Саида Зуннунова (1926-1977)

Саида Зуннунова 1926 йил 15 февралда Андижон шаҳрида туғилган. Ўрта Осиё Давлат университетининг филология факультетини тугатган (1947— 52). «Қизингиз ёзди» (1948), «Янги шеърлар» (1950), «Гуллар водийси» (1954), «Қизларжон» (1962), «Бир йил ўйлари» (1967), «Нилуфар» (1972) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Насрий асарлар ҳам ёзган («Гулбаҳор», 1956; «Гулхан», 1958; «Олов», 1962; «Бўйларингдан ўргилай», 1972 ва бошқа). «Она» (1966) ва «Кўзлар» (1968) номли пьесалари ҳам бор. 1977 йил 20 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

* * *

Қадрласанг инсонлигингни,
Вафо қилсанг ўзингга ўзинг,
Фақат-фақат шунда мен билан
Тўгри келур тақдир — юлдузинг.

ЧЎЛИ ИРОҚ

Тарихни сўзлама менга, эй одам,
Битта чалиб бергин «Чўли ироқ»ни.
Битта чалиб бергин, токи яна ҳам
Яхшироқ ажратай қорани, оқни.

Бу куй асрларнинг баридан тортиб
Чўлларда толиққан ҳоргин карвондай
Минг хил тақдирларни устига ортиб,
Қалбимдан жимирлаб ўтади қондай.

Тарихнинг энг олис қатламларида
Армонда ухлаган орзу-аламлар.
Дунё манглайига ажин туширган,
Дардни, қариликни яратган ғамлар.

Саҳро чечагининг аянч кулгуси,
Ёмғирдан жон кирган тупроқнинг иси,
Ҳаммаси ўтади қалбимни ўйиб.
Туя бўйнидаги қўнғироқларнинг
Ташналик эслатган жаранги бўлиб
Ҳаммаси ўтади қалбимни ўйиб.

Тарихни сўзлама менга, эй одам,
Битта чалиб бергин «Чўли ироқ»ни.
Битта чалиб бергин, токи яна ҳам
Яхшироқ ажратай корани, оқни.

Ҳаддидан ошганга уни чалиб бер,
Дўстлар дийдорини ғанимат билмай,
Саробга шошганга уни чалиб бер!
Чалиб бер, чалиб бер, андиша қилмай.
Ўтмишни сўзлама, ўгит керакмас,
Шу куйни бир марта чалиб берсанг бас.

* * *

Анҳор лабида жуфт-жуфт соялар,
Жилмайиб ўтаман кўз қирин ташлаб.
Гоҳ хаёл қурмагур олиб кетади,
Баҳона топгандай ёшликка бошлаб.

Йўқ-йўқ, мен турмадим ойдин тунларда,
Сувлар ёқасида ишқ ўтида маст.
Мен бундай дамларни йўлга термулиб,
Интизор ўтказдим ҳар он, ҳар нафас.

Ёшлигим, умримни, ҳаловатимни
Мардона топшириб вафо қўлига,
Ойларни, йилларни минутлаб санаб,
Туну кун қарадим ёрнинг йўлига.

Ҳали бегонайдик ажралишганда,
Кўришдик жуда ҳам қадрдон, иноқ.
Юлиб олса ҳамки ҳижрон ёр васлин,
Қилиб кетган экан унга яқинроқ.

* * *

Шеър ўқигим келар,
Қуйма сатрлардан
Юрагимга тушса жимгина ларза.
Мени бошлаб кетса ажиб туйғулар
Яшиллик югурган қир, адирларга,
Яланг оёғимни силаса майса.

Шеър ўқигим келар,
Чарчоқ ҳисларга
Сўлим ва мусаффо ҳаво пуркаса.
Қалбдаги бўшлиқни тўлдириб.
Оламни муаттар исларга,
Яна чаманларга буркаса.

Шеър ўқигим келар,
Нотинчликка чанқоқ,
Қанотли ўйларга ташна юрагим.
Сергак этса оҳанглар, куйлар,
Ўтказдириб тунларни уйғоқ,
Ташна лабга ўхшар юрагим.
Шеър ўқигим келар…

* * *
Майса ниш урибди ариқ бўйида,
Биринчи севгидек бирам беғубор.
Қуёшга талпинган қиёқларида
Биринчи севгининг соддалиги бор.

Кўрмаган саратон офтобини еб,
Кузнинг тўзонларин мутлақо билмас.
Булут кўз ёшидан талтайиб, ишқ деб,
Баҳор елларига кўз тутади маст.

Майса ниш урибди ариқ бўйида,
Биринчи севгидек бирам беғубор…

* * *

Йўқламаган ҳар кунинг йилча бўлурми, ҳай-ҳай,
Шунчалик шафқат билмас дилча бўлурми, ҳай-ҳай.

Хуш суратинг бир нафас тарк этмас хаёлимни,
Кўз шаҳло-ю, қош эса нилча бўлурми, ҳай-ҳай.
Ҳар сўзда юз андиша қилғум донолиғингдан,
Кўнглингнинг нозиклиги қилча бўлурми, ҳай-ҳай.

Гоҳ ханжар, гоҳ асалдек сўзларингдан доғдамен,
Жон олиб, жон бергувчи тилча бўлурми, ҳай-ҳай.

Васлингнинг умидида дунёдан ўтиб боргум,
Қаноатда Саида филча бўлурми, ҳай-ҳай.

* * *

Гуллар юзида ханда — бу боғдан ёр ўтдими,
Одатин қилмай канда, яна бедор ўтдими?

Еллар нечун сарсари, кетолмайдилар нари,
Кўнглимнинг моҳ пайкари кўзи хуммор ўтдими?

Райҳонга рашк қилиб гул, бағри қон бўпти буткул,
Яна райҳон ҳидлаб ул, бундан такрор ўтдими?

Ҳар нарсада нур, виқор, ҳатто тупроқ бахтиёр,
Бир-бир босиб беозор, ул беозор ўтдими?

Дилда такрорлаб отин, тилаб умру давлатин,
Сояси бўлиб тағин Саида зор ўтдими?