Шаҳноза Абдукаримова

Шаҳноза Абдукаримова Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети журналистика факультети талабаси.
“Туйғу” номли шеърий тўплами чоп этилган (2012). “Истиқлол нури”, “Суғдиёна”, “Садо”, “Синфдош” нашрларида шеърлари, мақолалари чоп этилган. Ҳозирда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида фаолият олиб бормоқда.

АЁЛ МАНЗУМАСИ

(Устоз Сирожиддин Саййид шеърига назира)

Бу диёрда ор-у номус,
шаъну шавкатдир аёл,
Меҳру шавқатдан яралган,
меҳру шавқатдир аёл…

Асли барча сирлар ичра
сирли ҳилқатдир аёл,
Қалбидан зиё таратган
тенгсиз ибратдир аёл.

У опамдир, у синглимдир
меҳрибон онамдир аёл,
Қалб дунёси сархад билмас
бепоён оламдир аёл.

Меҳрдан либос кийдирган
қўли гул санамдир аёл,
Жонидан ҳаёт кўчирган
зебо, гулсанамдир аёл.

Тонг саҳар кун офтобида
куйган, нурбадандир аёл,
Дилни дарди тилса хамки,
кулган гулбадандир аёл.

Пойида эканки жаннат
Қадамидан унаркан гул,
Ашкидан ювилар зулмат –
Жаннатга боғбондир аёл!

***

Йиғлар юрак, оғринар юрак,
Сенсиз ўтган лаҳзадан куйиб,
Оҳлар ютиб, соғинар юрак,
Синиқ, жонсиз суратинг қучиб…

Оққушлари оппоқ ойкўлнинг,
Шуълалари ҳаёлим олар.
Кокиллари оппоқ ой кўлнинг,
Мавжларида тўзғалиб ётар.

Гўзалликнинг сайёди оқшом
Тим қорага бўяр ҳар ённи.
Фақат шу кўл бағрида ҳар шом
Унутаман шубҳа гумонни.

Ортаверар ҳаётга ишқим,
Чорлайверар тубсиз сокинлик,
Учаверар ҳаёлотга жим,
Мени эгарлаган мискинлик.

Қанча соат, қанча вақт ўтди,
Йиллар мингди, ҳайҳот, бошимга,
Умр мени тириклай ютди,
Раҳм қилмай ниҳол ёшимга.

Ёлғиз шу кўл билади,қара,
Мажнунтоллар муштоқ йўлингга
Сен келcанг бас, келгин бир бора ,
Киприклар зар бўлсин йўлингга.

Сукунатни бузади шамол,
Ҳамма ёқни тўзғитар отиб.
Бир вақтлар тақдир безабон,
Бизни шундай кетган ажратиб.

Мана келди… кутганим – дийдор
Кўзларингни қадайсан кўкка,
Мағрурлигинг қўясанми, ёр?
Раҳминг келсин қайсар юракка…

ВАҚТ

Лаҳзани куйдириб ёқмоқда замон,
Олов сатрларда қовжирайди вақт.
Дақиқа сукутни қўймагай омон,
Бешафқат хукмини ўқимоқда вақт.

Сония, лаҳзанинг қадрини туйиб,
Хар зарра қонимда қайнамоқда бахт.
Сенинг кафтларингда дунёга келиб,
Сенинг нафасингда ўлаяпман вақт.

Соқов юрагимда унсиз оҳларим,
Сўзимда бор дардим, аламим маним.
Тўкилиб битгандай бор гуноҳларим,
Токи қўлимда бор қаламим маним.

Йил ўтар, умрлар, асрлар ўтар
Тупроққа қоришиб кетади таним.
Бир кун вақт мендан ижозат тилар –
Қўлимда бор экан қаламим маним!

***

Минг йилки, юракни муз босган
Унутган туйғунинг исмини
Қақраган дилимни туз босган,
Олиб кет қайғумнинг жисмини.

Шамоллар учириб, ўйнайди
Юракда қолган хас, қумларни,
Ҳаёллар қийнайди, қўймайди,
Қўмсайди бахтиёр кунларни.

Соғинчим саҳродек қақраган
Висолинг муждаси дилимда,
Кўзларим йўлингга қадалган
Кел, ёмғир бўлиб ёғ дилимга!..

***

Қол бугун ёдимда бир кеча…
Қол бугун ёдимда бир кеча
Ҳаёлим сен билан сирлашсин.
Иложсиз ишқимга шу кеча
Энг тоза туйғулар бирлашсин.

Ҳавога учяпти гул умрим,
Чарчадим… кутмоқдан чарчадим.
Самога учяпти илинжим,
Шунда ҳам ишқимдан кечмадим.

Қол бугун ёдимда бир кеча,
Тун бўлсин висолга бир гувоҳ
Дийдорсиз кунлардан зерикдим,
Туш бўлсин, майлига бир гуноҳ…

Қол бугун ёдимда бир кеча,
Бу сўнгги илтижо, сўнгги сўз.
Биламан… Ҳаёлинг менгача
Банд этган ўзга бир қора кўз.

Сўрайман руҳингни қучганча…
Қол бугун ёдимда бир кеча…

***

Вақт юракни ювиб туради
доғлари-ю, яраларини
У бор – кўнгил кўраверади –
Ҳаётнинг оқ қораларини

Дилнинг очиқ яралари кўп
Ачиштириб ўяр аламлар
Тилнинг аччиқ яроғлари кўп
Билмай санчиб қўяр одамлар

Ўзингники ўзингга ғаним
Ё бировлар яқин жигардан
Дўст-у ёрим, борим берганим
Пайтин пойлаб бошим этар хам

Вақт ўтади, ўтган, ўтмоқда
Битар охир дил яралари
Ҳар ким экканини ўрмоқда
Борми бошқа бир чоралари?

Меҳр ниҳоллари кўкарган
Кўнгилларда ҳамиша баҳор,
Ғараз дил – ҳазондай тўкилган
Бир зулматки, қақшаган, беҳол

Эзгу амал, эзгу сўз, фикр
Буюк меъросдир боболардан
Эзгулик бор – дунё тирикдир
Асрар бизни минг балолардан…

Кетмоқдамиз… Манзиллар турфа
Ҳар фурсатдан ҳикмат терайлик
Ҳаёт бизга берилган туҳфа
Яхшиликни истаб яшайлик!

***

Салқин саҳарларда саратон сайли,
Сокин саболардан сени сўрадим.
Сарсонман суратинг соғинган сари,
Соғинч-ла сирлашиб, севгим сўйладим.

Сокин сониялар, сўзсиз сўроқлар,
Садоқат сабоғин сипқордим. Севдим.
Сукунат соғили соғинчим сезар,
Сен-чи,Сен… Соғинчим соҳиби – севгим?!

Сўрама, сўзлама, соғинма, суйма,
Сен сабаб сароман саҳроларимда.
Соғиниб, сония санама, севма,
Сайёдман сенсизлик самоларида.

Соғиндим…
Сўзсиз
Соғиндим!

КЕЧИР

Ҳасратимдан бўғилар осмон
Увиллайди шамол оҳлари
Бугун сени соғиндим ёмон
Бўм-бўш…
юрагимнинг ҳонақоҳлари…
Олиб қочдинг мендан дунёни
Ломаконда қолдим бевужуд
Руҳим каби хаста рўёни
Кузатиб…
жим сақлайман сукут…
Саргашталик… беманзил маскан
Эшитилмас хеч йўқ бирор сас
Қора қуюн қаърида бир тан
Сенинг исминг такрорлар элас…
Муҳаббат… Муҳаббат…
Бўғизимга тиқилди нафас
Кўзларимни ютоқиб очдим
Руҳим инграр хонада лоҳас
Наҳот… мен сени
йўқотдим?..
Бомдод маҳал…
азон янграйди…
Суратингни олдим қўлимга
Ғурур қурғур хисоб сўрайди
Эгма дея, бошингни унга…
боқмай дейман ҳеч суратинга
лекин кўзим уза олмайман
Бир ҳаёлим учади сенга
Бирин эса кўндиролмайман…
Ана… жиринглади телефон
Танидим.. бу сенинг нафасинг…
дил яраси қийнаркан ёмон
Соғинганда ширин овозинг…
Сўз дейишга ғурур қўймайди
Кечир, бедор тунлар хурмати
Жимжитликда дилни ўртайди –
Нафасларнинг сокин суҳбати…

***

Хар оқшом шошаман… йўл узоқ
Соғинчим сиғмайди ичимга
Қанча олис бўлсам, шунча азизроқ
Оилам кутади уйимда

Суянсам, тоғ каби салобат билан
Икки укам дилкаш, ғамхўр, меҳрибон
Ўйласам, азизроқ бири биридан
Бошимда соябон, кўксимга қалқон

Хокисор, куюнчак, юраги осмон
Томчи ёш юқтирмас юзимга
Ҳар ишда маслакдош, хар ишда қанот
Жон каби яқиним Синглим ўзимга!

Шошилиб боряпман… йўл узоқ
Соғинчим сиғмайди ичимга
Дунёда ҳар недан азизроқ
Оилам кутмоқда уйимда!

***

Бунча соғинч билан қандай яшайман?!
Бу қадар ғам мени эгиб қўяди
Кундуз ҳаёлимда, тунлар ёдимда
Нигоҳинг ишқимни енгиб қўяди…

На тушда ҳаловат ва на уйқуда
Дақиқа чангаллаб елдим, югурдим…
Гўё қаригандек вақт кўз ўнгимда
Мен-чи? Бир четта кузатиб турдим…

Елкасига тунни мингдириб олиб
Ҳисларим тентираб юрибди алхол
Кўз ёш ёмғирида ивиб, тўлғониб
Муҳаббат қадамлар остида беҳол…

Сенинг кўзларингда меҳр шуъласи
Сенинг юзларингда қуёш тафти бор…
Сенинг сўзларингда баҳор жилваси
Титроқ нафасингда ишқнинг дарди бор.

Қайдасан? Эй, золим! Вақтлар ўғриси
Шунча умр камлик қилдими сенга?
Минг бир йил куттиму, энди тўғриси
Чарчадим!.. умримни қайтиб бер менга!

Дақиқа санайман… соат санайман
Сўнг йиллар, кейин аср санайман…
Сенинг рўпарангда забонсиз жондек
Сен кетгач, хотирлаб, андуҳ санайман…

Ёмғирда, қордами, лойга беланиб
Ҳамон оёқости ўша муҳаббат…
Тақдир қўлларида қумдек эланиб
Ўзига беўхшов… ўша муҳаббат…

***

Қачонлардир…
Бергандинг ваъда.
Келаман, деб кетган эдинг, оҳ!
Қанча вақтлар ўтди бир қара
Мен деб зарра чекканмидинг оҳ?
Менга раво кўрган тақдирни
Гул умрингга кўрармидинг эп?
Йўлингга зор…
ўтган умримни
Оташларда ёқдим сени деб.
Минг йил эмас,
миллион йил сўра
Кутай, майли,
беҳисоб,
беун…
Кўрмайсанми, кўнглимни – гўлда!
Ёлғон ишққа, саробга мафтун…
Ишонмайди, келмайди, десам.
Вақт айланиб, яна учрашсак.
бир кун келар шундай кун, қасам –
Ўшанда сен кутасан бешак!
Ўшанда мен кетаман ташлаб…

***

Урмай қўйди юрагим яна,
Руҳим яшаб юрибди бетан.
Яна куйди юрагим…яна,
Кел, кўксингдан топайин ватан…

Томоғимга тиқилган қайғу,
Бўғаяпти ожиз танамни.
Кўзларимга тикилган туйғу,
Дуо ўқиб, ҳайдайди ғамни

Ишқ сураси томирларимда,
Сенинг ёдинг ила ҳамоханг.
Кўз ёшларим ёмғирларида,
Соябонсиз қолган хотиранг…

Деразамнинг ортида оқ тун,
Тўлин ойдек яккаман, қара!
Ғанимига — ғамимга тутқун,
Мен ёдингга асир бир банда.

Кел, кўксингдан топайин ватан…

***

Шошаяпман…
Масофа узоқ.
Томчилар томчилар бетиним.
Соғинчим йўлимга бир тузоқ,
Қарайман атрофга –
Хамма жим…
Йўл беринг, одамлар
бир лаҳза
Ҳаяллаб қолмоққа ҳаққим йўқ.
Санчисам, кул бўлар оламлар
Меҳрдан ясалган ишқим – ўқ!
Кўнглимга тегинманг…
Кўнглимга!
Ўзимни муҳрлаб бўлганман.
Қасамлар ичириб ўзимга
Кўнглимни никоҳлаб қўйганман.
Шошяпман…
Дийдорга интизор
Шамоллар хайрихоҳ шахдимга.
Узоқдан кўряпман сизни, оҳ
Бунчалар ўхшайсиз бахтимга!..