундир,
Дунё яхши-ёмонга
Кенг келган улуғ кундир.
Бугун узун, бугундан
Эртанги кундуз узун.
Эртанги кундуз аро
Ёнган тўғри сўз узун.
Эл-улус шу боисдан
Кўтаргай сени бошда.
Уйларини тарк этиб,
Яйрагай дала-даштда.
Юракларнинг тўрида
Бир-бир жўяк очурлар,
Қадр, меҳр-муҳаббат
Уруғларин сочурлар.
Энг анвойи ҳислардан
Гулчамбарлар тўкилар,
Муҳаббатнинг ям-яшил.
достонлари ўқилар.
Дошқозонлар осилиб,
Ўйин-кулгу бошланар,
буни кўриб, ёмонлар
Жон-жаҳони ғашланар…
Наврўз, наврўз, огоҳ ўл,
Дунёда душманинг кўп.
Душманига бепарво
Кимсанинг пушмони кўп.
Чорла ғофил гулларни,
Боғларни чорла, наврўз.
Юраклар пештоқида
Туғ бўлиб порла, наврўз.

УСТОЗ ШОИР ҲИКМАТЛАРИДАН

1
Бунда ёлғон урчиган, қулоқнинг кераги йўқ,
Сохталиклар беҳад, кўз-қароқнинг кераги йўқ.
Нафснинг зўрлигидан юракнинг ўрнини ҳам —
Ошқозон эгаллаган… Кўпларнинг кераги йўқ.

2

Нафслар жунбишга келмишлар беҳад,
Кўзлар кўр, қулоқлар том битган, фақат —
Ҳамма бир-бирига оғзини очган:
Бер, дер, дер, ейман, дер беун, бешафқат.

3

Иккинчи башаранг қолгач очилиб,
Хаёлларинг ҳар ён кетди сочилиб,
Айтилган энг юмшоқ гап-сўзларим ҳам
У ер-бу ерингга ўтди санчилиб.

4

Мустабид даврда асаб тобланди,
Айтилган ҳар сўз, ҳар оҳ ҳисобланди.
Кўп шоирлар кўриб туриб ҳақсўзни
Айтмагани учун мукофотланди.

5
Турланиб, тусланиб яшайсан илдам,
Дўстми сен? Душманми? Кимимсан, билмам?
Боқиб замонага қай юзинг-ла, оҳ,
Айтурсан бу сўзни қаэринг билан?

СОНEТ

Оилани бошқара олмай қолди у,
Билмайди: адашди қаэрда, қандоқ.
Юракда юракни тўлдирган қайғу,
Юракда юракни сирқиратган оҳ.

Хотин гап қайтарар, фарзандлар қайсар,
Қўл ҳам кўтаришар унга баъзида.
Ўзининг уйида ёт каби яшар,
Ҳар хил сўзлар чиқиб кетар оғзидан.

Йўқ, бойлик, мол-дунё эмас, бошқа бир
Муаммо бор бунда, бутунлай бошқа.
«Севиб турмуш қурган эди-ку, ахир…»
Дурустроқ бир фикр келмайди бошга.

Ҳис этмас хазондай тутаётганин,
Худони танимай ўтаётганин.

СОҒИНЧ ДАРВОЗАСИ

1

Ўғлим, сен борсан-у, нега йўқдайсан?
Ўғлим, кул остида қолган чўғдайсан.
Бу кул нима, ўғлим? Сени топмишдир,
Гул умринг бамисли хазон ёпмишдир.
Гул умр аввали, ахир, ғунчалик,
Ғунчанинг қисмати, наҳот, шунчалик:
Сен сари боргали барча йўллар берк,
Дамлар барк, кунлар берк, ою йиллар берк.
Фақат йўлларида тиканлар сочиқ
Соғинч дарвозаси менга ланг очиқ.
Тақдирдан қайга ҳам боардинг қочиб?
Ҳайҳот, бу дарвоза сенга ҳам очиқ.
Униб-ўсмай туриб, кулмай бир шўх-шан,
Сенинг ҳам кўксингга санчилар тикан.
Етимча, дейишса, сени ўйлайман,
Сени қизғонаман, сени куйлайман.

2

Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди.
Болалик қувончлари,
Ўғлим, сенга оз бўлди.
Даданг туриб, дадасиз
Қолганлигинг рост бўлди.

Сен билмайсан, гўдаксан,
Унутасан дадангни.
Даданг, деб кўрсатарлар
Сенга бошқа одамни.
Етти ёт бегонага
Эргашасан «дада»лаб.
Даданг бунда юрадир,
Кўксига ғам қадалиб.

Кўксимга ғам қадалса,
Сени эслайман, ўғлим.
Бор эканинг ҳам — давлат,
Қаддим ростлайман, ўғлим.
Лаънатлайман ўзимни,
Лаънатлайман онангни.
Ва сенга «дада» бўлган
Етти ёт бегонани.

Севги бизни шу қаттиқ
Савдога қўйди, ўғлим,
Бошимизни эл аро
Ғавғога қўйди, ўғлим.
Бу оламда кўзлар бор,
Аҳволимиз кўрарлар.
Бу оламда сўзлар бор,
Масхаралаб куларлар.

Кулгу бўлиб ҳар кимга,
Шу жаҳондан ўтармиз.
Йўл бўйига чиқармиз,
Йўлларга кўз тутармиз.
Кўзларимиз тўрт бўлиб,
Бир-бировни кутармиз,
Шу жаҳондан ўтгунча,
Қоп-қора қон ютармиз.

Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди.
Бу дунёнинг роҳати,
Ўғлим, менга оз бўлди.
Ўғлим туриб, ўғилсиз
Қолганлигим рост бўлди.

3

Майлига, сеники бўлсин шу ёмғир,
Бошингдан инжудай сочилсин, ўғлим.
Ёмғирдай эзилди сенсиз бу бағир,
Бу бағир осмондай очилсин, ўғлим.

Кўз қорам сен эдинг, ҳамон ўзингсан,
Ўксиб улғаюрсан хаёлларимда.
Тик қарай олмасман балки кўзингга,
Юрак ҳовучларман саволларингдан.
Балки савол бўлиб сингарман фақат,
Маҳзун табассумли қорачуғингга.
Балки икки жаҳон қилолмас тоқат
Мени кўргинг келиб, қилган йиғингга.

Ўшанда унингни юпатгил ўзинг,
Ола қол, сеники бўлсин шу ёмғир.
Оталар ҳамиша жумбоқдир, қўзим,
Қўзим, фарзандларга ҳамиша оғир.

БОТИР ЗОКИРОВНИНГ АРМОНИ

Ботир Зокиров куйлаганда қушлар тинарди,
Ботир Зокиров қўшиқларин тош ҳам тингларди.
Армон билан кетди, аммо буюк бир ҳофиз,
Юрагини туз сепгандай бир ғам тиларди:
«Навоийни куйлолмадим эстрадада…»
Янграгани чоғда юксак арабий танго,
Оқ кийган эл хаёлида кўкарди саҳро.
Фаранглар ҳам тан олдилар фарангистонда,
Гармселлар уфурди бу қақраган жонга:
«Навоийни куйлолмадим эстрадада…»

Ўлиб кетар эди бевақт, ўлолмади у,
«Шошма, ажал», деди бир дард, ёнди бир туйғу,
«Омонати Худо жоним оласан, ахир,
Мен тайёрман, бир орзуим ушалмади-ку —
Навоийни куйлолмадим эстрадада…»

Шарқу Ғарб, бу — икки қутб, олам- икки хил,
Бир қозонда пишмайди ҳеч, қайнатгил минг йил.
Бир-бирига ранги уриб кетиши мумкин,
Лекин мазмун ўша қолур, қолур ўша дил:
«Навоийни куйлолмадим эстрадада…»

Гап нимада? Нақлдами? Моҳиятдами?
Оҳанг гўзал, ижро гўзал, қаэрда ками?
Балки ватан?.. Қўшиқнинг ҳам ватани бордир?
Минг йиллик чинорларни кўчириб бўладми?..
«Навоийни куйлолмадим эстрадада…»

ҲАЁТ ТАФТИ

Шўролар Хоразм кентларин талаб,
Бузган-йиқитгани етмаганидай,
Тасодиф омон қолган бир қалъа —
Ичонни ҳам музейга айлантирди. «Ҳай!..
Афсонавий кентда одатий турмуш?!
Эс борми бу халқда? Нима деган гап?!
Керак одамларни тезроқ кўчириш,
Эшик-тешикларни қўйинг тамбалаб!..»
Кундуз-ку, бир нави, сайёҳлар ила
Шаҳар ўз дардига бўлди андармон.
Бироқ мезбонларни ахтарди еллар
Бунда тун-кечалар сарсон-саргардон.
Ажиналар кезди кўча-кўйларда,
Эгасиз қабрлар қолди мунғайиб.
Чироқлари ўчган бўм-бўш уйларда
Арвоҳлар шарпаси юрди соч ёйиб.
Унсиз нола чекди ҳар битта минор,
Муаззиннинг азон тошига ташна.
Чақалоқ йиғисин қўмсашиб бедор,
Ранглар кўзларидан оқизди ёшлар.
Равоқлар пиёз-доғ ҳидин соғиниб,
Муздай ўчоқларга кўз солди маҳзун.
Кўтармоқ осонми ҳижрон доғини,
Ушлади шаҳар ўз кўксин-гумбазин.
Паҳлавон Маҳмуд-чи? Паҳлавонлигин
Қўйди, шоирлиги тутди ва жўшди.
Ўткинчи замоннинг бу нодонлигин
Ўткинчи тентаклик тўпига қўшди.
Соҳиблари йўлин пойлаб нигорон,
Чўкди мадрасалар, деворлар ғариб.
Уч ой ўтар-ўтмас эса, беомон
Кетди шаҳар бирдан юз йилга қариб.
Ҳар нечун кечикмай олинди олди
Буюк фожеанинг, буюк хатонинг.
Қалъа соҳиблари қалъага келди
Иродаси ила ҳақ-таолонинг.
Демак, сас-садо ҳам, нур ҳам, ҳовур ҳам
Ўзига хослигин сақлар ҳаётнинг.
Йўқ экан уларсиз, демак, сурур ҳам,
Ғурур ҳам қалбида одамий зотнинг.
Бу ҳикмат мағзи ҳам бебаҳо, лазиз,
Ривоятлар сўйлар турфа шевалар.
Одамлар бор экан, бордир шубҳасиз
Бу ёруғ жаҳонда кўҳна Хивалар.

* * *

Бизни бир-бировга қайраётганлар,
Ўзлари бир четда яйраётганлар.
Иккимизга айри-айри шаклда
Дунёни қоронғу айлаётганлар.

* * *

Ёнар ўнг ёнимда юксак бир олов,
Ёнар сўл ёнимда юксак бир олов,
Ортда ҳам. Қочурман олға — сен томон,
Шунда ҳам бу ишққа ишонмас биров.

* * *

Яна сен, яна сенинг дардинг — бедаво,
Яна мен, яна менинг қалбим — бенаво.
Биламан Худодан бари, ҳажр ҳам,
Лекин сендан, сендан дейман мен танҳо.

* * *

Ҳаммаси Худодан — Парвардигордан,
Унинг ҳукми ила дунёда борман,
Яхшиман, ёмонман, сенга дўст-ёрман.
Ошиқман, ожизман, меҳрингга зорман.