Саъдулла Аҳмад (1947)

Саъдулла Аҳмад (Саъдуллоҳ) 1947 йил 24 февралда Самарканд вилоятининг Нарпай туманига қарашли Оқтош шаҳарчасида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1970). «Алвасти» (1968) лирик достонини, «Охун яккакорд» (1973) трагедиясини ёзган. «Ишчи юракчам», «Ибтидо» (1982), «Изтироб» (1990) шеърий тўпламлари, театр санъатига оид «Эдип» (1989) китоби чоп этилган. В. Шекспирнинг «Макбет», А. С. Пушкиннинг «Моцарт ва Сальери» трагедияларини, Конфуций хикматларини ўзбек тилига таржима қилган.

* * *

Шайх Сайдо ал-Жазарийга

Фарёд, келдим бунда ғурбатлар тортиб,
Ёр-аҳёр* олдидан фурқатлар тортиб;
Куйиб кул бўлдиму, кулфатлар тортиб,
Қора ер ютмади, турбатлар тортиб.

Баҳорий боғларим қорга бурканди,
Оҳ, гулга ўрганган кўнглим ўртанди;
Булбул хонишларни мендан ўрганди,
Мақоми ҳажрда куйбатлар тортиб.

Дутордек рост эдим, қаддим дутодир,
Жаҳоний жафолар жондин ўтодир,
Оҳким, ибтидодин то интиҳодир,
Хизр бир келмади суҳбатлар тортиб.

Умр бенур ўтди, барбод айладим,
Кучим додга етди, фарёд айладим,
Халққа бу жонимни хайрот айладим,
Кўзим узумидин шарбатлар тортиб.

Охир тақдир этди пири мавлони,
Пир мавло танитди қодир Оллони,
Оё, шафоат қил шўр Саъдуллони,
Худоё, қадимги қурбатлар тортиб.
______________
*Худо

* * *

Қора ерни тирнаб, муштлаб туярсан,
Зим-зиё тунларни зимдан суярсан;
Мен дўстдан куйдим, сен кимдан куярсан?
Синглим, сан на учун қора киярсан?

Сочингни сиёҳ деб, бошдан сўрайман,
Қаламсиз қорайган қошдан сўрайман,
Куралай кўзингда ёшдан сўрайман,
Гулим, сан на учун қора киярсан?

Сиёҳпўш валийлар қора киярлар,
Арзгўйлар кигизни ёра киярлар,
Қарға-зоғ қорани қора киярлар,
Мунглим, сан на учун қора киярсан?

Қуёш қора кийса, кундуз тун бўлар,
Дори нафс дориса, қил дўстим бўлар,
Тиллашса, дунёга эл устун бўлар,
Кўнглим, сан на учун қора киярсан?

Шақ бўлди*, ёронлар, осмон ду пора,
Қора кийиб борди Саъдуллоҳ ёра,
Ҳақ, деб сўраётир дардингта чора,
Элим, сан на учун қора киярсан?
_________
* Ёрилди; очилди.

* * *

Қорлар инибди бошима,
Айтинг қайрилма қошима,
Фурсат топса, бир нафаслик
Сўзларим бор сирдошима:

Шому саҳар мени ёд қил,
Ёдингда тут, эҳтиёт қил;
Ҳозирда нозир турмасанг,
Иёдатни умрбод қил.
Қачон суйдим, тил куймади?
Суймаганга дил қўймади.
Ҳақиқатни байроқ қилиб,
Элга куйдим, эл суймади!

Хўрладилар, топтадилар…
Ўлдириб, наф топмадилар.
Тез келмасанг, гул баданни
Тупроқ билан ёпмадилар!

Тупроққа қўш, тупроқ бўлай,
Эл наздида хўброқ бўлай;
Бир кун сен ҳам келарсан-да,
Ер остида кўпроқ бўлай.

Менга куйсанг хок-пок бўлиб,
Кўкларга чиқ моҳтоб бўлиб;
Маҳшар куни эл бошига
Мен келаман офтоб бўлиб!

Қорлар инибди бошима,
Айтинг қайрилма қошима…

* * *

Ҳақ боқмаса ҳулар билан,
Нақ оқаман сувлар билан;
Ҳақ, деб ўтдим ер бетида
Қувалашиб қувлар билан.

Дунё иши пойга экан,
Кун ҳам чиқса, ойга экан;
Тавба қилдим, туққан эгам;
Сув бошидан лойқа экан.

Лойқа сувни лаққа суяр,
Ҳақ деганлар халққа куяр;
Халқим, сенга қалбим сўзи:
Ҳақ дегину ҳаққа ияр.

Мен берай ҳақ дарагини,
Айир гапнинг сарагини;
Эр ҳам элга кор келмади,
Ҳаққа бермай юрагини.

Оғир тошга онг битади,
Чопган йўлни чангитади;
Учакўрма жилвасига,
Дунё сени чалғитади.

Кўздан йўқот сад* — тиллони,
Саҳарлар айт сад* оллони;
Оллони суй, оллога куй,
Уялтирма Саъдуллони.
______________
*    Сад — девор.
* Сад — юз.