Шойим Шерназар (1958-2022)

Шойим Шерназар 1958 йилда Навоий вилоятининг Кармана туманида туғилган. “Тун эртаги”, “Соғинч даҳаси”, “Сумбула”, “Истара”, “Кўнгил йўли”, “Чанқовуз” каби китоблари чоп этилган. 2022 йил 4 ноябрда вафот этган.


САРДОБА

Чўнг кафтида сув узатган сардоба,
Чанқоғини қондирган кў-ўп карвонлар.
Бундан ўтган фотиҳ, лўли ароба,
Хотирага чўкиб кетган давронлар.

Бунда келган тунда ой сирлашгани,
Чўпчак айтиб кетган қанча бўронлар.
Мана шу йўл, тупроққалъа ватани,
Юрагининг бир парчаси карвонлар.

* * *

Эски қишлоқ, эски хотира,
Ишком… сўри… баҳру байт ёди.
Олов бўлиб ёнарди мисра,
Фаришталар айлар сир – жоду.

Туйғуларим қишлоқда қолди,
Сени шаҳар олиб кетганмиш.
Армон мени бағрига олди
Ва айлади девона дарвеш…

Ҳали-ҳануз ишком тагида,
Ғамим майга солиб ичаман.
Яраланган қуш аҳволида,
Ҳар кун тушларимда учаман.

* * *

Оромимни ўғирлар тунлар,
Деразамдан ой мўралайди.
Деворсоат… айланар миллар,
Ғафлатни бир четга қувлайди.

Туйғум тутқич бермайди асов,
Узо-о-оқларда чақнайди чақин.
Юлдузчалар пастлаб келдиёв,
Сир айтгани ёнимга яқин.

Қувлашмачоқ ўйнар шамоллар,
Япроқчалар чалади чапак.
Мижжа қоқмас бу кеч хаёллар,
Деразамда ёришар фалак.

* * *

Эски қишлоқ…
Ёшлик ўтган кез,
Бирам сўлим, бирам беғубор,
Хотиралар ташлаб ўтар из,
У кунларда йўқ эди ғубор.
Чинни осмон…
Пистоқи дала,
Орзулардан ясалган варрак.
Эргаштириб бир гала бола,
Аттор лўли чалади хуштак.

Сўқмоқларни қучган майсалар,
Олиб борар болалик томон.
Ариқ лаби…
Кумуш жийдалар,
Кутиб олар эски қадрдон.

Чархпалакнинг пақирчасидан,
Обиҳаёт қуйилар гулга.
Шўхликларнинг ҳур кўчасидан,
Хушбўй насим таралар дилга.

Йиллар карвон…
Бобо ҳам бўлдим,
Неварамга эртак сўзлайман.
Унинг чақнаб турган кўзидан,
Ўтган ёшлигимни излайман…

ДАРАХТЛАР ҲАМ

Дарахтлар ҳам одамга ўхшар,
Ғурури бор, қаддин тутар тик.
Тилёғлама хушомадгўйлар,
Мажнунтолдек бошлари эгик.

* * *

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲга

Дўст дийдори…
Орзиқар кўнгил,
Кўз олдимда иссиқ истара.
Соғинчларим қараб қолар йўл,
Шууримда тансиқ хотира.
Жонланади дарвешли дунё,
Кўзларимга йўғрилади нур.
Тушларимга кирар ажабо,
Ҳурлар билан сирлашган бир ҳур.

Соғинаман, йўлга қарайман,
Дўстга чанқоқ юрагим мустар.
Баҳоримдан уни сўрайман,
Келар,
Келган куни турналар…

* * *

Ой нигоҳин ташлайди,
Тун эртагин бошлайди.
Шохда ухлар қушчалар,
Кўриб ширин тушчалар.
Сувда ўйнайди шуъла,
Сой бошлайди ашула.
Ҳувв ғужжа юлдузчалар –
Жовдираган кўзчалар.
Чириллайди чирилдоқ,
Зулматга солиб титроқ.
Ҳилпирар япроқчалар –
Кўкдаги байроқчалар.
Ой нигоҳин ташлайди,
Тун эртагин бошлайди…

* * *

Ҳаммаси ўтади,
Қувонч ҳам, ғам ҳам.
Жилғалар дарёга,
Бориб қуйилар.
Фақат қолар экан
Бўлиб мукаррам,
Юракдан отилиб
Чиққан туйғулар.