Садриддин Салим Бухорий (1947-2010)

Садриддин Салимов 1946 йил 16 сентябрда Бухоро шаҳридаги Чўпбоз гузарида туғилган. Бухоро педагогика институтининг немис тили факультетини тамомлаган (1972). «Оққушим», «Эрка қушим» (1979), «Ёруғлик одами» (1983), «Рўмолча» (1988), «Бухорога Бухоро келди» (1999), «Дурдоналар» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Бир нечта тарихий-маърифий китоблар ҳам ёзган («Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир», 1993; «Уч авлиё», 2000; «Ҳазрат Абу Кафс Кабир», 2006; «Икки юз етмиш етти пир», 2006; «Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд», 2006; «Ҳазрат Каъбул Ахбор Валий», 2007 ва бошқа). И. В. Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони»ни ўзбек тилига таржима қилган. «Меҳнат шуҳрати» ордени (1999) ва «Фидокорона хизматлари учун» (2005) ордени билан мукофотланган.

БУХОРОГА БУХОРО КЕЛДИ

(Шу номли туркумдан)

Бухоронинг обидалари
Минг йиллардан беради хабар:
«Хор бўласан, мутеъ бўласан,
Буюклигинг унутсанг агар!»

Бухоронинг обидалари
Ҳикмат эрур мозийдан, инон:
«Буюкларни буюк айлаган
Эътиқоду эрк ҳамда иймон!»

Бухоронинг обидалари
Ҳар кун янги ҳикмат айтади,
Ўтмишни-да, келажакни-да
Мен томонга олиб қайтади.

РУҲ МЕҲРОБГА ТАЛПИНАР

1.
Руҳга парвоз аслида хосдир,
Уни қамаб бўларми ёҳу!
Руҳ оёқлар остида қолиб,
Нечун бўлмиш мунчалар мажруҳ?

Руҳ ташнадир, очдир ва лекин
Унга озик бўлгайми сароб?
Руҳ меҳробга қараб талпинар,
Йиқитилган муқаддас мехроб…

2.
Бухоронинг муқадцас бағри
Не сабабдан мунча топталмиш?
Тириклар жим, обидалар жим,
Туғлар хомуш, қабрлар хомуш…

Фохиранимг фахри қайдадир?
Бу сукунат асли сирмасми?
Тириклари хомуш бўлган юрт –
Ўликлари тилга кирмасми?!

БУХОРОЙИ ШАРИФ

Бу шоҳ асар, буни кўрмоққа
Фаранг келар, олмони келар.
Узоқ-яқин юртнинг шоҳ-фақир,
Яхши ҳамда ёмони келар.

Бу шоҳ асар, буни кўрмоққа
Зах келмоқда, шўроб келмоқда.
Пахтазори билан бостириб
Шиор билан хитоб келмоқда.

Ўзининг шоҳ асарларини
Айлаб қўйиб ер билан яксон —
Сен!
Не учун келмаяпсан, Сен —
Каъбасини йўқотган Инсон?!

МИЛЛАТ

Қайдан аниқлагайсан
Ҳавонинг миллатини?
Қуёшнинг миллатини,
Дарёнинг миллатини?

Даҳо мисли қуёшдир,
Ол зебу зийнатини,
ошингта урасанми
Даҳонинг миллатини?!

Этмагайман ҳеч қачон
Гумроҳлар ғийбатини,
Гумроҳ текширмиш
Одам Атонинг миллатини.

Маълум эмиш ҳаммага
Алар паст тийнатини,
Паст кимса қайдан билсин
Самонинг миллатини.

* * *

Қандай сендан олайин хабар,
Бошланади қайдан остона?
Қай имлода ёзсам хат етар,
Арабийми ё сугдиёна?

Майсаларда йўқ эрур забон,
Майсаларнинг тилида титроқ.
Этолмайди ҳолингни баён,
Гарчи мендан сенга яқинроқ.

Бўзлагайман юрагим тўлиб,
Қайда эшик, қайда эрур йўл?
Кошки, эшик ё майса бўлиб,
Чўзолсайдим сен томонга қўл…

ХАТ

Юракни қийнаган бу соғинч,
Юракка сиғмаган ҳаяжон,
Бир парча қоғозга илашиб,
Кетмоқда юрт томон.

Мактубда не ҳикмат бор экан,
Не хислат мактубда намоён?
Бир парча қоғозга илашиб,
Юрагим кетмоқда юрт томон.

* * *

Орифо, жондин кечиб жон истагил,
Зоҳидо, дардингга дармон истагил.
Ошиқи зорни кўринг дийдор талаб,
Истагинг шу эрса Раҳмон истагил.

* * *

Фаросат аҳлига ибрат замона,
Дили кўрлар учун ишрат замона.
Дилини покламоқ бўлганлар айтур,
Ки зикри Ҳақ учун фурсат замона.

* * *

Иллат излаганга иллатдур дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдур дунё.
Ким нени изласа, топар бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдур дунё.