Сайёр (1934-2001)

Сайёр 1934 йилда туғилган. Москвадаги Адабиёт институтини тамомлаган. Ижодкорнинг “Қалб ҳарорати”, “Ўттиз ёшим”, “Фидойингман”, “Бошсиз ҳайкал”, “Мусаффо фасл”, “Денгиздан томчилар”, “Чорраҳа” сингари шеърий, “Ҳулкар”, “Уйқудаги тош”, “Одам борки” каби насрий китоблари нашр этилган. Шоир 2001 йилда вафот этган.

ДУНЁ ЭКАН

Ҳаёт йўлларидан
Осонмас ўтиш,
Неча синовлар бор орзу йўлида.
Ёш эса:
Ўн саккиз,
Йигирма,
Ўттиз…
Борлиғинг тақдирнинг изму қўлида.

Тақдир эса,
ният-интилиш экан,
Меҳнатдан яралар экан у, асли.
Баҳорда боғига ким кўчат эккан,
Мевасин тераркан, айни, ёз фасли.

Насиба у ёқда
ёки бу ёқда,
Териб олганимиз бизники, холос.
Мен сени,
Сен мени,
ажиб, дунёда
Йўқотиб қўймайлик,
Шу бир илтимос…

ЯХШИ

Сирнинг сирлигича қолгани яхши,
Сиримни кимга ҳам ишониб айтай,
Сиримни ўзимдан мен нега ҳайдай,
У икки кўнгилни боғлаган ришта.
Соддадир,
ёддадир бир кўринишда,
Аммо,
сир эмасми,
савдолари бор,
Сеҳрли дунёнинг калити севги,
Сиримдан сўрасам,
сени сўради,
Сир деган мўъжиза қайда юради?
Қалбингда турган у,
ёнингда турсин,
Сирнинг сирлигини кўзингда кўрсин.
Аммо,
ёр олдида ўзинг қилма лом,
Сирнинг ифодаси бўлолмас калом.
Сирингнинг зарраси тушсайди қўлга,
Кўнглингни солардим изимга,
йўлга.
Сир – қалбинг пинҳона безаги,
нақши,
Сирнинг сирлигича қолгани яхши.

СЕНИ КУТМОҚДАМАН

Сени кутмоқдаман,
Соатнинг мили
Сакраб бораяпти дам ўтган сари.
Висолга талпинар боладай дилим,
Ўзим тамшанаман ташна сингари.

Ёнимда турганлар топишиб висол
Кетиб бораяпти қуш каби эркин.
Қалбимни этмоқда шубҳалар ишғол,
Келарми,
Келмасми,
Қачон келаркин?..

Шубҳалар қамрайди,
Ўртайди доғинг,
Совуқку,
оловда куяман…
…Боладай яйрайман кўринган чоғинг,
Ҳаммасин унутиб қўяман.

* * *

Денгиз – ҳаёт,
тўлқинларидан
Олиб ўтар елканинг бўлса.
Ҳавас билан мақтар наридан
Агар кўзга илганинг бўлса.

Денгиз – ҳаёт,
умидингни уз
Тўлқин турса, чекин, уради.
Чалғимасдан қирғоқ томон суз,
Ерга таян,
У тинч туради.

Ҳаёт – денгиз,
Йўқ, ўйнашмадим,
Талтаймадим тўлқин тебратса.
Тўлқинлардан осон ошмадим…
…Халқим мангу ўзинг ибратсан.

* * *

Жоним,
Соғинганман,
олисдир йўлим,
Узатсам етмайди ҳеч сенга қўлим.
Сен деб ёнаяпман,
Сендан йироқда,
Ҳолим билмоқ бўлсанг агар фироқда.
Ойдин тун,
Осмонга қарагин дилдор,
Унда бир жуфт юлдуз мўлтираб бедор –
Уйинг тепасида боқиб турар жим,
У сенга термилган интизор кўзим.

ТЕРАК

Тоғ устида новча бир терак,
Ой ёнади унинг учида.
Тунда бир шам ёнади
Тоғ устида новча бир терак
Ялтирайда қуёш нурида.
Тонгда пуф деб,
ўчирилган шам.
Тоғ устида новча бир терак.

ЙЎЛЛАР ОЛИС

Йўллар олис,
Йўллар бепоён,
Уфқни уфққа боғлайди йўллар.
Йўл юрган дарёдир, бу ҳақ бегумон,
Йўллар
одамларни одамга йўллар.

Йўлларда одамни топади одам…
Мен ҳам дўст орттирдим йўл юрган чоғим.
Юртимда
қайгаки қўймадим қадам –
Очиқ қучоқларга очдим қучоғим.

Қанча дарёларнинг сувини ичдим,
Қанча денгизларда юрдим ҳоримай.
Қанча йўллар юрдим,
қанча қум кечдим,
Юртим хизматини қилдим оғринмай.

Йўл юрдим,
тоғу тош пойимда қолди,
Элларга халқимнинг меҳрини сочдим.
Еримнинг тошлари сойимда қолди,
Сувини дўстларга оқиздим, очдим.

Чой ичдим,
туз тотдим қанча элларда,
Энди узоқлардан салом бераман.
Гулларини тердим ҳар гал келарда,
Дўстга деб, юртимда чечак тераман.

Кундуз қуёши бор,
тунида ҳилол,
Қалбимда меҳмондир
меҳмоним менинг.
Элимни чорлайман,
сувларим зилол,
Гўзал Ўзбекистон – маконим менинг.

* * *

Исминг гул бўлгани…
Гулни хуш кўрдим,
Гул деган товушдан титраб кетаман.
Тунда
яна гулни туш кўрдим,
Демак,
дийдорингга етаман.

Гуллар турли:
туси,
иси
ва ранги,
Аммоки,
ҳаммаси сени эслатар.
Тонгда таралгандай куйнинг оҳангги,
Кун бўйи ҳавога атир ислатар.

Гул дейман,
Гул кўриб қувонганим ҳақ,
Бироқ,
бегонасин бўйин сезмайман.
Йўлларда юраман гулимга илҳақ,
Тиконинг санчсанг ҳам, асло, безмайман.

Униб-ўсган бўлар тилак-дуоим,
Ҳуснингдан ранг олсин бери-нарилар.
Лекин,
келтиради рашкимни доим
Гулга қўнган асаларилар…


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!