Шафоат Раҳматуллаев (1942-2016)

Шафоат Рахматуллаев 1942 йил 10 майда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Оккўрғон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат консерваториясини тамомлаган (1965). «Жануб шамоли» (1981), «Умид остонаси» (1988), «Гулоб» (1992), «Оэод сўз» (2003, Сайланма) асарлари нашр этилган. «Мусиқа услубиёти», «Мусиқа алифбоси» (1991—92), «Бошланғич мусиқа таълими» (2003) каби рисолалар ҳам ёзган. «Шуҳрат» медали (1998) ҳамда «Эл-юрт ҳурмати» (2003) ордени билан тақдирланган.

ЎТАР ДУНЁ

Ўтар дунё, ўтди дўсту ғайир ўтди,
Арбоб, ориф, ошиқ Зуҳра, Тойир ўтди.
Давронини ёқлар ўтди, койир ўтди,
Бани башар замонига доир ўтди.
Ўтарингни ўтаргача қайир ўтди,
О ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди.

Ҳар ўтарнинг хос қисмати, кўрари бор,
Ҳар собитнинг турари бор, нурари бор.
Ҳар пайкалки, пишарининг ўрари бор,
Бир кун ҳосил соҳибининг сўрари бор.
Сўрарингни сўраргача қайир ўтди,
О ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди.

Сўрари бор: — фалончидан нима қолди?
Мулки фоний, боқий, ё бир тўъма қолди,
Юрт норига фалондин «ҳайт» — ҳимо қолди.
Бетавфиқдан зино қолди, имо қолди.
Нима қолди? Қоларингни қайир ўтди,
О ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди.

Нима қолди? — Бойларингми, бойинг қани?
Аждодлардай қурган кўшк, саройинг қани?
Байт уш-шараф, байт ул-адиб жойинг қани?
Миллий бедор виждон сари саъйинг қани?
Қани, қани? Меҳмонингни қайир ўтди,
О ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди.

Қани деса, юртим шу деб суялсанг-а,
Ҳар қадрингни Макка қилиб суялсанг-а,
Тупроқ ўпиб, Ватаним деб куялсанг-а,
Суяксизинг сохталикдан тиялсанг-а,
Тиялмасанг, тилинг ростга қайир ўтди,
О ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди.

Шоир ўтди, кунлари йўқ, шомлари йўқ,
Ҳакдан бўлак камлари йўқ, комлари йўқ,
Ишқдан бўлак ғамлари йўқ, жомлари йўқ,
Сўздан бўлак шонлари йўқ, номлари йўқ.
Йўқ-йўқ, йўқлик Шафоатга доир ўтди,
О ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди.

БОБОТОҒДА БИР ОҲУ КЎРДИМ

Боботоғда бир оҳу кўрдим,
Товус хиром, ой юз, ўт нигоҳ.
Ошиқ бўлиб эргашиб юрдим,
Бир қиз бўлиб имлади у гоҳ.

Бир кун деди зебо қуралой:
«Эй, ошиғим келгил ёнимга,
Сўқмоқларни ёшинг қилди лой,
Шунча озор бердим жонингга.

Оламда ишқ бўларди ёлғон,
Етмасалар ошиқ оҳига.
Бу булоқдан сув ич, эй нолон,
Жуфтим бўлсанг, айлан оҳуга».

Оҳу бўлдим, ул сувдан тортиб,
Ширин эди висолнинг дами.
Бир кун деди ёрим уйғотиб:
«Бунда етди овчи қадами».

Кийикўтни оғзимга тутиб,
Деди: «Энди ўз ҳолингта қайт».
Одам бўлдим, бир баргни ютиб,
«Қардошингта» — деди — жавоб айт».

Кийик уйин кўрсатаман деб,
Улоқтирдим мерганни жарга.
«Сайёдингни кетди сорлар еб» —
Оҳу бўлиб сўзлардим ёрга.

У нозланди: «Севгинг бўлса рост,
Тозалайсан тоғни мергандан».
Шундан бери оламан қасос
Оҳуларга озор бергандан.

Одам бўлиб, овчи овлайман,
Оҳу бўлиб, оқ кийикка ёр.
Эртакнамо бу қисмат экан,
Мажнунона тақдиримда бор.

УЛАР ОЛАМ УЙИН ДЕРАЗАЛАРИ

Тун қўйнида ўлкам қишлоқ, шаҳари,
Ойна кўзлар порлар, уйғоқ уй бари.
Шу чоқ юлдузларга боқсам кўнглим дер:
—    «Улар олам уйин деразалари».

СИЗКИМУ МЕНКИМ

Сиртимга қараб сиз чиқарманг ҳукм,
Билмасдан дилимда нималар ҳоким.
Даврада вақт деган бир донишманд бор,
У ҳали айтади сиз киму мен ким.

КЕКСАЛИК

Сочим занжирида ажабо оқ занг,
Кўз демиш кўзгумдан аримайди чанг.
Вақт деган эговдан тирналган юзим,
Чархланган ақлимнинг тиғига қаранг.

ОРЗУ

Оппоқ булутлардан беланчак қилсам,
Ҳилол ипагидан ҳалинчак қилсам.
Боботоғ келбатли куёв бўлсаму
Баҳорни ўзимга келинчак қилсам.

ДАРАХТ

Кўнглимнинг рангдоши дўстим-а, дарахт,
Дарчамнинг тубида ўсдинг-а, дарахт,
Эрким йўлбошиси шу дарча эди,
Шуни ҳам кўзимдан тўсдинг-а, дарахт.

ВАҚТ БОР ДЕБ

Узимга вақт бор деб далда бераман,
Доиммас уни ҳар галда бераман,
Асли зуволам шу ёлғон дунёдан
Шунинг-чун ўзимни алдайвераман.