Шавкат Жўрабек (1983)

Шавкат Жўрабек 1983 йил Бухоро вилояти Когон туманида туғилган. Унинг «Иккимиздан қолган хотира» номли илк шеърий тўплами нашрдан чиққан. Шеърлари Республика газета ва журналларида чоп этилиб келинмоқда.

БИРИНЧИ КИТОБ

Биринчи китобим.
Ҳавасдир?
Балким?!
Ундан бир тоза сўз топгим келади.
Биринчи китобим,
Хатоим маним,
Гоҳ уни тандирда ёққим келади!..
Биринчи китобим,
Севги, эҳтирос,
Арзир-арзимасга ёзаверганим.
Биринчи китобим —
Ҳайф кетган қоғоз,
Тўпори —
Беҳуда тўзаверганим.
Қўлимга олибоқ китобим шу он,
Ўзимга таскин-ла айлайман хитоб:
Биринчи китобим, яхшими, ёмон,
Менга шоир номин берган илк китоб.
Биринчи китобим — биринчи китоб!

ВАТАН

Гар сендан нолисам уволдир умрим,
Сен билан пайдодир қудратим, қурбим,
Ҳар қарич хокингни кўзимга сурдим,
Ғубор-гардларингни севаман, Ватан!

Тоза тупроғингга йўламас хатар,
Озод осмонингда порлагай қамар,
Навоийдан Ориф Абдулло қадар
Баёт-байтларингни севаман, Ватан!

Боболардан мерос — номус, ор, ғурур,
Биздан авлодларга элтасан сурур,
Толеингга мудом бахш айлаган нур
Ёрқин манглайингни севаман, Ватан!

Чора ахтармасман ўзимга четдан,
Истиқлолинг мурод-мақсадга етган,
Ҳар бир нафасимга ҳаёт бахш этган
Тирик дардларингни севаман, Ватан!

ШУКРОНА АЙТ!

Сажда айла! Чўк муқаддас тупроққа тиз,
Қолдир кўнгил кўчасида нурафшон из,
Ўзлигингни қилмоқ учун бир лаҳза ҳис,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Ўтган кунинг, бугунга боқ, эртангга боқ,
Йўлларингда ёнсин умид янглиғ чироқ,
Токи олам ичра бордир васлу фироқ,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Кин, ғаразлар қалбни айлар ночор, юпун,
Иймонингни иблислардан асра бутун,
Муқаддас юрт келажагин кўрмоқ учун,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Болам дея, юртим дея куйган бу эл,
Данагидан мағзин устун қўйган бу эл,
Миллатини, ўзлигини суйган бу эл,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Осмонимиз ўртанмасин дард аламда,
Она Ерни суйдим, жон бор то танамда,
Бундан ортиқ не керакдир? Ҳар қадамда,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

САФАРИ ҚАРИДИ ХАЁЛЛАРИМНИНГ

Илоҳий сурурдан чунон завқ олиб,
Тўрт мисра шеър ёзмоқ этдим ихтиёр.
Вужудим руҳланиб, руҳим жонланиб,
Завқу шавқ ҳушимни этди беқарор.

Жаннатий боғларда кезиб юрагнди,
Туйғулар парқини чиқариб қанот.
Таассуф, бир ширин туш эди бари,
Ногаҳон эгардан тушди хаёлот.

Сафари қариди хаёлларимнинг,
Ул беҳишт манзилган қайтмас, эҳтимол…
Чўчитиб қўйганди илҳом парийсин,
Ногаҳон эшикни кенг очган шамол.

ЧУМЧУҚЛАР…

Ўтроқи қушларга қиламан ҳавас,
Изғирин, совуқдан кетмаслар учиб.
Ошёнин билишар чўнг ва муқаддас,
Яшарлар осмону фалакни қучиб.

Хиёнат қилишмас ўлгунича то,
Шаънига туширмас заррача бир доғ.
Маломат тошини отишмас, илло
Улар бир-бирига қазимайди чоҳ.

Тариқсиз ўтсада, кунлари – беғам,
Тоқатда сабрли, нафсига собит.
Шу жиккак жуссада, шижоат билан,
Ўз инин асрашга туришар зобит.

Нақадар беозор, мўъжаз мавжудот,
Шу қадар файзиёб… ҳайратим ошар.
Чумчуқлар мақсадсиз қоқишмас қанот,
Чумчуқлар беҳуда чирқ этмай яшар.

Тонг-саҳар чуғурлаб куйлашар қўшиқ,
Қалбимни маҳлиё айлар ширин сас.
Ҳавасим келмасин, айтингиз, нечук.
Ўтроқи қушларга қиламайин ҳавас?..

САДОҚАТ

Садоқат — қувончдир!
Титраган дил, лаб,
Меҳр-муҳаббатга эришмоқ, висол.
Садоқат шундайки, Милиард йиллаб,
Қорни қучиб турган чўққилар мисол.

Садоқат — ишончдир!
Йўқламас кинни,
Ҳаётнинг рангба-ранг нафаси, таъми.
Садоқат шундайки, Она заминни,
Ўраб авайлаган озон қатлами.

Садоқат — баҳордир!
Гуллар эрта-кеч,
Инсоннинг беғубор болалигидай.
Садоқат кўнгилдан айрилмайди ҳеч,
Эт билан тирноқнинг оралиғидай.

Садоқат — Қуёшдир!
Само гулхани,
Нуридан унган ер тупроғи, тоши.
Садоқат — гўёки тўлган ой каби,
Тугаб бораётган ернинг бардоши…

КУЗ ВА БАҲОР ОРАЛИҒИДА…

 Вафо ФАЙЗУЛЛОга назира

Юрак ишқдан тағин қувонди,
Куйган эди аввал доғида.
Қалбда таниш ҳислар уйғонди,
Куз ва баҳор оралиғида.

Шаббодалар беҳадик елди,
Ўзни тоблаб офтоб тиғида.
Оқ орзулар қоплади ерни,
Куз ва баҳор оралиғида.

Зулмат ёди уйғонмас, карахт,
Оймоманинг пора дилида…
Куртак отди барг тўккан дарахт,
Куз ва баҳор оралиғида.

Армон ўзин ошкор этганди,
Хотиротлар қорачиғида.
Қалбда қорлар эриб кетганди,
Куз ва баҳор оралиғида.

Соғинч эзар маъюс кўнгилни,
Қўшиқ бошлаб қушлар тилида.
Кўрганмисиз гуллаган гулни
Куз ва баҳор оралиғида?..

* * *

Кўрдим, борарди бир чумоли беҳол,
Таширди бир буғдой донасин қирдан.
Босиб олмоқликни қилгандим хаёл,
Оллоҳнинг қудратин эсладим бирдан.

Ризқим илинжида чопсам беҳадик,
Талпинсам ҳар лаҳза луқма, донимга.
Ногоҳ хатар етса чумоличалик,
Кимдир ачинарми манинг жонимга?!.

ОҚШОМ СЕҲРИ

Шамол дарахтларнинг япроғин силар,
Чайқалади шохлар ўнг-у сўл томон.
Қуёш нури теккан барглар қалтирар,
Осмон жисми ичра жимирлайди жон.

Чақмоқлар қамчилар булут галасин,
Тўкилади ерга ундаги кўз ёш.
Адрлар устида ёмғир тўдаси,
Кўлмакни ойнадек ёритар Қуёш.

Кўк узра саф тортар турналар қатор,
Ўсма тортган қизнинг қошидай ёли.
Қуёш ҳам чўкади пастга беқарор,
Қизаради уфқ тандир мисоли.

Сут эмган гўдакдек тўйинар дала,
Шодон чуғурлашар нағмагар қушлар.
Аллалайди оқшом кун ботган палла,
Ер уйқуда кўрар самовий тушлар…

* * *

Тонгга пешвоз чиқди она Табиат,
Ёмғир ёғар эди майин, бежирим.
Томирида кезиб яшноқ бир ният,
Майсалар сочини силкитарди жим.

Солиҳ банда каби қироат этиб,
Шивирлар мусофир, ғариб шамоллар.
Хотиралар узра маҳзун бош эгиб,
Фурсатни титкилар сарғиш хаёллар.

Қуёш гоҳ беркиниб, гоҳо нур сочиб,
Кечаю кундузни бир-бир варақлар.
Меҳнаткаш қўлларин дуога очиб…
Бомдодни қаршилар мўмин дарахтлар.

Айрилиқ излари қолган кўчалар
Юракка улайди йўлнинг сўнгини.
Ер раҳмат сувига бағрин бўшатар,
Булутлар бўшатар тўлган кўнглини…

СЕВАМАН ДЕНГ

Пинҳон севиб, санайсиз кунни,
Авраб дилда қўпган жунунни,
Баъзан, тонгга улайсиз тунни…
Севаман деган, ҳали кеч эмас!

Муҳаббатнинг кўнгил пок, нафис,
Дилда ҳижрон қолдирмасин из,
Ўтинч ила боринг, чўкиб тиз
Севаман денг, ҳали кеч эмас!

Сочинг дилдан таралган нурни,
Хор айламанг бахту сурурни,
Ғам ютганча, енгиб ғурурни
Севаман денг, ҳали кеч эмас!

Орзу айланг бедор бўлмакни,
Дарё билманг жимжит кўлмакни,
Захга бериб ётманг кўкракни,
Севаман денг, ҳали кеч эмас!

Ишқ аҳлига ёр экан армон,
Баҳорингиз бўлмасин хазон,
То бор экан танангизда жон,
Севаман денг, ҳали кеч эмас!

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ

Отаси суярди кенжа ўғлини…
Ҳажрида ёш тўкиб йиғларди юм-юм.
Сўндирмоқ бўлишди дилда чўғини,
Бироқ, умидини узмади бир зум.

Ўлдирмоқ бўлишди уни оғалар,
Баджаҳл, бадният, иймонлари қулф.
Оллоҳ амри билан чекинди хатар,
Яна тирик қолди пайғамбар Юсуф.

Тўзғитиб зулматнинг ғализ пардасин,
Ногоҳ етиб келди қандайдир паноҳ.
Гарчанд ташна эди қонга ғараз, кин,
Гарчанд тубсиз эди Юсуф ётган чоҳ…

Сўнгра пайғамбарни қулдек сотдилар,
Парвардигор эди бу сирдан огоҳ.
Оғалар ғариблик заҳрин тотдилар,
Юсуф ўзга юртда бўлди шаҳаншоҳ.

Ушалди умидга бурканган орзу,
Фарзандин хуш атри бўлганда раво.
Юсуф дийдоридан таралган ёғду,
Яъқубнинг кўзиган нур этмиш ато…

Дерлар: кушойишлар калити – сабр,
Тириклик сабр ила ёришган кундир.
Бандаси қанчалар қилмасин макр,
Оллоҳнинг тадбири ундан устундир!..

НИМА ҚИЛАМИЗ?

Болдай туюлади – ичсак ҳам заҳар,
Ҳар кун ғайб мулкидан кутгаймиз хабар,
Беғаму беорлар учраса агар,
Ғашлаймиз кўнгилни…
Нима қиламиз?

Бўйсунмас замоннинг расму русмига,
Интилар зулматдан соғинч субҳига,
Ҳамиша тошбағир тақдир ҳукмига
Ташлаймиз кўнгилни…
Нима қиламиз?

Токи тан ўлса ҳам қайтсин ҳаётга,
Ўлгунча талпинар Ёлғиз нажотга,
Ёвуз ақл билан қирғинбаротга
Бошлаймиз кўнгилни…
Нима қиламиз?

Бири икки бўлмас, доим бири кам,
Икки дунё бўлар, баъзан бир қадам,
Чил-чил синганда ҳам, бўшаганда ҳам
Асраймиз кўнгилни…
Нима қиламиз?

* * *

Ой нурин кулбага эриниб
Таратар,
Сукунат ҳукмрон.
Термулиб оловли жилвага
Ҳасратин тўкади бир жувон.

Жувоннинг заъфарон рангин жим
Ёритар шам нури қийналиб.
Сизарди оловли кўзидан
Шамнинг кўз ёшлари ийманиб.

Дераза томондан шаббода
Кезарди уй ичра оҳиста.
Титкилар хотира дафтарин
Энг ширин туйғулар олисда.

Хотира жонланар бир нафас,
Ажиб ҳис жумбушга келади.
Шам нури жувонга рақс этар,
Кулбада ёруғлик кезади.

Бу кулба ичида армон бор,
Бор жувон қалбида бир савол.
Ўлтирар келгандек дунё тор —
Кулбанинг ичида бир аёл…

* * *

Кутилмаган бир фалокат содир бўлгандай,
Ҳар ғанимат кўнгил йиғлаб, оҳ чекар беун.
Бу валангор муҳит ичра нечук ўртанмай?
Бу қорайган аросатда куйинмай нечун?

Эгик бошлар кўтарилмас бир зум баландга,
Ҳар қадамда кезиб юрар совуқ нафаслар.
Хусуматлар пучмоғида олар аланга,
Жисмимизни ёндиргувчи ҳою ҳаваслар.

Чорасизлик қуршовида қолган чоралар
Ҳароратсиз гўшаларда жимжит сурар ўй.
Илдизидан жудо бўлган ночор новдалар
Бехавотир самоларга чўзармикан бўй?

Ҳануз ғараз, нафс қақшатар дилни, суякни,
Ҳануз иблис тузоғида типирчилар қалб.
Шовқинзорга одатланган ёлғиз юракни
Сукунатнинг сокин бағри айлармикан жалб?

Вайронадай тўзғиб ётар арзу самода
Кули кўкка совурилган боқий тараннум.
Меҳр қўли ҳам муаллақ қолмиш ҳавода,
Қайда қолди сохталикдан безган табассум?

Қани кўнгил мақомига бориб етганлар,
Ҳақ ҳукмини ҳар нарсадан билгувчи азиз?
Димоғлари ғализ ҳидга тўлиб кетганлар
Пок, илоҳий ишқ атрини этолгайми ҳис?

Оқибатни кўролмаган умримиз аро
Бир кун юзлар қибла томон қаратилгайдир.
Ҳар саволга Ғайбдан келар ўтли бир нидо:
“Поклик, фақат, поклар учун яратилгайдир…”

* Охирги сатр Қуръондаги бир оятга ишора.

СОҒ КЎНГИЛДА ХУДО ЯШАЙДИ…

Ногиронлик надир?
Мендан сўр,
Не нуқсонлар кўзлардан ниҳон.
Кимларнингдир кўзи очиқ — кўр,
Кимларнингдир қалби ногирон.

Ҳаётида нур кўрмагандек,
Қалби кўрлар қилсинлар армон.
Бу дунёси нақшинкордир, лек,
У дунёси вайрондан вайрон.

Кўрмайсанми ён-атроф — забун,
Шайтонқилиқ, тўнғизфеъллардан.
Кўнгли соғлар борлиги учун,
Баҳор қайтар олис ерлардан.

Ўзни ноқис билма ҳеч қачон,
Дунё шудир — доим бири кам.
Ошиқ диллар мажруҳдир азал,
Дардсиз бўлмас шоир зоти ҳам.

Ҳақ нури бор ғамгин дилларда,
Суйганига дард бергай Худо.
Қўл-оёқдан айирганда ҳам,
Соғ кўнгилдан қилмасин жудо.

Ўкинмагин, тоқатинг тўлса,
Дилга бир кун бахт гул қадайди.
Соғлом танда соғ ақл бўлса,
Соғ кўнгилда Худо яшайди…

СЕВАРМАН

Бир-бир тердим Худо берган ризқимни,
Ўзимни йўқотиб топдим ишқимни,
Шавкат деб атарлар гарчанд исмимни,
Мен Сизни шонимдан ортиқ севарман.

Гулзорни таърифлаб бўларми гулсиз?
Ким чўғни тутолгай кафтида кулсиз?
Фурсатлар қошида ҳорғин чўқиб тиз,
Сизни ҳар онимдан ортиқ севарман.

Ахтардим кўнглимда ўсган бир ҳисни,
Новдадай ҳар нафас туйдим илдизни,
Дунёда энг ёруғ дунёдай Сизни
Икки жаҳонимдан ортиқ севарман.

Жунун саҳросида кездим беқарор,
Борлиғим сиз томон талпинар, эй, ёр,
Сизни кўнглим ҳолин айлаган ошкор
Байту баёнимдан ортиқ севарман.

Умрим поймонаси бир кун тўлса ҳам,
Руҳ мангу яшайди вужуд сўлса ҳам.
Бир жонга бир ўлим, ширин бўлса ҳам,
Мен сизни жонимдан ортиқ севарман.

* * *

Севги ўткинчидир, оҳлар — омонат,
Жароҳат, аламлар, доғлар — омонат,
Дилни ишқ ўртаган чоғлар — омонат,
Сиз менга дўст каби ёқасиз, холос.

Муҳаббат йўллари туюлгай йироқ,
Озор бергай оний айрилиқ, фироқ,
Сизни кўргим келар ҳар лаҳза, бироқ
Сиз менга дўст каби ёқасиз, холос.

Дўст меҳри энг сўнгги паноҳ эмасми?
Бетаъма нигоҳлар гувоҳ эмасми?
Дўстликдан ортиғи гуноҳ эмасми?
Сиз менга дўст каби ёқасиз, холос.

Гарчи бўйсунамиз юрак амрига,
Хиёнат бегона кўнгил аҳлига,
Дўстона муҳаббат бўлса, майлига,
Сиз менга дўст каби ёқасиз, холос.

Ҳуда-беҳудага қилмасмиз араз,
Дилда қарор топмас ўткинчи ҳавас,
Кўнгиллар кўнгилга яқин, ҳар нафас
Сиз менга дўст каби ёқасиз, холос.

Дўстлик муҳаббатга айланса агар,
Дўст бўлдик бизлар тўй ўтгунга қадар,
Бош эгиб айтасиз ҳар шому саҳар:
— Ахир, биз дўст эдик, дўст эдик, холос…

КЎНГИЛ ҚАРИМАЙДИ…

Дилдан қайғу, қувонч ариб кетса ҳам,
Фурсат боримизни ғажиб кетса ҳам,
Биз кўнгил қўйганлар қариб кетса ҳам,
Кўнгил қаримайди, кўнгил қаримас!

Ҳақиқат ахтарар, баъзан, хатодан,
Қаро ерда туриб сўйлар самодан,
Бизга меърос ўшал Одам Атодан
Кўнгил қаримайди, кўнгил қаримас!

Орзу-армон эрур Ёрнинг висоли,
Ишқнинг гоҳ тўлин ой, гаҳи ҳилоли,
Уммон тубидаги дурлар мисоли
Кўнгил қаримайди, кўнгил қаримас!

Ишқу муҳаббатдан бўлгандир пайдо,
Тинмай бошимизга ёғдирар савдо,
Ҳатто, малоикни айлаган шайдо
Кўнгил қаримайди, кўнгил қаримас!

Тош узра ўйилгай бир кун исмимиз,
Зеро, биз Бутуннинг битта қисмимиз,
Қартайиб кетса ҳам буткул жисмимиз,
Кўнгил қаримайди, кўнгил қаримас!

АГАР СИЗ ОЛЛОҲГА ШУКР ҚИЛСАНГИЗ

Эй, мўмин-муслимлар, Одам авлоди,
Осмонга етгайдир олам фарёди,
Хаёлдан ўчмагай жаннатнинг ёди,
Агар сиз Оллоҳга шукр қилсангиз.

Саждага бош қўйинг, ёш тўлса кўзда,
Юракда бори акс этади сўзда,
Тангрининг қудратин ҳис этиб ўзда
Агар сиз Оллоҳга шукр қилсангиз..

Бедорлик бахш этар Қадрнинг туни,
Сабрдан саботни изланг ҳар куни,
Миналҳақ десангиз топгайсиз Уни,
Агар сиз Оллоҳга шукр қилсангиз.

Дилни поклагувчи азобингиз бор,
Гуноҳдан юз бурган савобингиз бор,
Сўнгги кун ҳукмига жавобингиз бор,
Агар сиз Оллоҳга шукр қилсангиз.

Сабру тоқат айланг, камдан нолиманг,
Хасталик келган ҳар дамдан нолиманг,
Ҳақ ато айлаган ғамдан нолиманг,
Агар сиз Оллоҳга шукр қилсангиз.

Гар бало ёғилса иймондир қалқон,
Жонлар аросатда бўлмагай сарсон,
Ҳақдан “лаббайк” келар, “Ё, Раб” деб ҳар он
Агар сиз Оллоҳга шукр қилсангиз.

* * *

Бир қарасанг — фаросатдан сўзлайди у,
Бир қарасанг — ибодатдан холи иймон.
Туғилганда қадам босиб улғайди-ю,
То ўлгунча тили билан чопар инсон.

Ҳечам пастлаб юролмайди дор ўлгурдан,
Сўзи ғийбат, ўзи ғийбат, кибри осмон.
Гар бошига бало келса тил қурғурдан,
Оёқларин қўлга олиб қочар инсон.

Эзгу зотлар бир-бирини излаб топмас,
Нобакорлар бир-биридан топгай нишон.
Кир кўнгиллар мулки ичра тонглар отмас,
Бир-бирига то ҳануз тош отар инсон.

Гоҳ қон сўргай, гоҳ нон сўргай, кўнгил сўргай,
Савобини ошкор қилгай, айбин ниҳон.
Умр кўргай, ҳузур кўргай, жафо кўргай,
Босар йўлин баъзан кўрмай қолар инсон.

Гўзал меҳру оқибатлар бўлса увол,
Билмас надир яхши-ёмон, фойда-зиён.
Ором олмай, гоҳ қўлига олгай қурол,
Аммо, одам номин қачон олар инсон?!.

ҚАНАҚА ЗАМОН БУ?..

Водариғ, садақа тилаган қўлмас,
Садақа узатган қўл қалтирайди.
Одил ИКРОМ

Қанақа замон бу?
Ҳақиқат билмас,
Товонга суқулиб қил қалтирайди.
Дейдилар:
Ҳақиқат букилар, синмас,
Ҳақиқатни сўзлаб тил қалтирайди..

Қанақа замон бу?
Заиф ҳукмрон,
Аёлнинг макридан ер қалтирайди.
Ё балким келдими охира замон,
Оҳунинг олдида шер қалтирайди?

Қанақа замон бу?
Мағрурлик сўлса,
Қоядан думалаб тош қалтирайди.
Эркаклар аёлнинг ишини қилса,
Ҳатто-ки самода арш қалтирайди.

Қанақа замон бу?
Уч қуйруғи йўқ,
Ҳаво, сув, оташ ва гил қалтирайди.
Олимлари танбал,
Шоирлари тўқ,
Бемаъни сўзлардан дил қалтирайди…

ЙИРОҚ БЎЛСИН, МАЙЛИГА, ОСМОН…

Гоҳ юксаклик мени айлар лол,
Гоҳ мағрурлик танг қилгай ҳолим.
Жисмим ерда судралар беҳол,
Осмонларда кезар хаёлим.

Талпинаман жаннатий нурга,
Фалак менга ато айлар ризқ:
Юрагимнинг осмони узра
Тиним билмай қанот қоқар ишқ.

Ерда юрсам — оғриб кетар жон,
Товонга ер ботар тош янглиғ.
Йироқ бўлсин, майлига, осмон,
Аммо, нега ер бунча қаттиқ?!..

ИШҚ ҲАҚИДА ЁЗМАЙ ҚЎЙГАНМАН…

Совуқ кундан баҳор сўраманг,
Қаро тундан наҳор сўраманг,
Кўнгил сўранг, ашъор сўраманг,
Ишқ ҳақида ёзмай қўйганман.

Дилда не бор, тўкай борини,
Тингланг қалбим оҳу зорини,
Ёзайин деб дил хуморини,
Ишқ ҳақида ёзмай қўйганман.

Субҳидамдан сабони сўранг,
Шамоллардан садони сўранг,
Гуноҳлардан жазони сўранг,
Ишқ ҳақида ёзмай қўйганман.

Айрилиққа кўнмагай кўнгил,
Бирён эдим зулмидан — бедил,
Юрак синди ҳажрида чил-чил,
Ишқ ҳақида ёзмай қўйганман.

Юрагимни ўйганман — эзиб,
Сўнг қоғозга қўйганман ёзиб.
Севишимни қолманг деб сезиб,
Ишқ ҳақида ёзмай қўйганман.

АЁЛИ БОР УЙНИНГ…

Хотиринг жам бўлар кирган заҳотинг,
Дилингда ҳаловат топади қарор.
Гулларга бурканар умринг, ҳаётинг,
Аёли бор уйнинг фариштаси бор.

Арзигай — жонингни айласанг фидо,
Қишда ҳам кўнглингда яшнаса баҳор.
Бахтинг камалакдай бергуси жило,
Аёли бор уйнинг фариштаси бор.

Кимдандир меҳрингни тутмасанг дариғ,
Лек аёл меҳрига — етти иқлим зор.
Зулматни нурафшон этган нур янглиғ,
Аёли бор уйнинг фариштаси бор.

Хом хаёллар билан кўнгил тўлмайди,
Токи кўнгил ичра кўринмагай ёр.
Аёли йўқ уйнинг файзи бўлмайди,
Аёли бор уйнинг фариштаси бор.

Орзуларинг кўкда парвоз этмайди,
Йўлдан уролмайди шайтон — нобакор.
Худонинг берган энг улуғ неъмати —
Аёли бор уйнинг фариштаси бор.

ҲАҚДАН КАРОМАТ БЎЛМАСА

Кўнгил кўзи бўлгай хира,
Инсоф, адолат бўлмаса.
Ризқинг улуғмасдир сира,
Сенда саховат бўлмаса.

Ҳар дамларинг нурсиз, — беун,
Соғлик, саодат бўлмаса.
Бўлмас сира бахтинг бутун,
Дилда ҳаловат бўлмаса.

Қалбингни эзмас дард-алам,
Кийну адоват бўлмаса.
Қўлга ололмассан қалам,
Ҳақдан каромат бўлмаса.